Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Ислоҳ қилиниши лозим бўлган тушунчалар

1161

Тасаввуф имомларининг шариатга амал қилишга чақириқлари

Энг ажабланарлиси, тасаввуфни ёмонлаётган, унинг аҳлига қарши курашаётган ва унга душманларча муомала қилаётган баъзи ана шундай кишиларни кўрамиз. Тасаввуфни инкор қиладиганларнинг баъзилари тасаввуф борасида нима қилса қилиб ётганини, нимани гапирса гапираётганини кўрамиз. Сўнгра мана шу кишилар жума минбарлари ва дарс курсиларида туриб олиб, ўз хутбалари ва гаплари орасида сўфий имомларнинг гапларини нақл қилаётганда ҳеч ҳам юзлари қизармай, уялмасликларини кўрамиз. Улар тамомила мағрурланиб, сурбетларча: Фузайл ибн Иёз бундай деган, Жунайд айтди..., Ҳасан Басрий айтадилар..., Саҳл Тустарий ундай деган, Муҳосибий бундай деган, Бишрул Ҳофий айтади..., дейдилар.

Ваҳоланки, мана шулар тасаввуфнинг имомлари ва арбобларидир. Мана шулар тасаввуфнинг устунлари, қоидалари ва биносидир. Тасаввуф китоблари шу зотларнинг қавллари, хабарлари, фазилатлари ва сифатлари билан тўлиб-тошган. Бу ишлар билмасликми ёки билмаганга олишми? Кўрликми ёки ўзини кўрга солишми, билмайман. 

Мен тасаввуфнинг устунлари ва арбоблари бўлган дин имомларининг гапларини нақл қилиб ўтишни афзал деб кўрдим. Уларнинг ҳақиқий мавқифларидан хабардор бўлишимиз учун уларнинг Ислом шариати ҳақидаги гапларини нақл қилиб келтиришни маъқул кўрдим. Чунки, биз бир шахсни ўша шахснинг ўзидан танишимиз лозим. Зеро, инсоннинг ўзи ўз фикри ҳақида гапириб берадиганларнинг энг яхшиси ва ичидагини изҳор қиладиганларнинг энг ишончлисидир. 

Имом Жунайд розияллоҳу анҳу айтдилар: «Барча йўллар махлуқот учун ёпиқдир. Фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан борадиган, У зотнинг суннатларига эргашадиган ва У зотнинг йўлларини лозим тутадиган киши бундан мустасно. Чунки, бундай кишига ва У зотнинг изларидан юрганлар ва эргашганларга яхшилик эшикларининг барчаси очиқдир». 

Ривоят қилинишича, бир куни Абу Язид (Боязид) Бистомий қуддиса сирруҳ асҳобларига айтди: «Қани юринглар, ўзини валийман деб гапириб юрган одамни кузатамиз». Бу гапни ривоят қилаётган ровий айтади: Бордик, билдикки ҳалиги киши масжидга кетган экан. Ортидан масжидга бордик. Шунда у қибла томонга қараб тупурди. Абу Язид дарҳол бурилиб кетдилар ва унга салом ҳам бермадилар ва айтдилар: «Бу одамга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларидан бирида ишониб бўлмаяпти-ку, қандай қилиб ўзи даъво қилиб юрган авлиё ва сиддиқлар мақомларида унга ишонилсин?!». 

Зуннун Мисрий айтдилар: «Каломнинг асоси тўрт нарсадир: Буюк Аллоҳни севиш; дунёдан нафратланиш; нозил бўлган (Қуръон ва суннат)га эргашиш; адашиб кетишдан хавфда бўлиш».  

Яна шу киши айтадилар: «Аллоҳ муҳибининг (Уни севувчи киши) аломатларидан бири: Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хулқлари, амаллари, буйруқлари ва суннатларида эргашишдир».

