Таҳлил

Ислом молиясида хатарларни бўлишишнинг моҳияти

978

Бир неча бор бизга “Нега Ислом молиясидаги хатарларни тақсимлаш тамойили Ислом молияси руҳиятини акс эттиради деб ҳисобланади?” деган савол билан мурожаат қилишди. Бу саволга жавобни кичик бир изоҳдан бошласак: баъзан хатарларни тақсимлаш тамойилини фойда ва зарарларни тақсимлаш тамойили деб ҳам аташади, аммо бизнинг фикримизча, “хатарларни тақсимлаш ёки бўлишиш” тамойили дейиш тўғрироқ, чунки шартнома тузилиш вақтида режалаштирилаётган тадбиркорлик фаолиятининг натижаси эмас, балки лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ эҳтимолий хатарларгина маълум бўлади.

Шунингдек, бу тамойилни бугунги кунда Ислом банк-молия тизимида савдони молиялаштириш учун кенг қўлланилаётган асосий шартнома тури – “муробаҳа”га қарши қўйишади.

Баъзилар “муробаҳа” анъанавий кредитнинг “номи ўзгарган нусхаси” ва шу сабабли Ислом ҳуқуқи ва молияси руҳиятига зид деб ҳисоблашади.

Хўш, нега бизнесдаги хатарларни тақсимлаш / бўлишиш концепцияси муробаҳа концепциясидан фарқли равишда Ислом молияси рухиятини тўлароқ акс эттиради?

Жавобни бироз узоқроқдан бошлаймиз (бу бизга хатарларни тақсимлашнинг бир қарашда илғаш қийин бўлган иқтисодий адолати асосларини ташкил қилувчи томонларини тушуниб олиш имконини беради).

Келинг, биринчи навбатда иқтисодиётни кўз олдимизга келтирайлик (макроиқтисодиёт, яъни мамлакат иқтисодиёти бўладими, микроиқтисодиёт, яъни корхона иқтисодиёти бўладими, фарқи йўқ). Ҳар қандай давлатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) баъзи йиллари ўсади, баъзи йиллари эса пасаяди, бу табиий ҳол. Худди шу каби корхона ёки фирмалар ҳам баъзан фойда, баъзан эса зарар кўради, уларнинг иқтисодий кўрсаткичлари баъзи йиллари ўсади, бошқа йиллари пастга тушади ва улар ҳатто банкрот ҳам бўлишади. Бунинг барчаси табиий иқтисодий жараён.

Мана энди кредит (замонавий банкчилик) ёки муробаҳа (бугунги кунда Ислом банк-молия тизимида кўп қўлланилаётган шартнома тури)ни кўриб чиқайлик. Хўш, уларнинг нимаси ёмон? Гап шундаки, банк тизими иқтисодиётдан фарқли ўлароқ ягона амалий тамойил – доимий кафолатланган фойда ва ўсиш тамойилини тан олади. Бунинг сабаби шундаки, анъанавий кредитлар “қарз учун тўлов тўлаш” (фоиз) ва “қарзни қайтариш” мажбурий бўлган тамойиллар асосида берилади. Бу эса банклар ҳар қандай микро ва макроиқтисодий ўзгаришларга таъсирчан эмас дегани. Яъни тадбиркорлик фаолияти (лойиҳаси) давомида зарар кўрилиши ёки тўлов қобилиятисизлиги ҳолати юз беришидан қатъи назар, банк ўзи берган асосий қарз ва унинг фоизлари қайтарилишини талаб қилаверади.

Бу нимани англатади? Умуман олганда макроиқтисодиёт даражасида ҳам, микроиқтисодиёт даражасида ҳам даврийлик ҳукм суришини, банк фаолияти эса даврийлик қоидасига зидлигини, фирмалар ҳам ва умумиқтисодиёт ҳам баъзан зарар кўришини (ёки ҳатто бутунлай тўлов қобилиятини йўқотишини), банк эса доим фойдада қолишини англатади. Бунда банклар кредит олувчилар зиммасига барча зарар кўриш хатарларини ўтказадилар, ўзларига эса фойдани кафолатлайдилар. Жуда “адолатли” ва “самарали” тақсимот.

