Ислом

Ислом ҳазораси: Ҳазоранинг тарихдаги асарлари

574

(давоми, бошланиши бу ерда)

Ҳазоранинг тарихдаги асарлари

Дарҳақиқат, Ислом ҳазораси инсоний ривожланиш тарихида муҳим рол ўйнаган. У ақида, илм, ҳукм, фалсафа, санъат, адабиёт ва бошқа майдонларда ундан кейинги ҳазоралар етолмаган, таъсирли ва чексиз қийматли асарлар қолдирган. Бу асарлар қайсилар? Уларнинг қандай аҳамияти бор?

Барҳаёт Ислом ҳазораси изларини бешта асосий майдонда умумлаштириш мумкин:

Биринчиси – ақида ва дин майдонида. Европада еттинчи асрдан то янги уйғониш давригача юзага келган диний ислоҳ ҳаракатларида исломий ҳазора асосларининг чуқур изи бўлган. Зеро, Аллоҳнинг бирлигини, Унинг ҳукмронликда танҳолигини, тажассум, зулм ва нуқсондан холи эканини эълон этган, Исломнинг, шунингдек, инсоннинг ибодатда, Аллоҳга боғлиқликда ва Унинг шариатини «дин кишилари» воситачилигисиз тушунишда мустақил эканини эълон этиши миллатлар онгининг ушбу кучли ва ажойиб асослар томонга йўналишида катта омил бўлди. Ўша кунларда халқлар шиддатли мазҳабий кураш ва фикрларида, ўйларида, мол ва баданларидаги дин кишиларининг ҳукмронликларига итоат занжирларида банди эдилар! Табиийки, Исломнинг Шарқ ва Ғарбдаги футуҳотлари қўшни миллатларнинг ҳамма нарсадан олдин ақида асосларида таъсирланишларига олиб келди.

Бу амалда рўй бериб, еттинчи милодий асрда ғарбликлар орасида суратларга ибодат қилишни инкор этувчилар пайдо бўлди. Бундан кейин эса Аллоҳ ва бандалари ўртасидаги воситачиликни инкор этадиганлар юзага чиқди. Улар «Муқаддас китоблар»ни тушунишда дин кишиларининг ҳукмронлиги ва назоратидан чиқишга, яъни мустақилликка даъват қилардилар. Кўпгина тадқиқотчилар Лютер ўзининг ислоҳий ҳаракатида араб файласуфлари ва мусулмон уламоларининг дин, ақида ва ваҳий тўғрисидаги фикрларидан таъсирланганини таъкидлашади. Европа университетлари ҳалигача ўша замонларда лотинчага таржима қилинган мусулмон файласуфларининг китобларига таянишади. Франса инқилобида эълон этилган дин ва давлат ўртасини ажратиш ҳаракатини Европада уч ва ундан кўпроқ аср ҳукм сурган кучли фикрий ҳаракатлар меваси, дея таъкидлаш мумкин. Салб ва Андалус урушлари орқали бу ҳаракатларнинг кучайишида Ислом ҳазорасининг ҳам хизмати бор.

Иккинчиси – фалсафа ва тиб, риёзиёт, кимё, жуғрофия ва фалакшунослик каби илмлар майдонида. Европа Ислом олим ва файласуфларининг овозидан уйғонди. Улар бу илмларни Ишбилийя (Севилья), Қуртуба (Кордова), Ғарнота (Гранада) ва бошқа шаҳарлардаги масжидларда ўргатдилар. Ғарбнинг илк йўлбошчилари мадрасаларимизга қаттиқ қизиқиш ва қизғин муҳаббат билан қарардилар. Бу мадрасаларда эшитилган илмлар шу даражадаги эркинлик муҳитида бўлардики, бундай ҳолатни улар ўз мамлакатларида асло кўрмасдилар. Уламоларимиз ўз илмий давраларида, муаллафотларида ернинг айланиши, унинг юмалоқлиги, фалак ва самовий жисмларнинг ҳаракатланиши ҳақида сўзлаб турган бир вақтда Европаликларнинг ақллари ана шу ҳақиқатларнинг барчаси тўғрисида хурофот ва ваҳималарга лиммо-лим тўлганди. 

