Исломда тарбия топган зотлар...

08:00 11.01.2019 973

“Ярмук” куни эди. Бу жангда мусулмонлар қийинчилик билан Рум аскарлари устидан ғалаба қозонди. Жанг ниҳоясига етгач, мусулмонлар “Ярмук” майдонида вафот этган мусулмонларнинг жасадларини излар экан, кўзлари жуда ҳам оғир ярадор ҳолатда ётган, вафотларига бир неча дақиқа қолган уч саҳобалар (розияллоҳу анҳум)га тушди. Улар: Ҳорис ибн Ҳишом, Айёш ибн Абу Робиаъ ва Икрима ибн Абу Жаҳл (розияллоҳу анҳум)лар эди. Шу пайт Ҳорис “сув, сув, сув” дея нидо қилди. Мусулмонлар Ҳорисга сувни олиб бордилар. Сувни ичиш арафасида турган Ҳориснинг кўзи, Икримага тушди. Икрима сувга назар солиб турар эди. Шу заҳоти Ҳорис сув ичишдан ўзини тўхтатиб, “Сувни Икримага олиб боринглар” деди. Ҳолбуки, Ҳорис жуда ҳам қаттиқ жароҳатланган, вафоти етиб қолган, чанқоқ тинкасини қуритиб, янада қаттиқ азоб чекишига сабаб бўлиб турган эди. Шу ҳолатида ҳам сувни Икримага жўнатди. Мусулмонлар сувни Икримага олиб бордилар. Икрима чанқоғини босиш мақсадида сувни ичиш учун қўлига олган эди, кўзи Айёшга тушди. Айёш, Икрима ўзи ичиши учун шайлаб турган сувига қараб турар эди.

Бу ҳолатдан таъсирланган Икрима, сув ичмай, идишни мусулмонларга қайтариб берди ва “Бу сувни Айёшга олиб боринглар! У мендан-да, бу сувга муҳтожроқдир” деди. Аслида Икриманинг ўзи ҳам бу сувга жуда муҳтож, чанқоқ унинг азобини янада кучайтирар эди. Аммо шундай ҳолатда ҳам Икрима биродари Айёшга бор-йўғи бўлган, бир қултум сувни бериб, Айёшнинг чанқоғи, азобини енгиллатишни ўзининг Исломдаги биродарлик ҳаққи, дея билди. Мусулмонлар сувни Айёшга олиб бордилар. Аммо Айёш вафот этган эди. Сув кўтариб ортларига Ҳорис ва Икримага ичириш учун қайтдилар. Қайтсалар, Аллоҳ уларнинг қалбини чин Исломдаги биродарлик муҳаббати билан боғлаган иккала саҳобалар ҳам вафот этган эдилар. Аллоҳ уларни ундан сўнг ҳеч қачон чанқоқ бўлмайдиган “Ҳавзи кавсар”дан суғорсин!

Хулоса: Ҳа азизлар, бу зотлар Исломда тарбия топганлар. Асли саодатни тамини тотган, тарихда ўзларини шундай гўзал инсоний ахлоқлари ила ном қолдирган буюк шахслардир. Аллоҳ таоло Инсон сурасининг 8-10-оятларида Аброрларнинг сифатини келтириб, қуйидагича марҳамат қилади: “Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирга берарлар. “Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз. Албатта, биз қўрқинчли, шиддатли, узун кунда ўз Роббимиздан қўрқамиз”. (дерлар)”.

Аброрларнинг хислати нима экан! Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, биродарларини ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар.

Энди ҳозирги ҳолатимиздаги дўстликларга бир назар солайлик! Ҳақиқий дўст ким? Аллоҳнинг розилиги учун буюрилганидек дўстликни адо қиладиган, ҳар бир яхши ишни дўстига ҳам раво кўрадиган ва энг асосийси, бу дўстликдан ўзининг манфаатини назарда тутган эмас, балки фақат Аллоҳнинг розилигини умид қиладиган кимсадир. Юқоридаги қиссамиз қаҳрамонлари ҳақиқатда шундай кимсалар эди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

Сўзимизнинг якунини бизнинг ҳозирги ҳолатимиз ҳақида баён қилган Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз, у киши айтадилар: “Ҳозирги мусулмонлар Исломда юрган эмас, балки Ислом билан безанган шахсларга ўхшаб қолди. Ўзининг манфаати учун бўлган бир ишни қилмоқчи бўлсалар, Ислом байроғи остида қиладилар. Аммо ундаги амалларни бажаришга келганида эса, ундан ўзларининг ҳийлалари ила юз ўгирадилар. Ҳозирги мусулмонлар, уларга фатҳлар берилган, аввалги мусулмонлар каби бўлмадилар балки, ғалати бир бошқача мусулмон бўлдилар”.

Доктор Абдураҳмон Раъфат Пошо роҳимаҳуллоҳнинг 
“Саҳобалар ҳаётидан кўринишлар” китобидан
"Тўра Бува" жоме масжиди 
имом ноиби Элёрбек ЭРКИНБЕК

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!