Табиийки, бу ҳолат банкларни кредитларни кўпайтиришга ундайди, чунки уларнинг кредитлари ва фоиз даромадлари кафолатланган.

Бундай шароитда банк тизими рентабеллиги ҳам, ўсиш даражаси ҳам бутун иқтисодиётдан фарқли равишда юқорироқ бўлиши табиий. Бу эса ўз ўрнида макро даражада даромадлар тенгсизлигини кучайтиради, молиявий маблағларни кичик доиралар қўлида тўпланишига, уларнинг молиявий мавқеи янада мустаҳкамлашига, ҳамда бойликларни реал иқтисодиётдан банк тармоғига оқиб ўтишига олиб келади. Бунинг бошқа оқибатлари ҳам бор, лекин биз учун энг муҳими – банк тармоғининг реал иқтисодиётда вақти вақти билан пайдо бўлиб турадиган муаммоларга қайишқоқлиги даражаси пастлиги сабабларини тушуниб олишдир.

Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш даврийлиги (The Economist журнали томонидан жаҳон ЯИМнинг 90%ни ташкил этувчи 52та йирик давлат иқтисодиёти таҳлили асосида тайёрланган)

Банк активларининг йиллик ўртача ўсиш суръати 2002-2016 йиллар давомида 7.5% ни ташкил қилган, дунё ЯИМ ўсиши эса 2-5% орасида (Financial Stability Board, Global Shadow Banking Monitoring Report 2017)

(Ушбу тасвирланган ҳолат сизга иқтисодиёт худди икки ёндош воқеликда – бири ўзининг ўсиш ва тушишлари билан бир воқеликда, иккинчиси фақат ўсишни кўрсатувчи бошқа бир воқеликда экандек тасаввур бермадими?!)

Муробаҳа каби Ислом молия маҳсулотлари ҳам шундай, яъни иқтисодиётда юз берувчи ҳолатларга жуда таъсирчан эмас. Яъни 10 сўмга сотиб олинган маҳсулотни 12 сўмга бўлиб тўлашга берган банк, бизнес ёки жисмоний шахс шу пулни тўлай оладими, йўқми деган савол қизиқтирмайди. У ўзининг 12 сўмини талаб қилаверади. Аммо бу ерда бир муҳим масала борки, адолат юзасидан биз уни эътиборсиз қолдиришимиз мумкин эмас. Гап шундаки, Ислом банклари муробаҳа ва бошқа шу каби шартномалар бўйича мижоз тарафидан тўланиши лозим бўлган турли жарималарни (масалан, ўрнатилган вақт ичида амалга оширилмаган тўлов учун) даромад сифатида кирим қилмайдилар, балки бундай маблағлар хайрия қилинади (бунда ҳеч бўлмаса бир хайрли иш амалга ошади/жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаат кўради). Бундан ташқари, улар (оддий банклардан фарқли ўлароқ) қарзларни сотиш (факторинг) каби амалиётлар билан ҳам шуғулланиши мумкин эмас (бу тақиқ орқали иқтисодиётда ҳеч қандай қадр-қимматга эга бўлмаган пуфаклар пайдо бўлишининг олди олинади). Шунингдек, улар тўлов муддатини узайтириб берганликлари учун ҳам қўшимча ҳақ ололмайди. Кўриб турганимиздек, ҳатто Ислом молияси маҳсулотлари ичида жуда кўп танқид қилинадиган муробаҳа таркибида ҳам, тиббиёт тили билан айтганда, реал иқтисодиёт танасида “ўсимта ҳужайралари” назоратсиз кўпайишининг олдини олишга ёрдам берадиган самарали қарши-таначалар (қарши ҳужайралар) мавжуд.

Иқтисодий ўсиш дунёнинг турли мамлакатларда турлича (The Economist журнали)

Анъанавий банклар ҳам, Ислом банклари ҳам хатарларни заиф томон – қарз олувчиларга ўтказишда бир-бирларига ўхшаб кетадилар. Аммо юқорида кўрганимиздек, муробаҳа анъанавий кредитга қараганда юмшоқроқ (“шафқатлироқ”) ва адолатлироқ экан. Хулоса қиладиган бўлсак, банк/кредит тамойили қуйидагича:

Кредит – қайтарилиши ва фойда кафолатланган – бизнесга хос бўлган хатарларга нисбатан бефарқлик – хатарларни қарздорга ўтказиш – истисодиётнинг бошқа тармоқларидан кўра тезроқ ўсиш суръатлари – маблағларни реал иқтисодиётдан банк тармоғига оқиб ўтиши – ижтимоий тенгсизлик ва устунлик.