Шу туфайли ғарбликларда арабчадан лотинчага таржима қилиш ҳаракати бошланди. Ислом уламоларининг китоблари Ғарб университетларида ўқитила бошланди. Ибн Синонинг тиб тўғрисидаги «Ал-қонун» китоби ўн иккинчи асрда таржима этилганди. Шунингдек, Ар-Розийнинг «Ал-қонун»дан кўра каттароқ ва кенгроқ «Ал-ҳовий» китоби ҳам ўн учинчи аср ниҳоясида лотинчага ўгирилди. Бу икки китоб Европа университетларида тиббиёт дарсларининг асоси сифатида ўн олтинчи асргача ўқитиб келинди.

Аммо фалсафа китоблари бундан ҳам узоқ ўрганилди. Ғарб юнон фалсафасини фақатгина исломий муаллафот ва таржималардан таниди. Шу боис кўпчилик инсофли ғарбликлар ўрта асрларда, олти юз йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида, Европанинг устози бўлганимизни эътироф этишади. Аллома Густав Лубон айтади: «Араб китобларининг таржимаси, хусусан, илмий китоблар, ўқитиш учун ягона манба бўлиб, қарийб беш ёки олти аср хизмат қилди. Айтишимиз мумкинки, тиб илми каби баъзи илмларда арабларнинг таъсири бугунги кунимизга етиб келди. Дарҳақиқат, Ибн Синонинг китоблари Монбилияда ўтган асрнинг охирларида таржима қилинди». Бу олим яна дейди:

«Рожер Бэкон, Леонард Албези, Арно Алфифуфи, Ремон Лол, Сан Тома, Катта Алберт ва Азфўнш ўнинчилар фақат араб китобларига ишонганлар». Мсье Ренон дейди: «Албатта, катта Алберт Ибн Синога, Сан Тома эса ўз фалсафасида Ибн Рушдга қарздор». Шарқшунос аллома Седийо айтади: «Ўрта аср ҳазораси байроғини арабларнинг ўзлари кўтариб, шимол қабилаларининг Европани титратган варварлигини мағлуб этди. Араблар «барҳаёт юнон фалсафасининг манбалари» бўлиб қолдилар. Улар ўзлари эришган маърифат хазиналари олдида тўхтаб қолмадилар, балки уни кенгайтирдилар, табиатни ўрганиш учун янги эшиклар очдилар». Яна дейди: «Араблар астрономия билан шуғулланган пайтда барча риёзиёт илмига ўзгача эътибор бердилар. Улар бу борада улоқни илиб кетдилар. Улар бу борада ҳақиқатда устоз эдилар». У яна дейди: «Агар биз лотиннинг арабдан ўзлаштирган нарсасини ўрганадиган бўлсак, бошланишидаёқ қуйидагиларни топамиз:

«Силвестер иккинчи» номи билан поп бўлган Герберт 970-980 йиллар мобайнида Андалусда ўрганган риёзий билимларини бизга киритди. Асли инглиз бўлган Ухилард 1100-1128 йиллар мобайнида Андалус ва Мисрни кезиб чиқди. Арабчадан арабларнинг ўзи билмаган Иқлидиснинг «Ал-аркон» китобини таржима қилди. Афлотун Аттеқули арабчадан Тозусиюснинг «Ал-укар» китобини, Рудолф Алберти эса Батламиуснинг «Маъмур ер жуғрофияси» китобини таржима этди. Леонард бўлса, 1200 йилда араблардан ўргангани «Ал-жабр» тўғрисида рисола ёзди. XIII асрда Кайнонус Аннабри арабчадан Иқлидиснинг китобини шарҳлаган ҳолда таржима қилди. Қийталеон Полони Ҳасан ибн Ҳайсамнинг «Басарийот (оптика)» китобини ҳам ана шу асрда ўз тилига ўгирди.

