Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ислом ҳазорасида география

790

Мусулмонлар география фанини биринчи бўлиб ўрганган, деб даво қилмаймиз. Лекин бу фанни ривожлантирган мусулмонлар экани аниқ. Қуйида мусулмонларнинг қилган ишлари ва буюк географик олимлар ҳақида сўз юритамиз.

“География” юнонча сўз бўлиб, “geo” – “ер”, “grophia” – “чизиш” маъносини билдиради. Демак, география Ерни тас­вирлаш деганидир. Бу фанга берилган илмий таъриф қуйидагича: У шундай илмки, у билан етти иқлим аҳволи ва шу иқлимларда жойлашган шаҳарлар, тоғлар, саҳролар, дарё ва денгизлар ўрганилади”.

География сўзи араб мусулмон оламига кейинчалик кириб келган. Дастлаб, “Ер сурати”, “Олам харитаси”, “Шаҳарлар тақвими илми” дея номланган (Қанужий. “Абжадул улум”).

География фани мусулмонлар томонидан онгли равишда ўрганилди. Бунинг сабабларидан бири  Исломнинг турли диёрларга тарқалишига бориб тақалади. Шундан сўнг ўша ўлкага қизиқиш ортиб борди.

Иккинчи сабаб – Аллоҳ яратган борлиқ ҳақида тафаккур қилиш. Қуръон Аллоҳ Ерда яратган кўп нарсалар ҳақида маълумот олиб келди, жумладан: “Ерни эса уни ёйдик ва унга тоғларни ўрнатдик ҳамда унда (ҳар ернинг ўзига) мос турли нарсаларни (ўсимлик ва меваларни) ундирдик” (Ҳижр сураси 19-оят).

“У икки денгиз (дарё)ни бир-бирлари билан учрашадиган қилиб (ёнма-ён) оқизиб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар” (Ар-Раҳмон сураси 19–20-оят).

“Ахир Биз ерни йиғувчи қилиб қўймадикми тирик­ларни ҳам, ўликларни ҳам?! Яна Биз (Ерда) баланд тоғларни (пайдо) қилдик ва сизларга (тоғлардан оқиб тушадиган) чучук сувни ичирдик” (Мурсалот сураси 25–27-оят).

Мусулмон географлар бу каби оятларни чуқур ўйладилар, тафаккур қилдилар. Натижада, бир қанча кашфиётлар юзага келди.

Учинчи сабаб – шариат талабларини бажариш. Чунки, кўплаб Ислом рукнлари вақтга ёки жойга тегишли. Ҳар бир вилоят олимлари ўша жойнинг географиясини билишга мажбур эди. Масалан, намоз белгиланган вақтда адо қилинади. Ҳар жойда намоз вақтлари ҳар хил бўлади. Яқингача масжидларда намоз вақтини аниқлайдиган асбоблар бўлар эди. Шунингдек, намоз учун қиблани аниқлаш керак, бу эса географияни билишни тақозо этади.

Рўза, ҳаж ибодатлари ҳам муайян вақтда амалга оширилади. Ҳажда белгиланган жойдан эҳромсиз ўтиб кетса, гуноҳкор бўлиб қолади, буларни билиш учун ҳам география фани керак эди.

Тўртинчи сабаб – оят ва ҳадисларни тафсир қилиш. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун география зарур эди. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мол-дунё кўпайиб кетмагунча қиёмат бўлмайди, бир киши закот бераман деса, уни оладиган камбағал қолмайди, араб ерлари яйлов ва анҳорлар бўлиб кетади” (Бухорий, Муслим ривояти).

“Араб яриморолида икки дин жамлашмайди” (Муватто, Байҳақий ривояти).

“Мушрикларни Араб яриморолидан чиқаринглар” (Аҳмад, Насоий ривояти).

Шу каби ҳадислар географияга эҳтиёж катталигини билдирарди.

Бешинчи сабаб – Аллоҳга даъват қилиш ва динни таълим бериш. Кўплаб шаҳарлар фатҳ қилингандан кейин у ерларда диндан таълим бериш эҳтиёжи туғилди. Фатҳ этилган юртларга олим тобеинлар дарс бериш учун сафар қилишар, ўша шаҳар аҳолисининг айримлари саҳобаларни кўриш учун Макка ва Мадинага отланарди. Ўз навбатида қатнаётган карвонлардан йўллардаги аҳвол, об-ҳаво, маҳаллий аҳоли ҳақида маълумот сўрар эди. Шу борада карвондаги тожирлар, талабалар ушбу фанга ҳисса қўшгандилар.

Олтинчи сабаб – бошқарув ва аскарий талаблар. Саксон йил ичида Ислом Шарқда Хитой, Ғарбда Испаниягача кенгайди. Бунча кенг ҳудудни бошқариш маълум қийинчиликлар туғдирарди. Минтақани назорат қилиш унинг харитасини чизишни тақозо этди. Бундан ташқари, тушадиган закот, хирож, жизя каби солиқларнинг ҳудудлар бўйича қийматини белгилаш учун ҳам география зарур эди.

