Исломда илм (2-қисм)

21:00 05.05.2019 218

Агар яхши мулоҳаза қилсак, илмга эътибор Қуръон нозил бўлишидан ҳам аввал, Одам яратилишидан бурун бошланган. Қуръон оятлари фаришталар Одамга сажда қилиш воқеасини ҳикоя қилади. Қиссада Аллоҳ Одамга илм бергани, шу илм билан фаришталардан афзал бўлгани айтилади. Эътибор беринг: Одам алайҳиссалом фаришталардан тасбеҳ, зикр, намоз билан эмас, балки илм билан афзал бўлди. Илм сабаб фаришталарни Одамга сажда қилдирди. Қисса қуйидагича бўлган эди: “Эсланг, (эй, Муҳаммад,) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, деганида, (улар) айтдилар: “ Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз”. (Аллоҳ) айтди: “ Мен сизлар билмаган нарсани биламан”. (Аллоҳ) Одам (Ато)га барча номларни ўргатди. Сўнг уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: “Агар ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Улар) дедилар: “Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир. Албатта, Сен илм ва ҳикмат эгасидирсан”. (Аллоҳ) айтди: “Эй, Одам, уларга номлари билан айтиб бер”. Уларга номлари билан айтиб берганида, (У) деди: “Мен осмонлар ва Ер сирларини, сизлар ошкор қилаётган ва яшириб юрган нарсаларингизни билурман, демаганмидим?! Эсланг, (эй, Муҳаммад,) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, кибр қилди ва кофирлардан бўлди” ("Бақара" сураси, 30–34-оят).

Шундай қилиб, Одам алайҳиссалом яратилгандан илм билан Аллоҳнинг Ердаги элчиси бўлди. Инсон илм йўлини маҳкам тутса, илмга тўймаса, бу йўлда риёзат чекса, у вакил бўлишга ҳақли бўлади. Аксинча, жоҳилликка одатланса, илмдан узоқлашса, бундай имкониятни бой беради, шаъни улуғ, иззатли, солиҳ банда бўла олмайди.

Илмнинг шарафи фақат инсон яралиши билан бошланмаган. Чунки Аллоҳ биринчи бўлиб илм воситаси бўлган қаламни яратган, буни Имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло аввало қаламни яратиб, “Ёз!” деди, қалам: “Нимани ёзаман?” деди, Аллоҳ деди: “Қадарни ёз, бўлиб ўтганни ҳам, энди бўладиганни ҳам”. Демак, илм – инсон ҳаётининг бош меҳвари, қиёматгача шундай бўлиб қолади.

Пайғамбар алайҳиссалом илм ва Аллоҳнинг зикрисиз дунё қийматсиз бир матоҳ эканини айтганларида ҳеч муболаға йўқ. Имом Термизий ривоят қиладилар: Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир, фақат Аллоҳнинг зикри, унга ошно бўлиш, илм ўргатиш, илм ўрганиш яхшидир”.

Илмсиз ҳаёт мазмунсиздир. Илм йўқолиши қиёмат яқинлашганидан белгидир. Шу ҳақда Бухорий ва Муслим ривоятида Пайғамбар алайҳиссалом дейдилар: “Илмнинг кўтарилиб кетиши, жоҳиллик тарқалиши, маст қилувчи ичимликлар ичилиши, зино авж олиши – қиёмат аломатларидандир”. Илм кўтарилиши қалблардан ўчиб кетиш билан бўлмайди, балки уламолар ўлиши билан бўлади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ илмни бандалардан тортиб олмайди, лекин олимларни олиш билан олади. Олим қолмагандан кейин одамлар илмсиз, жоҳил кимсаларни бошлиқ қилиб оладилар. Улардан савол сўраганларида, илмсизлар фатво бериб ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштирадилар” (Бухорий, Муслим ривояти). Дарҳақиқат, олимнинг ўлими зилзила, сув тошқинидан ҳам катта офатдир. Зеро, олим ўлиши билан фасод кўпаяди, ҳаёт ўз қийматини йўқотади.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Кечалари қоим, кундузлари рўзадор бўлган мингта ибодатгўйнинг ўлими – Аллоҳнинг ҳалол-ҳаромини  яхши билувчи битта олимнинг ўлимидан енгилроқдир” (“Буғятил боҳис ан завоиди Ҳорис”).

Улуғ олим саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собит вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Аббос шундай деган: “Илм қандай кетишини биласизларми?! Мана шундай олимлари ўлими билан кетади!” (Ибн Ҳажар, “Таҳзибут-Таҳзиб”).
 

Доктор Роғиб Саржонийнинг
"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!