Ислом

Ислом ҳазораси: Инсонийлик манзаралари

321

(давоми, бошланиши бу ерда)

Инсонийлик манзаралари

Барҳаёт Ислом ҳазорасини бошқа ҳазоралардан фарқлантириб турган инсонийлик хусусиятига эътибор бермай илож йўқ. Зеро, бу хусусият инсониятни адоват, нафрат, тафриқа ва асабият муҳитидан муҳаббат, марҳамат, ўзаро ёрдам, Аллоҳ ва қонун олдида баробарлик муҳитига олиб чиқди. Жамият вужудини ирқни ирққа, тоифани тоифага ёки миллатни миллатга афзаллигидан бирор асар бўлмаган тенглик – баробарликка йўллади. Бу ўзига хослик ҳазоранинг асосларида, қонунларида ва воқеълигида ёрқин намоён бўлади. Инсоний ўзига хослик асосларини Ислом ўз пайтида шундай эълон этди: «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!» (Нисо сураси, 1-оят). Гарчи кейинчалик одамлар миллатларга, қабилаларга, шаҳарларга ва жинсларга ажраган бўлса ҳам, башар гўё бир уй, бир ота ва бир онадан тарқаган оға-иниларга ўхшайди. Шундай бўлгач, уларнинг ирқ ва юртдаги фарқланишлари эзгулик учун ўзаро ёрдам, танишув ва учрашув йўли томон олиб боради. Мана шундан абадий инсоний қонуният келиб чиқди: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст, биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Шундан сўнг ҳаёт баъзи шахсларнинг мартабасини кўтариб, бошқаларникини ерга урди. Бир тоифани бой қилиб, кўпларни фақир қилди. Бир одам ҳоким бўлиб, халқ унга бўйсунди. Баъзи қавмларнинг танаси оқ бўлса, бошқа миллатларнинг ранги қора бўлди.

Гарчи бу ҳаёт суннати, ўзгармас қонунияти бўлса-да, лекин мартабаси баланд тубандагидан, бой камбағалдан, ҳоким раиятдан, оқ рангли ранги қорадан фарқ этиши мумкин эмас. Балки ҳамма баробардир. Улар одамияти, инсонияти тўғрисида Аллоҳ ҳузурида тенгдир. Ўрталаридаги фарқ фақатгина тақвода бўлади. «Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Улар қонун олдида, унга бўйсунишликда ҳам баробардирлар. Улар ўртасида фақат ҳақиқат бўлсагина айирма бўлади. «Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала сураси, 7-8-оятлар). Улар жамият вужудида ҳам баробардирлар. Кучлилари заифларини, жамоа эса шахснинг ҳолатини тушунади. «Мўминларнинг ўзаро муҳаббат ва марҳаматдаги мисоллари бир жасаднинг мисолига ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо шиква қилса, бошқа аъзолар иситма ва бедорлик билан унга ҳамдард бўладилар».

Ислом  одамлар  ўртасида  бир  ота-онадан  бўлган оға-иниларники каби инсоний бирликни эълон этишда худди шу тарзда йўл тутди. У жамиятдаги ижтимоий бирликни дарахтга ўхшатдики, агар шамол эсса, тепадагими, пастдалигидан қатъий назар, барча шохлари қимирларди. Шу ўринда Қуръоннинг инсонларга асл инсоний бирликларини эслатиб турадиган ушбу: «Эй инсонлар... Эй Бани  одам!»  деган лафзлар билан кўп маротаба хитоб қилганини, шунингдек, бир дин фарзандларини миллати, тоифасини ажратмай, «Эй имон келтирганлар... Эй мўминлар!» дея чақирганини мулоҳаза этиб ўтишимиз фойдадан холи эмас.

