Исломда ибодатнинг маъноси

15:00 18.12.2018 594

Ибодат Аллоҳ таолонинг ҳар бир умматга бажаришга буюрган ва унинг қандай бажарилишини ўргатиш учун пайғамбарлар юборган ишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳмат қилади: “Дарвоқе, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқлашинглар” (деган ваҳий билан) пайғамбар юборганмиз” (“Наҳл” сураси, 36-оят).

Ибодат сўзи арабча “таъбид” сўзидан олинган бўлиб, “итоат қилмоқ”, “бўйин эгмоқ” деган маънони билдиради. Аллоҳга ибодатнинг умумий ва хусусий икки хил маъноси бор. Бу сўздан “бўйинсуниш” мақсад қилинса, умумий маъно кўзланган бўлади. Бунга барча яралмиш киради. Зеро, катта-кичик барча оламлар, ақлли-ақлсиз, кофир-мўмин, бутун одамзот, жонли-жонсиз ҳаммаси Аллоҳ таолонинг махлуқоти бўлиб, Унинг амри билан вужудга келади, иродаси билан жараён этади.

Агар “ибодат” сўзидан Аллоҳнинг буюрганларини бажариш кўзда тутилса, унда бу маъно фақат мўминлар учун хос бўлади. Чунки улар Аллоҳ таолога ҳақиқий бандалик қиладилар. Улар шундай кишиларки, Аллоҳ таолони барча исм ва сифатлари билан танишади, Унга бирор нарсани шерик деб билишмайди. Фақатгина Ўзига холис бандалик қилишади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: (Иблис) айтди: “Эй Раббим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Илло, уларнинг орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодирлар). (Аллоҳ) деди: “Менинг зиммамдаги Тўғри йўл шудки, Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло, сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан) (“Ҳижр” сураси, 39-42-оятлар).

Аллоҳ таоло буюрган ибодат Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган зоҳирий, ботиний сўз ҳамда ҳаракатни бажариш ва унга терс тушадиган ҳар қандай нарсадан узоқ бўлиш демак. Бу ибодатларнинг таянчи эса ихлосдир.

Ибодатда ихлос ва сидқ бўлиши шарт. Мўмин Аллоҳ таоло буюрганини бажариш, тақиқлаганидан қайтиш, Ҳисоб кунида Аллоҳ таоло ҳузурида туришга тайёрланиш, дангасаликни ташлаш ва нафсининг истакларига қарши боришга ғайрат қилиши лозим.

Бундан ташқари, ибодатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ келиши, динда кейин пайдо бўлган ҳар хил бидъатларни қўйиб, Аллоҳ таоло буюрганидек ибодат қилиши керак.

Юқоридаги таърифларга зид келадиган ҳамма нарса инсонларга қуллик қилишдир. Ширк, риё, бандасининг розилигини кўзлаб, Аллоҳнинг амрларини тарк қилиш Аллоҳга бандалик доирасидан ташқаридаги ишлардир.

Аллоҳга бандалик муҳаббат, қўрқув (хавф) ва умид (ражо)ни жамлайди. Банда Раббини яхши кўради, Унинг жазосидан қўрқади, раҳмати ва савобидан умид қилади. Зеро, булар бандаликнинг ажралмас уч рукни, Аллоҳ таолога қуллик хорлик эмас, балки шарафдир.

Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ бандаларидан қилсин!

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!