Ислом

Ислом ҳазораси

623

(Охири, бошланиши бу ерда)

Пойтахтлар ва катта шаҳарлар

Агар тўртинчи ҳижрий ёки ўнинчи милодий асрдаги Ислом олами ва Ғарб олами шаҳарларига тезкор назар ташлаб чиқилса, бу икки олам ўртасидаги катта фарқни кўриб ҳайратга тушади киши. Ҳаёт, қувват ва ҳазора билан тўлиб-тошган Ислом олами билан ҳаёт, илм ва ҳазоранинг изи йўқ Ғарб оламида кўрилганлар даҳшатга солади.

Пофес ва Ромбонинг умумий тарихида қуйидагилар келтирилади: «Англо-саксон Англияси еттинчи милодий асрдан ўнинчи асргача бошқа мамлакатлар билан алоқаси йўқ камбағал давлат эди. Унинг манзараси қўрқинчли, кўримсиз бўлиб, уйлари сайқалланмаган (ишлов берилмаган) тошлардан кўтарилиб, лой билан мустаҳкамланарди. Уйларнинг тирқишлари тор бўлиб, яхши ёпилмасди. Отхона ва оғилхоналарда туйнук йўқлигидан мамлакатнинг ягона даромад манбаи бўлган чорва моллари ва от-уловлар такрор-такрор турли касаллик ва ваболардан қириларди. Одамлар ҳам жой ва амният борасида ҳайвонлардан қолишмасди. Масалан, қабила бошлиғи ўз кулбасида оиласи, хизматкорлари ва уларга алоқадор кишилар билан бирга яшарди. Барчалари ўртасида ўчоқ бўлган катта хонада ўлтиришар, шифтдаги мўри яхши очилмаганидан хонани тутун босиб кетарди. Ҳаммалари бир хонтахтада овқатланишар, хўжайин ва унинг яқинлари дастурхоннинг бир томонида ўтиришарди. У пайтларда вилкани билишмасди, қадаҳлар ушлашга ноқулай эди. Дастурхондагилар қадаҳнинг тагини ё қўллари билан ушлаб туришар ёки уни бир кўтаришда бўшатишарди. Кечқурун хўжайин овқатга тўйиб, шаробга бўкиб олгандан кейин ўз хонасига чиқиб кетарди. Сўнг хонтахта ва тахтасупалар кўтарилар ва ушбу хонада йиғилганлар ерда скамейкаларда чўзилишарди. Улар ётаётганда қурол-яроғларини бошларига қўйиб олишарди. Чунки ўғрилар шу қадар журъатли бўлиб қолишгандики, одамлар тўсатдан ашёларини олдириб қўймаслик учун доимо ҳушёр туришлари лозим эди.

Мана шу замонларда Европа қуюқ ўрмонлар билан қопланганди. Деҳқончилик борасида анча орқада қолиб кетилганди. Шаҳарлар атрофидаги кўпгина ботқоқлардан ёмон ҳидлар тарқарди. Париж ва Лондондаги уйлар ёғоч ҳамда похол ва қамиш аралаштирилган лойдан қуриларди. Уларда ташқарига очиладиган деразалар ва иситиладиган хоналар бўлмасди. Улар уй жиҳози нима эканини билишмасди. Ерга тўшаладиган похолдан бўлак жиҳозлари ҳам йўқ эди. Тозалик ва покизалик ҳам уларга ёт эди. Ҳайвонларнинг ичак-чавоқлари ва ошхона чиқиндиларини уйларининг олдига ташлашарди. Улардан эса жуда бадбўй ҳидлар тараларди. Эркаклар, аёллар ва болалардан иборат катта бир оила ҳам битта хонада ётарди. Бу хонада кўпинча улар билан бирга уй ҳайвонлари ҳам паноҳ топишарди. Кишиларнинг тўшаклари похол қоплама устидан қилинган жун кигиз бўларди. Кўчаларда на ўзан, на сарой ва на чироқлар бўларди».

Ғарб ўрта асрлардан то ўн биринчи асргача худди шундай ҳолда бўлган. Буни уларнинг тарихчилари эътироф қилишади. Бу кўринишни унутиб қўймасдан олдин тезда Шарққа, унинг Қуртуба, Ғарнота, Ишбилийя, Бағдод ва Дамашқ каби пойтахт ва шаҳарларига юз бурайлик. Қани кўрайлик-чи, бу шаҳарлар ва уларнинг ҳазораси қандай бўлган экан? Ҳозир Европага қўшни бўлган Андалус шаҳарларига сайр қилиб, саёҳатимизни Қуртубадан бошлайлик. Ундаги ҳамма нарсага эмас, фақат ташқи кўринишигагина назар ташлаш кифоя.

