Ислом нима?

19:00 22.01.2019 563

“Ислом” сўзи “бўйсуниш”, “тоат”, “ихлос”, “тинчлик”, “сулҳ” маъноларини билдиради. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло бандалар учун рози бўлган дин Исломдир. Қуръони каримда шундай дейилган: “Албатта, Аллоҳ наздидаги дин Исломдир...” (“Оли Имрон” сураси, 19-оят).


Аллоҳ Исломдан бошқа динни қабул қилмайди. Аллоҳ даргоҳидаги энг ҳақ дин Исломдир. Исломдан бошқа ҳар қандай йўл нотўғридир.

Ислом тавҳид дини, яъни Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирувчи диндир. Аллоҳ юборган барча пайғамбарлар, жумладан, Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо алайҳимуссалом, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам битта динга – Аллоҳ ягоналигини эътироф этишга, илоҳий китобларга, фаришталарга, пайғамбарларга, қиёмат кунига имон келтиришга, фақат Аллоҳга ибодат қилишга даъват этишган.

Ўзга динлар ичида Аллоҳ таоло нозил қилган, кейинчалик одамлар томонидан ўзгартириб юборилганлари ҳам бор. Масалан, насроний ва яҳудийлик дини. Ушбу дин вакиллари Мусо ҳамда Исо алайҳимуссалом таълимотини унутиб, динга ўзгартириш киритишган. Шунинг учун Аллоҳ уларни Исломга эргашишга буюрган. Бироқ насронийлар, яҳудийларнинг ҳаммасиям Исломни қабул қилмаган.

Динлар ичида одамлар томонидан ўйлаб чиқарилганлари ҳам бор. Масалан, будда дини ҳеч қандай асосга эга эмас. Аллоҳ инсонларни бу динга эътиқод қилишга буюрмаган, балки оддий одам томонидан ўйлаб чиқарилган. Бундай асоссиз динларга эътиқод қилиш мумкин эмас.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Исломдан бошқа динни истаса, ундан ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (“Оли Имрон” сураси, 85-оят).

Яъни, ким Исломдан бошқа йўлдан юрса, Аллоҳга бўйсунмаса, унинг амаллари зинҳор қабул этилмайди. Бундай кимса охиратда зарар кўради: Аллоҳ розилигини топа олмайди, раҳматидан узоқ бўлади, жаннат ноз-неъматларидан қуруқ қолади. Нега? Чунки, у Аллоҳ рухсат бермаган йўлдан юрди, нотўғри эътиқодда бўлди. Имон, ихлос, шариатга мувофиқлик бўлмаса, киши минг машаққат чекмасин, қилган амали бекор кетади, унга ҳеч қандай савоб берилмайди.

Ислом Аллоҳнинг Ягоналигини тарғиб этувчи диндир. Исломда ибодатга, итоатга фақат Аллоҳ муносиб деб эътиқод қилинади. Банда танаси, қалби, ақли Аллоҳга тўлиқ бўйсунса, Ёлғиз Аллоҳга ихлос билан ибодат қилса, шундагина ҳақиқий мусулмон ҳисобланади.

Аввалги пайғамбарлар, жумладан Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин!) Ислом динига чақиришган. Бунда эътиқод бир хил бўлган. Яъни, улар Ёлғиз Аллоҳгагина ишонишга, Унга ибодат қилишга даъват этишган. Аммо ҳукмларда, шариат қоидаларида баъзи фарқлар бўлган. Шариати муҳаммадиядаги қоидалар эса қиёматгача келадиган барча инсонлар учун умумий, шу билан бирга энг мукаммал, энг адолатли қонундир.

Ислом динига мансуб инсон “муслим” (мусулмон) дейилади. “Муслим” таслим бўлувчи дегани. Яъни, Аллоҳга тўлиқ бўйсунган, У Зот айтганларини қилган, қайтарганларидан тийилган банда мусулмон саналади.

Зиёвуддин Раҳимнинг 
“Ислом ақидаси” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!