Ислом

Ислом ҳазораси

547

(давоми, бошланиши бу ерда)

Илмий мажлис ва анжуманлар

Булар ҳам Ислом ҳазорасининг ёрқин кўринишларидан биридир. Ушбу ҳазорани ёйишда, илмни тарқатишда уларнинг таъсири катта бўлган. Зиёлилар доирасида ижтимоий даражанинг кўтарилишида, илмий завқнинг ошишида гарчи мадраса, маъҳад ва кутубхоналарнинг ўрни катта эса-да, пойтахт ва катта шаҳарларда уюштирилган илмий мажлис ва анжуманлар ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бу мажлислар кўп, баҳслари турлича бўлишига қарамай, улар Ислом миллатининг шавкатли ва қувватли даврларидаги фикрий уйғоқлик кўринишларига бетимсол мисолдир. Бунга халқнинг турли табақалари: халифалар, амирлар, уламолар, адиблар ва шоирлар хусусий ва умумий мажлисларидаги бахсларни илмий, адабий ва фалсафий мусобақага айлантираёзганларини кўриб амин бўласиз. Албатта, бу – миллатнинг илмга ошиқлиги, унинг булоқларидан қонишга иштиёқи буюклик ва тараққиётини кўрсатадиган даражага етганини кўрсатарди.

Бу мажлислар саноқсиз ва турлича эди. Халифа ҳузуридаги мажлисларга унинг ўзи бошчилик қиларди. Унда пойтахтдаги машҳур олим, адиб ва фақиҳлар қатнашарди. Халифаларнинг мажлислари Ислом ҳазорасининг ривожланиши ва юксалиши билан баробар ривожланди. Хулафои рошидийнлар даврида ушбу мажлисларда давлат ишлари ва волийларнинг фаолияти ҳақида сўз борарди. Бунда гўё ноиблар мажлисларига ўхшаб, қавм улуғлари давлат ишлари ва турли муаммоларни ҳал қилишарди...

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кун давлат мансабларидан муҳим бир амалга муносиб кишини тайинлашга муҳтож бўлиб қолдилар. Шунда мажлисдошларига қарата: «Мен учун муҳим бўлган амалга одам тайинламоқчиман. Шунга муносиб одамни кўрсатинг», дедилар. Мажлисдагилар бир одамни таклиф қилишганида, бу одамга муҳтож эмасмиз, деган жавобни олишди. Шунда: “Кимни хоҳлайсиз, эй амирал-мўминин?” дейишганди, ҳазрати Умар шундай жавоб қилдилар: «У шундай одам бўлсинки, агар амирлари бўлса, ичларидаги бир кишидек бўлсин, амирлари бўлмаса, амирларидек бўлсин». Мажлисдагилар: «Бу сифатни фақат Рабиъ ибн ал-Хорисийдагина биламиз», дейишган. Бу номзод амирул-мўмининга ҳам маъқул тушиб, уни мазкур амалга тайинладилар.

Умавийлар даврига келиб, халифаларнинг мажлиси адаб, ҳикмат ва шеър мажлисларига айланди. Абдуллоҳ ибн Ҳишом кунлардан бир кун Муовиянинг мажлисида ҳозир бўлдилар. Муовия: «Саховат, жасорат ва мурувват ҳақида менга ким хабар беради?» деди. Абдуллоҳ айтдилар: «Саховат – сўрамасдан бурун мол ва ҳадяни бериш, жасорат олдинда бўлишга журъат ва қадам тойганда сабр, мурувват эса – диннинг салоҳи, ҳолининг ислоҳи ва қўшнининг ҳимоясидир”.

Бир  кун  амир  Абдулмалик  мажлис  аҳлига қарата:

«Ким баданидаги аъзоларини алифбо ҳарфлари тартиби билан келтира олса, ўйлаган нарсасини бераман», деди. Шунда Сувайд ибн Ғафла: «Мен келтира оламан, ё амирул мўминин», деганда, «Бошла», жавобини олди. У алифбо ҳарфлари бўйича аъзоларини санай бошлади: «Анф (бурун), батн (қорин), тарқува (ўмров), сағр (оғиз), жумжума (бош, бош суяги), халқ (томоқ), хад (юз), димоғ (димоғ)... Шунда бошқа биров туриб: «Аъзоларни иккитадан қилиб айтиб бераман», деди. Буни кўрган Сувайд: «Мен учтадан қилиб айта оламан: анф (бурун), аснон (тишлар), узун (қулоқ)...” дея давом этди. Абдулмалик унинг топқир ва ҳозиржавоблигидан ҳайратга тушди ва мукофотлади.