Йўл, кўприк, карвонсарой каби иншоотларни қуриш учун ҳам ўша ҳудуд табиатини билиш керак. Умар розияллоҳу анҳу шундай деган: “Фурот қирғоғида бир туя ҳалок бўлса, Умар ва унинг оиласи шундан сўралади, деб қўрқаман” (Табарий. “Тарихи умам вал мулук”).

Мамлакат мудофааси учун стратегик жойни аниқлаб, душман ҳужумидан ҳимояланиш ҳар бир давлатнинг вазифасидир. Бунинг учун яна географияга эҳтиёж сезилади.

Мусулмон қўмондонлар қўшин тўплаш мақсадида чегара ҳудудларга ҳарбий истеҳкомлар қурдирган. Бас­ра, Куфа, Қирвон каби шаҳарлар дастлабки истеҳкомлар бўлган. Географик ўрни яхши танлангани учун бу истеҳкомлар бора-бора шаҳарга айланиб кетган.

Еттинчи сабаб – иқтисодий омиллар. Арабларнинг асосий тирикчилик манбаи тижорат бўлиб, савдогарлар шаҳарлар орасини боғлар эди. Мусулмон мамлакатлар ҳудуди жуда катталашиб борди. Натижада, тижоратчилар дунёнинг деярли ярмини айланиб чиқарди. Табиийки, улар ўзлари кўрган юртларнинг иқлими, табиати, ажойиботларидан гапиришган. Савдогарлар Ҳиндистон, Жануби-шарқий Осиё, Хитой, Африка, Европа шаҳарларига сафар қиларди. Бу эса, ўз навбатида, география ривожига  таъсир кўрсатди.

География фани дастлаб ҳозиргидек эмасди, барча илмлар уйғун ҳолатда эди. Кейинчалик тартибга солинди.

Мусулмон географлар аввалгиларнинг ишлари олдида тўхтаб қолмай, бор маълумотларни мувофиқлаштириб, янгиликлар ва кашфиётларни амалга оширди. Улар қуйидаги босқичларни босиб ўтган.

Биринчи босқич: география фанининг пайдо бўлиши. Милодий IX асрга келиб мусулмонларда географияга оид китоблар пайдо бўлди. Бунгача эса адабиётларда бу фанга оид маълумотлар кам учрар эди. IX асрда таржима ишлари фаоллашди, мусулмонлар Птолемей, Марин Тирскийнинг фикрлари билан танишди, тавсифий география ривожлана борди. Шу аср охирига бориб бир неча китоблар таълиф этилди. Ибн Хордадбеҳнинг (вафоти ҳижрий 272 йил) “Китоб масалик ва мамалик”, Жоҳизнинг (159 – 255) “Китабу булдон” асарлари шулар жумласидандир (Абдурраҳмон Ҳумайда. “Аълом жўғрофийин араб”).

Иккинчи босқич: географияга оид адабиётлар гуллаган давр. Ҳижрий тўртинчи асрга (милодий ўнинчи) келиб, географияга оид янги китоблар, шарҳлар ёзила бошланди. Харита илми ривожланиб, “Исломий юртлар атласи” юзага келди. География фани омма томонидан ҳам, халифалар томонидан ҳам яхши кутиб олинди (Абдурраҳмон Ҳумайда. “Аълом жўғрофийин араб”).

Ҳижрий 309 (милодий 921) йилда халифа Муқтадир Болгарияга илмий экспедиция юборади. Ибн Фазлонга минтақа аҳолиси ҳақида асар ёзишни буюради. Бу китоб XII асргача рус халқи ва Қазвин аҳолиси ҳақида ёзилган энг яхши асар бўлиб келди (Ибн Фазлон. “Муқаддима рихлати”).

Учинчи босқич: географик услублар шаклланиши даври. Ҳижрий олтинчи асрда географик қомуслар ёзилди. Космография, дунё географияси ривожланди. Мисрда Мамлуклар даврида географик энциклопедиялар ва географ сайёҳлар қиссалари кўпайди.

Тўртинчи босқич: Усмонийлар даври. Бунда Европа географияси ва катта география ўрганилди.

Бешинчи босқич: янги география даври. ­XIX–XX асрда­ ­Мисрда географияга оид бир неча китоблар, саёҳатномалар ёзилди.

Таржимон: Бекмуҳаммад Алибоев

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

503 10:05 03.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари - қабул

501 22:05 02.12.2021

Динимни ўрганаман: Қуръонни неча кунда хатм қилиш лозим?

974 20:05 02.12.2021

Работ – 2022 йилда ислом дунёсининг маданият пойтахти 

274 14:10 02.12.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: ибронинг рукнлари

592 22:05 01.12.2021

Динимни ўрганаман: стулда ўтириб намоз ўқиш ҳақида

1468 20:05 01.12.2021
« Орқага