Исломда воқеавий тиббиёт

11:15 12.07.2019 280

Ислом руҳни ҳам, жисмни ҳам, жамиятни ҳам пок сақлашга чақирадиган диндир.

Европада бадан ва кийимдаги кирлар барака, одамга қувват, деб эътиқод қилинган бир пайтда, ҳатто саҳрода яшаётган мусулмон ҳам таҳорат қилар, чўмилишни фарз деб биларди.

Ғусл – жанобатда, ҳайзда, ҳажда фарз бўлади; икки ҳайитда, эҳромда, жумада мустаҳаб бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Жума кунининг ғусли ҳар бир балоғатга етган кишининг зиммасидадир, мисвок ҳам, имкон қадар хушбўйлик суртади” (Бухорий, Муслим ривояти).

Баъзи фақиҳлар ғуслнинг турини ўн етти хил санаган. Бу ғуслнинг аҳамиятини кўрсатади. Ислом динида микроб кўпайиши мумкин бўлган жойларни поклашга буюрилади. Оғиз поклиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимга машаққат бўлмаганда ҳар таҳоратда мисвок ишлатишга буюрар эдим” (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийдик ва катта хожатдан чиққан нажосатдан покланишга буюрганлар. Икки қабр ёнидан ўтаётиб, шундай деганлар: “Бу икки қабрдагилар азобланмоқда. Улардан бири сийдигидан сақланмас эди, иккинчиси эса иғво қиларди, қилаётган ишларини катта айб ҳисобламас эди” (Бухорий, Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ортиқча таом ейишдан қайтарганлар: “Одам боласи қорнидан кўра ёмон идишни тўлдирмаган, унга гавдасини кўтариб турадиган луқмалар кифоя қилади, агар нафси ғолиб бўлса, учдан бири таом учун, учдан бири ичимлик учун, учдан бири нафас олиши учун” (Ибн Можа, Ибн Хиббон ривояти).

Ислом дини таом ва ичимликлар ҳалол бўлишини талаб қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Идишларнинг устини ёпинглар, мешларнинг оғзини беркитинглар” (Муслим ривояти).

Ислом дини жасадга, руҳга, жамиятга зарарли барча ифлосликларни, гиёҳванд моддалар каби маст қилувчи нарсаларни харом қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдир, ҳар бир хамр харомдир” (Бухорий, Муслим ривояти).

Бу нарсалар харом қилиниши билан чексиз зарарларнинг олди олинди. Ахир ҳар куни дунёда минглаб автоҳалокатлар, қотилликлар, хунрезликлар маст кимсалар томонидан содир этилмоқда. Шунингдек, зино каби фаҳш ишлар харом қилингани ҳам мусулмонларнинг соғлиғи, насли ва ахлоқини сақлаб қолиш учундир. Бу эса жамиятга ҳам катта фойда келтиради. Ҳеч кимга сир эмаски, ОИТС каби касалликлар мусулмон ўлкаларда нисбатан кам учрайди. Шубҳасиз, бу Ислом шарофатидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари барчага ибратдир: “Қайси бир қавмда фаҳш кенг тарқалиб, очиқча қилсалар, уларда вабо ва ота-боболари кўрмаган касалликлар тарқалади” (Ибн Можа, Байҳақий ривояти). Дарҳақиқат, ОИТС, Эбола каби касалликларни уларнинг аждодлари билмасди.

Ислом ўлимтик ейишни ҳам харом қилди. Замонавий тиббиёт эса унинг зарарларини эндигина аниқлади.

Исломда сигарет чекиш харомдир. Чунки динимизда зарарли ва хабис (нафс жирканадиган, ўзини тортадиган) нарсалар харом қилинган. Сигаретнинг танага зарарлари бугун ҳеч кимга сир эмас.

Ислом фақат танага эмас, руҳиятга ҳам эътибор берди. Аллоҳни зикр қилишга буюриб, буни қалб хотиржамлиги қилиб қўйди, Аллоҳ Таоло айтади: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят).

Ислом мусулмонларни раҳмдил, гўзал хулқли, юмшоқфеъл, ширинсўз бўлишга тарғиб қилади. Табассум қилиш садақа сабабига тенглаштирилиб, муомалада одобли бўлганларга ажр ваъда қилади. Бировнинг хатосини унутиб, кечиримли бўлишга чақиради. Аллоҳ тақсимлаб берган ризққа рози бўлишнинг ажри улуғ эканини таъкидлади. Етган мусибатларга қилинган сабрга жаннат мукофоти хабарини берди. Шубҳасиз, бу мусулмонларнинг руҳиятини кўтариб, қалбига хотиржамлик бағишлайди.

Ислом кийимга ҳам эътибор берди. Аллоҳ Таоло шундай дейди: “Либосларингизни покланг” (Муддассир сураси, 4-оят). Инсонни зоҳирий покликка ундаб, уни ботиний поклик бўлган тавҳидга буюради: “Раббингизни улуғланг”.

Ислом сийдик, қон каби нарсалардан пок бўлишни, ундай кийим билан намоз ўқимоқ жоиз эмаслигини таъкидлади. Аҳмад ибн Ханбал раҳимаҳуллоҳ нажосат теккан кийим билан намоз ўқиб қўйган киши намозини бошқатдан ўқишига фатво берган: нажосат камми-кўпми – фарқи йўқ (“Масоили имом Аҳмад”).

Ислом даволанишга тарғиб қилиши билан бирга, касалликнинг олдини олишга ҳам буюради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Туя эгаси касал туяларини соғлом туяларга аралаштирмасин” (Бухорий, Муслим ривояти).

Ўн тўрт аср олдин мусулмонлар “карантин”ни билишган. Бу касалликнинг олдини олишнинг оддий усули ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хатарли касаллардан мохов ҳақида шундай деганлар: “Мохов касалига чалинган одамдан шердан қочгандай қочинглар” (Аҳмад, Ибн Абу Шайба, Байҳақий ривояти). Вабо каби хатарли касаллик бор жойни “карантин” қилиш учун шундай деганлар: “Бир жойда вабо тарқалса, у ерга борманглар, агар ўша жойда бўлсангиз, у ердан чиқманглар” (Муслим, Аҳмад ривояти).

"Ислом ва олам" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!