Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Ислом молияси: долзарб саволларга мухтасар жавоблар

959

«Azon uz"да «Онлайн савол-жавоб» лойиҳасининг навбатдаги мавзуси «Ислом молияси ва ҳалол тижорат» мавзусида суҳбат ташкил этилди. Унда «Ислом молияси» лойиҳаси муаллифлари – Хондамир Нусратхўжаев ва Музаффар Ҳусниддиновлар ислом молиясига оид кўплаб саволларга жавоб беришди. 

Хондамир Нусратхўжаев – аудит, бухгалтерия ҳисоби, молия ва ислом молияси бўйича МДҲ мамлакатлари ва Саудия Арабистонида 21 йиллик иш тажрибасига эга. 2013 йилдан буён Жидда шаҳрида Ислом тараққиёт банкининг Молиявий назорат бўлими менеджери лавозимида фаолият юритади. Хондамир AAOIFIнинг Бухгалтерия ҳисоби кенгашининг МДҲ мамлактларидан бўлган ягона аъзоси ва Ислом молияси ташкилотлари томонидан қўлланиладиган Молия ҳисоби стандартлари ишлаб чиқишда қатнашади.

Музаффар Ҳусниддинов – Буюк Британиянинг ислом молиясига ихтисослашган Gateway Global консалтинг ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари. Deloitte ва PricewaterhouseCoopers аудит корхоналарида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россиянинг кўплаб йирик корхона ва банклари аудитида қатнашган. Корхоналарда ERP дастурий таъминотини жорий қилиш, бизнес-процессларни оптималлаштириш ва назорат қилиш бўйича иш тажрибасига эга. АССА дастури бўйича бошқарув ҳисобини юритиш йўналишида дарс бериш тажрибасига ва ислом молияси бўйича сертификатларга эга. “Azon” лойиҳаси билан ҳамкорликда ислом молияси бўйича онлайн дарслар тайёрлаб келмоқда.

– Ислом молияси нима? У нимага асосланади? Ислом молиясининг оддий молиядан фарқини тушунтириб берсангиз.

Музаффар Ҳусниддинов: – Ислом молияси, бу – бошқа молия тизимлари каби фаолият юритадиган, яъни пул билан боғлиқ амалиётларни бажарадиган молия тизими. Бу тизимда ҳам банклар, суғурта компаниялари, турли молиявий ташкилотлар бўлади. Фарқи – мамлакат қонунчилигидан ташқари, ислом молияси, яъни фиқҳ қоидаларига ҳам жавоб бериши талаб қилинади.

Бу ердаги асосий талаб – нимага суянади, дейилганида, Ислом динининг манбаларига суянади. Яъни асосий манбалар – Қуръон, суннат, ундан ташқари фиқҳ манбаларидаги ижмо, қиёс усулларидан фойдаланилади.

Ислом молиясининг асосий тамойилларидан энг биринчиси, бу – рибонинг тақиқланганлиги. Ислом молияси билан шуғулланадиган ислом банклари ёки такофул компаниялари рибога оид амалиётларни бажармайди, яъни қарз берадиган бўлса, унинг устига қўшимча фоиз олмайди. Унинг ўрнига бошқа олди-сотди, шерикчилик битимларини таклиф қилади.

Иккинчи тамойил ғарар деб аталади. Яъни юқори даражадаги ноаниқлик, мавҳумлик, турли спекуляция ўйинларини ислом молияси амалга оширмайди.

Бундан ташқари, фаолиятнинг ўзи. Масалан, ислом динида тақиқланган фаолиятлар – спиртли ичимликлар, қимор, рибо ёки турли бузуқ соҳаларга инвестиция киритмайди. Қисқача шундай таъриф беришимиз мумкин.

– Ислом молияси ва ҳалол тижорат доирасида фаолият юритиш учун таълим оладиган талабаларга қандайдир грантлар, илм олиш имкониятлари борми? Ўқишни тамомлагач, қаердан иш топиш мумкин, тўлиқроқ маълумот бера оласизми?

Хондамир Нусратхўжаев: – Бу саволни кўпчилик сўрайди. Авваламбор, бир нарсани тушуниш керак: ислом молиясида ислом ва молия деган сўзлар бор. Бунинг учун албатта молия, иқтисодни тушуниш керак. Иқтисод ўзи нима, қандай ишлайди, вазифалари нималардан иборат? Молия, давлат молияси, корхонанинг молияси нима дегани, қандай тамойилларга суянган – бу нарсаларни албатта билиш керак.

Одамда албатта умумий илм бўлиши лозим. Ана ундан кейин ислом молиясини ўрганиш учун фундаментал билимни, биринчидан, онлайн курслардан олиш мумкин.

Ислом молияси – бу жуда ҳам катта нарса. Кимдир бу бўйича олим бўлишни истайди. Ҳар бир ислом банкининг шариат департаменти бор. Хоҳласа, ўша ерда, хоҳласа масалан ислом ғазначилигида ишлаши мумкин. Ҳар бири учун ўзига хос билимлар керак.