Саррий Сақатий айтадилар: «Тасаввуф уч маънонинг исмидир: Маърифат нури тақво нурини ўчирмайдиган; Китобу суннатнинг зоҳирига зид келадиган илмнинг ботини ҳақида сўз юритмайдиган; кароматлари Аллоҳ ҳаром деб белгиланган пардаларни йиртиб ташлашга олиб бормайдиган маънолардир».

Абу Наср Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тушда кўрдим. У зот менга: 

- Эй Бишр, Аллоҳ сени атрофингдагилардан баланд қилганини биласанми?, дедилар. 

- Йўқ, ё Расулуллоҳ, дедим.

У зот: 

- Менинг суннатимга эргашганинг, солиҳларга қилган хизматинг, биродарларинга қилган насиҳатинг, асҳобларим ва аҳли байтимга бўлган муҳаббатинг сабабли. Мана шулар сени аброрлар мақомига кўтарган нарсалардир, дедилар».

Абу Язид ибн Тайфур ибн Ийсо Бистомий айтадилар: «Аллоҳ таолодан озиқ-овқат ғами ва аёллар ҳожатидан мени халос этишини сўрашни қасд қилдим. Сўнгра ўзимга: Мен буни қандай Аллоҳдан сўрайин, ахир буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрамаганларку, дедим-у бундай дуо қилмадим. Кейин Аллоҳ таоло мени аёллар ҳожатидан халос этиб қўйди. Ҳатто менга аёл киши йўлиқадими ёки деворми эътибор бермайдиган бўлдим». 

У зот яна айтдилар: «Бир кишига кароматлар берилиб, ҳатто ҳавода кўтарилса ҳам бунга алданиб қолманг. У буйруқ ва қайтариқлар олдида, (шариат бегилаган) чегараларни бузмаслик ва шариатни адо қилиш пайтида уни қандай ҳолатда кўришингизгача кутиб туринг»

Абу Сулаймон Абдурраҳмон ибн Атийя Дороний айтдилар: «Гоҳида қалбимга қавмнинг масалаларидан бири бир неча кунлаб тушиб қолади, (яъни шу масалада ўйлар келади). Мен фақат икки одил гувоҳ: Китоб ва суннат билан ундан бирор нарса қабул қиламан»

«Ундан қабул қиламан» деган гаплари қалбимдан қабул қиламан дегани. 

Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Абул Ҳаворий айтдилар: «Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашмай, (ўзича) бирор амал қилса, унинг амали ботилдир».

Абу Ҳафс Умар ибн Маслама Ҳаддод айтдилар: «Кимнинг амаллари ва аҳволини ҳар қайси вақтда Китоб ва суннат билан зийнатламаса, фикрларини текшириб турмаса, биз ундай  кишини ишончли олимлар девонида санаб ўтмаймиз».

У зот яна айтдилар: «Мана бизнинг мазҳабимиз Китоб ва суннат усул-қоидалалари билан қайдланган. Мана бизнинг илмимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари устига бино қилинган». 

Абу Усмон Саъийд ибн Исмоил Ҳийрийнинг ҳолати ўзгаргани (яъни ҳушидан кетганда) у зотнинг ўғли Абу Бакр устидаги кийимини йиртиб ташлади. Абу Усмон ҳушсизликдан ўзига келиб, кўзларини очиб, ўғлининг кийими узуқ-юлуқ бўлиб ётганини кўрди ва айтди: «Эй ўғилчам, зоҳирда (ташқари) суннатга хилоф қилиш, ботиндаги (ичкари) риёнинг аломати»

У зот яна айтдилар: «Аллоҳ таолога боғлиқлик гўзал одоб, бардавом қўрқув ва нафсни назорат қилиш билан бўлади.

Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқлик У зотнинг суннатларига эргашиш, очиқ-ойдин илмни лозим тутиш билан бўлади.

Аллоҳ таолонинг валийларига боғлиқлик уларни эҳтиром қилиш ва хизмат билан бўлади. 

Аҳли оилага боғлиқлик гўзал хулқ билан бўлади.

Биродарларга боғлиқлик гуноҳ бўлмаган бардавом хурсандчилик ила бўлади.

