Ислом ҳазорасида тиббиёт (2-қисм)

10:05 04.07.2019 409

Заҳровийнинг “Тасриф лиман ажаза анит таълиф” китоби Герард Кремонский (1114-1187) томонидан лотин тилига таржима қилингач, бу асар Европа жарроҳлик мактабига асос бўлган. Китоб ўттиз жилддан иборат бўлиб, уч қисмга бўлинади. Биринчи қисм тиббиёт ҳақида, иккинчи қисм кимё ҳақида, учинчи қисм жарроҳлик ва жарроҳлик асбоблари хусусида баён қилинади. Тарихчиларнинг айтишича, Заҳровий биринчи бўлиб жарроҳликни алоҳида фан қилиб ўрганган экан.

Заҳровийнинг жарроҳлик борасида илмий ишлари XVI асргача, яъни ўзидан беш асрдан кейин ҳам асосий манба бўлиб қолди. Олим асарларида 200 га яқин жарроҳлик асбоблари ҳақида ёзган эди. XVI асрда жарроҳликка янгилик киритган Европа жарроҳлари ҳам Заҳровийнинг асарларига суянган эди. Инсон аъзолари бўйича катта олим Ҳолар шундай деган эди: “XIV асрдан кейин кўзга кўринган барча Европа жарроҳлари Заҳровий асарларидан ўрганган” (Гюстав Лебон. “Араб цивилизацияси”).

Тиббиёт майдонида кўзга кўринган буюклардан бири ибн Сино (ҳижрий 428 йил вафот этган), ўз даврида маълум бўлмаган бир неча касалликларни аниқлаб даволаган, “анкилостом” гижжасини биринчи бўлиб кашф этган. Итальян олими Дубини 900 йилдан кейингина бу гижжани аниқлай олди. Ибн Сино биринчи бўлиб менингит касалини аниқлади. Илк бор мия сабабли келиб чиққан шол билан ташқи омил сабабли келиб чиққан шолни ажратди. Қон кўплиги сабаб мияга қон қуйилишини аниқлади, ошқозон санчиғи билан буйрак санчиғини фарқлади (Омир Нажжор. “Фий тарихи тиб фий давлатил исламия”).

Ибн Сино чечак, қизамиқ каби юқумли касалликларини ҳам биринчи бўлиб аниқлаб, уларни сув ва ҳаво орқали ўтишини таъкидлаган. Антони ван Левенгук эсабуни XVIII асрга келибгина аниқлашга муваффақ бўлган.

Ибн Сино икки бодомсимон безни олиб ташлаш ҳақида баҳс қилган, жигар, кўкрак саратони каби касалликларини ҳам аниқлаган, бўғин хасталикларини ўрганган (Омир Нажжор. “Фий таърихи тиб фий давлати исламия”).

Ибн Сино жарроҳликда ҳам юқори савияга эга эди. Қон тўхтатишнинг бир неча йўлларини кашф қилган, танага санчилган ўқларни зарарсиз олиб ташлаш борасида кўплаб тавсиялар берган. Артерия қон томирлари ва нерв толаларини шикастлаб қўймасликка эътибор қаратган (Маҳмуд Хож. “Мусулмонлар ва араблар тиббиёти”).

Ибн Сино кўзнинг ички мушакларини топган. Кўриш маркази кўз косасида эмас, балки кўз толаларидалигини аниқлаган (Ҳасан Шарқовий. “Мусулмонлар – олимлар ва ҳакимлар”).

У нозик жарроҳлик амалиётларини бажарган, нафас йўллари касалликларини аниқлаган, саратон қопчаси, ўпкадан йирингларни амалиёт билан олиб ташлаган, сийдик йўлидаги касалликларни пухта ўрганиб, мукаммал сифатлаган, буйрак тошларини чиқариш йўлларини ёзиб қолдирган (Маҳмуд Хож. “Мусулмонлар ва араблар тиббиёти”).

Ибн Сино таносил, аёллар касалликлари ҳақида анча маълумотга эга бўлган, айниқса, бола тушиб қолиш касалликларини яхши билган. Туғруқдан сўнг аёлларда кузатиладиган қон кетиш ва тўпланиб қолиши, шишлар ҳақида илмий мулоҳаза юритган. Бачадон чириши туғруқнинг қийин кечиши ёки бачадонда хомиланинг ўлиб қолишининг келиб чиқиши сабабларини исбот қилган. Бола ўғил ёки қиз бўлиши онага эмас, отага боғлиқлигини айтган. У даврларда бундай кашфиётлар ҳатто тасаввурга сиғмас эди (Ибн Сино. “Тиб қонунлари”).

Ибн Сино тиш тиббиётини ҳам яхши билган. Тишга пломба қўйиш ҳақида шундай деган: “Тишни даволашдан мақсад – емирилишни олдини олиш. Бу емирилган жойни тозалаш ва емирувчи моддани аниқлаш билан амалга ошади” (Ибн Сино. “Тиб қонунлари”). Ҳозир ҳам стоматологлар шу услубда даволашади.

Улуғ мусулмон олим Ибн Нафис (ҳижрий 687 йил вафот этган) Галеннинг баъзи хатоларини топган. Масалан, Гален юракнинг икки қоринчаси ораси тешик бўлади деб ўйлаган, Ибн Нафис бунинг нотўғрилигини исботлади. У юракда қон айланишини кузатди. Натижада юракда кичик қон айланишини топди. Маълум бўлишича, юракнинг чап бўшлиғига бораётган қон ҳаво аралаш бўлади, ўнг бўшлиқдаги қон харорати пастроқ бўлиб, юрак ичида унинг ўтадиган жойи йўқ. Натижада ўпка сари юради, қон ўпкада қизигандан кейин чап бўшлиққа ўтади. Ибн Нафис бошқа қон айланиш йўли йўқ, дейди (Омир Нажжор. “Фий таърихи тиб фий давлати исламия”).

"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!