Умавий Абдурраҳмон Учинчи замонида Қуртуба мусулмон Андалуснинг пойтахти бўлганди. Тунлари кўчалар чироқлар билан ёритилар, йўловчи ўнлаб мил (ўн олти километр) юрса ҳам, ушбу ёруғлик тугамасди. Шаҳарнинг кўчаларига тош ётқизилган, ахлатлари бетўхтов тозалаб туриларди. Атрофи қуюқ боғ-роғлар билан ўралганидан, шаҳарга келаётган одам унга етгунча бир неча соат боғ-бўстонлардан ўтарди. Шаҳар аҳолиси бир миллион эди. (Ваҳоланки, ўша пайтда Европанинг энг катта шаҳрида ҳам йигирма беш мингдан ортиқ аҳоли яшамасди). Ҳаммомларининг сони тўққиз юзта, уйларининг сони 283000 (икки юз саксон уч минг), қасрлари саксон мингта ва масжидлари олти юзта эди. Шаҳарнинг айланаси саккиз фарсах (яъни, ўттиз минг метр) бўлган. Ўқиш-ёзишни ҳамма билган. Унинг шарқий томонида бир юз етмишта аёл кўфий хат билан мусҳаф ёзарди. Саксонта мадраса бўлиб, унда камбағаллар бепул ўқишган. Элликта шифохона беморларга текинга хизмат кўрсатган. Марказий масжид эса ҳалигача санъат ва бунёдкорликнинг ўлмас намунаси дея тан олинади. Мезанасининг узунлиги қирқ газ бўлиб, чиройли қуббаси нақшинкор ёғоч тиргакка ўрнатилган. Масжид турли мармарлардан шахмат тахтаси шаклида ясалган бир минг тўқсон учта устун устига қурилган. Унда узунасига ўн тўққизта, энига эса ўттиз саккизта саҳна мавжуд эди. Кечаси масжид тўрт минг етти юзта чироқ билан ёритиларди. Бу чироқларга йилига йигирма тўрт минг қадоқ мой сарфланган. Унинг жанубий томонида бронза билан зийнатлаб, жуда гўзал ясалган ўн тўққизта эшикни кўриш мумкин. Фақат ўртадаги битта эшик тилла билан безалган.

Шарқий ва ғарбий томонларида ҳам худди шунга ўхшаш тўққизта эшик мавжуд. Меҳробини таърифлашга эса, француз тарихчисининг сўзини келтириш кифоя: «Башар кўзи тушган энг гўзал нарса удир. Уникидек безак ва ҳашаматни ва на эски ва на янги асарларда кўриш мумкин». Қуртубада яна санъати ва ажойиботлари билан тарихда абадий қолган Аз-Заҳро қасри бор. Уни турк тарихчиси Зиё Пошшо шундай таърифлайди: «У замонасининг шундай ажойиботи эдики, Аллоҳ борлиқни яратганидан бери бирор бинокорнинг хаёлига ундай бинони қуриш келмаган, ақл яралгандан бери бирор муҳандиснинг калласига уникидек чизма чизиш келмаган. Унинг қуббаси 4316 та бир хил нақш солинган турли мармар устунлар устида эди. Ерига эса турфа ранг мармар бўлаклари жуда гўзал шаклда ётқизилганди. Деворлари тилла ранг ложувард лавҳлар билан безалганди. Залларида мусаффо сувли булоқлар бўлиб, оқ мармардан турли шаклларда қурилган ҳовузларда халифанинг залидаги ҳовузга келгунча бир кўриниб, бир кўринмай оқарди. Ушбу ҳовузнинг ўртасида бошига марварид илинган тилла ғоз ўрнатилганди. Унинг сувида мингларча тур балиқлар бўлиб, уларнинг кўплиги шу даражада эдики, ҳовузга бир кунда ўн икки минг бўлак нон ташланарди».