Яна шу асрда Герард де Кремано ҳақиқий, мустаҳкам фалак илмини Батламиуснинг «Ал-мажисий» ва унга Жобирнинг шарҳини ўгириб нашр қилди... 1250 йилда Азфўнш Қаштоли ўзининг исми билан номланган фалакий (маълумотнома, тақвим) зижларни нашр этишга амр қилди. Агар Рожер биринчи Ситсилияда араб илмларини таҳсил олишга, хусусан, Идриснинг китобларини ўқишга тарғиб қилган бўлса, император Фредерик Иккинчи эса араб илм ва адабиётига ташвиқ этишда ундан ортда қолгани йўқ эди. Ибн Рушднинг авлодлари ана шу императорнинг саройида яшашар, унга ўсимлик ва ҳайвонот тарихини ўргатишарди».

Хумболд ўзининг коинот ҳақидаги китобида шундай дейди: «Кимёвий доришуносликни топганлар – араблардир. «Солирим» мадрасаси қабул қилиб, кейинчалик Жанубий Европага ёйилган илк ҳикматли тавсиялар ҳам араблардан келган. Шифо фанининг асослари бўлган доришунослик ва тиб бир вақтнинг ўзида, лекин икки хил йўл билан наботот ва кимё илмини ўрганишга олиб борди. Араблар боис бу илмнинг янги замони бошланди. Арабларнинг наботот оламидаги тажрибаси Зелфоридес ўт-ўланларига яна икки минг ўсимликнинг қўшилишига ва дорихоналарни юнонлар умуман билмаган бир неча ўт-ўлан билан бойишига олиб келди».

Седийо Розий ва Ибн Сино ҳақида шундай дейди:

«Улар ўз китоблари билан Ғарб мадрасаларида жуда узоқ муддат ҳукм суришди. Ибн Сино Европада табиб сифатида танилди. У Европа мадрасаларига тақрибан олти аср ҳукмронлик қилди. Беш қисмдан иборат

«Ал-қонун» китоби таржима этилди ва бир неча бор босилди. У китоб Франса ва Италия университетларида изланишлар асоси ҳисобланади».

