Ислоҳни ўзимиздан бошласак...

18:30 17.05.2018 489

Биз уч киши эдик. Йўл-йўлакай икки ҳамроҳим ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг авра-астарини чиқариб муҳокама қилиб келишяпти.

– Диний эркинлик бутунлай бўғиб қўйилган, шунақами? – деди менга биттаси оғзидаги сақичини чалпиллатиб.

– Сизнинг динга нима алоқангиз бор? – дедим.

– Э, бу нима деганингиз?

– Нега Рамазонда сақич чайнаб юрибсиз?

– Вақти келганда тутамиз, ока!

– Вақтингиз қачон келади? Худо сизга алоҳида вақт белгилаганми?

– Сиз ҳам “қизиллар”дан экансиз-ку! – дейишди улар бир-бирларига истеҳзоли қарашиб.

– Ўзингиз диннинг кўчасига ҳам кирмагансиз, унинг бўғиб қўйилгани сизни нега ташвишлантираяпти?

Ҳамроҳларим жим қолишди.

Пойтахтга кириб, машинани тўғри “Новза” масжидига ҳайдадим.

– Ака, биз Қўйлиққа? – деди биттаси.

– Кун жуда исиб кетди. Таҳорат қилиб, бир роҳатланиб олинглар, – дедим-да, қўярда қўймай ҳамроҳларимни масжидга бошлаб кирдим.

Таҳоратхона. Илиқ сув, совуқ сув оқиб турибди. Юз-қўл учун алоҳида, оёқлар учун алоҳида сочиқлар... Истасангиз 5-6 хил мушк-анбар... Таҳоратхонадан чиқишда оғизни тозалаш учун алоҳида суюқликлар...

Сиёсатчи ҳамроҳларим маза қилишди.

– Энди бирров масжидга кирайлик, – дедим.

– Ока, биз... унчалик билмаймиз...

Кирдик. Бирдан жаннатнинг ҳиди келгандай бўлди. Юшмоққина гиламлар... Муздай хонақоҳ... Бурчаклардаги махсус жавонлар тўла китоб. 7-8 нафар киши у ер-бу ерда мукка тушиб китоб ўқишяпти... Хуллас, ана шу “жаннат”да биз ҳам ярим соатча қолиб кетдик.

– Энди кетдик, – дедим ҳамроҳларимга ишора қилиб.

– Ока, маза жой экан, яна озгина ўтирайлик, – дейишди.

– Йўқ, бизда диний эркинликлар бўғилган, тезроқ кетиш керак бу ердан, – дедим.

Ҳамроҳларим ерга қарашди. Шунда мен ўйлаб қолдим: тузатишни аввал ўзимиздан бошлашимиз керакмикин... Диний эркинлигинг бўғиб қўйилган бўлса, сен аввал бўғилмаган жойларидан фойдаланиб кўр! Эҳтимол, сен “фойдаланаверсанг” аста-секин бўғилган жойлари ҳам очилиб кетар! Ким билсин, балки сенинг кароҳиятинг уриб, шунақа бўғилиб ётгандир!

Хуллас, “пахта қўйибсан” дейишдан олдин, инсоф билан бир ўйлаб кўр!

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!