Таҳлил

Ислом иқтисодий модели нима?

562

Ислом молияси, иқтисодиёти жаҳон иқтисодий тафаккури йўналишларидан бири бўлиб, мусулмон иқтисодчиларининг  улкан ва машаққатли  меҳнатлари эвазига шаклланган. Маълумки, шариат икки йирик бўғин – ибодат ва муомалатдан таркиб топган. Мусулмон кишининг ҳаёт тарзи, бошқалар билан  иқтисодий ва молиявий муносабатлари айнан муомалатдан иборат экани эътиборга олинса, ушбу муносабатларни ислом талабига кўра қилиш орқали ибодат  даражасига кўтара олади. 

Ислом иқтисодиётининг асосий хусусияти ғорар (ноаниқлик, бехабарлик), майсир (қимор ўйинлари) ҳамда рибо (судхўрлик)дан четланишда намоён бўлади. Шариат талабига кўра юқоридаги 3 элементдан бирининг  мавжудлиги туфайли битим ноқонуний (ношаръий) деб эътироф этилиши мумкин. Бундан ташқари исломдаги иқтисодий қарашлар Қуръон ва суннат асосига қурилган.  

Маълумки, тўрт  мазҳаб асосчилари имом  Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий ҳамда имом Аҳмад ибн Ҳанбал  иқтисодий муаммоларни шариат талқинида кўриб чиққанлар ва иқтисодиётга бағишланган алоҳида асарлар яратмаганлар. Улар асосан айрим битимларнинг шариатга мувофиқлигини таҳлил этиб берганлар. Ўша даврда солиққа тортиш масаласида 20 дан ортиқ асарлар ёзилгани маълум, лекин бизнинг кунларга фақат мазкур асарларнинг 3 таси етиб келган, холос. Улардан энг машҳури Абу Юсуфнинг “Китоб ал-хирож” асари ҳисобланади. Айнан Абу Юсуф солиққа тортиш масаласида инқилобий фикрларни ҳамда замонамиз солиқ солиш тизимида намунавий бўлган прогрессив ғояларни баён этган. Солиққа тортишда одамларнинг тўлов қобилиятини инобатга олиш, тўловларни солиқ тўловчи учун қулай  пайтда ундириш, солиқ органларини марказлаштириш ва бошқалар шулар жумласидандир. Гапни мухтасар қилсак, айнан илоҳий асосларга эга бўлгани сабабли, ислом иқтисодиёти бошқа иқтисодий моделлардан фарқ қилади  дейиш мумкин.

Ислом иқтисодиётида байтулмол тушунчасига  ҳам дуч келамиз. Ислом фиқҳига кўра, давлат даромадлари (шариатга мувофиқ солиқлардан тушум) байтулмолда (арабча: мол-мулк уйи) жамланиши лозим. Ҳазрати Умар (р.а) даврида марказлашган ғазначилик ва унинг бўлимларидан жангчиларга маош тўлаш тўлаш ташкил этилди. Турли даврларда байтулмолни  тўлдириш манбалари бўлиб, закот, жизя, хирож, садақа, ҳарбий ўлжанинг 1/5 қисми, эгасиз ва сабил мулклар, конларни қазишдан ажратмалар, божхона божлари, савдо йиғимларининг бир қисми  кабилар ҳисобланган. 
Умавийлар даврига келиб байтулмол банк вазифасини ўтаган, савдогарлар товар сотиб олиш учун байтулмолдан маблағ олишлари, товарни сотгач яқин орадаги байтулмол бўлимига қарзни қайтаришлари мумкин бўлган. Бундай қарзлар учун фоиз тўланмаганига асос бор деб ҳисоблаймиз. Аббосийлар даврига келиб байтулмол байтулмол ал-муслимийн (давлатнинг умумий хазинаси) ва байтулмол ал-хосса (халифанинг шахсий хазинаси)га  ажралди.

Капитал  бозорини ривожлантириш агентлиги  2020 йилда  ислом талабига жавоб берувчи қимматли қоғозлар – сукукларни муомалага чиқариш ҳақида баёнот берди. Бу билан мамлакатимизда ҳам ислом иқтисодиётининг таркибий элементларини кенг жорий этган ҳолда ташқи инвесторлар маблағларини жалб этиш режалаштирилаётгани таҳсинга  сазовор...

