«Биз Исломни ҳимоя қилишни эмас, Исломда туриб беришни ўрганишимиз керак!»

12:12 13.08.2019 1011

Уйғурларни қўллаб-қувватлаш учун Хитой маҳсулотларига бойкот эълон қилиш ақидавий масалага кирмайди.

Шунинг учун бу ишни ўзига “ижтиҳод” қилиб, шу билан уйғурларга ёрдам беришни ўйлаётганлар бу бойкотни “фойдасиз” деб ўйлаганларни маломат қилмаслиги керак ёки аксинча.

Уҳудда “жангга чиқамиз”, деб шижоат кўрсатган ёшлар ҳам жангни тўғри деб билишган, “ўйлаб кўрайлик”, деб эҳтиёт қилган катталар ҳам бир мақсадни кўзлаган:

Исломни ҳимоя қилишни эмас, Исломда туриб беришни.

Жангга чиқамиз деганлар ҳам, ҳимояланамиз деганлар ҳам бир-бирини маломат қилмайди. Чунки бу ишлар дунёвий ишлар ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам машварат қилинади.

Уҳуддаги "мағлубият"дан кейин Аллоҳ таоло урушга чиқамиз деб шижоат қилганларни "Сенларни деб шу ишлар бўлди", деб маломат қилмади. Балки урушга чиққанларнинг ҳам, қолганларнинг ҳам, ўртадагиларнинг ҳам қалбларидан ўтган нарсаларига баҳо берди.

Сўнг Пайғамбарга қарата “улар билан ишларда яна машварат қилавер”, деди. Чунки уруш ҳам, тинчлик ҳам, ғалаба ҳам, мағлубият ҳам, тириклик ҳам, ўлим ҳам асосий мақсад эмас, дунёвий нарсалар, яъни синов, холос. 

Диний ишлар эса қалбда бўлади. Жангга чиқиб, ҳаммага ўзимни кўрсатиб қўяман деб риё қилиш ҳам, уйда қоламиз, деб қўрқоқлик қилиш ҳам мумкин.

Биз Исломни ҳимоя қилишни эмас, Исломда туриб беришни ўрганишимиз керак. Ана шу бизнинг мақсадимиз!

Уҳудда жангга чиққан камончилар жойида ҳам, Исломида ҳам матонат билан туриб беришолмади, масалан. Урушга бормай, уйда болаларимизни асраб қоламиз, деб ярим йўлдан қайтиб кетганлар ҳам.

Хўш, бизда матонат борми? Шижоат билан қилган ишимиз оқибатларига туриб бера оламизми?

Аминмисиз?

Ишонмайман...

Аниқ айтишимиз мумкинки, биз ҳозир “маҳсулотингни олмайман” деб Хитойга таҳдид қиладиган эмас, аксинча, “Хитой бизга маҳсулот бермай қўйса, нима қиламиз?” деб хавфсирайдиган аҳволдамиз.

Саид Комил

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!