Учинчиси – луғат ва адабиёт майдонида. Ғарбликлар, хусусан, испан шоирлари араб адабиётидан жуда қаттиқ таъсирланганлар. Ғарб адабиётига мардлик, ботирлик, мажоз, гўзал бадиий образлар, алалхусус, Андалусдаги араб адабиёти орқали кириб келди. Машҳур испан ёзувчиси Апониз айтади: «Европа араблар Андалусга келишидан, мардлик ва қаҳрамонлик жануб ўлкаларига ёйилмасдан олдин мардликни билмасди, унинг одат тусига кирган одобларини ва қаҳрамонликларини риоя қилмасди». Ғарблик адибларнинг ана шу асрларда араб олами ва унинг адабиётидан таъсирланиш кўламининг катталигига Дўзи Ислом ҳақидаги китобида испан ёзувчиси Ғоронинг рисоласидан келтирган нақли далолат қилади. Мазкур ёзувчи лотин ва юнон тилларига бепарволик қилиб, мусулмонларнинг тилига эътибор билан қаралганига жуда ҳам ачинади ва шундай дейди: «Заковат ва завқ арбобларини араб адабиётининг таъсири сеҳрлаб қўйган, улар лотинчани назар-писанд қилмайдилар. Бошқанинг эмас, балки ўзларини мағлуб этганнинг тилида ёзадилар». У қаттиқ таассуф билдириб шундай ёзади: «Менинг масиҳий биродарларим араб шеър ва қиссаларига маҳлиёдирлар. Улар мусулмон файласуф ва фақиҳлари ёзган китобларни ўқиб-ўрганадилар. Улар буни китобларнинг нотўғрилигини исбот этиш ёки раддия қилиш учун эмас, балки фасоҳатли арабий услубдан иқтибос олиш учун қилишади. Дин кишиларини ҳисобга олмаганда, бугун Таврот ва Инжилнинг диний тафсирларини ўқувчи киши қайда? Инжилларни, расул ва анбиёларнинг саҳифаларини ўқувчилар бугун қаерда қолишди? Воҳ, афсус! Закий масиҳийлардан ўсиб келаётган авлод араб адабиёти ва араб тилидан бошқа бир тил ёки адабиётни билмайди. Улар араб китобларига берилиб кетадилар, қиммат баҳоларда харид қилиб, катта кутубхоналарга жамлайдилар. Ҳар ерда араб заҳираларини (қимматбаҳо асарларини) мақтаб тараннум этадилар. Бир вақтнинг ўзида масиҳийлик китобларига қулоқ осишдан «улар илтифот этишга ҳақли эмас», деган баҳона билан ҳазар қиладилар. Эҳ, афсус! Масиҳийлар тилларини, албатта унутдилар Бугун уларнинг ҳар минггидан битта ҳам дўстига мактуб ёза оладиганини тополмайсан. Аммо араб тилида эса кўплари гўзал услубда таъбир этишни ўрнига қўядилар. Улар бу тилда шундай шеър ёзадиларки, нафосат ва гўзаллиги билан араб шеъриятининг ўзидан ҳам ўтади».

Ўн тўртинчи ва ундан кейинги асрларда Европанинг адабиёт даҳолари ҳеч шубҳасиз ўз қисса ва адабларида араб адабиёти таъсирида бўлганлар. 1349 йили Бокаччо  ўзининг «Декамерон» деб  номланган китобини «Минг бир кеча» изидан бориб ёзди. Ундан, шунингдек Шекспир, «Ибрат хотималар билан бўлади» пьесасига мавзуни иқтибос қилади. Яна бир олмон адиби Лессинг ҳам «Доно Натан» пьесасини ана шу асардан ўзлаштирган.

Инглиз тилидаги янги шеърият раҳнамоси Шосер ўз замонасида Бокаччодан ўзлаштирганларнинг энг каттаси бўлган. У билан Италияда учрашган бўлиб, ундан кейин «Кантраберри ҳикоялари» номли машҳур қиссаларини ёзган.

Аммо Данте бўлса, кўпгина танқидчиларнинг таъкидлашича, охират оламига саёҳатни тавсифлайдиган

«Илоҳий комедия»сида Мааррийнинг «Ал-Ғуфрон» рисоласидан, жаннат васфида эса Ибн Арабийдан таъсирланган. Бунинг сабаби у исломий ҳазора ва уни арабча манбадан ўрганишга ошифта, шайдо император Фредерик Иккинчи замонида Ситсилияда турганлигидир. У ва Данте ўртасида Арасту мазҳаби борасида баъзи ўринларда арабий аслга таянилган мубоҳаса кечган. Данте Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларидан анчагина хабардор бўлган. Бундан  Исро ва Меърож қиссаси ҳамда само васфи билан танишиб чиққан.

Аммо Петрарка Италия ва Франсадаги араб ҳазораси асрида яшади. Монбилия ва Париж университетларида таълим олди. Бу икки университет араб муаллафотларига биноан барпо бўлган Андалус жомеа (университет)ларининг шогирдлари саналарди.

