Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Исломда иқтисодий таълимотнинг таянч асослари

845

Мусулмон олимларининг иқтисодий қарашлари Қуръон ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосига қурилган. Лекин Қуръоннинг ўзида аниқ иқтисодий муносабатлар шаклларига бағишланган қоидалар у қадар кўп эмас. Шунинг учун фикҳда у ёки бу иқтисодий ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисидаги кўрсатма ва изоҳлар эмас, балки асрлар оша мусулмон фиқҳшунослари аҳамият қаратган алоҳида шарҳлар бўйича умумий қоидалар муҳим ўрин эгаллаган. Масалан, Қуръондаги машҳур оятларни мусулмон фиқҳшунослари хусусий мулкчиликнинг жоизлигини билдирувчи оятлар сифатида талқин этадилар:

“У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот. Сўнгра осмонга юзланди ва уларни еттита қилиб тўғрилади. Ва У ҳар бир нарсани билувчи Зотдир” (Бақара, 29).

Қуйидаги оятларни эса қозилар ҳукм чиқаришда икки ҳуқуқий асосдан камроқ уриниш талаб этадиган ва шунга мувофиқ инсон томонидан озроқ моддий харажат қилинадиган қоидаларни тадбиқ этиши лозимлиги учун асос қилиб олинган:

“...Аллоҳ сизларга енгилликни ҳоҳлайди ва сизларга қийинликни ҳоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз” (Бақара, 185).

Шундай қилиб, бундай оятлар сиртдан қараганда иқтисодий ва тадбиркорлик фаолияти муносабатларига дахлдор саналмаса-да, асрлар давомида мусулмон фиқҳшуносларини жамиятдаги иқтисодий муносабатларга тааллуқли бўлган масалаларни кўриб чиқувчи асарларни яратишга рағбатлантириб келган.

Айрим иқтисодий муаммолар умуман олганда, Қуръонда ва айниқса, ҳадисларда батафсил ёритиб берилган. Аллоҳ таоло кейинги оятларда шундай баён этади:

“Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. ”Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”, деб айт “ (Бақара, 215).

“Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир” (Заарийаат, 19).

Вақти бўйича охиргидан аввалги туширилган Қуръон сураси “Тавба”да закот олишга ҳақли бўлган шахслар таъкидлаб ўтилган:

“Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир” (Тавба, 60)

Барча мўътабар саналган саҳиҳ ҳадис тўпламларида энг катта ва алоҳида боблар закотга бағишланган. Бундан ташқари, мусулмон олимларининг фикрига кўра, “тозаловчи” шаръий солиқ (закот) билан бир қаторда шариатга мувофиқ мерос тартиби ҳам жамиятдаги мулкларни қайта тақсимлашда муҳим ўрин эгаллайди:

“Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир. Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у (мерос)дан ризқлантиринглар ҳамда уларга яхши гап айтинглар. Ўзлари заифҳол зурриётларни ортдан қолдиришдан қандай қўрқсалар, (бошқалар ҳақида ҳам) шундай қўрқсинлар. Бас, Аллоҳдан қўрқсинлар ва тўғри сўз айтсинлар” (Нисо, 7-9).

“Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярми тегади. Агар боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг. Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бири тегур. Агар улар бундан кўп бўлсалар, учдан бирига шерикдирлар. Зарар қилмайдиган васиятни ёки қарзни адо этгандан сўнг. Булар Аллоҳнинг васиятидир. Ва Аллоҳ билувчи, ҳалийм Зотдир” (Нисо, 12).

“Ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсага ҳар бир киши учун меросхўрлар қилдик. Қасамингиз ила боғланганларга насибасини беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир” (Нисо, 33).

Юқорида қайд этиб ўтилганидек, шариат мулкчилик ҳуқуқини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратади. Масалан, ўғрилик учун мусулмон ҳуқуқчилигида қатъий жазо белгилаб қўйилган:

“Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу уларнинг қилмишига жазо ва Аллоҳдан иқобдир. Аллоҳ азиз ва ҳакиймдир” (Моида, 38).

Шу билан бирга инсон қотилидан бу дунё ҳаётида қасос олиниши шарт бўлмайди. Шариат бўйича қотил мақтулнинг қариндошлари томонидан кечирилиши мумкин. Бу шунинг билан изоҳланадики, ўғирлик белгилаб қўйилган жазони – ҳаддни ўзига жалб этган жиноят гуруҳига киради ҳамда жамият ҳаётига катта хавф солади. Бу тоифадаги жиноятларни содир этилиши бутун жамият манфаатларига қарши қаратилган бўлади ва ҳатто Аллоҳ белгилаб қўйган чегараларни бузиш ҳисобланади. Инсоннинг ўлдирилиши эса иккинчи тоифадаги жиноятлар таркибига киради ва қасос тамойили бўйича жазоланади. Бу ерга шунингдек, шариат нуқтаи назаридан алоҳида кишилар манфаатларини бузувчи ва хавфи унчалик катта бўлмаган жиноятлар ҳам киради (тан жароҳати етказиш ва ҳк). Улар учун Қуръон ва ҳадисларда бошқа жазо турлари белгилаб қўйилган. Масалан, қасддан ўлдирганлик учун, агар мақтулнинг қариндошлари ундан хун олишга рози бўлмасалар ёки уни кечирмасалар, жиноятчи қатл этилиши шарт. Агар жиноятчи кечирилса, давлат томонидан бирон-бир жазо чораси қўлланиши мумкин, лекин бу ҳолатда жиноятчини яшаш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.

