Ислом

Ислом молияси ҳақида тушунчамиз йўқ

1187

Малайзиянинг “CSQ Law” юридик компанияси катта ҳамкори, ислом молияси соҳасида етакчи ҳуқуқшунос ҳисобланувчи Мадзлан Ҳусайн ушбу соҳани ривожлантириш йўлидаги энг асосий вазифа аҳоли саводхонлигини ошириш эканлигини айтиб ўтди. Бу ҳақда у Қозоғистонда ислом молиясини ривожлантириш масаласида ўтказилган анжуманда тўхталган, Буни ОАВ, шу соҳага алоқадор томонлар (тадбиркорлар, олий таълим муассасалари ва бошқалар), ҳамда тегишли давлат ташкилотлари ёрдамида амалга ошириш мумкинлиги ҳам айтилди.

Ўтказилган тадқиқот аҳолининг 78 фоизи ҳанузгача ислом молияси ҳамда анъанавий молия тизими ўртасидаги фарқни аниқ тушуниб етмаганлигини, бу эса мамлакатда ушбу соҳани ривожлантириш йўлидаги энг асосий муаммо эканлиги алоҳида таъкидланди. Соҳани фаол тарғиб қилиш орқали бу муаммони ҳал қилиш мумкин, дейди ҳуқуқшунос.

Кўриб турганимиздек, мутахассис асосий муаммо – соҳа бўйича аҳоли билимларининг етарли эмаслигида (тўғрироғи хабардорлик даражасининг ниҳоятда паст даражада) эканлигини айтмоқда. Ҳақиқатда ҳам мамлакат фуқаролари, ҳатто ўзини диндор-художўй деб ҳисоблайдиганларнинг аксарияти ҳам ислом молияси ҳақида деярли ҳеч нарса билишмайди. Агар улардан ислом молияси нима, қайси маҳсулотларини биласиз, ислом молия муассасалари қандай тамойиллар асосида фаолият олиб боради деб сўрасангиз аниқ жавоб олишингиз қийин.

Одатда ислом молияси ҳақида бериладиган саволга олинадиган асосий жавоб “фоизсиз қарз (кредит)” бўлади. Одамлар банкларни фоизсиз қарз тушунчаси билан боғлашни тўхтатишлари керак. Чунки банк, гарчи у ислом банки бўлса ҳам тижорат муассасаси, ҳар қандай тижорат муассасасининг мақсади эса пул ишлаш, чунки ҳар бир тижорат ортида ўз тиккан сармоясига яраша даромад олишни истовчи таъсисчи-сармоядор бор. Фоизсиз қарз эса аслида хайрия амалиётидир. Тижорат муассасаси ўз даромадидан хайрия қилиши мумкин, лекин хайрия қилиш учун биринчи ўша даромад ишлаб топилиши керак.

Шунинг учун, агар биз ҳам мамлакатимизда ислом молияси тизимини татбиқ қилмоқчи бўлсак билим олишдан бошлашимиз керак, зеро билим бу барча хайрли ишларнинг бошидир. Биз билим олувчи, билим берувчи ёки билим берувчиларга ёрдам берувчилардан бўлишимиз керак. Бир пайтнинг ўзида шу вазифаларнинг барчасини бажарувчилардан бўлиш ҳам мумкин (агар шунга етарли илм ва салоҳият бўлса албатта). Асосийси шу доирадан четда бўлмаслик.

Шу ўринда, биз ҳам Ўзбекистонда ислом молияси бўйича тадбиркорлар ва аҳоли саводхонлигини шакллантириш борасида муайян ишларни амалга оширишни бошлаганимизни айтиб ўтмоқчимиз. Хусусан, ушбу соҳага бўлган талаб, амалиётга тадбиқ қилиш имконият ва истиқболларини баҳолаш мақсадида мамлакатимиздаги маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли сўровнома ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Унда аҳоли, тадбиркорлар ва банклар иштирок этиши ва унинг натижалари бўйича батафсил таҳлилий ҳисобот тайёрлаш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ислом молияси сайтидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Индонезияда «Ҳалол» стандарти қандай жорий қилинган?

772 15:33 25.06.2020

Ислом молияси билимдони шайх Солиҳ Комил вафот этди

722 18:00 20.05.2020

Мушорака бошқарувида шартнома турлари

371 04:40 11.05.2020

Ислом молиясида жарима ва пеня масаласи

1110 08:40 05.05.2020

Исломда шериклик асосида иш юритиш масаласи...

1106 07:20 04.05.2020

Шерикчилик (мушорака) асосида молиялаштиришда кафолат масаласи

468 07:30 29.04.2020
« Орқага