Ислом

Ислом ҳазорасида оптика

336

Бошқа илмлар каби оптика фани ҳам мусулмонлардан аввал юнонлар ва бошқалар томонидан ўрганилган эди. Мусулмонлар уларнинг тажрибаларини ўргандилар, янгиликка интилдилар, қаттиқ изландилар. Натижа ҳам ҳаракатга яраша бўлди: оптика тарихида янги, нурли саҳифа очилди.

Юнон олимлари икки назарияни олдинга суришган: жисм акси кўзга кириши ва кўз нурлари жисмга тушганда кўриш пайдо бўлиши. Юнон олимлари бир-бирига қарама-қарши шу икки назария устида тортишиш билан яшади. Арасту қарашларининг ҳам аниқ бир ечимга эҳтиёжи бор эди. Евклид кўп илмий изланиш олиб борган бўлса-да, унинг назариялари кўришни шарҳлашдан нарига ўтмаган, унинг физиологик ва психологик жиҳатларини баён қила олмаганди. У кўз жисм билан ўзи орасида ёруғлик пайдо қилади деб тахмин қилганди.

Птолемей геометрия ва физика фанларининг уйғунлигига эришган бўлса ҳам, якунда муваффақиятсизликка учради. У аввалгиларнинг тажрибаларини такрорлашдан нарига ўта олмади, ваҳоланки, янгилик қилишга имконияти мавжуд эди.

Оптика илми ривожланишдан тўхтаган бир пайтда Ислом ҳазораси соҳани ривожлантириб юборди. Зеро, мусулмонлар оптикага алоқадор астрономия, геометрия каби фанларни яхши билишарди.

805-873 йилларда яшаган файласуф Абу Юсуф Киндий табиий фанлар ривожига катта ҳисса қўшган олим ҳисобланади. Ёруғлик масалалари ҳақида машҳур “Илмул манозир” асарини ёзди. Бу оптика фанида ёзилган биринчи арабча китоб эди.

Абу Юсуф Ёқуб ибн Исхоқ Киндий араб фалсафасининг асосчиси, математика, физика, астрономия каби бир неча фанлар билимдони бўлган. Аллома зодагон оилада туғилган, унинг отаси Куфа ҳокими эди. Болалик пайтида отаси вафот этиб, акалари ва онаси билан қолади. Қуръони карим ва ҳадисларни ёдлайди. Ўн беш ёшга кирганда илм олиш учун онаси билан Басрага сафар қилади, сўнг Бағдодда таълим олади. Бағдод аббосийлар даврида илм ўчоғи эди (Аҳмад Фуад. “Ал-Киндий файласуфул араб”).

Маълумки, халифа Ҳорун ар-Рашид Бағдодда “Байтул ҳикма” номли кутубхона очган эди. Ўғли Маъмун даврида кутубхона гуллаб-яшнади. Ёқуб эса ҳар кунини шу ерда ўтказар эди. Юнон, форс, ҳинд тилларидан таржима қилинган китобларни мутолаа қилади, уларга қониқмай, юнон ва сурёний тилларни ўрганишга киришади. Қисқа фурсатда иккала тилни ҳам пухта ўрганиб олади. Ёқуб уйида кутубхона очиб, олимларни тўплайди. Унинг уйида китоб таржимаси ва таълим ривож топади, йигирма беш ёшида кутубхона ва мадрасаси “Байтул ҳикма”га тенглашади (Рахоб Аковий. “Киндий аъзамул ҳукама фий тарихил башария”).

Абу Юсуф Киндий оптикада юнон назариясини танлади. Лекин унга нозик тавсифлар қўшимча қилди. Шу аснода янги илмий назария вужудга кела бошлади, кейинчалик Киндийнинг баҳслари араб ва Европа оптика мактабларининг асоси бўлиб хизмат қилди.

Шундан сўнг майдонга Абул Ҳасан ибн Ҳайсам (ҳижрий 354-430) чиқди. Унинг илмий ишлари оптика фанида янги даврни бошлаб берди. Рожер Бэкон каби бир неча Ғарб олимлари унинг назарияларини ўзлаштириб олди. Лупа, микроскоп, телескоп ғоялари шулар жумласидан (Мавқиул ислам онлайн. “Ибнул Ҳайсам абқарий фий савбил жунун”).