Ислом ҳазораси қонунчилигидаги инсоний ўзига хосликни шариат бобларининг ҳар бирида аниқ сезасиз. Намозда одамларнинг барчаси Аллоҳнинг олдида баробар туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун махсус макон ажратилмайди. Рўзада одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечирадилар. Уларнинг ораларидан амир, ё бой, ё шариф истисно қилинмайди. Ҳажда одамлар бир хил кийим кийишади. Бир хил жойда туришади. Бир хил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, ашроф ва омманинг фарқи йўқ. Бундан фуқаролик кодекси қонунларига ўтадиган бўлсангиз, одамлар ўртасидаги алоқаларда устивор қонуният – ҳақиқат эканини, қонунчиликдан кўзланган ғараз – адолат эканини, ҳар қандай эзилган ва мазлум учун қонун қўлидаги байроқ – зулмни даф этиш эканини кўрасиз. Ундан жиноят кодексига ўтсангиз, жиноят қилган ҳар қандай кишига жазо бир хил эканини кўрасиз. Ким ўлдирса, ўлдирилади. Ким ўғирласа, жазоланади. Ким ҳаддан ошса, адаби берилади. Қотил олим  ё жоҳил бўлишининг, мақтул амир ё деҳқон бўлишининг фарқи йўқ. Ёки тажовузкор мўминларнинг амири ё тўқувчи эканининг, тажовуз қурбони ажам, ё араб, шарқлик, ё ғарблик эканининг эътибори йўқ. Ҳаммаси қонун назарида баробардир. «(Эй мўминлар) сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинади» (Бақара сураси, 178-оят).

Одамларнинг барчасига динлари, ирқлари, рангларидан қатъий назар инсоний мукаррамликни исбот этган пайтда шариат бундан ҳам юксакликка кўтарилди. «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз ва мукаррам қилдик» (Исро сураси, 70-оят). Одамларнинг ҳаёти, эътиқоди, илм олиши ва умр кечиришдаги барча ҳуқуқларига кафил бўлган бу ҳурмат уларнинг барчаси  учун баробар эди. Одамларнинг ҳаммасига истисносиз бир хил даражада кафил бўлиш давлатнинг мажбурияти эди. Инсонларни мукофотлаш ва жазолаш асослари уларнинг зоҳир амалларига қараб эмас, балки ниятларига қараб бўлишини эълон қилган пайтда шариат инсоний юксакликнинг бундан ҳам юқори чўққисига кўтарилди. «Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга эмас, балки қалбларингизга қарайди». Демак, жазолаш ва мукофотлаш боиси ният экан. «Албатта, амаллар ниятлар биландир. Ва ҳар бир киши нимани ният қилган бўлса, шу бўлади». Аллоҳнинг ҳузурида мақбул ният бу – яхшилик, одамларга манфаат етказиш ва ҳеч қандай моддий ғараз ёки тижорий фойдани кўзламай, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган ниятдир. «Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз – шоядки, нажот топсангизлар» (Ҳаж сураси, 77-оят).

Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган бу яхшиликка ундан наф кўрган кишидан яхшилик ва ҳақ талаб қилмоқ дуруст эмас. «Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва есирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): «Бизлар сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз – кутмасмиз» (Инсон сураси, 8-9-оятлар). Аллоҳга ибодат қилиш, коинот қонунларига бўйсунишда инсон, ҳайвон, жонли-жонсиз, ер ва фалаклардан иборат оламларнинг бирлигини тасдиқлаганда, шариат инсоний ўзига хосликнинг энг юқори чўққисига  етди.  Қуръон мусулмондан намозининг ҳар ракатида: «Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ учундир», деб зикр қилмоқни талаб этиши қандай ҳам гўзал! Уни мусулмон ҳар бир намозида зикр қилиши  керак.  Зеро,  у  коинотнинг  бир  бўлаги,  том ва шомил раҳмат ила тавсифланган якка Илоҳнинг махлуқи.

Булар Ислом ҳазораси ва шариатининг асослари, одамларга эълон қилинган пайтдаги инсоний ўзига хосликнинг кўринишлари эди. Ундай бўлса, Ислом ғолиб бўлиб, ҳукм юргизган пайтда воқеълик қандай бўлган?

Араб Абу Зарр Ғифорий билан Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) қуллари, қора ҳабаший Билол низолашиб қолишди. Абу Зарр ва Билол Исломга ва унинг пайғамбарига имон келтирган саҳобалардан эдилар. Ўрталаридаги низо кучая бориб, Абу Заррни ғазаб эгаллаб олди ва Билолга: «Эй қоранинг боласи!» дедилар. Билол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ Абу Заррга дедилар: «Сен уни онаси билан камситдингми? Сен жоҳилият (одатлари) бор киши экансан!» Абу Зарр жоҳилиятни фақат ёшларда бўладиган ахлоқий, шаҳвоний бузилиш, деб ўйлаб: «Ёшим ўтган ушбу соатда-я?» дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Ҳа, улар биродарларингиз». Абу Зарр пушаймон бўлиб, тавба қилдилар. Тавба ва пушаймонликда муболаға этиб, ҳатто Билолга юзларини босмоқликни буюрдилар.

