Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Исломда қарзни бошқага ўтказиш мумкинми?

758

Қарздор ўз қарзини бошқа бировга ўтказишига “Ҳавала” (ёки ўзбекчасига “ҳавола”) дейилади.

Мисол учун, Абдуллоҳ Аҳмаддан 1000 доллар қарздор. Абдуллоҳ шу қарзини Нуриддинга ўтказади. Мана энди Абдуллоҳнинг қарзини Нуриддин Аҳмадга тўлаб беради. Бироқ Нуриддин қарзни тўлаш қобилиятига эга эмаслиги маълум бўлса, у ҳолда Аҳмад қарзни яна қайтиб Абдуллоҳдан талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундай битим шариатда жоиз ҳисобланади, чунки бунда жамият аъзоларининг бир-бирини қўллаб-қувватлаши, ўзаро ёрдам, мурувват ва илтифот бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир. Қачон бирингиз бойнинг ортидан эргаштирилса, эргашсин”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бу ҳадисдан қарзи бор одам “мендаги қарзингни фалончидан оласан, унда менинг ҳақим бор” деса ва ўша одам бой бўлса, бундай (қарзни) ўтказиш таклифини қабул қилиш жоизлиги тушунилади. Ҳадисдаги “ортидан эргаштирилса”, деган жумла, ҳақи бор одам унинг ортидан “ҳақимни бер” деб эргашиб юра олишини билдиради.

“Бойнинг ортидан..” деган жумла эса камбағалнинг ортидан эргаштирилса бундай ўтказишни қабул қабул қилмаслик мумкинлигини билдиради.

Қарзни ўтказишнинг амал қилиш шартлари

Қарзни ўтказиш битими кучга эга бўлиши учун қуйидаги шартларга жавоб бериши керак:

1. Қарз берган томон қарзни бошқа бировга ўтишига рози бўлиши;

2. Қарздорнинг қарзни бошқа бировга ўтказишга розилиги. Зеро, у қарзини қандай тўлашни ўзи билади (яъни бу масалада унинг ихтиёри ўзида) ва уни қарзни тўлашнинг бирор бир усули билан чеклаш мумкин эмас;

3. Бошланғич қарз миқдори, кўриниши, тавсифи ва бошқа жиҳатлари ўтказиб берилаётган қарз билан бир хил бўлиши керак.

Юқорида келтирилган мисолда айтиб ўтганимиздек, агар ҳавола қилинган (иккинчи) қарздор қарзни белгиланган муддатда тўлолмаса, у ҳолда қарз берган томон биринчи қарздордан қарзни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, бир жойдан иккинчи жойга пул ўтказиш/етказиб беришни ҳам ҳавала деб аташади. Айтиб ўтиш лозим, “ҳавала” сўзи араб тилидан “тилхат” деб таржима қилинади. Бунда тилхат берувчи тараф ўша тилхатда кўрсатилган миқдордаги пул маблағини бошқа шаҳар/мамлакатда тилхатни тақдим қилиб талаб қилинган пайтда қайтариб беришни ўз зиммасига олади. Одатда бу жараён қуйидагича амалга оширилади:

А тараф муайян миқдордаги пул маблағларини ҳавала амалиёти билан шуғулланувчи Б тарафга беради, Б тараф шу пул маблағини олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беради. А томоннинг бошқа шаҳардаги вакили ёки Анинг ўзи ўша тилхатни Б тарафнинг бошқа шаҳардаги вакилига тақдим қилади ва тилхатда кўрсатилган миқдордаги пул маблағини олади. Албатта А тараф Б тарафга бундай амалиёт учун пул (хизмат ҳақи) тўлайди.

Замонавий банклар томонидан қўлланилувчи “йўл чеклари” ҳам ҳавалага мисол бўлиши мумкин (йўл чеклари бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга саёҳат пайтида жуда қулай бўлган молиявий восита бўлиб, бунда нақд пул банк тарафидан тақдим этилган чек (патта) кўринишига келтирилади ва саёҳатга нақд пулни йўқотиш ёки ўғирлатиш хавфисиз чиқилади).

Ҳавала амалиёти (хоҳ қарзни ўтказиш бўлсин, хоҳ пулни ўтказиш) унинг иштирокчиларига енгиллик туғдириши сабабидан рухсат берилгандир.

Ҳавала битими талаб ва таклиф, ҳамда икки томоннинг розилиги билан амалга оширилади.

Агар пул ўтказиш амалиёти билан шуғулланувчи томон вафот этиб қолса ёки юридик шахс сифатида тугатилса ҳам унга ҳавала асосида тақдим этилган пул маблағлари учун жавобгарлиги йўқолмайди, балки унинг ҳуқуқий ворислари ёки меросхўрлари томонидан ёки унинг мол-мулки ҳисобидан (бошқа қарз берувчилар билан бир қаторда) қопланади.

Ҳавала бўйича жавобгарлик (масъулият), олинган пул бўйича мажбуриятлар бажарилгандан сўнг, ёки томонларнинг ўзаро келишуви билан ёки пул берган томоннинг қарздан / берган пулидан кечиб юбориши билан якунига етади.

Ислом молияси сайтидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги ҳаётимиз

149 04:00 16.04.2021

Мусулмонларни ўлдирган террорчи қамоқхонадаги шароитдан норози

752 23:00 15.04.2021

Белгия ва Швейцария санитария чекловларини бекор қилмоқда

165 20:00 15.04.2021

Швецияда Ўзбекистон элчихонаси очилади

218 19:00 15.04.2021

Нукус шаҳрида учта янги масжид қурилиши бошланди

227 18:00 15.04.2021

Ангрен МИБнинг сўконғич раҳбари билан боғлиқ ҳолатни Сенат назоратига олди

371 17:30 15.04.2021
« Орқага