Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

23:05 10.09.2019 341

1. Нима учун ихлос зарур?

Ислом олий бўлиши, инсоният ҳаётида ўз ақидаси, шариати, ахлоқи ва маданияти ила етакчи ўрин эгаллаши учун амал қилиш бир томондан Аллоҳга ибодат ила қурбат ҳосил қилиш бўлса, бошқа томондан Аллоҳ йўлида астойдил тиришқоқлиқ қилишдир. Ушбу ибодат ва тиришқоқлик йўлида ниятни холис қилиш амалнинг қабул бўлиши ва муваффақият қозониши учун асосий ишдир. Бу йўлда холис ниятга бошқа нарса кирса, амални фосид қилади, нафсни кирлантиради, мўминлар сафини заифлаштиради ва ажрни ҳабата қилади. Солиҳ ният эса амални ислоҳ қилади, азму қарорни қувватлантиради, йўлни кенгайтиради ва уқубатларни зоил қилишга ёрдам беради. Аллоҳ айтади: “Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ улар орасини мувофиқлаштиради” (Нисо, 35). Ушбу оят ирода ва ниятнинг изланган муҳим нарсаларни ҳал қилишдаги ўрнига далолат қилади. Бундай ният ва ирода Аллоҳнинг тавфиқи ва кўмагига сабаб бўлади.

Солим ибн Абдуллоҳ Умар ибн Абдулазизга насиҳат қилиб бундай мактуб ёзган эди: “Билгинки, Аллоҳнинг бандасига ёрдами банданинг нияти қадрича бўлади. Кимнинг нияти комил бўлса, Аллоҳнинг унга ёрдами тўлиқ бўлади, кимнинг нияти нуқсонли бўлса, Аллоҳнинг унга ёрдами тўлиқ бўлмайди”.

Мана шу сир туфайли Имом Бухорий ўзларининг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобларини уламолар диннинг тўртдан бири ёки учдан бири деб атаган ҳадис ила бошлаганлар: “Албатта, амаллар ниятлар биландир. Ҳар бир кишига ният қилгани бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, бас, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё топиш учун ёки аёлга уйланиш учун бўлса, нима учун ҳижрат қилган бўлса, ўша учундир”. Ривоят қилишларича, бир киши Умму Қайс деб номланувчи аёлни яхши кўргани ва унга уйланиш учун Мадинага ҳижрат қилган. Шу сабабли уни “Умму Қайс ҳижратчиси” деб аташган.

Ислом учун амал қилувчи мусулмон қалбининг ҳар бурчагини ва ниятининг ҳақиқатини ўзи учун тафтиш қилиб кўриши лозим. Агар унда дунё ёки шайтон насибаси бўлса, қалбини поклашга, ниятини холис Аллоҳ розилиги учун қилишга, Раббисига йўналган ҳолда нафсини У Зотга назр қилишда жидду жаҳд қилмоғи керак. Худди Имроннинг аёли айтганидек: “Имроннинг хотини: “Эй Раббим! Албатта, мен қорнимдагини холис Ўзингга назр қилдим. Бас, мендан қабул эт” (Оли Имрон, 35).

Дунёда фақат фойдаланиш, улуш тўплашдан бошқа нарсани билмайдиган дин асосларини сотувчилар ва улар ҳақида эшитишлари, улар ҳақида гапиришлари, уларга бармоқлари билан ишора қилишлари учунгина одамларга риё қилишдан бошқа нарсани билмайдиганлар ила дунёда ҳақиқат устун бўлмайди, яхшилик тарқалмайди ва имон калимаси олий бўлмайди. Ҳақиқат яхшилик, имон ва фазилат, дин асосларини маҳкам тутадиган, ҳақни ўзидан устун қўйиб, ўзини ҳақдан устун тутмайдиган, ўзини бутунлай динга бағишлайдиган, фойдаланиш илинжида бўлмайдиган, берадиган, ўзи олмайдиган холис бандалар билангина устун бўлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!