Европа қиссаси вужудга келиш онларида ўрта асрларда арабларда бўлган қиссачилик фанларидан таъсирланган. У фанлар мақомчилик, қаҳрамонлик хабарлари, шон-шараф ва ишқ йўлидаги йигитларнинг саргузаштларидир. «Минг бир кеча» ўн иккинчи асрда Европа тилларига таржима қилингач, бу борада унинг таъсири жуда катта бўлди. Ҳатто у ўша пайтдан бери ҳозиргача Европа тилларининг барчасида уч юз марта чоп этилган. Бир неча Европалик мунаққидларнинг фикрича, «Свифт» саёҳатларини ёзган Жонатан, «Робинзон Крузо» саргузаштларини ёзган Дефо «Минг бир кеча», Ҳайй ибн Яқзоннинг «Рисола»си ва араб файласуфи Ибн Туфайлдан қарздордирлар.

«Минг бир кеча»нинг бунчалик ҳаддан ортиқ кўп нашр этилиши ғарбликларнинг уни ўқишга эътибор берганликларига ва бу ўз-ўзидан ундан таъсирланганликларига далил эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Ҳаётнинг турли соҳаларида ишлатиладиган Европа тилларига кириб қолган арабча сўзларни эслатиб ўтишимизга ҳожат бўлмаса керак. Ҳатто баъзи сўзлар худди араб тилидагидек бўлиб қолган. Қутн (пахта), ҳарируд-дамашқий (дамашқий ҳарир), миск, шароб, жарра (кўза), лимон, сифр (нол) ва булардан бошқа сон-саноқсиз сўзлар шулар жумласидандир.

Тўртинчиси – қонунчилик майдонида. Ғарблик талабаларнинг Андалус ва бошқа ерлардаги исломий мадрасалар билан боғлануви фиқҳий ва қонуншуносликка оид ҳукмлар мажмуининг ўз тилларига кўчишида катта рол ўйнади. Ана шу пайтда Европада мустаҳкам низом ва одил қонунлар бўлмаганди.

Ҳатто Наполеоннинг Мисрдалик даврида моликий фиқҳидаги энг машҳур китоблар француз тилига таржима қилинди. Бу китобларнинг илкларидан «Халил китоби» бўлиб, у француз фуқаролик кодексининг мағзи (асоси) бўлган. Кодекс моликий фиқҳи ҳукмларига ниҳоятда ўхшаш бўлган. Аллома Седийо айтади: «Африка араблари билан алоқаларимизда, алалхусус, назаримизни тортган нарса – моликий мазҳаби бўлди. Франса ҳукумати доктор Беренга 1422 йилда вафот этган Халил ибн Исҳоқ ибн Яъқубнинг фиқҳга доир «Китобул мухтасар»ини французчага таржима қилмоқни топширди».

Бешинчиси – давлат тушунчаси ва халқнинг ҳукумат билан алоқаси борасида. Қадим ва ўрта аср олами халқнинг ҳокимлар фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқини инкор этарди. Шунингдек, у билан ҳоким ўртасидаги алоқани қул билан хўжаси ўртасидаги алоқадек қилишарди. Мамлакат подшоҳнинг хос мулки саналар, бошқа моллари мерос қилиб олинганидек, у ҳам меросхўрларига ўтарди. Ҳоким мутлоқ хўжайин бўлиб, халққа нисбатан хоҳлаган ишини қиларди. Мана шунинг сабабидан амирнинг тахтдаги ҳиссасини талаб қилиб ёки қариндош-уруғлар мероси тўғрисида келишмовчилик учун бир давлат билан бошқаси ўртасида уруш чиқишини оқлашарди!

Аммо урушувчи миллатлар ўртасидаги алоқага келсак, ғолиб мағлубнинг қўлидаги бор нарсани ватани, моли, обрўси, ҳуррияти ва иззатини мусодара қиларди. Ҳолат то Ислом ҳазораси барпо бўлгунча шундай давом этди. У эълон этган принциплари ичида албатта халқ ўз ҳокимларини назорат қилиш тўғрисида ҳақ соҳиби эканини ҳам эълон қилди. Чунки ҳокимлар халқ манфаатларини ва омонатни ҳимоя қилувчи виждонли кимсалардан фарқланмайдилар. Бу тўғрида тарихда биринчи марта халқ ичидан бирор киши чиқиб, ҳокимидан нима кийишини, қаердан келганини суриштириши воқъе бўлди.

