Исломни индонезияликлардан ўргандим

15:43 03.09.2019 4195

2009 йил, Кореяда докторантура қилиб юрибман. Янги фарзандлик бўлганман, қўшимча даромад керак. Индонезиялик Шамсуддин деган бир биродар: “Анвар, сен билан битта бизнес қилсак. Кореяда 50000 дан ортиқ индонезиялик бор. Шуларга смартфон сотсак, мен пул тикаман, сен инглизча прошивка қилиб берсанг. Фойда 50/50”, – деб таклиф қилди.

Рози бўлдим, иш бошладик. Тижорат яхши бўляпти. Орадан бир муддат ўтиб, яна бир биродаримиз уйланиб қайтди. Оила боқиш керак, менга келиб: “Сизларнинг бизнесингизга қўшилсам бўладими? – деб сўради. – Ҳам пулдан, ҳам прошивкадан ёрдам қиламан. Индонезиялик шеригинг билан гаплашиб кўр”.

Шеригим билан учрашдим. Бироз хижолат билан вазиятни тушунтирдим. “Яна бир шерик қўшсак, фойдани 1/3 дан тақсимласак нима дейсан?” – деб сўрадим.

Ҳалиги биродар: “Алҳамдулиллаҳ, жуда зўр бўлади. Демак, тижоратимиз янада ривожланар экан. Мижозларимиз янада кўпаяр экан. Аввал иккита оилани боқаётган бизнес энди учта оилани боқади. Улушимиз камаяди, лекин баракаси кўпаяди”, – деб жавоб қилди.

Мана шунда мен бизнинг ва уларнинг дунёқараши орасида қанчалик катта фарқ борлигини тушундим. Мана ҳақиқий тавҳид қандай рўёбга чиқади! Биз ҳаётга материалистик кўз билан қараб, ҳақиқий раззоқ Аллоҳ эканлигини унутиб қўйган эканмиз.

Мана шу воқеадан кейин мол-дунёга бутунлай бошқа кўз билан қарайдиган бўлдим. Дунёқарашим буткул ўзгарди. Ҳаётимдаги ҳар бир воқеага Ислом кўзи билан қарашга, дин билан қаричлашга ҳаракат қиладиган бўлдим. Айнан шу воқеа ҳам Малайзиядан иш қидиришимга сабаб бўлди.

Кўп жойларга ишга кириш учун ариза топширдим, жавобини кутиб сиқилиб юрсам, Шамсуддин биродар: “Сен ўз қисмингни қилдинг, қолгани Аллоҳга таваккал. Агар Аллоҳ ризқингни Малайзиядан ёзган бўлса, ким ҳам тўғаноқ бўларди?” – деб далда берарди.

Алҳамдулиллаҳ, вақт ўтиб Малайзиядан жавоб ҳам келди. Кетишга яқин қолганда Шамсуддин биродар: “Нега айнан Малайзия?” – деб қизиқди. Мен: “Индонезияликларга ҳавасим келди, Малайзия ҳам шундай бўлса керак”, – дедим. Шамсуддин мени секин ёнига тортиб, қулоғимга: “Ҳеч кимга айтма, лекин улар биздан ҳам яхшироқ”, – деди.

Аллоҳу Акбар!

Мана шундай биродарлар ҳам Аллоҳнинг неъмати экан.

Анвар Нарзуллаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!