Ислом қандай дин?

17:00 24.01.2019 764

Аллоҳ таоло Қуръонда: “Аллоҳ наздида (ҳақиқий) дин Исломдир”, деган (“Оли Имрон” сураси, 19-оят). Шундан биламиз, Ислом энг тўғри диндир. Аллоҳ дунёдаги ҳамма одамларни Исломга киришга буюрган.

Исломга кириш учун нима қилиш керак? Бунинг учун Аллоҳга, Унинг Расулига имон келтириш лозим. Имон келтириш учун чин дилдан “Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ”, деб айтилади. Бу, “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг элчисидир”, деган маънони билдиради. Ислом динига кирган одамни “мусулмон” дейилади.

Исломни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳдан олиб келганлар. Аввалги пайғамбарларга юборилган дин ҳам Ислом бўлган. Аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган пайтларида Ислом одамларнинг эсидан чиқиб кетган эди. Кўпчилик кишилар Ёлғиз Аллоҳга эмас, тошдан, ёғочдан ясалган бутларга сиғинишарди. Шундан кейин Аллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали бу дунёга янгидан Ислом динини юборди, Ислом қоидаларини Қуръонда тушунтириб берди. Баъзи қоидаларни Пайғамбаримиз ўзларининг ҳадисларида айтиб бердилар. Ҳадисларни ҳам Расулуллоҳ қалбларига Аллоҳнинг Ўзи солган.

Пайғамбаримиз араб миллатидан бўлганлар. Бироқ, Ислом фақат араблар учун келмаган. Исломга кирган одам қайси халқдан бўлса ҳам мусулмон саналаверади. Ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар, ҳатто ўрислар, инглизлар, испанлар ҳам Исломга кирсалар, мусулмон ҳисобланишади. Аллоҳ: “Мўминлар бир-бирлари билан ака-укадирлар”, деган. Мусулмонлар қайси тилда гаплашсалар ҳам бир-бирлари билан биродар бўлишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаммангиз Одам зурриётидансиз. Одам эса тупроқдан яратилган”, деганлар. Шунинг учун Исломга кирган одамлар ўзларини бир-бирларидан устун қўйишмайди, доим иноқликда ҳаёт кечиришади.

Исломда яхши ишлар қилишни “савоб”, ёмон ишлар қилишни “гуноҳ”, дейилади. Савоб иш қилган одамни Аллоҳ яхши кўради, унга жуда кўп мукофот беради. Гуноҳ қилган одамни Аллоҳ ёмон кўради, агар вақтида тавба қилмаса, жазолайди.

Аллоҳ ва Расули “Қилманглар!” деган ишлар ҳаром ишлардир. Одам ўлдириш, ўғрилик қилиш, қимор ўйнаш, фаҳш иш қилиш, ароқ ичиш, жанжаллашиш, урушиш, бир-бирини хафа килиш – ҳаром. Чўчқа, ит, эшак каби ҳайвонлар гўштини ейиш ҳам ҳаромдир. Ҳаром ишларни қилиш оғир гуноҳдир.

“Ислом” бўйсуниш деган маънони билдиради. Исломга кирган одам Аллоҳга, Унинг Расулига сўзсиз бўйсунади. Мана шу белгидан инсоннинг мўмин-мусулмонлигини билиб олса бўлади.

Зиёвуддин Раҳимнинг 
“Ислом ақидаси” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!