Жоҳилларга боғлиқлик уларнинг ҳаққига дуо қилиш ва уларга марҳамат тилаш билан бўлади».

У зот яна айтадилар: «Ким ўзига сўзда ҳам феълда ҳам суннатни ҳукмрон қилса, ҳикматни гапирадиган бўлибди. Ким ўзига сўзда ҳам феълда ҳам ҳавойи нафсни ҳукмрон этса, бидъатни гапирадиган бўлибди. Аллоҳ таоло: «Агар унга (Пайғамбарга) итоат қилсангиз, ҳидоят топурсиз», деб айтган».

Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Муҳаммад Нурий айтдилар: «Аллоҳ билан ўртасидаги ҳолати уни шаръий илм ҳаддидан чиқаришини даъво қилган одамни кўрсанг, асло унга яқинлашма». 

Абул Фаворис Шоҳ ибн Шужоъ Кирмоний айтдилар: «Ким кўзини ҳаромлардан юмса, нафсини шаҳватлардан тийса, ичини доимий муроқаба (нафс назорати) ила ва ташини суннатга эргашиш билан бойитса, нафсини ҳалол ейишга одатлантирса, фаросати янглишмабди (яъни тўғри йўлни топибди)».

Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саҳл ибн Ато Адамий айтадилар: «Ким нафсига шариат одобларига лозим қилса, Аллоҳ унинг қалбини маърифат нури билан нурлантиради. Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васалламга буйруқлари, феъллари ва ахлоқларида эргашмоқдан кўра шарафлироқ мақом йўқ». 

У зот яна айтадилар: «Сендан сўралган ҳар қайси масалани илм саҳросидан изла. Агар у ердан топмасанг, ҳикмат майдонидан қидир. Агар у ерда ҳам топмасанг, уни тавҳид тарозисига солиб кўр. Агар у масалани ушбу уч ердан топмасанг, ўша масала билан шайтоннинг юзига ур».

Абу Ҳамза Бағдодий Баззор айтдилар: «Ким Ҳақ таолонинг йўлини билса, унга бу йўлда юриши осонлашади. Аллоҳнинг йўлига фақатгина Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга аҳволлари, амаллари ва сўзларида эргашмоқ далолат-белги бўлади».

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Довуд Раққий айтдилар: «Аллоҳнинг муҳаббатининг белгиси Унга тоатини бошқа нарсалардан устун билиш ва Унинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдир». 

Мимшод Дийнаварий айтдилар: «Муриднинг (нажот истовчи) одоби шайхларни ҳурмат қилмоғи, биродарларга хизмат қилмоғи, сабаблардан узилиш (сабабларга боғланиб қолмаслик), ўзига шариат одобларини эслатиб турмоғидадир». 

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Манозил айтдилар: «Фарзлардан бирортасини зое қилган ҳар қандай кишини Аллоҳ таоло суннатларни зое қилиш билан балолантирур. Суннатларни зое қилиш билан балоланган ҳар қандай киши бидъатлар билан балоланишга яқинлашур».

Аллома Саййид Муҳаммад ибн Алавий Моликий роҳимаҳуллоҳнинг «Ислоҳ қилиниши лозим бўлган тушунчалар» китобидан Иброҳимхўжа Тошқандий таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинанинг Испаниядаги элчихонасидаги портлашдан кейин посилкалардан яна бир нечта бомба топилди

259 21:04 01.12.2022

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

750 20:00 01.12.2022

Павел Фелгенгауер: «Қозоқлар ва қирғизлар ҳеч қачон Ереван тарафида туриб Бокуга қарши жанг қилмайди»

655 19:00 01.12.2022

«Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олди» — Россия ТИВ вазири Лавров

563 18:10 01.12.2022

Россиянинг Украинадаги жиноятлари текшириш бўйича трибунал иш бошлайди 

262 17:28 01.12.2022

Пентагон Қатарга дронларга қарши илғор мудофа тизимини сотади

230 16:30 01.12.2022
« Орқага