Қуръонда тақиқланган рибо (судхўрлик) ҳам мулк ҳуқуқини бузиш сифатида талқин этилиши, рибо амалиётларини амалга оширган одам бошқалар мулкини ноқонуний ўзлаштирганлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши лозим.

“Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас” (Бақара, 276).

“Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг” (Бақара, 278).

“Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз” (Оли Имрон, 130).

Аллоҳ таоло энг аввало етимларнинг, аҳолининг кам ҳимояланган қатламининг мулкини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратган:

“Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг. Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмаймиз...” (Анъом, 152).

Ўзаро ҳамкорлар ўртасида адолатга риоя этилиши ҳам ўзининг аҳамияти жиҳатидан жуда муҳим ҳисобланади. Шартнома тузишда эътибор қилиниши лозим бўлган қоидалар қуйидаги оятда баён этиб берилган:

“Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббисига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эсипаст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови (аёл) дан бирорталари адашса, бирлари бошқаларининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз, Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир” (Бақара, 282).

Қуръонда бир неча марта битимларга риоя этиш ва амалий муносабатларда адолатли бўлиш лозимлиги таъкидланади:

“Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирса ва яхши молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса: аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (Бақара, 177).

“Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг. Сизга, кейин тиловат қилинадиганларидан бошқа, чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди, эҳромдалик вақтингизда овни ҳалол санамаган ҳолингизда. Албатта, Аллоҳ нимани ирода этса, шуни ҳукм қиладир” (Моида, 1).

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз. Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкид қилинганидан сўнг бузманг. Батаҳқиқ, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз-а. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур. Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун, қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг. Албатта, бу билан сизни Аллоҳ синамоқда, холос. Албатта, У қиёмат куни нима ҳақида ихтилоф қилганингизни баён қилиб берур. Агар Аллоҳ ҳоҳласа, сизларни бир уммат қилар эди. Лекин ҳоҳлаган кимсани залолатга кетказади ва ҳоҳлаган кимсани ҳидоят қиладир. Ва, албатта, қилиб юрган амалларингиздан сўралурсизлар. Қасамларингизни орангизда алдов воситаси қилиб олманг. Бас, қадам собит бўлганидан сўнг тоймасин ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганингиз учун ёмонликни татиб юрманг. Сизга улкан азоб бўлмасин. Аллоҳнинг аҳдини оз баҳога сотиб юборманг. Агар билсангиз, сиз учун албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқдир” (Наҳл, 90-95).

“Етимнинг молига, токи у балоғат ёшига етгунча, яқинлашманглар. Магар яхшилик ила бўлса, майли. Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд масъул бўлган ишдир” (Исро, 34).

Шундай машхур ҳадис ҳам борки, унда мусулмонлар ўз мажбуриятларига боғланганликлари айтиб ўтилган. Бу масалада барча мусулмон фиқҳшунослари якдил фикрдалар. Иймон келтирганлар ўз мажбуриятларини бажаришда Аллоҳ таолонинг Ўзидан ўрнак олишлари лозим:

“Ва: “Бизга (дўзах) ўти ҳеч тегмас, тегса ҳам саноқли кунларгина тегар”, -дедилар. “Аллоҳдан аҳд одингизми? Зотан, Аллоҳ аҳдига ҳеч хилоф қилмас. Ёки Аллоҳнинг номидан билмаган нарсангизни гапиряпсизми?” деб айт” (Бақара, 80).

Исломнинг ўзи ҳам Аллоҳ билан битимдан ўзга нарса эмас:

“Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирувчи тижоратга далолат қилайми? Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Шундоқ қилмоқларингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир. Гуноҳларингизни кечирур ва сизларни адн жаннатларидаги остидан анҳорлар оқиб турган боғларга ва яхши масканларга киритур. Бу нарса сиз учун улкан ютуқдир” (Софф, 10-12).

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин

Таржимон: Ботирхўжа Жўраев

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 5 февралдаги 586-хулосаси асосида тайёрланган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

237 22:05 24.01.2022

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

544 21:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

413 20:10 24.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

224 19:30 24.01.2022

Ўзбекистоннинг яшаш учун қиммат давлатлар қаторидаги ўрни маълум бўлди

876 19:00 24.01.2022

Омикрон инсон танасига қандай кириши маълум қилинди

1010 18:30 24.01.2022
« Орқага