Исломда ҳижобнинг аҳамияти

14:00 10.02.2018 1858

Аллоҳ таоло муслималарга ҳижобни фарз қилди. Унинг фарзлигига Қуръони каримда бир нечта оятлар бор: “Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган зотдир”. Аҳзоб,59.

Бошқа бир оятда: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби) аёлларга ё қўл остиларидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина (кўрсатишлари жоиздир). Яна яширган зеб-зийнатлар билинсин учун оёқларини (эрга) урмасинлар! Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”. Нур, 31

Ансор аёллар ушбу оятлар нозил бўлганда Роббиларининг амрига “лаббай” деб, унинг розилигини истаб, кийимларидан ўзларига химор – рўмол йиртиб олишди.

Ислом ҳижобни шариатга киритиб ва муслима аёлга ҳижобни фарз қилиб, танасидаги авратларини яшириш билан унинг жамиятдаги ўрнини ҳам яширишни қасд қилмади. Ислом ҳижобни муслима аёлнинг шиори, рамзи, аломати қилишни мақсад қилди. Гоҳида фитначиларнинг аёлни эрки ва уларни эркаклар билан тенглиги шиорлари остида муслима аёлларнинг ҳижобларига таъналар айтилгани эшитилиб туради. У жоҳил кимсалар муслима аёл учун ҳижобниниг аҳамияти, унинг жамиятга етказадиган фойдаларини қаердан ҳам англашсин? Хўш, исломда ҳижобнинг аҳамияти қандай?

• Жамиятдаги фитна эшикларини ёпиш ва ёшларни бузуқликларга кириб қолишини олдини олиш; Аёлларнинг кўчаларда авратларини кўрсатиб юришлари уларга нисбатан эркакларнинг рағбатини оширади, уларни бузуқлик қилишга ундайди, эркаклар кўз ўнгида уларни бир буюмга айлантиради. Улар ўзларини сақлаб ҳижобда, ўраниб жамиятга аралашишса, жамиятда иффат, фазилат, орият каби ахлоқларни тарқалишига восита бўлишади. 

• Ҳижоб муслима аёлга исломий ахлоқ руҳиятини бериб, уни шу руҳиятда тарбиялайди. Уни Аллоҳ буюрганларини қилиб, қайтарганларидан қайтишга ундайди. Эркаклар ҳақида “Соқол қўйиш ва уни ўстириш тақво уруғларини экиб, уни бузуқ, фаҳш ишлардан қайтаради. Уни ноўрин ишларни қилишдан, ноўрин жойларда бўлишдан сақлайди. Соқоли унга Исломий руҳият, набавий ҳайбат, ўзига ишонч туйғуларини беради. Ҳақиқий эркак бўлишга ундайди”, дейилганидек, аёллар ҳақида ҳам “Ҳижоб муслиманинг юзидаги нури, Исломининг белгиси, ҳаётининг мазмуни, Аллоҳ буюрганларини қилишга ундайдиган, Унга осий бўлишдан қайтарадиган ҳамроҳи” дейилади.

• Ҳижоб муслима аёлнинг аломати. Уни бошқалар (ғарб аёллари, уларга тақлид қиладиган, Исломнинг моҳиятига етмаган, арзимаган нимадирларгадир ҳижобларини алмашадиганларнинг аҳволи маълум) дан ажратиб туради. Ҳижоб муслима аёлга ўзгача бир кўриниш беради. У берганларнинг барчаси гўзаллик, латофат, ҳайбат кабилардан иборат. Бу асрлар давомида бутун инсониятни ҳайратга солиб, лол қолдириб келмоқда. Ҳижоб ҳақиқий муслима аёлни ҳаққа эришишни хоҳлаган бошқа аёлларга гўзал бир намуна, ўрнакка айлантиради. 

• Энг муҳими, инсонлар қалбларида рашк, орият, иффат каби гўзал ахлоқлар тарбиялаш воситасидир.
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!