Ислом

Исломда савдога оид муҳим қоидалар (1-қисм)

1173

Савдо ва тижоратнинг қоида ва ҳукмларини ўрганиш вожиб ёки мустаҳаб амал саналади. Тижорат билан шуғулланмоқчи бўлган одам ҳаромга қириб қолмаслиги учун савдо қоидаларини ўрганиши вожиб бўлади. Шу сабабли, илм олмай туриб тижорат билан шуғулланган киши қуйидаги икки гуноҳга аралашиб қолиши мумкин:

1.  Ўзи учун вожиб бўлган илмни олмай, жаҳолат ва бепарволикка йўл қўйиш;

2.  Тижоратда ҳаромга аралашиб қолиш.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Бозоримизда савдо илмини яхши билмаган кишилар савдо қилмасин”, деганлар”.

Ушбу мавзуга алоқадор бўлган, яъни савдога оид фиқҳий қоидалар юзасидан аввалроқ саҳифамизда қўйган мақоламиз билан ҳам танишиб чиқишни маслаҳат берамиз.

Биринчи қоида: “Савдо аслида жоиз амалдир, яъни савдо исломда «мубоҳ» деб аталувчи тамойилга асосланади”.

Ушбу қоида Аллоҳнинг «…Аллоҳ байъ (савдо)ни ҳалол қилди…» (Бақара, 275) деган оятига асосланади.

Аллоҳ таоло шунингдек «…Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса…» (Нисо, 29) деб марҳамат қилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам савдо билан шуғулланганлар ва хатто яҳудий ва мушриклар билан ҳам савдо-сотиқ қилганлар.

Шулардан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, савдо мубоҳ амаллар сирасига киради.

Ибаҳа (жоизлик) – қилиниши ёки қилинмаслиги ихтиёрий бўлган амалдир.

Шунингдек, ҳар бир савдо битими учун бирор бир важ (исбот)нинг мавжуд бўлиши шарт эмас. Агар кимдир фалончининг савдоси ҳалол эмас деса, у ҳолда айнан унинг ўзи ўша фалончининг савдоси ҳалол эмаслигини исбот қилиши керак бўлади (яъни, савдогар ўз савдосининг ҳалоллигини исботлашга мажбур эмас).

Савдо-сотиқ мубоҳлигининг яна бир афзаллиги шундаки, биз ҳар бир савдо битимининг жоиз ёки жоиз эмаслигини ўрганиб чиқишимиз шарт эмас, асосийси биз савдода нималар ва унинг қайси турлари жоиз эмаслигини билишимиздир.

Қуйидаги ҳолатлар савдодаги «умумий жоизлик» тамойилини истисно қилади:

1. Савдо битими асосий шартларидан бирининг умуман ёки қониқарли тарзда бажарилмаганлиги;

2. Савдони амалга ошишига тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг мавжуд бўлиши;

Ушбу икки истиснонинг муҳим жиҳати, уларнинг савдо қилаётган томонлар ўртасида низо/зиддиятлар чиқишини олдини олишга қаратилган ҳикматга асосланганлигидир (яъни ушбу истиснодан бирининг мавжуд бўлиши низо ва зиддиятларга сабаб бўлади).

Ушбу қоидага мисоллар:

1. Насия савдога рухсат берилган, яъни харидор маҳсулот нархини бўлиб-бўлиб маълум бир муддат ичида тўлаши мумкин. Агар кимдир бундай савдо жоиз эмас деса, у ҳолда шундай деган киши буни исботлаб бериши керак. Аммо биз бундай савдони ботил қилувчи иккита ҳолатни мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

а) Пул, тилла ёки кумуш билан насия савдо қилиш мумкин эмас. Ушбу уч нарсанинг алмашувида бир нарса дарҳол, иккинчи нарса эса кейинроқ тақдим қилиниши мумкин эмас. Масалан кимдир тилла сотиб олмоқчи бўлса, у ҳолда у пулни хозир бериб, тилла сотувчи эса олтинни кейинроқ харидорга етказиб беришига рухсат берилмайди, чунки бунда “жойида/зудлик билан алмашинув” қоидаси бажарилмаган бўлади.

б) Томонлар бир неча сотув шартини бир битим доирасида кўзда тутишлари мумкин эмас. Масалан, шу нарсанинг нархи хозир тўланса 100 доллар, 6 ой ичида тўланса 120 доллар, агар 12 ойда тўланса 150 доллар бўлади дейиш мумкин эмас. Бундай шартларнинг барчаси шартнома тузилгунча муҳокама қилинади, аммо улар шартномага киритилмайди. Шартномада битта нарх ва битта тўлов муддати / муддатлари кўрсатилади.

