Ислом

Ислом ҳазорасида тиббиёт (1-қисм)

454

Тарих гувоҳ: тиббиёт фанига энг кўп ҳисса қўшган мусулмон олимлардир. Ислом тиббиётини ўрганган киши беихтиёр ундан олдин ҳам тиббиёт бўлганмикан, деб ўйлаши мумкин. Ислом тиббиёти нафақат даволаш, балки касалликнинг олдини олиш, беморга қулай шароит яратиш, бемор ва табибнинг хулқини тузатиш каби ишларда ҳам бошқалардан ўзиб, юксак чўққиларни забт этган.

Исломнинг тиббиётга қўшган ҳиссаси бу соҳани ўзгартирган буюк сиймоларда ўз аксини топади. Бу зотлар Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан фанга янги услублар олиб киргани сабаб ҳам инсоният бугунгача улардан фойдаланиб келмоқда.

Инсон ер юзида ҳаёт кечира бошлагандан бери тиббиёт бор, аслида. Бутун башарият Раббисининг илҳоми билан даволаниш турларини ўрганди, ўз замонаси, ақли ва тажрибасига яраша муваффақиятга эришди. Бу “бошланғич тиббиёт” дейилган. Ибн Халдун ёзади: “Бадавийларнинг ҳам ўзига яраша тиббиёти бор, улар кўпинча содда тажрибага асосланишган. Лекин ҳаммаси ҳам табиат қонунларига мос келавермайди” (Ибн Халдун “Алибар фий девони мубтадо валхабар”).

Ислом келганида арабларнинг ўз табобати бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам одамларни даволанишдан қайтармадилар. Аксинча, даволанишга тарғиб қилиб, шундай марҳамат қилгандилар: “Даволанинглар, Аллоҳ бир дардни яратган бўлса, унинг давосини ҳам яратган. Фақат бир дарднинг давоси йўқ, у – қариликдир” (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан асал, хурмо, гиёҳ ва бошқа нарсалар билан даволаниш ривоят қилинган, бу “Тиббун набавий” дейилади.

Мусулмонлар тиббун набавий билан чегараланиб қолмадилар. Балки бошқа халқларнинг ҳам тиббиёт борасидаги тажрибаларни ўргандилар. Чунки ҳаётий илмлар тўхтаб қолмайди, у доимий ривожланиш ва тараққиётда бўлади. Мусулмон табиблар юнон табобатини ҳам, рум табобатини ҳам, форс табобатини ҳам ўрганишди. Бошқа тиллардаги тиббиёт китоблари таржима қилинди. Бу Умавийлар давридаги энг кўзга кўринган ишлардан бўлди.

Ўша даврлардаёқ мусулмонларда мутахассислик вужудга келган эди: кўз табиби – “каҳҳалин”, қон мутахассиси – “ҳажжомин” дейиларди.

Умавийлар даврида мунтазам фаолият олиб борувчи касалхоналар бўлган. Абул Хакам Димашқий оиласи бу соҳанинг масъули эди. Таязуқ Ҳажжож ибн Юсуфга яқин кишилардан бири эди. Аҳмад ибн Иброҳим халифа Язид ибн Абдулмаликнинг табиби бўлган (Ибн Абу Усайба. “Уйунил анба фий табақоти атиббо”).

Аббосийлар даврида ҳам тиббиёт соҳасида мусулмонлар етакчи эди. Табиблар олдингиларнинг хатоларини топиб, уларни тўғрилади. Ўша даврнинг энг кўзга кўринган буюк табиби Абу Бакр Розий эди. Бу улуғ табиб ҳақида алоҳида китоб ёзилса ҳам унинг қилган ишларини охирига етиб бўлмайди, келгуси сатрларда у зот ҳақида тўхталамиз.

Мусулмонларнинг энг ривожланган соҳаси “каҳола” (оптика) эди. Бу борада юнонлар ҳам, римликлар ҳам уларга ета олмаган. Кўпчилик тарихчилар оптикани араб фани деб ўйлайди. Ўрта асрларда оптиканинг энг етук мутахассиси Али ибн Исо ҳисобланиб, унинг “Тазкира” китоби энг мўтабар манба ҳисобланган (Ибн Абу Усайба. “Уйунил анба фий табақоти атиббо”).

Розий, Ибн Исо каби табиблар асарларини ўқиган киши ўзини энг моҳир жарроҳлар орасида ўтиргандек ҳис қилади.

Абул Қосим Заҳровий – биринчи бўлиб жарроҳлик асбобларини ихтиро қилган олим. Шунингдек у жарроҳлик тартиб-қоидаларини ишлаб чиққан. Жарроҳлик ипи, қонни қуюлтириш орқали тўхтатишни қўллаган. Жарроҳлик кўзгуси, клизма, троакар (бадандаги йирингни чиқариб ташлайдиган асбоб)ларни ихтиро қилиб, сийдик халтасидаги тошларни жарроҳлик кўзгуси билан парчалаган.

"Ислом ва олам" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

336 21:00 26.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

273 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

717 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

389 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

357 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

364 22:00 17.10.2019
« Орқага