Илм

Исломий иқтисод ҳақида нималар биламиз?

586

Ислом иқтисоди бошқа тизимларда бўлмаган пойдеворлар асосида тикланган:

1. Исломда фоиз-рибо-судхўрлик йўқ.

2. Инфляция (пул қадрининг тушиши, қадрсизланиши) йўқ.

3. Солиқлар йўқ, яъни солиқларга ҳожат йўқ.

4. Эркин бозор, яъни монополияга рухсат йўқ.

5.Умумхалқ манфаатини шахслар манфаатидан устун қўйиш.

Буларнинг барчаси қандай юзага келади (келган бир вақтлар)?

Гап шундаки, буларнинг барчаси - "ресурслар жамлануви" деган фикр асосига қурилган, "пул қийматни белгилайди" деган асосга эмас, яъни, пул сотувга қўйиладиган, унинг ортидан фойда кўзланадиган матаҳ эмас. Бу фикрни 18-асрда яшаб ўтган Жан Батист Сэй номли иқтисодчи ҳам ғарбда олдинга сурган, табиий, исломий иқтисоддан бироз фарқли равишда.

Унинг олдинга сурган назарияси шундан иборат эдики, сотувчи сотилаётган ёки сотилажак нарсанинг қийматини кўтариш учун сарфлаётган барча ҳаракат, ишлаган иш туфайли ўзига бир миқдор бойлик қўшади, шунингдек, айни пайтда бошқалар чўнтагига ҳам бойлик қўшади. Қандай? Масалан, мен ғишт олиб уй қурдим, кейин бу уйни сотиб, ўша ер ва ғишт қийматига қўшимча фойда қўшдим. Чўнтагимга пул тушди. Бу пулни нима қиламан? Пулга ўзимга, болаларимга егулик, қатнаш учун улов оламан. Мендан пул олган бошқа ҳам худди шу йўлда иш тутади, ўзи фойда кўриб, бошқаларни фойдалантиради. Натижада бу олди-бердидан элда айланма ҳосил бўлади, бу фойдали айланув натижасида барча фойда кўра бошлайди, бойлик манбаи эмас, фақат олди-берди учун бир восита бўлган пул қўлда қўлма-қўл бўлади, одамлар орасида иш коэффициенти мунтазам ошиб боради.

Хўш, одам тўплаган пулини бундай айланмага қўшмай қўйса-чи? Шу ерда Ислом низомидаги закот қонуни уни бундай қилмасликка мажбур қилади. Негаки, сақланиб турган пули йилига маълум миқдорда закот берганидан камайиб боради, натижада ундан ўзигина зарар кўради. Пулни бировга бериб, маълум бир муддатдан кейин мунча қилиб қайтарасан, дейишнинг иложи йўқ, бу нарса рибо, ҳаром. Нима қилади? Ё ўзи ўша пулни тижорат билан айлантиришга киришади, ёки айлантирадиган одамга фойда-зарарга шерик бўлиб шерикликка қўяди, бошқа илож йўқ. Натижада, пул бир ерда сақланмайди, маълум кишилар қўлидагина қолиб кетмайди, фақат бойлар орасидагина кўчиб юрмайди.

Иш бу ҳолда бўлгач, инфляция деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Нега? Чунки, сақланиб қолаётган пулнинг қадрини кўтариш учун фоизлар ўйлаб топилган бўлса, ўша сақланиб, ҳеч ишлатилмаётган пуллар кўпайиб кетгани учун, унинг ортидан фоиз ишлаб чиқилгани учун инфляция юзага келмоқда эди. Бу икки нарса бўлмагач, уларнинг натижаси бўлган инфляция ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлади, бўлса ҳам ниҳоятда кам, сезилар-сезилмас даражада бўлади.