Ислом молияси бу – умумий тушунча. Фундаментал билимни университетларда олиш мумкин. Малайзия, Туркия, Буюк Британия университетлари – ислом молияси бўйича энг яхши университетлар ҳисобланади.

Агар одамларда имконият бўлмаса, 1-2 йиллик яхши курслар бор. Ўшаларда ўрганса бўлади. Лекин унда фундаментал асосларни ўрганади. Унинг асосида ҳозирда бўлаётган жуда ҳам кўп жараёнларни чуқур англай олмайди. Чунки ҳозир молиявий дунё жуда ҳам мураккаблашиб, илгарилаб кетган. Шунинг учун китобнинг вазифаси – асосларни тушунтириб бериш. Ҳамма нарса асослардан бошланади. Ундан кейин тажриба зарур бўлади.

Ислом молиясининг фарқи нима деганда, асосий фарқи – ислом молияси тушунчасида пул бу – ўз-ўзидан бойлик эмас ва пул ўзидан ўзи пулни, бойликни яратмайди.

Масалан, айтишим мумкин, банклар битта тугмани босиб, йўқ жойдан миллиард-миллиардлаб долларни яратиши мумкин. Бу шундай тезликда реал активларни ярата оламизми, йўқми? Албатта, йўқ. Мисол учун, бир миллиард долларга, дейлик, юзта уй қурса бўлади. Уни бир зумда қура оламизми? Албатта, қура олмаймиз. Иқтисодда умуман ҳеч нима бўлмасдан, фақат пул бўлса, пулдан пул кўпаяверса, бойлик кўпаядими, йўқми?

Ислом молияси айтадики, пулнинг вазифаси бу – ўлчов. Реал активнинг ўлчови ва айирбошлаш воситаси. Восита бўлганидан кейин ўз-ўзидан мақсад бўлиши мумкин эмас. [Шунчаки, ҳеч қандай рисксиз] 10 сўм бериб, муайян вақтдан кейин 12 сўм қилиб олиш мумкин эмас.

Агар ислом молияси тўғри ишласа, инқироз деган нарса бўлиши мумкин эмас. Чунки пул ўз-ўзидан кўпайиб кета олмайди. Пул, албатта, ё ишлаб чиқаришда, ё олди-сотдида ишлаши керак. Ана шунда пул миқдори ҳам, реал иқтисодиёт ҳажми ҳам ошади.

Ислом молиясида қимматли қоғозлар ва акция масаласи қандай ҳал қилинади?

Музаффар Ҳусниддинов:
– Ислом молиясида қимматли қоғозлар, акциялар билан олди-сотди қилиш – рухсат этилган, жоиз амалиётлардан. Сабаби, акциялар – корхоналардаги улушни белгилайдиган ҳужжат ҳисобланади. Лекин ҳамма корхоналарнинг ҳам акцияларини олди-сотди қилиш мумкин эмас.
 
– Ўзбекистонда ислом банклари очилиши нима сабабдан ортга суриляпти? Ислом банкларидан шартнома билан маблағ олиш мумкинми, агар иложи бўлса, қандай шартларда?

Музаффар Ҳусниддинов: – Ўзбекистонда ислом банки очилиши учун ҳали қонуний асос мавжуд эмас. Лекин бу соҳада иш кетяпти деб биламиз. Яъни икки йил олдин бу соҳада президент қарори лойиҳаси ҳам муҳокамага қўйилганди, лекин қарор қабул қилинмади. Яқинда Марказий банк раиси 8та банкда ислом дарчалари очиш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

Лекин буларнинг барчаси ислом банкининг тўлиқ фаолияти учун ҳали етарли эмас. Ислом банки фаолият бошлаши учун қонуний асос мавжуд бўлиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан бу қонунлар яратилса, назорат қилувчи орган тайин қилинса (бу Марказий банк бўладими, муайян функциялар Молия вазирлигига топшириладими), солиқ масалалари кўриб чиқилганидан кейин ислом банклари фаолият бошлаши мумкин бўлади.

Ҳозирда амалий жараёнлардан бири – Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан Ислом тараққиёт банки кўмагида Ислом қимматли қоғозларини Ўзбекистонда чиқариш бўйича қонуний асос ишлаб чиқиляпти, деган хабарлар мавжуд.

Ўзбекистондаги тижоратчилар қандай қилиб Ислом банкининг маблағларига мурожаат қилишлари мумкин, деган саволга жавоб тариқасида шуни айтамизки, тадбиркорлар ёки корхоналар Ислом тараққиёт банкига тўғридан-тўғри мурожаат қила олмайди. Чунки бу тараққиёт банки ҳамда мазкур банк давлатлар, ҳукуматлар билан ҳамкорликда фаолият юритади.