Сукук – шариат талабларига мувофиқ шакллантирилган облигациялар бўлиб, мулкка умумий эгалик қилишда ўз эгасининг улуш ҳуқуқини тасдиқлайдиган сертификат ҳисобланади. Гарчи облигацияларга ўхшаб кетса-да, анъанавий облигациялардан фарқли ҳолда, сукук эмитенти ва облигация эгалари ўртасидаги қарз муносабатларидан ўзгача бўлган муносабатларни мустаҳкамлайди. 

Ислом иқтисодий моделида, умуман исломнинг шонли тарихида вақф муассасаларининг мусулмон  жамияти ижтимоий-иқтисодий ҳаётида эгаллаган мавқеи беқиёс. Мамлакатимизда ҳам бу борада дастлабки қадамлар қўйилган бўлиб, мусулмон меценатлиги эталони вақфлар  ҳисобланган...     

Халқимизнинг чор истилоси туфайли азалий қадриятлардан узоқлашиши натижаси  ўлароқ, вақфларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги аҳамияти қарийб унутилган эди. “Вақф” хайрия фондининг ташкил этилиши ҳалқимиз томонидан қувонч билан кутиб олинди. Аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган ватанимизда олийҳимматлик  ғоясини янада ошириш, эҳтиёмандларга хизмат қилишни ўзига мақсад қилиб олган  саховатпешаларга бунинг учун имконият эшикларини очиш улуғвор иш ҳисобланади. Тарихан кўприклар, карвонсаройлар, мактаблар, шифохоналар, мадрасалар, ҳатто мозорлар   вақфлар ҳисобига бунёд этилган. 

Турк олими Зиё Қозичи воқеликни “...инсон вақф уйда туғилиши, вақф пулига сотиб олинган бешикда ухлаши ва унинг маблағларига таомланиши, вақф кутубхонаси китобларини ўқиши, сўнгра вақф мактабида ўқитувчи бўлиши ва вақфдан маош олиши ва ниҳоят, оламдан ўтгач, вақфга тегишли қабристонга дафн этилиши мумкин” дея жуда ажойиб тавсифлаган. Мусулмон дунёсида вақфлар XI асрда ўз камолига етди. Тарих, тиббиёт, таълим соҳалари ривожига ҳамда эҳтиёжмандларни биринчи галдаги озиқ-овқат билан таъминлашга кўмаклашган кўп сондаги вақфлар мавудлиги  тарихий манбаларда қайд этиб қўйилган. 

Қандай шаклдаги вақфни ташкил этсак, ҳам бу дунёда, ҳам охиратда саодатга эришамиз деган ўй билан яшаётган ватандошларимиз бисёр. Бугунги кунда жамиятимизда ҳам ана шундай хайрия муассасаларига катта эҳтиёж бор. Бундай муассасаларни ташкил этиш учун ҳуқуқий асосга муҳтожлик яққол кўзга ташланмоқда. Энг аввало уларни ташкил қилиш борасидаги маълумотларни тақдим этиш орқали ҳалқимизнинг  бохабарлигини оширсак, кейинги навбатда ҳуқуқий асос яратиш бўйича мутасаддиларнинг ташаббускорлиги ҳисобига кўзланган мақсадларга эришамиз, деб ҳисоблайман.

“Ислом иқтисодий модели ва замон” китоби асосида тайёрланди.
Таржимон: Ботирхўжа Жўраев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қўшничилик ҳақлари (2-қисм)

120 20:30 08.04.2020

Ислом умматининг 100 буюк шахси: "Ироқ шeри" – Ал-Мусанна ибн Ҳориса аш-Шайбоний

309 20:00 08.04.2020

Оламларнинг парвардигори ҳақида гумонингиз борми?

1409 06:30 08.04.2020

Ислом умматининг 100 буюк шахси: "Ироқ шeри" – Ал-Мусанна ибн Ҳориса аш-Шайбоний 

621 20:30 07.04.2020

Қўшничилик ҳақлари

366 12:30 07.04.2020

Раҳмат сенга коронавирус

1777 22:58 06.04.2020
« Орқага