Аббосийлар даврига келиб, халифалар мажлиси янада ривожланди. Кенг, яхши жиҳозланган ерларда кўпгина олим ва адиблар билан ажиб мажлислар қурилар, ундаги бахс ва мунозаралар турлича бўларди. Бундан ташқари ўйин-кулгу мажлислари ҳам бўлардики, унда адабий муҳит ҳукмрон бўлиб, шеър ва шоирлар тўғрисида сўз борар ва муғаннийлар куйлаган қўшиқларнинг калималари изоҳланарди. Бани Аббос халифаларининг мажлиси дабдаба ва ажойиботда энг машҳурлари Рашид ва Маъмун эди. Рашид ўз мажлисига ҳар бир фан ва илмнинг таниқли олимларини йиғарди. Бу ўринда мажлисларининг олди бўлмиш шоирлар: Абу Нувос, Абул Атоҳийя, Даъбал, Муслим ибн Валид, Аббос ибн Аҳнафлар, фақиҳлар: Абу Юсуф, Шофеъий, Муҳаммад ибн Ҳасанлар,  тилшунослар: Абу Убайда, Асмаъий, Кисоийлар, муаррих Воқидий, муғаннийлар Иброҳим Мусимий ва ўғли Исҳоқларни эслаш етарли.

Унинг мажлисларида кечган адабий мунозараларга бир мисол келтирамиз. Бир кун унинг ҳузурида тил ва адабиётнинг улуғ имомлари Себвайҳ ва Кисоий йиғилиб қолишди. Кисоий шундай деб  қолди:  «Араблар  бу жумлани қуйидагича айтишади: «Мен қовоғарининг чақиши асалариникидан кучли деб ўйлардим, ваҳоланки, у ўша (яъни, бир хил) экан». Себвайҳ эса, унинг нотўғрилигини айтиб: «Балки, у у экан», дейилади», деди. Улар узоқ тортишишди ва ниҳоят каломига ўтроқ шаҳарликлар сўзидан бирор нарса аралашмаган «тоза» арабга мурожаат қилишга келишишди. Рашид Кисоийни жуда яхши кўрар ва унга иноят кўрсатарди. Чунки уни халифалик мансабига ўтирмасидан олдин ҳам биларди. Шундан сўнг «тоза» бир арабни чақириб, жумланинг қандай айтилишини сўрашди. У жумлани Себвайҳникидек гапирди. Рашид унга: «Биз жумлани Кисоийникидек гапиришингни хоҳлаймиз», деди. У эса: «Тилим бундай гапиришга ўрганмаган», дея жавоб қилди ва ниҳоят у ҳам: «Ким тўғри гапирганди?», деб сўралса: «Албатта, Кисоийда» дея жавоб қилишга рози бўлди. Бу келишув катта бир йиғин ичида содир бўлди. Себвайҳ Кисоийга тарафкашлик қилинганини тушунди ва Бағдоддан маҳзун ҳолда чиқиб кетди. Айтишларича, ушбу воқеадан кейин у узоқ яшамади ва руҳий азобдан вафот этди.

Маъмуннинг мажлислари эса исломий ҳазора тарихидаги энг ажиб илмий мажлислардан бўлган. Зотан, унинг ўзи устун уламолардан бўлган. Унинг саройи илм кишилари, шоир, адиб, табиб ва файласуфлар оммаси билан тўлиб-тошганди. Маъмун уларни мамлакатининг турли томонларидан чақирган бўлиб, келиб чиқишлари ва миллатларидан қатъий назар уларга катта эҳтиром кўрсатарди. Муноқашаларни кўпинча унинг ўзи бошлаб, уламоларни бахсга чорларди. Агар мажлисида файласуф ва уламолар бўлса, муқаддас китоблардан оятларни далил қилишни ҳаммаларига наҳий қиларди. Уларга шундай дерди: «Қуръондан ҳам, Инжилдан ҳам шоҳид келтирманг, мени сермулозамат, сертакаллуф бўлади, деб ўйлайсиз. Аллоҳга қасамки, иш сиз учун ё сиз тўғрингизда ҳам эмас, балки менинг араб эканлигим ҳақиқат ва тўғрини эътироф этишдан тўсиб қўйишини ёмон кўраман, холос».

