Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Исломий адолатнинг ёрқин намунаси

2256

Амр ибн Ос музаффар саркарда ва ҳайбатли амир бўлишларига қарамай, иш давомида йўл қўйилган баъзи хатолари учун халифадан танбеҳ ёки жазо олганларида ҳам хафа бўлмас эдилар.

Мисрда уюштирилган от пойгасида бир насроний, қибтий йигит Миср волийси Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғилларидан ўзиб кетади. Шунда Амр ибн Оснинг ўғиллари қибтий йигитни «Ҳали сен хожанинг ўғлидан ўтиб кетадиган бўлдингми?» деб, бир қамчи уради. 

Қибтий йигитнинг отаси Мадинага бориб, халифа ҳазрати Умарга арз қилади. У киши Амр ибн Оснинг ўзини ҳам, ўғлини ҳам чақиртирадилар. Улар етиб келишади. Катта мажлисда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга «Қачондан бери оналаридан ҳур туғилган одамларни қул дейдиган бўлиб қолдиларинг?» дейдилар ва қибтийга қамчини бериб, «Бу хожанинг ўғлини яхшилаб савала», дейдилар. 

Қулоқларига ишонмай турган қибтий йигит волийнинг ўғлини уриб, қамчини халифага узатади. Аммо ҳазрати Умар «Энди отасини ур», дейдилар. Қибтийнинг ҳайрон бўлиб турганини кўриб,

«Бу сени отасига ишониб урган» дейдилар. Қибтий йигит бу адолатга қойил қолиб, шу жойдаёқ калима келтириб, мусулмон бўлади ва ҳаққидан кечиб, Амр ибн Осни уришдан воз кечади. Шунда ҳазрати Умар унга «Аллоҳга қасамки, агар сен уни урганингда, ўзинг тўхтамагунингча ҳеч ким сени тўхтатмас эди», дейдилар.

Бу ерда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг улуғ саҳобий, шавкатли лашкарбоши Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ўғлини бир ғайридинга калтаклатганларига ажабланиш керак эмас. Калтак еган одамнинг ҳаққини уни урган одамдан олиб берганлари-ку майли, аммо буюк саҳобий Амр ибн Оснинг ўзларини ҳам калтаклашга ҳукм қилганлари-чи? Бироқ, бунга ҳам ажабланиш керак эмас. Чунки ҳазрати Умарнинг бундан ҳам ақл бовар қилмас адолатларига тарих кўп бор гувоҳ бўлган. Қолаверса, халифа ҳазрати Умар бу одил ҳукм билан ўз бурчларини адо этдилар, холос.

Бу ердаги ажабланадиган нарса – ғайридин киши мусулмон волийнинг устидан мусулмонларнинг халифасига шикоят қилиш учун Мисрдан Мадинага арзга борганидир. Агар бу одам Ислом адолатидан, ҳурриятпарварлигидан умидвор бўлмаганида, ноҳақ одам устидан адолатли ҳукм чиқарилишига аниқ ишонмаса, бундай қилмас эди. Чунки унинг ўз юртида, ўз қавмида қулчилик ниҳоятда ривожланган эди. Бу Исломдаги мутлақ адолатига ишонгани учунгина шу узоқ сафарга отланган эди.

Бугунги куннинг мезони билан қаралса, жамиятнинг энг паст табақасидан бўлган оддий фуқаро бир вилоятнинг ҳокими устидан давлат раҳбарига шикоят билан бевосита, шахсан мурожаат қилган, давлат раҳбари эса вилоят ҳокимининг ноҳақлигини аниқлаб, кўпчиликнинг олдида уни жазолаган эди.

Ҳа, Ислом ўн беш аср илгари ана шундай оламшумул ишни амалга оширган эди. Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда ҳам юртимизда ана шундай ижтимоий адолат тикланмоқда. Аллоҳ таоло юртимизда адолатни, ҳақиқатни устувор қилгани рост бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг «Пешқадамлар розияллоҳу анҳум» номли 24-жузидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳиндистон суди мусулмонлар фойдасига қарор чиқарди

1580 10:10 19.05.2022

Совчилик ҳақида

585 09:20 19.05.2022

Мусулмон футболчи ЛГБТ формасини кийишдан бош тортгани учун жазоланди

2810 08:50 19.05.2022

Диний идора ходимлари тажриба ўрганиш учун Германияга борди

566 14:45 07.05.2022

«Туркистонда йиғилган дин пешволари жаҳон ҳамжамиятини эзгу йўлга чорлашга ҳисса қўшади» 

2155 17:30 06.05.2022

Швецияда мусулмон ва православ насронийларнинг қабрлари бузиб ташланди

1018 13:44 04.05.2022
« Орқага