Пайғамбар (с.а.в.) замонларида Бани Махзумдан бўлган бир аёл ўғирлик қилди. Жазоси берилиши учун уни Расулуллоҳнинг олдиларига келтиришди. Бу ҳол Қурайшни хафа қилди ва: «Расулуллоҳнинг ундан ҳадни бекор қилишларига ким шафеъ бўлади?» дейишди. Шунда Расулуллоҳнинг қалбларига маҳбуб бўлган Усома ибн Зайдни эслаб қолишди. Унга Расулуллоҳнинг ҳузурларида шафеъ бўлишни топширишди. Бу ҳақда Расулуллоҳга сўзлаганларида, у зот жуда қаттиқ ғазабландилар ва Усомага: «Сен Аллоҳнинг ҳадларидан бўлган ҳадга шафеъ бўласанми?!» дедилар. Сўнг туриб, одамларга қарата шундай хитоб қилдилар: «Дарҳақиқат, сизлардан олдин ўтган умматлар агар ўзларидан бир обрўли киши ўғрилик қилса, кечиришар, аммо заиф, ночор одам ўғри бўлса, унга ҳадни ижро қилишарди ва улар шу сабабдан ҳалокатга учрашди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилганда ҳам, унинг қўлини кесган бўлардим».

Қайс ибн Матотийя (бу одам мунофиқ эди) Салмон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол Ҳабаший бўлган халқага келди. Ва: «Авс ва Хазраж манави одамга (Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламга) мадад берди. Бу тушунарли-ку, аммо анавиларнинг нима иши бор?» деди. (Яъни, Салмон Суҳайб ва Билолни назарда тутганди). Шунда Маоз ибн Жабал ўрниларидан туриб, унинг ёқасидан олдилар-да, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдиларига олиб келдилар ҳамда унинг айтганларини сўзлаб бердилар. Расулуллоҳ ғазабланган ҳолда ўринларидан турдилар ва тўнларини йиғиштириб масжидга келдилар. Сўнг масжидда «Намоз жамлагувчи» дея нидо қилинди. (Бу сўз билан жамоатни йиғиш учун ва икки ийдга нидо қилинар эди.) Пайғамбар алайҳиссалом одамлар тўғрисида хутба қилдилар ва: «Эй одамлар, албатта Парвардигор бирдир, ота бирдир ва дин бирдир», дедилар. Кунлардан бир кун Адий ибн Хотам Тоий Мадинага келди. У ҳали Исломга кирмаган эди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир мажлисларида иштирок этди. У зотнинг атрофларида ғазотларнинг биридан қайтган асҳоблари ўтиришарди. Улар кенг совутлар кийиб олишганди. Адийни саҳобаларнинг пайғамбарларига бўлган ҳайбат, эҳтиромлари ажаблантирди. У шундай кайфиятда турган пайтда Мадина аёлларидан камбағал бир хотин Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келди ва: «Ё Расулуллоҳ, мен сизга бир сир айтмоқни истайман», деди. Расулуллоҳ унга: «Ўйлаб кўр-чи, Мадинанинг қайси  кўчасида сен билан холи бўлишим маъқул?» дедилар ва сўнг у билан чиқиб кетдилар. Анча вақт туриб, унинг сўзини эшитдилар, кейин қайтдилар... Адий бу ҳолатни кўргач, Расулуллоҳдаги инсонийликдан уни чуқур ҳаяжон қамраб олди ва мусулмон бўлди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йигирма бир йил давом этган курашдан кейин Маккани фатҳ қилганларида, у зотга қарши курашган, ватанларидан чиқарган ва такзиб этганларга нисбатан ғолиблик мақомини олганларида ҳам, Макка кўчаларида яширин юрган кунларида, сўнгроқ эса Мадинада ҳоким ўлароқ барҳаёт ҳазора биносига асос қўяётган онларида чиқарган даъват ва асосларини эсладилар. У зот Каъба эшиги олдида турган ҳолларида гапирганларида, кибрли ва золим ижтимоий фарқланишлар соҳиби бўлган Қурайш ушбу сўзларни эшитди: «Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳ сизлардан жоҳилият ғурурини ва аждодларни улуғлашни кетказди. Инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан халқ қилинган».

Сўнг нусратга эришмасдан олдин даъват қилганлари – Аллоҳ таборака ва таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сура, 13-оят).

(давоми бор)
“Ислом ҳазораси” китобидан

УЛАШИНГ:

« Орқага