Аз-Заҳрода «Қасрул-хилафа» деб номланган бино бўлиб, унинг шифти ва деворлари тилладан ва турли рангларда товланадиган мармарлардан қурилганди. Унинг ўртасида симоб тўлдирилган улкан ҳовуз бор эди. Бинонинг ҳар томонида саккизта эшик бўлиб, улар тилла қадалган абнус дарахтидан ясалганди. Қуёш ушбу эшиклардан кириб, нурини бино ўртаси ва деворларига таратарди. Бундан кўзни қамаштирадиган ёруғлик ҳосил бўларди. Халифа Носир агар аҳли мажлисидан бировни қўрқитмоқчи бўлса, хизматкорлардан бирига имо қилиб қўяр, у ўша симобни қимирлатарди. Шунда бинода чақмоқнинг нуридек ёруғлик пайдо бўлар, бундан қалбга ваҳима тушар, ҳатто мажлисдагилар симоб ҳаракатда экан, бинони учиб кетаётгандек хаёл қилиб саросимага тушишарди. Қасрни қуюқ дарахтзорлар ва кенг майдонлар ўраб турарди. Бундан ташқари ушбу ажойиб бинони баланд деворлар иҳота этганди. Унда уч юзта ҳарбий минора бўлганди.

Аз-Заҳро халифанинг саройини, амирлар саройини ва ҳарамни ўз ичига оларди. Шунингдек, унда подшоҳ ўтирадиган катта зал бўлиб, у улкан майдондаги хос ерга жойлашганди. Қуббасининг томи тилла ва кумушдан ишланган бўлиб, қози Мунзир ибн Саъид Қуртуба жомесидаги катта бир йиғинда халифанинг бу ишини танқид қилгани учун уни бузиб, ғиштдан қайта тиклашганди. Яна Аз-Заҳрода саноат ва асбобсозлик корхоналари ҳам мавжуд эди. Қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи, зийнат учун тақинчоқлар ясовчи, меъморчилик ва бошқа саноат корхоналари шулар жумласидандир.

Аз-Заҳрони қуриш учун тўрт йил вақт кетди. Бир кунда ерга ётқизилганидан ташқари олти минг дона харсанг тошга ишлов берилди. Ҳар куни ўн мингдан зиёд ишчи ва бир минг тўрт юз улов меҳнат қилди. 275 тонна оҳак ва гипс ташилди. Аз-Заҳро жомесининг қурилишида мингта энг уста ҳунарманд; жумладан, 300 бинокор, 200 дурадгор ва 500 мардикор, турли ҳунар эгалари ишлашди. Унинг биноси мисли кўрилмаган суръатда, қирқ саккиз кун ичида битди.

Мана шу улкан қасрда халифа Мустансир 351 ҳижрий йилда масиҳий Испания қироли Ардун ибн Азфўншни қабул қилди. Қирол Аз-Заҳрога кирганда, унинг ҳашамати, азамати, хизматчилари, қўшини ва аслаҳаларини кўриб ҳайрону лол қолди. Унинг ҳайрати халифа Мустансирнинг мажлисига келганда, унинг атрофидаги мамлакат улуғларини, ашрофларни, забардаст уламо ва хатибларни, улуғ саркардаларни кўрганда янада зиёда бўлди. Испан қироли халифа Мустансирга яқинлашган пайтда бошидан тожини ечиб, бошяланг ҳолда халифанинг олдига келишга изнни кутиб қўл қовуштириб қолди. Сўнг халифа томон юриб, тезда саждага бош қўйди, кейин қаддини ростлаб бир неча қадам юргач, яна саждага борди. Халифанинг олдига боргунча бу амални у бир неча бор такрорлади. Етиб боргач, унинг қўлини ўпишга интилди. Халифа қўлини унга узатди. Сўнг қирол ортига тавозеъ билан орқасини қилиб қайтди ва  ўзига  тайёрланган  жойга бориб ўтирди. Халифа уни қутлаб: «Хуш келибсиз, марҳабо, сиз тўғрингизда бизнинг фикримиз ва ҳусни қабулимиз сиз кутгандан ортиқроқдир», деди. Халифанинг ушбу қутловини таржима қилиб беришгач, қиролнинг чеҳраси очилди ва жойидан тушиб, гиламни ўпди-да, бошини кўтариб шундай деди: «Мен хўжам амирул-мўмининнинг қуллариман. У зотнинг фазлларига барча умидвор, обрўларига тилакдошдир. Ул зот мени фазл-марҳаматларига мушарраф айладилар, хизматларига ноил этдилар. Мен ҳузури шарифларига содиқ ният, холис хайрихоҳлик-ла келдим». Халифа ҳам унга жавобан шундай деди: «Сиз ҳам бизнинг ҳузуримизда хайрихоҳликка ҳақли кишидирсиз. Сизга қилган ҳадяларимиз ва миллатдошларингиз ичида фақат сизни ҳурматлашимиз сизга ҳавас келтиради, бизга мойиллигингиз фазилатини ва салтанатимиз соясида ҳимояда эканингизни англатади».