Сўнг у арабларни бошқаларга нисбатан ортиқ кўришининг боисини шундай изоҳлайди: чунки уларда бошда китоб ҳам, илм ҳам бўлмаган. Шунга қарамай, улар ўз фитратлари билан ўсимликларни, улардан қўй ва туяга салоҳиятлиларини яхши билишган. Замон ва унинг ўзгарувини кузатишган. Уни баҳор, ёз, куз ва қишга бўлишган. Сўнг ичимликлари осмондан эканини билиб, об-ҳавони кузатишни ва вақт ўзгарувини ўрганишган. Осмондаги юлдузларга қараб, йўлларини топганлар. Яна ўрталарида мункардан қайтариб, яхшиликка тарғиб қиладиган ва пасткашликдан тийиб, гўзал ахлоққа чақирадиган бир келишувга келганлар. Ҳатто, уларнинг чекка ерда, хароб яшайдиган бир кишиси ҳам яхшиликни ҳеч қолдирмай мақтар, ёмонликларни ҳеч камчиликсиз мазаммат қиларди. Уларнинг сўзлари фақат яхшилик қилиш, қўшнининг ҳаққини муҳофаза этиш, саховатли бўлиш ва қўйинг-чи, бор эзгулик ҳақида бўларди. Буларнинг барини улар ўз ақллари билан топишар, фаросат ва фитратлари билан ҳеч бир ўрганишсиз, одобсиз билишарди. Балки уларнинг табиатлари одобли, ақллари ориф эди. Ибн Муқаффаъ ҳам айтади: «Шунинг учун уларга «Сизлар энг ақлли миллатсиз», дедим. Чунки уларнинг фитратлари соғлом, бўй-бастлари мўътадил, тўғри фикр ва фаҳмлидирлар».

Илмий мажлислар тўғрисида гапирганда, китоб дўконларининг ҳам бу борадаги аҳамиятини унутмаслик керак. Чунки уларда ҳам илм ҳақида, ҳар ким ўзи мутахассис бўлган соҳасида уламоларнинг гўзал суҳбатли мажлислари бўларди. Китоб сотувчиларнинг кўпчилиги одатда зиёли адиблар эди. Улар ўз касбларидан илмий эҳтиёжларини қондиришда фойдаланишарди. Масалан, «Ал-фиҳрист»нинг муаллифи Ибн Надим, «Мўъжамул-удабо» ва «Мўъжамул-булдон»нинг муаллифи Ёқутлар китоб сотувчи бўлишган. «Ал-ағоний»нинг муаллифи Абул Фараж Исфаҳоний ва машҳур тилшунос адиб Абу Наср Зужжож кўпинча китобдорларнинг дўконида учрашишарди ва у ерда тўпланган шоирлар билан шеър ва адабиёт ҳақида суҳбатлашишарди.

Ҳаётга ҳақли ҳар бир миллат ҳамма нарсадан олдин озуқасини илмдан топади. Ислом миллати бошқа миллатларга ҳаёт бағишлаб турган вақтларда илмга эга бўлиш ва уни ёйиб, тарқатиш йўлидан борган. Балки унинг халифадан тортиб олиму тожиргача бўлган фарзандлари илм қуроллари, китоблари ва мадрасаларини кўпайтиришда мусобақалашишган. Уларнинг суҳбатлари фақат илмни зиёда қилиш, зеҳнни очиш ва ақлни чархлаш йўлида бўлган. Ҳатто, ўйин-кулгу, кайфу-сафо мажлисларида ҳам, агар уламо ва удабо бўлса, бирор масалани ечиш, мавҳумотни кашф қилиш ёки хатони тўғрилаш учун фурсат бой берилмаган.

Яна бу ўринда фуқаҳо, муҳаддис ва воизларнинг мажлислари ҳақида гапирмадик. Бундай мажлислар ҳар бир шаҳар ва қишлоқда кенг урф бўлганди. Гапнинг қисқаси, ҳазораси гуллаб-яшнаган даврларда Ислом олами илм нури билан  тўлиб-тошгандики, бу нур бутун уйларни, масжидларни, мадрасаларни, йиғин-мажлисларни ва дўконларни қамраб олганди. Бу тўғрида улуғ олим Густав Лубон ҳақ гапни айтганди: «Арабларнинг (мусулмонларни назарда тутмоқда) илмга муҳаббати жуда кучли эди. Улар жуда оз муддатда футуҳотларини тугатганларидан кейин ҳазорада юқори даражага эришгандилар. Ҳатто улар унда адабиёт ва илм-фан камолга етган ва чўққига чиққан ҳазорани бунёд эта олдилар».

(Давоми бор)

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом ҳазораси

624 19:00 24.07.2020

Ислом ҳазораси

324 19:00 21.07.2020

Ислом ҳазораси

463 22:00 20.07.2020

Ислом ҳазораси

445 15:30 19.07.2020

Ислом ҳазораси

889 22:00 18.07.2020
« Орқага