Ислом

Исломда шифохоналарнинг ташкил этилиши

947

Валид ибн Абдулмалик замонида Исломдаги илк шифохона барпо қилинди. У шифохона фақат моховлар учун махсус эди. Уларга табиблар ва мояналар тайинланди ҳамда беморлар чиқиб кетмасликлари учун ҳибс қилиб қўйишга амр этилди. Улардан ташқари кўрларга ҳам маош белгиланганди. Кейин бирин-кетин шифохоналар қурила бошланди. Улар «бемористон», яъни касалхона номи билан танилганди.

Шифохоналар икки хил: кўчма ва доимий бўларди. Кўчма шифохоналарни биринчи бор Ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт эканликларидаёқ урфга киритганди. Ҳандақ ғазотида ярадорлар учун чодир тикилганди. Саъд ибн Муоз тирсакларидан яраланган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни кўчма чодирга олиб боринглар, тоинки яқиндан кўриб тураман», дедилар. Бу – Исломдаги кўчиб юрадиган биринчи ҳарбий шифохона эди. Кейинчалик ундан халифа ва подшоҳлар кенг фойдаланадиган бўлишди. Ҳатто, кўчма шифохоналар касал муҳтож бўладиган ҳамма нарса: дори-дармон, ичимлик ва таомлар, кийим-кечак, табиб ва дорихоналар билан ҳам жиҳозланадиган бўлди. Бундай шифохоналар доимий хастахонаси бўлмаган ерларда бир қишлоқдан иккинчи қишлоққа кўчиб юрарди. Вазир Ийсо ибн Али ал-Жарроҳ Бағдод ва бошқа шаҳарлар шифохоналарининг бошлиғи Синон ибн Собитга шундай деб ёзади:

«Қишлоқ аҳли ҳақида ўйлаб кўрдим. Одатда, бу ерлар касалдан холи эмас. Қишлоқларда табиблар бўлмагани учун беморлар муолажаси ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. Шунинг  учун  қишлоқларни  айланишга дори-дармон ва ичимликлар билан жиҳозланган табибларни жўнатишга ҳаракат қилинг. Улар ҳам бир ҳудудда ҳожат талаб этганича турсинлар ва у ердагиларнинг муолажасини қилсинлар. Шундан кейин бошқа жойларга кўчсинлар». Султон Маҳмуд ас-Салжуқий даврида баъзи кўчма шифохоналар шу даражада катталашиб кетдики, уларнинг жиҳози қирқталаб туяга юкланарди.

Доимий шифохоналарга келсак, улар пойтахт ва шаҳарларни тўлдирадиган даражада кўп эди. Ислом оламидаги кичкина шаҳар ҳам бир неча шифохонага эга эди. Масалан, Қуртубанинг ўзида элликта шифохона бор эди.

Шифохоналарнинг тури кўп бўлган. Масалан, қўшин учун алоҳида шифохоналар бўлиб, уларда махсус табиблар хизмат қилишарди. Яна маҳбусларнинг ҳам хос шифохоналари бўлган. Уларни ҳар куни табиблар айланиб чиқишар ва касалларини лозим дори-дармонлар билан муолажа этишарди. Вазир Али ибн Исо ибн Жарроҳ Синон ибн Собитга ёзган хатида қуйидаги жумлалар бор:

«Маҳбуслар ҳақида ҳам ўйлаб кўрдим. Ададлари кўп бўлгани ва жойларининг ёмонлиги учун ораларида касаллари йўқ эмас. Шунинг учун уларнинг ҳузурларига ҳар куни кирадиган, дори ва ичимликлар берадиган табиблар тайинлаш керак. Бу табиблар ҳамма қамоқхоналарни айланиб, беморларни даволашлари лозим».

Шунингдек, «Тез ёрдам» нуқталари бўлиб, улар жомелар ва омма тўпланадиган жойларда бино қилинганди. Ал-Мақризийнинг айтишича, Ибн Тулун ўзининг машҳур жомеасини қурганда, унинг охирига дорихона ҳам қурган. У ерда ҳамма ичимлик ва дорилар топилар, хизматкорлар шай эди. Яна жума кунлари табиб келиб, намозхонлардан хасталикка чалинганларини муолажа қиларди.

