Исломни қабул қилган Роберт Давилла қиссаси

16:00 01.03.2018 1478

Американинг ҳозирги кундаги энг яхши воизларидан бири Нўъмон Алихон ҳикоя қилади:

Уч ой муқаддам Форт-Уорт шаҳридаги масжидда маъруза қилдим. Маъруза дуо ҳақида эди. Маърузадан кейин олдимга мисрлик бир киши келиб шундай деди “Аллоҳ бугун менинг дуомни ижобат қилди. Мен Нўъмон Алихоннинг Роберт Давеллла билан учрашишини сўраб дуо қилган эдим”.

Роберт Давилла Форт-Уортдан 30 дақиқалик масофада яшайдиган йигит эди. Ўтмишда соғлом йигит бўлган, фермер эди. У шундай касалликка чалинган эдики, бўйнидан пастдаги аъзолари ишламай қолганди. У махсус пансионатда яшарди. Пансионатда асосан қариялар истиқомат қилар, Роберт Давелла эса эндигина 30 ёшга кирган, умрининг сўнгги 10 йилини тўшакда ўтказишга мажбур бўлган.

Унинг оиласи овозли буйруқлар ёрдамида бошқариладиган компьютер олиб берган бўлиб, интернет орқали маълумот излаш имкониятига эга эди. Роберт насроний оилада катта бўлган. У яшайдиган пансионатда ҳар ҳафта насронийча ибодатлар амалга ошириларди. Робертнинг энг яқин дўсти ўзи билан бир хонада истиқомат қилар, у ҳам тўшакка михланган оғир касаллардан эди. У жигар кўчириб ўтказиш амалиёти учун донор кутарди. Иккалови кўпинча насроний эътиқоди ва Худо ҳақида суҳбатлашишарди.

Ниҳоят Робертнинг дўстига донор топилиб, операцияга олиб кетилади. У операция вақтида вафот этади. Вафот этган йигитнинг бўйнидаги хочни унинг синглиси Робертга совға қилади ва кроватига илиб қўяди. Хоч Робертга у дўстидан эсдалик сифатида қолади.

Роберт Давилла пансионатда яшар экан, туш кўради. Тушида нотаниш киши унинг олдига келиб, ўзини Муҳаммад деб таништиради. Муҳаммад хочга ишора қилиб: “Худо пайғамбарларни одамлар уларга эътиқод қилиши учун эмас, Ўзига ибодат қилишлари учун юборган. Исо (алайҳиссалом) оддий инсон эди. У ҳам ҳамма қатори бозорда юрган ва овқат еган”.

Туш шундай тугайди. Роберт фақатгина Исо алайҳиссалом ўзи каби инсон бўлгани, Аллоҳ пайғамбарларни одамлар уларга сиғинишлари учун эмас, фақатгина Худога ибодат қилишлари учун юборгани ҳамда унга буларни етказган кишининг исми Муҳаммад эканлигини, биларди.

Роберт интернетдан Муҳаммад сўзини қидирди. Ислом ҳақидаги маълумотларни ўқиб, шаҳодат келтиради. Сўнгра, унда Қуръонни ўрганишга иштиёқ пайдо бўлди. Интернатдаги онлайн-чатларда араб тилини ўргатадиган кишини қидиради. Скайп тармоғи орқали бир мисрлик унга араб тилидан сабоқ беради. Шу тариқа Роберт араб алифбосини ва Қуръон ўқишни ўрганади. У 10 та сурани ёд олади. У энди Қуръонни ўрганишга аҳд қилади. Интернет орқали маълумот излар экан, Роберт Давелла Нўъмон Алихоннинг маърузаларига дуч келади ва видео дарсларни тинглай бошлайди.

Ўша пансионатда бир мисрлик мусулмон киши таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб юрар эди. Мисрлик киши ўзини мусулмон ҳисобласа-да, диндан узоқ одам эди. Энг яқин масжид 80 километр масофада жойлашгани боис жума намозларига қатнашмасди. Аммо у Аллоҳга яқинроқ бўлиш мақсадида черковга қатнаб турарди.