Иқтисодий тизим хатарларни тақсимлаш тамойилига асосланса нима бўлади? Бундай тизимда молиячи хатари тадбиркор хатари ўзаро боғланади/мувофиқлашади. Яъни молиячи/банкчи тадбиркорлик лойиҳасига шерик сифатида киради ва тадбиркор билан фойда ва зарарни бўлишади. Бу реал ва молиявий иқтисодиёт ўртасида мувозанат ҳосил бўлишига олиб келади. Зарарлар тўлиғича қарз олувчининг кучсизланган “елкасига”сига тушмай, бир маромда бутун иқтисодиётга тақсимланади ва шу билан эҳтимолий инқироз ҳолатларининг олди олинади. Бундан ташқари, реал ва молиявий тизим ўртасида мустаҳкам алоқа (боғлиқлик) пайдо бўлади ва бу кредит пуфаклари пайдо бўлиш хатарларини камайтиришга ёрдам беради. Умуман олганда, бунинг бир қатор бошқа ижобий томонларини ҳам санаб ўтиш мумкин, аммо юқорида айтганимиздек, мақсад икки тизим ўртасидаги асосий фарқлар моҳиятини кўрсатиб беришдир.

Шундай қилиб, муробаҳа – рухсат берилган ислом молия маҳсулоти, аммо у ислом молияси руҳияти ва моҳиятини тўлиқ акс эттирмайди.

Бундан ташқари, унинг рухсат этилганлиги ҳам чекланган, яъни муробаҳанинг микробосқичда рухсат этилиши Ислом ҳуқуқининг макро-босқичдаги глобал мақсади – иқтисодиётдаги бойликларни сақлаш тамойилига қарши чиқишни бошласа (масалан, муробаҳанинг кўп қўлланиши оқибатида тизимли хатарларнинг пайдо бўлиши туфайли), ундай ҳолатда макроиқтисодиётдаги мувозанатни сақлаш учун соҳани бошқаришга, яъни муробаҳа каби маҳсулотлар улушини камайтириб, мушорака ва мудораба каби хатарларни тақсимлаш тамойилига асосланган маҳсулотлар улушини кўпайтириш ёки молия бозори иштирокчилари учун солиқларни тушириш, уларни қандайдир тўловлардан озод этиш керак бўлади.

Маълумот учун: муробаҳа авваллари молия/кредит маҳсулоти бўлмаган ва бўлиши режалаштирилмаган ҳам. Уни молиявий маҳсулотга ХХ асрнинг 70-йилларида буюк Ислом ҳуқуқи инноваторлари айлантиришган.

Тизимли хатарлар – иқтисодиётда қарзлар улушининг ҳаддан ташқари кўпайиши оқибатида жисмоний шахслар ҳам корхоналар бутун кучларини шу қарзларни тўлашга сарфлашни бошлашади, бора-бора қарз юкининг оғирлиги натижасида дефолт, яъни қарз мажбуриятларини бажара олмай қолиш, оддий қилиб айтганда, молиявий “синиш” ҳолати юз беради.

Телеграмдаги Islom moliyasi каналидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом молияси қўрқув эмас, имкониятдир... (Дунё лидерларининг Ислом молияси ҳақида фикрлари)

623 22:00 09.12.2019

Хусан Ҳасанов: Ўзбекистонда Исломий молия ва банкчиликка бўлган қизиқиш ортиб бормоқда

595 23:00 07.12.2019

“Қарз муддатидан олдин тўланса, нархни тушириш мумкинми?”

671 23:00 05.12.2019

Олмон инвесторлари ислом молиясидан фойдаланмоқда

479 09:00 23.11.2019

Муробаҳа: мижозга нисбатан жарима қўллаш масаласи

562 13:54 02.11.2019

Россия банки исломий банкинг соҳасида 16 миллардлик келишувга эришди

841 18:00 09.10.2019
« Орқага