Яна умумий шифохоналар ҳам бўлиб, улар эшигини ҳамма учун очиб қўйганди. Фақат бир-биридан алоҳида икки қисм: эркаклар ва аёллар бўлимига ажратилганди. Ҳар бўлимда бир неча зал бўлиб, ҳар бирида касалликнинг алоҳида тури кўриларди. Масалан, ички касалликларга алоҳида, кўзга алоҳида, жароҳатга алоҳида, синган-чиққанга алоҳида, ақлий касалликларга алоҳида хоналар ажратилганди. Яна ички касалликлар бўлими ҳам бир неча хоналарга бўлинганди. Масалан, иситма-безгакка бир хона, ичбуруғга бир хона ва ҳоказо. Ҳар бир қисмнинг табиблари ва бошлиғи бўларди. Масалан, ички касалликлар бошлиғи, жарроҳлар бошлиғи, кўз касалликлари бошлиғи каби. Ҳамма бўлимнинг «соъур» деб номланган умумий бошлиғи бўларди. Бу шифохона табиблари раисининг лақабидир.

Табиблар шифохонада навбат билан ишлардилар. Ҳар бир табибга муайян вақт тайинланган бўлиб, табиб ана шу вақтда касалларни кўрадиган хонасида ҳозир туриши керак эди. Ҳар бир касалхонада эркак ва аёллардан фаррошлар, ҳамшира ва ёрдамчилар бўларди. Уларга етарли миқдорда маош белгиланганди. Яна ҳамма шифохоналарда «шаробхона» деб номланган дорихоналар бўларди. Уларда турли ичимликлар, нафис маъжунлар, тотли мурабболар, хилма-хил дори-дармонлар, бошқа ерда топилмайдиган қиммат атирлар мавжуд эди. Яна уларда жарроҳлик асбоблари, шиша идишлар, сут маҳсулотлари ва фақат подшоҳларнинг хазиналаридан топиладиган бошқа нарсалар ҳам бўларди.

Шифохоналарнинг ўзида тиббий маъҳадлар жойлашганди. Ҳар бир шифохонада муҳозаралар қилиш учун катта айвон бўлар, унда катта табиб (бош врач) билан бирга табиб ва талабалар дарс ўтказишарди. Ёнларида турли асбоб ва китоблар бўларди. Касалларни текшириб, муолажаларини қилиб бўлгандан кейин шогирдлар муаллимларининг ҳузурига келиб, устоз  ва шогирд ўртасида тиббий мубоҳаса ва муноқашалар бошланарди. Китоблар ўқиларди. Кўпинча талабаларга амалий дарс касалларнинг ҳузурида ўтказиларди. Ҳозирги кунда шифохоналар ёнида жойлашган тиббиёт куллияларида шунга ўхшаш ҳолат бўляпти. Дамашқдаги Бемористони-Нурийда таълим олган Ибн Абу Усайбаъа шундай дейди: «Ҳаким Муҳаззабиддин ва ҳаким Имрон Бемористондаги касаллар муолажасидан фориғ бўлишгунча бирга бўлдим. Шундан кейин шайх Розийюддин ар-Раҳбий билан ўтираман ва касалларга қандай ташхис қўйишини, касалларнинг умумий ҳолатини тавсифлашини ва уларга ёзадиган муолажа усулларини кўраман ҳамда у билан касаллар ва уларни даволаш усуллари ҳақида мубоҳаса этаман».

Табибнинг ўз ҳолича муолажа этишига рухсат берилмасди. Бунгача у мамлакатнинг катта табиблари олдида имтиҳондан ўтади, шаҳодатнома олишни кўзлаган фани бўйича рисола тақдим этади (бу рисолада ўзи ёзган асар ёки катта тиб олимлари ёзган нарсаларга шарҳ ва изоҳлар бўлиши керак). Ва булар тўғрисида имтиҳон бўлиб, фанга тааллуқли ҳамма нарса сўралади. Уларга яхши жавоб берсагина, катта табиблар томонидан табобат билан шуғулланишга рухсат берилади.

“Ислом ҳазораси” китобидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Яшил” ҳудудларда очиладиган масжидлар рўйхати эълон қилинди

1406 17:47 05.06.2020

Австралияда ҳам жума намози ўқилди

137 17:00 05.06.2020

Фитна қаердан пайдо бўлади?

667 13:30 05.06.2020

Қирғизистонда масжидлар қачон очилиши маълум қилинди

676 19:30 04.06.2020

АҚШдаги вазиятга оид: Исломда ирқчиликка йўл йўқ (видео)

767 19:00 04.06.2020

Бу америкалик Ислом учун ҳамма нарсадан воз кечди ва Аллоҳ уни мукофотлади

6344 14:30 04.06.2020
« Орқага