Ислом

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

477

Закотнинг Ислом динидаги аҳамияти

Бу диннинг мўъжизакорлигини, то Қиёматгача қолажак Аллоҳнинг дини эканлигини исботлайдиган нарса шуки, Ислом биринчилардан бўлиб камбағаллик муаммосини ҳал қилишга эътибор қаратди, ҳеч қандай эваз талаб қилмай, уларга ёрдам қўлини чўзиш йўлларини кўрсатиб берди. Закот Ислом динида арзимас, иккиламчи масала эмас. Аксинча, закот диннинг устунларидан бири саналади. Аллоҳ таоло закотни одамларнинг молларидаги камбағалларнинг ҳақлари сифатида кафолатланган. У Ислом динининг учинчи устуни, буюк шиори, муҳим ибодатларидан биридир.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом беш устундан иборат: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва имконияти борларнинг Байтуллоҳни ҳаж қилиши”, дедилар”.

Қуръонда айтилганидек, закот берган киши башарти ширк келтирмас ва намоз ўқир экан, жаннатга киради. Бундан ташқари, у туфайли ўзаро қардошлик алоқалари мустаҳкамланади. Аллоҳ таоло уруш қилмоқчи бўлган мушриклар ҳақида бундай деган: “Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир”.  “Бас, агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, дин қардошингиздирлар” .

Демак, ғайримуслим киши, то тавба қилиб, намозларни тўкис адо этиб, жамиятдаги молиявий алоқаларнинг асоси бўлган закотни берсагина мусулмонлар сафига қўшилар экан.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни кузатадиган бўлсак, намоз билан закот доимо ёнма-ён келганини кўришимиз мумкин. Чунки намоз билан закот ўзаро бири-бирига боғлиқ масалалардир. Киши уларга ўз ўрнида риоя қилсагина, комил мусулмон бўлади. Намоз – диннинг устуни. Ким уни мустаҳкамласа, дини мустаҳкам бўлади. Ким уни барбод қилса, дини барбод бўлади. Закот эса, Исломнинг кўпригидир. Ким ундан ўтса, нажот топади. Ҳаддидан ошган ҳалок бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳу Зайд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги гапларини келтирганлар: “Намоз билан закот биргаликда фарз қилинди, бир-биридан ажратилмаган. “Бас, агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, дин қардошингиздирлар” . Намоз қабул бўлиши учун закот ҳам адо этилиши керак. Аллоҳ Абу Бакрни раҳматига олсин, жуда фақиҳ инсон эди!”. Яъни Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг “Аллоҳга қасамки, намозни адо этсалару закотдан бош тортсалар уларга қарши қарши жанг қиламан” деган сўзларини назарда тутмоқдалар.

Қуръон таъбири билан айтганда, закот бу фақат иймони бор, ҳақиқий тақводор бандаларгина адо қиладиган амал ҳисобланади. Закот иймон белгиси, ихлос маёғидир. Ҳадиси шарифларнинг бирида келганидек, “садақа ҳужжатдир”.

Киши закотни бермас экан, Аллоҳ ваъда қилган ютуқларга эриша олмайди, жаннатга кира олмайди, ҳидоят топа олмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир. Улар закотни адо қилувчилардир” ;

“Мўминлар учун ҳидоят ва хушхабардир. Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга қаттиқ ишонадиганлардир” .

Имкони бўла туриб закот бермаганлар Аллоҳ таоло айтган қуйидаги мўминларнинг сафига қўшила олмайдилар: “У муҳсинларга ҳидоят ва раҳматдир. Улар намозни тўкис адо этадиган, закотни берадиган ва охиратга ишонч-ла иймон келтирадиганлардир” .

Закот бермаганлар Аллоҳга яқин – тақводор банда бўла олишмайди. Аллоҳ таоло бундай деган: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” .

Закот бериш кишини ширкдан ажратади. Қуръонда келади: “Мушриклар ҳолига вой бўлсин. Улар закотни адо этмаслар ва улар ўзлари охиратга куфр келтирувчилардир” .

Закот бермайдиганлар мунофиқларни Аллоҳ таоло бундай сифатлаган: “Қўлларини маҳкам юмарлар” . Яъни инфоқ қилмаслик учун қўлларини маҳкам юмиб оладилар. “Доимо ёқтирмай инфоқ қиладилар” .

Закот бермаганлар Аллоҳ мўминларга ваъда қилган раҳматга лойиқ бўла олмайдилар. Оятларда қуйидагича келади: “Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман” ;

“Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур” .

Закотни адо қилмаганлар Аллоҳнинг ҳам, Расулининг ҳам, мўминларнинг ҳам дўстлигига лойиқ эмаслар: “Албатта, сизнинг валийларингиз Аллоҳ, Унинг Пайғамбари ва бўйсунган ҳолларида намозни қоим қилиб, закотни адо этадиган иймон келтирганлардир” .

Закотни бермаганлар Аллоҳ ваъда қилган нусратга эриша олмайдилар: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир. Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир” .