Бир куни Робертнинг хонаси ёнидан ўтиб кетар экан, Аср сураси қироатини эшитиб қолади. Хонага кириб, Роберт билан гаплашади. Унинг Исломга кирганини эшитиб ҳайратга тушади. АҚШнинг фақатгина насронийлар яшайдиган шаҳарчасида, бутун умр насроний бўлиб яшаган, бир неча йилдан бери умри кроватга михланиб ўтаётган йигит мусулмон бўлгани унга қаттиқ таъсир қилади. Мисрлик йигит ўша онда Аллоҳнинг қудрати олдида бўйин эгади. У Исломга қайтади.

Роберт унга Нўъмон Алихон ҳақида айтиб беради ва Нўъмон Алихон билан учрашиш ўзининг орзуси эканлигини маълум қилади. Мисрлик киши эса Робертга шундай дейди “Сенинг ҳақингга дуо қиламан!” Орадан 5 йил ўтиб, Нўъмон Алихон маъруза ўқиш учун ташриф буюрган масжидга ўша мисрлик ҳам келади ва Нўъмон Алихонга Робертнинг ҳақига қилган дуоси ижобат бўлгани ҳақида айтади.

Нўъмон Алихон бир неча нафар ҳамроҳлари билан Робертни кўриш учун пансионатга боради. Суҳбат давомида Роберт меҳмонларга Қуръон оятларини ўқиб берганда, меҳмонларнинг кўзлари ёшга тўлади.

Хасталик туфайли Роберт оддий ногиронлар аравачасида ўтира олмасди. У бўйнидан пастини бошқара олмасди. Шунинг учун уни махсус аравачага ўтқазиш лозим эди. Бирор жойга олиб бориш учун ҳам махсус фургондан фойдаланиш керак бўларди. Фургонда унинг арвачасини маҳкамлаб қўйишарди. Нўъмон Алихон билан учрашувдан 3 ой олдин Роберт биринчи марта жума намози учун масжидга боришга аҳд қилади. Аммо уни масжидга олиб бориш учун махсус машина топилмасдан, оддий машинадан фойдаланишади.

Афсуски, ушбу сафар унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. У энди махсус арвачасига ўтира олмас, камида 6 ой шифохонадаги тўшагида ётиши лозим эди. Ўзининг масжидга илк сафари ҳақида гапирар экан, Роберт шундай дейди: “Бундай хотиржамликни ҳаётимда бирор марта туймаган эдим. Менга яна махсус арвачамга ўтиришга рухсат беришса нима қилмоқчиман, биласизми? Мен яна жума намози учун масжидга бораман…”

Бу – кўзлари ва оғзидан бошқа аъзоларини идора қила олмайдиган инсоннинг сўзлари эди. Мен Робертнинг юзидаги нурни бошқа кишида кўрмадим. У ўз ҳаётидан рози, ўзини жуда бахтли ҳисоблайди. У менга таълим берди. Мен уни ўз устозим деб ҳисоблайман.

Аллоҳ Робертга тушида ҳидоят берди. Аллоҳ кимни қандай ҳидоят қилишни Ўзи билади. Аллоҳнинг марҳаматидан ноумид бўлмайлик!

Нўъмон АЛИХОН маърузалари асосида тайёрланди.

P.S. Ҳикояни эшитгач, уни бошқалар билан баҳам кўриш истаги туғилди. Балки мендан олдин ҳам кимдир ушбу ҳикояни таржима қилиб, улашгандир. Бу ҳақида маълумотим йўқ. Қўлдан келганча таржима қилдим. Таржима Нўъмон Алихоннинг маърузасидан бироз қисқартириш билан олинди. Камчиликлар бўлса маъзур тутасизлар.

Фейсбукдан олинди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!