Қуртубани қўйиб, Ғарнотага назар қилинадиган бўлса, Ҳамро қасридаги бунёдкорлик ва иморатсозликнинг буюк намунасидан лол қолинади. Ал-Ҳамро унга қараганларни ҳайратга солувчи ажойиб далил эди. Бу қаср Ғарнота шаҳрига туташган тоғ этагига қурилгандир. Қанча замонлар ўтган бўлса ҳам, ҳанузгача у сайёҳларнинг диққатини ўзига тортади ва оламнинг гўзал масканларидан саналади. Унда Ал-асвад, Ал-ухтайн, Ал-адл ва Ас-сафро номли бир неча заллар бўлган. Бу қисқа сўзлар билан Ал-Ҳамронинг васфини ўрнига қўёлмаймиз. Шунинг учун бу ўринда фаранг шоири Виктор Гюгонинг Ал-Ҳамрони куйлаб айтган сўзи билан кифояланамиз: 

О, Ал-Ҳамро! о, Ал-Ҳамро, Гўзалликда тенги йўқ танҳо. Хаёлларни қолдиргувчи лол, Фаришталар безаган маъво.

Сенсан уйғунликнинг тимсоли, Гул-безакларга кўмилган қаср. Ўхшаши йўқ малак мисоли, Шарафга буркандинг бир неча аср.

Кумушсимон нурлари Ойнинг – Жилва қилганида равоқларингда. Бағрингда янграйди ажойиб куйинг, Ақл сеҳрланар оҳангларингдан.

Андалусиянинг бошқа шаҳарлари, уларнинг азамати ва тараққиёти ҳақида сўзлайдиган бўлсак, сўз тугамайди. Масалан, Ишбилийянинг ўзида ипак ишлаб чиқарадиган олти минг дона дастгоҳ бўлган. Шаҳарнинг ҳамма томони зайтун дарахти билан ўралгани учун унда ёғ чиқарадиган юз минг жувозхона ишлаб турган. Умуман, Андалусия шаҳарлари маъмур бўлган. Шаҳарларнинг ҳар бири Европа бажонидил қабул қиладиган саноатнинг бир тури билан машғул бўлган. Уларда қурол-яроғ, пўлат қуйиш саноати яхши ривожланган. Европаликлар ушбу саноат молларини ҳар томондан келиб харид қилишарди.

* * *

Мана, муҳтарам китобхон, Ислом ҳазораси ҳақида сизга маълум қилмоқчи бўлган гапларимиз шу ерда ниҳоясига етди. Мақсадимиз – бошқа миллатлар ҳазорасини ёмонотлиқ қилиб, Ислом ҳазорасини кўкларга кўтариш эмас. Балки айрим нохолис тарихчилар, дин мухолифларининг Ислом динини янги замон талабларига жавоб бермайдиган қолоқ, илм-маърифат, фан-техникага тўсқинлик қилувчи, инсоният тараққиётидан орқада қолаётган дин, деб кўрсатишга уринишларининг асоси пуч, ғаразли эканини кўрсатиб қўйиш, холос. Ушбу китобни ўқиб, ундан Аллоҳ таоло бизларга ато этган охирги Ҳақ дин – Исломнинг буюк ҳазораси ҳақида бироз маълумотга эга бўлсангиз, тушкун кайфиятингиздан қутилсангиз, мусаннифлар ниятларига етган бўлур эдилар. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг Ҳақ йўлига, ҳидоят тариқига йўллайверсин, қалбларимизни Ислом нури билан, мусулмон эканимиздан фахрланиш туйғулари билан мунаввар этсин. Омин, ё Роббал-оламийн!

“Ислом ҳазораси” китобидан олинди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом ҳазораси

547 20:30 23.07.2020

Ислом ҳазораси

324 19:00 21.07.2020

Ислом ҳазораси

463 22:00 20.07.2020

Ислом ҳазораси

445 15:30 19.07.2020

Ислом ҳазораси

889 22:00 18.07.2020
« Орқага