в) Сотувчи ўзининг қўлида бўлмаган молни сотиши таъқиқланади. Масалан, мижоз дўконга кириб муайян русумдаги қўл телефонини сотиб олиш истагини билдиради. Сотувчи мижозга сўралган телефоннинг нархини айтади ва эртаси куни келиб олиб кетиши мумкинлигини билдиради. Мижоз рози бўлади ва телефон пулини тўлайди. Аммо бундай савдо таъқиқланган, чунки сотувчи ўша пули тўланган молга хали эга эмас.
________________________________________
Иккинчи қоида: “Шартномаларда мақсад ва маънолар аҳамиятга эга, сўзлар ёки сўз бирикмалари эмас”.

Ушбу қоида юзасидан олимлар ўртасида баъзи ихтилофлар мавжуд бўлишига қарамасдан айнан шу қоида аҳамиятга моликдир.

Бу қоидага ҳам иккита мисол келтириб ўтамиз:

а) бир шахс қарз берувчига айтади, «мен мана бу одамнинг қарзи бўйича кафиллик бераман ва унинг қарзини узиш бўйича мажбуриятни ўз зиммамга оламан, мана шу дақиқадан бошлаб бу одам олган қарзидан озод», дейди. Бу ҳолатда бу одам гўё кафиллик бермоқда, аммо маълумки кафилликда қарз бўйича мажбуриятга кафил ҳам қўшилади, лекин қарздорнинг мажбурияти ҳам, то қарз тўлиқ ёпилмагунча унинг зиммасидан соқит бўлмайди. Мана бу ҳолатда эса, кафиллик бераётган шахс аслида кафиллик бермаяпти, у қарзни тўлиқ ўз зиммасига олиб, қарздорни қарздан бутунлай озод қилмоқда, бунинг номи кафиллик эмас, балки «ҳавала» шартномаси дейилади (ўзбек тилида ҳам «ҳавола қилмоқ» деган ибора бор).

б) бир одам иккинчисига «мен сенга ушбу автомашинани 2000 доллар эвазига ҳадя қиламан», дейди. У бу ҳолатда «ҳадя» (совға) сўзини қўллаган бўлса ҳам, бу ҳадя эмас, балки савдо шартномасидир (яъни у автомашинани 2000 долларга сотяпти), чунки ҳадяга асосланган шартнома билан савдо шартномасининг ўртасида анча фарқ бор ва уларнинг ҳар бири ўз ўрнида бажарилиши керак.

Ушбу қоида ҳам ислом динининг мадори бўлган, «Амаллар ниятларга кўра» ҳадисига асосланади.

Мантиқан олиб қарайдиган бўлсак ҳам, ҳар қандай кишида аввало ният туғилади, сўзлар эса фақатгина ўша ниятларнинг ифодасидир, яъни ниятлар бирламчи, сўзлар эса иккиламчи. Шунинг учун ҳам биз матн бўйича тушунмовчилик пайдо бўлганда маъноларга эътибор қиламиз.

Кимдир ўз манфаати йўлида (қандайдир ишини битириш ниятида) бирор мансабдор шахсга совға берса, гарчи у бунинг номини совға деб атаса ҳам бу нарса пора бўлиб қолаверади.

Ваниҳоят, агар қайсидир савдо битимлари учун махсус ибора ва таърифлар ишлаб чиқилмаган бўлса, у ҳолда бемалол урфга мурожаат қилинаверади, яъни инсонлар муайян савдо амалиётлари доирасида ўз ният мақсадларини ифодалаш учун қўллайдиган сўз ва иборалардан фойдаланилаверилади.

Иккинчи қоидадан қандай хулосалар чиқарамиз?

Битим тузиш учун сўзлар шарт эмас. Бунга мисол қилиб араб тилида بيع المعاطة деб аталувчи битимни келтириш мумкин. Ушбу битимнинг мазмуни шундаки, бунда томонлар бир оғиз ҳам сўз айтмасдан савдо-сотиқни амалга оширишлари мумкин. Одатда бундай савдо-сотиқ бозор ва дўконларда амалга оширилади. Харидорлар маҳсулотни бир оғиз сўз айтмасдан пештахтадан олишади ва ғазначи олдига бориб пулини тўлашади. Кўриб турганимиздек бунда савдо-сотиқ сўзлар эмас, хатти-ҳаракатлар ёрдамида (ب الفعل) амалга оширилди (мана шундан ҳам савдо битимларидан мурод сўз бирикмалари қўллаш эмас, балки савдони амалга ошириш эканлигини англасак бўлади).

Ислом молияси сайтидан олинди 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жошуа Эванс: Мен қандай қилиб мусулмон бўлдим? (5-мақола)

574 20:35 15.07.2020

Феминизм Исломда

909 14:40 14.07.2020

Жошуа Эванс: Мен қандай қилиб мусулмон бўлдим? (4-мақола)

1328 21:11 10.07.2020

Истисно ва Пайғамбарлар алайҳимуссалом аёллари ҳақида

933 19:20 07.07.2020

Қабул-2020: ««Ҳидоя (Мулла Қирғиз)» ўрта махсус Ислом билим юрти

794 18:00 06.07.2020

Алҳамдулиллаҳки, сигирга сиғинмаймиз...

1316 19:30 05.07.2020
« Орқага