Бунинг учун у ўлимга ҳукм қилинмайди, қамоққа судралмайди ва сургун этилмайди. Тоинки, у ва одамлар қаноат ҳосил қилиши учун ҳоким унга ҳисоботини тақдим этади. Тарихда биринчи марта раиййат ичидан бир киши ўзининг катта ҳокимига:

«Ассалому алайка, эй қарол (малай)», дея айтади. Ҳоким ўзини халқнинг қароли эканини, ихлос ила унга хизмат қилиши ва қаролга лозим бўлганидек, унга ҳам самимият лозим эканини эътироф этди.

Исломий ҳазора эълон этганлари ичида буни ҳам маълум қилди ва кейинчалик ҳаётга татбиқ этди. Булар ҳуррият ва англаш насимлари бўлиб, исломий жамиятга қўшни миллатлар устида ҳам эсди. Бундан бу миллатлар безовталанди, сўнг ҳаракатланди, кейин қўзғолиб, озод бўлди. Европада бўлган нарса мана шудир.

Ғарбликлар салб урушларида Шом мамлакатларига келдилар ва бундан олдин ҳам Андалус халифалиги мамлакатларида гувоҳ бўлганларидек, халқлар ҳокимини назорат қилаётгани, ҳокимлар ҳам халқидан бошқанинг назоратига бўйсунмаётганликларини кўрдилар. Шунда ғарблик подшоҳлар араб ва мусулмон подшоҳларнинг халқ мажмуидан ўзга ҳар қандай табақа ҳукмронлигидан озод эканлиги билан ўзларининг Рум ҳукмронлигига тобеъликлари ва Румнинг диний ҳокимлигига бўйсунишдан бош тортсалар, қувғинга учраш ва амалдан маҳрум бўлиш қўрқинчини солиштириб кўрдилар! Ватанларига қайтганларидан кейин улар исён кўтариб озод бўлдилар. Сўнг халқлари ўзларига исён қилиб, улар ҳам эркинликка чиқди. Кейинчалик бўлган француз инқилоби Ислом ҳазораси бундан ўн икки аср олдин эълон этганидан ортиқ принципларни эълон қилолмади!

Яна ҳазора эълон қилган (принцип) нарсалардан урушлардаги аҳдномаларни эҳтиром қилиш, ақидаларга риоя этиш, ибодатхоналарни эгаларига қолдириш ва одамларнинг ҳуррияти ва ҳурматларини кафолатлаш мағлуб халқларда унинг ҳукмига иззат ва ҳурмат руҳини қўзғади.

Ғарбликлар ўрта асрларда Ислом ҳазораси билан Шом мамлакатлари ва Андалус орқали алоқа қилишган. Алоқа қилмасларидан олдин подшоҳнинг дин бошлиғига исёнини, халқнинг эса подшоҳга бош кўтаришини билишмасди. Ҳокимдан ҳисобот сўраш ёки мазлумга ёрдам қўлини чўзишни ўз ҳақ-ҳуқуқларидан, деб билмасдилар. Баъзилари баъзилари билан ақида ва мазҳаб борасида келишолмай қолган пайтда қассоб қўйни сўйгандек бир-бирларини бўғизлашганди! Ислом олами билан алоқаси бошланган вақтдан уларда уйғониш, қўзғолиш бошланди. Шундан сўнг улар ҳурриятга эришдилар.

(давоми бор)
“Ислом ҳазораси” китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом ҳазораси

313 22:00 02.07.2020

Ислом ҳазораси (давоми)

485 20:00 25.06.2020

Ислом ҳазораси

638 23:10 24.06.2020

Охират юки

1617 08:00 04.05.2020
« Орқага