Ислом

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

461

Закот камбағалларнинг ҳақи бўлиб, меъёрий ўлчовларга эгадир

Закот Ислом динида бошқанинг ҳақи ҳисобланади. Бойлар уни камбағалларга беришлари шарт. Закотнинг миқдори ноаниқ эмас, албатта. Кимлар бериши, кимларга берилиши кераклиги барчаси белгилаб қўйилган. Аллоҳ таоло закотни адо этилиши лозим бўлган ҳақ экани ҳақида бундай марҳамат қилади: “Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир” .

Бошқа бир оятда бундай дейилади: “Уларнинг молу мулкларида маълум ҳақ бордур. Сўровчи ва бечоралар учун” .

Кишига берилган мол-дунё аслида Аллоҳники ҳисобланади, инсон эса шунчаки Аллоҳнинг вакилидир. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан инфоқ қилинглар” .

Инсон молу дунёнинг ҳақиқий эгаси эмас экан, шунчаки омонатни қўриқлаб турадиган одам экан. Мол-дунёнинг ҳақиқий эгаси ҳам, уни берган ҳам Аллоҳ таолодир. Мол-дунё оз бўладими ёки кўп бўладими фарқи йўқ.

Закот бериладиган шартлар топилар экан, Аллоҳнинг буйруғига кўра у ўз эгаларига топширилиши лозим. Закот адо этилмаса, неча йил ўтган бўлса ҳам бу мажбурият бекор бўлмайди, бойнинг бўйнида қарз тураверади.

Абу Муҳаммад Ҳазм бу масалада бундай деган: “Киши тириклигида икки ёки ундан кўпроқ йилларнинг закотини адо қилмаган бўлса, ҳар бир йилда қанча закот бериши керак бўлган бўлса, ҳаммасини беради. Закот адо этилмас экан, нима сабабдан кечиккани аҳамиятсиз. Бой киши ўзи қочиб юрган бўладими ёки закот йиғувчиларнинг айби билан кечикадими, барибир” .

Юқоридаги гаплардан закотни Исломнинг асосларидан бири эканлигини, ўлим ҳам уни бекор қила олмаслигини билиб олдик. Агар киши вафот этса, қолдирган мол мулки тақсимланмай туриб, бошқа қарзлар каби аввал закот чиқариб ташланар экан. Ушбу қонунни биринчи бўлиб Ислом дини жорий қилган.

Замонавий қонунларда ҳам вафот этган кишининг мол-мулкидан, аввало, тўланмаган солиқлари давлат ҳисобига ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Закотнинг Ислом қонунчилигидаги ҳукми мана шулардир. Бу қонун-қоидаларни барча нарсаларнинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таоло белгилаб қўйган. Социализм тарафдорларининг бу муаммони ҳал қилишдаги услублари адолатсизлик ҳисобланади. Улар камбағалга “Сен ўғрилик қурбонисан. Ўғри эса бойлардир” деб васваса қиладилар ва бойга нисбатан нафрат уйғотадилар. Кейин эса, бойнинг мол мулкига ҳақми, ноҳақми қўл узатаверадилар. Аслида камбағал ўғрилик қурбони эмас. Бойлар ҳам ўғри ҳисобланмайди. Фақирлигига бойлар айбдор эмас. Айримлар ўзининг айби билан ночор бўлиши мумкин. Яна бошқалар қариндошларининг эътиборсизлиги туфайли шу аҳволга тушади. Лекин бунда бошқа бойларни айблаб бўлмайди.

Айримлар қуйидагича фикр юритадилар: табиий қонуниятлар асосида бой ва камбағал ўртасида ўзаро қандайдир шартнома бўлади. Бу шартнома қоғозда имзоланмаган бўлади. Шунчаки, ҳаммада табиий равишда пайдо бўлади. Шартномага кўра, камбағал ишлайди. Бой эса уни ишлатиб фойда кўради.

Бойнинг фойдаси камбағалнинг меҳнати эвазига келади. Демак, қўлга киритилган пулга ҳар иккиси ҳам эгалик қилиши керак. Ижтимоий низомлар натижасида камбағал ва бойлар ўртасида жуда катта тафовут пайдо бўлган. Чунки бой қўлидаги молу дунёдан камбағалнинг улушини бермайди. Вақтлар ўтиб бу қарзлар йиғилиб қолади ва камбағал муҳтожлик даражасига етади ва бу нарса унинг хулқ-атворига ҳам таъсир қилади.

Бу қараш қисман тўғри бўлса ҳам, лекин, бу шунчаки нотўғри фараз. Бу қарашда бўлган камбағал “менинг молимни олиб қўйгансан деб” бойга таҳдид қилиши ва унинг молини тортиб олиши мумкин.

Ислом назарияси билан мазкур фаразий қарашни бир-бирига солиштирадиган бўлсак, қуйидагилар маълум бўлади:

1.  Ислом динида камбағалга бериладиган ёрдам унинг ҳуқуқидир, шартнома эмас. Шунингдек, унинг миқдори маълумдир, фаразий тахминларга асосланмаган. Закот Ислом динида Аллоҳнинг бандалар зиммасидаги, бир мусулмоннинг бошқаси зиммасидаги ҳуқуқидир.

Яъни, инсониятни яратган, молу дунёнининг яратувчиси ва уни башариятга инъом қилган Аллоҳнинг ҳақидир.

Яна у, камбағалнинг мусулмон қардоши зиммасидаги қардошлик ҳақидир.