Пулни ушлаб туришдан фойда бўлмагач, олувчи сотиб оладиган  нарсасини тезроқ сотиб олишга, сотувчи тезроқ сотиб, ўрнига яна бошқа нарса олишга уринади, натижада нарсалар баҳоси ўрнида қолиб, ишлаб чиқариш ортиб боради. Пул сақловчи банклар ҳам (фоиз билан иш қилиш мумкин бўлмагач) пулларни шерикликка музораба ва бошқа ҳалол йўллар орқали фойда кўришга интилади, булар орқали ҳам ишлаб чиқариш ортиб боради.

Солиқлар масаласига келсак. Исломда асосан солиқлар халққа солиниши мумкин эмас. Пайғамбаримиздан "Макс соҳиби (ўлпончи, солиқчи) жаннатга кирмайди" деган ҳадис ривоят қилинади. Бундан баъзи истисноли ҳолатларгина умумхалққа умуман зарар етказмайдиган ҳолда, давлатнинг эҳтиёжи жуда қаттиқ тушганида (бюджет ночор бўлиб қолганда) пулдорлар ҳашар сифатида ҳам бермай қўйгандагина фақат умумманфаат учун (кўприк, ўқув юртлари, шифохона ва ҳ.лар ёки халқ мудофааси учун)гина рухсат этилиши мумкин.

Тарихга назар солсак, ислом келишидан бошлаб, то 300-400 йилгача бу нарса умуман қўлланмаган. Номусулмонларга солинадиган жизя, уларнинг ерларига солинадиган хирождан ташқари. Улардан олинадиган бу пуллар ҳам мусулмонларнинг бўйнидаги закот миқдоридан сезиларли даражада кам бўлган, қўлларидаги пулларга нисбатан айтиб ўтирилмайдиган миқдорда жуда оз олинган.

Энди ўзингиз хулоса қилинг. Бўйнида закотдан бошқа тўлайдиган нарсаси бўлмагач, инсон ўз тижоратида, ерида эркин бўлгач, турли чекловлардан холи бўлгач, жуда самарали иш юритади, тезда бойиб кетади, халқ фаровонлиги кескин ошади.

Ҳозирги одамлар устига қўйилаётган чекловлар ҳайрон қоларли.

Кишини ўтирғизиб қўядиган даражадаги солиқлардан ташқари тижорат қилиш учун рухсатнома, уй учун рухсатнома, бир ерга чиқиш учун рухсатнома, кириш учун рухсатнома, у қилиш учун рухсатнома, бу қилиш учун рухсатнома ва ҳоказо кети кўринай демайди, эркин тасарруфли эркин одамнинг тасарруф қилиш имкониятидан кўра чекланган ўринлари сезиларли даражада кўпайиб кетган.

Юқорида исломий иқтисоднинг тамал тошларидан бири умумхалқ манфаати эканлиги ҳам айтиб ўтилди. Яна закот низомига қайтамиз. Бундан кўзланган мақсад айнан шу: халқ ичида топилиши мумкин бўлган камбағал ва бечоралар, мискинларга бойлар ўз пулларидан мажбурий равишда муайян миқдорда бериш. Айлантириб юргани пул бўлса 40дан бир, чорва бўлса яна муайян миқдорда ўша чорвадаги бошлардан, экин-деҳқончилик бўлса, ўша экиндан беради. Хуллас, бу билан бойга ҳам оғир бўлмаган, камбағал кўнглини ҳам овлайдиган бир ажойиб мувозанатли, халқ орасида ўзаро уйғунлик, ҳамкорлик юзага келиб, энг муҳими – ижтимоий адолат рўёбга чиқади, бир киши устидан бошқа киши ўз пули орқали зўровонлик қилишга йўл қўйилмайди.

Сайфуллоҳ Носир

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Муробаҳа билан боғлиқ баъзи масалалар (3-қисм)

509 22:03 11.09.2019

Муробаҳа (2-қисм)

916 23:05 04.09.2019

“Капитализм ҳаммамизни таназзулга етаклаяпти. Исломий иқтисод чора бўлиши мумкинми?”

1304 12:00 18.04.2019
« Орқага