Закотни бермаганларга Аллоҳ таоло дунёю охиратда аламли азоблар борлигини айтган. Олтину кумушларни яшириб қўйиб, Аллоҳнинг буйруғини бажармаганларга охиратдаги азоблари қандай бўлишини қуйидаги оятдан билиб олишимиз мумкин: “Олтину кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер. Бир куни ўша (олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари, ҳамда орқаларига босилиб: “Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!” дейилур” .

Дунёдаги зарарлари тўғрисида ушбу ҳадиси шарифлар ворид бўлган: “Одамлар закот бермай қўйсалар, Аллоҳ уларни қаҳатчилик ва очарчилик балосига гирифтор қилади” ;

“Ўз молларининг закотини бермасалар осмондан бир томчи ҳам тушмаслигини кафолатлаган бўладилар. Ҳайвонлар бўлмаса, ёмғир ёғмайди” .

“Садақа (ёки закот) аралашган мол уни бузади” . Аралашган дегани закот бериладиган молнинг закоти берилмай, унда қолиб кетган, деганидир. Буларнинг ҳаммаси бу дунёда бўладиган зарарлар ҳисобланади.

Санаб ўтилганлардан ташқари бу дунёда яна бошқа зарарлари бор. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси муборакларида қуйидагича баён этилган: “Ким закотни савоб умидида берса, савобини олади. Кимки бермаса, Роббимнинг менга берган ваколати билан закотига қўшиб молининг ярмини ҳам оламан. Олганларимнинг ҳеч бири Муҳаммаднинг оиласига ҳалол эмас” .

Юқоридагилардан маълум бўладики, закот фақатгина тарғиб қилинган нарса эмас экан. Уни адо этмаслик катта гуноҳ бўлиш билан бирга, дунёнинг ўзидаёқ жавобгарликка тортилиши мумкин экан. Закот Исломнинг беш устунларидан бири бўлади. Буни деярли ҳамма билади. Фарзлиги тўғрисида шунчалик кўп ояти карималар, ҳадиси шарифлар келганки, исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз.

Уламоларнинг закот ҳақидаги фикрларига кўра, закотнинг фарзлигини ақл билан ҳам англаш мумкин. Бу борада Косоний “Бадоеъ” номли асарида қуйидаги мулоҳазаларни келтирган:

Биринчиси, закот бу бечораларга ёрдам бериш, Аллоҳ фарз қилган амалларга имкониятлари етарли бўлиши учун, ожизларга кўмаклашиш ҳисобланади. Фарз амалга олиб борувчи воситалар ҳам фарз бўлади.

Иккинчиси, закот берган одам фарз амални бажаргани учун гуноҳлардан покланади ва унда сахийлик, қўли очиқлик сифатлари шаклланади. Нафс одатда қизғанчиқ бўлади. Закот берганда шу нафс сахийликка одатланади, омонатдорликни, бировнинг ҳақи нималигини ўрганади. Буларнинг барчаси

Аллоҳнинг қуйидаги оятида мужассам бўлган: “Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан” .

Учинчиси, бойларни Аллоҳ таоло Ўз фазлу марҳамати билан бошқалардан устун қилиб қўйган ва бошқаларга бермаган неъматларини инъом этган. Берилган неъматларнинг шукрини адо қилиш ҳам ақлан, ҳам шаръан шарт ҳисобланади. Камбағалга закотини бериш эса, айни шукроналик белгисидир.

Демак, закот бериш мантиқий томондан олиб қаралганда ҳам шарт экан .

Ислом шариатида закот фарз ҳисобланар экан, буни тан олмаган киши иймондан ажраб қолади ва ўқ ёйдан чиққани каби мусулмончиликдан чиқиб кетади.

Ибн Қудома бундай деган: “Айримлар закотнинг фарзлигини тан олмасликларига у ҳақда маълумотга эга эмаслиги ёки Исломга энди киргани сабаб бўлиши мумкин. Эҳтимол одамлардан узоқда яшагани учун ҳам фарзлигидан хабарсиз қолгандир. Бундай вазиятда у айбсиз бўлади. Шунинг учун ҳам, фарз эмас деган одамни дарров кофирга чиқармаслик, унга, аввало, закотнинг фарзлигини тушунтириш лозим.

Аммо олимлар мусулмонлар кўп юртда туғилиб, ўша ерда истиқомат қилаётганлар закотнинг фарзлигини тан олмаса, диндан қайтади деб ҳисоблайдилар. Зотан, закотнинг фарзлиги ҳақида келган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар инкор этиб бўлмайдиган даражада кўпдир. Закотни инкор этган инсон аслида Қуръон ва суннатни тан олмаган бўлади” .

(давоми бор)
Ёрбек Исломнинг «Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом хаёл эмас, ҳаёт динидир!

1782 11:55 04.04.2020

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

339 20:04 03.04.2020

Бойлик, саховат саҳобалар ва ҳозирги бойлар мисолида

1397 12:30 03.04.2020

“Ислом умматининг 100 буюк шахси”: Имом Шавконий

597 20:30 02.04.2020

Закотни қанча бериш керак?

535 20:00 02.04.2020

Закот ҳақидаги мулоҳазалар

317 12:00 02.04.2020
« Орқага