Имом Розий раҳимаҳуллоҳ камбағал билан бойнинг мол-мулки ўртасида қандай боғлиқлик борлигини қуйидагича баён қилганлар:

Биринчидан. Инсон ўзига етарли маблағга эга бўлгач, унга эгалик қилишга ўзигина ҳақли бўлади. Чунки бошқалар каби у ҳам яшашга ҳақи бор. Яшаш ҳуқуқи борасида бошқалар билан тенг бўлади. Лекин, саъй ҳаракат қилиб топгани учун пулига эгалик қилишга аввало ўзи ҳақли бўлади, бошқалар эмас.

Топган пули ўзининг эҳтиёжларидан ҳам ортиб қолса, бошқа бир муҳтож инсон олдига келади. Ортиқча маблағга ҳар иккисининг ҳам ҳақи бор. Бунга иккита сабаб мавжуд: пулни топган киши ўзи ҳаракат қилгани учун унга эгалик қилиши керак. Бундан ташқари пул эгасининг қалби ўзи топган маблағга талпиниб туради. Бу ҳам бир эҳтиёж. Энди камбағалга ҳам пул керак, у пул эгасининг қўлидагига кўз тикиб турибди. Бу ҳам муҳтож. Шу икки бир-бирига қарама-қарши эҳтиёжлар тўқнаш келган пайтда илоҳий ҳикмат ҳар иккисига ҳам адолат қилишга ҳаракат қилади ва шундай ҳукм чиқаради: “Пул эгасининг эҳтиёжи ва ҳақдорлиги камбағалникидан устун туради. Шунинг учун ҳам, унга пулнинг катта қисми қолади. Камбағалнинг эҳтиёжини ҳисобга оламиз. Бироқ, унинг эҳтиёжи пулни топган кишиникидан кучсизроқ бўлгани учун унга молнинг жуда оз қисмини берамиз. Ана шундагина ҳар икки томоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўламиз.

Иккинчидан. Ўз эҳтиёжидан ортиб қолган пулни уйида сақлаб ўтирса, бу пул ўз вазифасини бажара олмайди. Унинг вазифаси эса эҳтиёжни қоплашдир. Бундай қонуниятни Аллоҳ яратган бўлиб, уни олиб ўтириш Аллоҳнинг қонуниятини амалга оширмасликка уриниш ҳисобланади. Бу эса тўғримас. Айни шу сабабдан, Аллоҳ унинг бир қисмини камбағалга беришга буюради. Токи, юқорида айтиб ўтилган илоҳий қонуниятга нисбатан тўсиқ юзага келмасин.

Учинчидан. Камбағал кишиларнинг таъминоти ҳам, бойларники ҳам Аллоҳнинг зиммасида. Бойларга берилган бойлик аслида Аллоҳники, бойлар эса шунчаки хазинабон ҳисобланади. Киши ўз хазинабонига “мен масъул бўлганларга фалон миқдорга маблағ ажратгин” дейиши мустабидлик саналмайди. 

2.  Ислом дини моллардан олинадиган закот миқдорини адолат билан белгилаганки, бойнинг саъй ҳаракатларига нисбатан ҳам, камбағалнинг муҳтожлигига нисбатан ҳам жабру зулм қилинмаган.

Ибн Қоййим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг закот борасидаги илоҳий кўрсатмалари ҳақида гапириб, бундай деган: “Закотнинг қачон берилиши, қанча берилиши, кимлар бериши, кимларга берилиши борасида илоҳий кўрсатмаларни мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, ундан мукаммалроқ низомни ҳеч ким топиб бера олмайди. Ушбу низомда бойга ҳам, камбағалга ҳам ноҳақлик қилинмаган. Аллоҳ таоло закот берган кишини ҳам, унинг молини ҳам поклайди. Бой киши Аллоҳ берган бойлик неъматининг шукрини адо қилар экан, Аллоҳ унинг молини Ўз ҳимоясига олади, уни кўпайтиради, дунёю охиратдаги турли офатлардан асрайди.

Айтганларимизни бирма бир шарҳлаймиз. Аллоҳ таоло закотни бир йилда бир марта бериш шартлигини белгилаб қўйган. Мева-чевалар учун эса, улар пишиб етилган вақтда олинишини айтган. Бу энг адолатли йўл ҳисобланади. Агар бу нарсалар ҳар ой, ёки ҳар ҳафта олинса, бойга қийин бўлиб қолади. Аммо умрида бир марта деб белгиланса, унда камбағалга жабр қилинади. Шунинг учун энг яхши йўл бир йилда бир марта бўлганидир. Лалми экин-текинлар учун олинган ҳосилнинг ўндан бири (ушр) берилади. Ҳосил олинмаса, бермайди. Агар қўлда суғорилган ёки ижара эвазига парваришланган экинлар ҳосилидан йигирмадан бири берилади. Тижорат мақсади кўзланган пуллардан қирқдан бири берилади. Чунки тижоратни юритиш экин-текин ишларидан анча машаққатли. Экиннинг ўсиши Аллоҳнинг табиатдаги ҳодисалари, об-ҳавога ҳам боғлиқ. Тижоратнинг юриш юрмаслиги эса, фақат кишининг меҳнатига боғлиқ. Экин-текинлар жуда тез ривожланади, тижорат эса секинроқ.

(давоми бор)
Ёрбек Исломнинг «Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом хаёл эмас, ҳаёт динидир!

1796 11:55 04.04.2020

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

341 20:04 03.04.2020

Бойлик, саховат саҳобалар ва ҳозирги бойлар мисолида

1399 12:30 03.04.2020

“Ислом умматининг 100 буюк шахси”: Имом Шавконий

598 20:30 02.04.2020

Закотни қанча бериш керак?

538 20:00 02.04.2020

Закот ҳақидаги мулоҳазалар

317 12:00 02.04.2020
« Орқага