Ислом

Ислом дини "пиар"га муҳтож эмас!

2595

 Дунёни сув босибдию, масжид бус-бутун қолибди, ҳаммаёқ ёниб кул бўлибдию Қуръонга ҳеч нарса қилмабди, дея аюҳаннос солувчи “юксак фаросатлилар”га!

Бошиданоқ айтай, менинг расмий диний билимим йўқ. Лекин зарур ибодатимни қилишим, зиммамдаги фарзни адо этишим учун ақлим етарли. Демоқчиманки, бу постдан диний адоват учун дастак изламанг!

Охирги пайтларда, айниқса қатор офатлардан кейин “Аллоҳнинг мўъжизасини кўринг, ҳамма жойни сув босса ҳам масжидга ҳеч нарса қилмабди”, “Ён атроф ёниб кетганда ҳам Қуръон бус-бутун қолибди” деган суратли лавҳалар тарқалди. Уларни кўрган одам борки танишига улашди, гўёки ҳамма ҳайратда!

Хўш, динимиз шунақа арзон пиарга муҳтожми?

Шунақа лавҳалардан кейин Исломнинг қуввати ошади, дея ўйлаш ғирт калтабинлик эмасми? Дейлик, қайсидир дунёқараши ҳаминқадар инсон шу лавҳадан ҳайратланди ва динга ҳурмати ошди. Кейин, кунлардан бир куни масжиднинг қулаган девори ёки қайсидир ярамаснинг қўлида ёнаётган Қуръони каримни кўрди. Энди унинг идеал тасаввурлари чилпарчин бўладими? 

Ахир масжиднинг ҳам, Каломуллоҳнинг ҳам бор қудрати унинг инсонга берувчи маънавий озуқасида, қачондур қуловчи ғишт ёки олов тегса ёнувчи қоғозда эмас!

“Манави калимани ўқиб ўн кишига жўнатсанг эртага тушгача бойиб кетасан” деган хабарларни тарқатувчиларку жуда-жуда жонга тегди. Шунақа қилувчилар орасида бир қарашда туппа-тузук одамлар борлигини кўриб, ҳайрон қоласан.

Калла билан фаросатни ишлатиш вақти келди! 

P.S. “Чинданам бутун қолган масжидлар суратига ёки бутун қолган Қуръони каримга нима дейсиз?” дейдиганлар: агар бошқа бинолар ҳам масжидлар сингари ўғирликсиз, инсоф ва ақл билан қурилса, анча-мунча талафотга дош беради. Шунингдек, китоблар ҳам кўпчилик одатича Каломуллоҳ сингари эъзозланиб, эҳтиёт жойда сақланса, ёниш эҳтимоли камаяди.

Аброр Зоҳидов,
журналист

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сўконғич бош врач вазифасидан озод этилди

655 09:00 03.06.2020

Трамп ижтимоий тармоқларнинг “қулоғини чўзиб” қўймоқчи

561 15:00 29.05.2020

Фаррух Соипов сохта аккаунтларни ўчиришни сўради

1044 22:00 22.05.2020

Бу 400 йилда бир марта гуллайдиган Пайғамбар гулими?

9463 13:30 15.05.2020

«Экскаватор биздан эмас» – Вазирлик Бойсун тумани ҳокимлиги баёнотига муносабат билдирди

834 14:00 14.05.2020
« Орқага