Лекин ушбу банк тизимидаги бошқа ташкилотлар – Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси, Халқаро савдони ривожлантириш ислом ташкилоти бор. Мана шу ташкилотлар Ўзбекистоннинг тижорат банкларига муайян молиявий ресурс ажратади. Бизнинг банклар у ташкилотларнинг вакили сифатида маблағларни кимлар олиши мумкинлиги, уларнинг бизнес режаси, молиявий таҳлилини амалга ошириб, Ислом тараққиёт банкининг ушбу ташкилотларига тақдим этади. Мана шу банкларнинг ресурслари мавжуд.

Ҳозирда айнан қайси банкларда мавжудлигини билмаймиз, лекин бизнинг islommoliyasi.uz сайтимиздаги янгиликлар кузатиб борилса, қайси банклар билан фаолият олиб борилгани маълум бўлади.

Хусусан, ўтган йили Турон банк, Asia alliance bank, Трастбанк, яна бир қанча бошқа банкларда мана шу корпорацияларнинг ресурслари мавжуд эди. Ҳозирги кундаги маълумотлардан хабарим йўқ. Лекин мана шу банкларга мурожаат қилиш мумкин.

– Ислом молиясида қимматли қоғозлар ва акция масаласи қандай ҳал қилинади?

Музаффар Ҳусниддинов: – Ислом молиясида қимматли қоғозлар ва акция масаласи ўзбекистонлик ўқувчиларимиз томонидан энг кўп берилаётган саволлардан бири. Ислом молиясида қимматли қоғозлар, акциялар билан олди-сотди қилиш рухсат этилган, жоиз амалиётлардан. Сабаби, акциялар – корхоналардаги улушни белгилайдиган ҳужжат ҳисобланади. Лекин ҳамма корхоналарнинг ҳам акцияларини олди-сотди қилиш мумкин эмас.
 
Биринчи тамойил, бу – корхона фаолияти ислом талабларига жавоб бериши керак. Яъни спиртли ичимликлар, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ёки бузуқ ўйин-кулгу соҳалари бўлмаслиги керак. Бу талабга жавоб берадиган бўлса, яна бир қанча кейинги талаблар бор. Корхонанинг молиявий ҳисоботини ўрганиб чиқиш орқали бу талабларга жавоб бериш-бермаслигини аниқлаш мумкин. Хусусан, корхонанинг қарз маблағлари муайян манбадан олинган бўлади. Бу корхона, капитал эгалари маблағлари ҳамда қарз маблағлари бўлиши мумкин. Қарз маблағлари фоизли қарз маблағлари бўлмаслиги керак. Замонавий уламоларимиз айтадиган коэффициент – корхонага банк кредити, облигациялар ёки депозит сертификатлари каби манбалар орқали пул жалб қилинган бўлса, мана шу маблағларнинг умумий активларга нисбатан қиймати 33 фоиздан ошса, бу корхонанинг акцияларини сотиб олиш мумкин эмас, дейилади.

Шунга ўхшаш яна 2-3та коэффициентлар бор. Юз фоиз «тоза» корхонани топиш қийин. Хусусан, Америка биржаларида. Барибир шубҳали даромадлари бўлиши мумкин. Мана шу шубҳали даромадларнинг улуши жами даромадларнинг беш фоизидан ошмаслиги керак. Агар сиз ана шундай корхона акциясини сотиб олсангиз, масалан, унинг уч фоиз даромади шубҳали бўлса, ўша корхонадан олган даромадингизнинг уч фоизини садақа қилиб юборишингизга тўғри келади.

Яна бошқа талаблар бор. Корхона спекулятив корхона эмаслигини исботлаши учун унинг узоқ муддатли активлари 75 фоиздан юқори бўлиши керак, дейилади. Яъни 75 фоиз активлари пул ва унинг эквивалентлари бўлмаслиги керак. Шунга ўхшаш талаблар бор.

Буларнинг ҳаммаси фонд бозорида амалга ошириладиган ишлар. Фонд бозорида яна облигациялар савдоси амалга оширилади. Ислом молиясида анъанавий облигациялар олди-сотдиси жоиз эмас. Қоидалардан яна бири – акциялар савдосида узун ва қисқа позициялар бўлади. Қисқа позиция қилиш ҳам мумкин эмас. Чунки бунда акциялар қарзга олиниб, кейин нархи тушган вақтда бировга сотиб юборилади. Ислом молияси қоидасига кўра, бировдан қарзга олинган нарсани сотиш мумкин эмас.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Динимиз кўр-кўрона тақлиддан қайтаради...”

240 09:00 04.03.2021

"Кечаси Абу Ҳанифанинг изига тушдим..."

950 21:00 03.03.2021

Динни жоҳиллардан ўрганилмайди ёхуд тузатилиши лозим бўлган тушунчалар

786 07:00 02.03.2021

“Ойнинг ёрилгани исботлангач, мусулмон бўлдим...”

1754 16:30 01.03.2021

Имом Абу Ханифанинг суннатдан таълим беражак саховати

587 07:00 27.02.2021

Ҳадис илми: Икки қарама-қарши далил ўзаро зид келганда ҳанафийларнинг тутган йўллари

307 21:00 26.02.2021
« Орқага