Ибнул Ҳайсам, аввало, Евклид ва Птолемейларнинг кўриш ҳақидаги назарияларини муҳокама қилди. Унинг бир неча фикрларини танқид қилди. Ўз баҳсларида кўз, кўриш, лупалар ҳақида теран фикрлар тақдим этди, ёруғлик нурлари ер шарини ўраб турган ҳавода қандай тарқалиб кетишини изоҳлаб берди. Сув ва ҳаво каби шаффоф нарсалардан ўтаётган ёруғликда ўзгариш ҳосил бўлар экан. (Дафаъ. “Раваиъул хазора аларабия алисламия фил улум”).

Ёруғлик тарқалиши хоссалари ҳақида баҳс юритди, уфқдаги осмон жисмларидаги ёруғлик таъсирини шарҳлади, фотография асосини ихтиро қилди (Муҳаммад Содиқ Афифий. “Татаввурул фикрил илмий индал муслимийн”).

Ибн Ҳайсамнинг ўлмас асари “Китабул маназир”дир. Бу китоб оптика назариясини тахминлардан халос қилиб, Евклид ва Киндий хатоларини тузатди.

Ибн Ҳайсамни кўпчилик танимас эди. Мустафо Назиф у ҳақда рисола ёзди. Қоҳира университети рисолани икки жилд қилиб чоп этди. Мустафо Назиф Ибн Ҳайсамнинг қўл ёзмалари, бошқа юзлаб асарларни ўрганди, натижада ҳақиқатни исботлади. Дарҳақиқат, Ибн Ҳайсам ёруғлик илмининг асосчиси эди.

Мустафо Назиф шундай ёзади: “Ибн Ҳайсам эски мавзуларни остин-устун қилди,  юнонлар назариясини шарманда қилиб, янги ёруғлик назариясига асос солди. У ёруғлик бўйича механика Ньютони каби мавқега эгадир. Ньютон XVII аср механика йўлбошловчиси бўлса, Ибн Ҳайсам XI аср ёруғлик фани етакчисидир” (Қодрий Туқон. “Алҳолидунал араб”).

Қуйида Ибн Ҳайсам шахсиятига тўхталиб, шахсий ҳаёти ва ижодини баён қиламиз.

Абу Али Ҳасан ибн Ҳайсам араб миллатига мансуб бўлиб, “Иккинчи Птолемей” лақабини олган. Европада “Алҳазен” номи билан танилган. Математика, физика каби фанлар билимдони, оптика фани асосчиси, шунингдек, тиббиётни ҳам яхши билган.

Ибн Ҳайсам Басрада 965 йилда таваллуд топган, ёшлигини Бағдодда ўтказди, шўх бўлгани билан бирга китоб мутолаасига ўч эди, кўп савол берарди (Ибн Қафтий. “Ахбарул ҳукамо”).

Ибн Ҳайсам йигитлик даврида ҳукумат девонида илмий ходим бўлиб ишлади. Юнон фалсафасини кўп ўқир, таҳлил қилар, фикрларини қоғозга тушириб борар эди. Китоблардан нусха кўчирувчи бўлиб озроқ ишлагач, илм йўлини ихтиёр этди. Шом, Миср диёрларига сафар қилди, илм излаб дунё кезди.

Ибн Абу Усайба ёзади: “Ибн Ҳайсам фозил, зеҳни ўткир, илмда серқирра, математика фанида ҳеч ким унга етолмасди. Доим илм билан машғул эди, кўп китоб ёзарди, зоҳид эди”.

Бағдодда тиббиётни ўрганди. Махсус имтиҳондан ўтиб, “окулист” (кўз шифокори) мутахассислигини олади. Бағдодда жуда кўп олим бўлишига қарамай, талабалар уни излаб келишарди.

Ибн Ҳайсам Мисрда Ал-Азҳар университети ёнида истиқомат қилар, илмий китоблардан нусха кўчириб бериш касби эди. Евклиднинг геометрияга оид “Китабул усул”идан, Птолемейнинг астрономияга оид “Алмагест”идан нусха кўчирар, уларни узоқ шаҳарлардан излаб келган харидорларга сотарди. Пули бир йиллик эҳтиёжга етарди (Ибн Аби Усайба. “Уйунул анбааъ фи табақотул атиббаа”).

"Ислом ва олам" китоби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

374 21:00 26.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

335 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

750 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

416 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

393 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

397 22:00 17.10.2019
« Орқага