Исломни Рим империясининг расмий динига айлантирган император

19:00 04.02.2019 1815

«Никейчиликни қўллаб-қувватлаган Шарқ епископлари Константиус даврида қаттиқ азоб чекишди. Укаси Констанс 350 йили вафот этгач, Константиус империяни ўз ҳукми остига бирлаштирди ва энди жамики христиан олами арийчиларнинг қўлига ўтгандай бўлди»

Теология профессори 
Кристофер А. Холл

Ҳақиқат ва ёлғон, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш азалий бўлиб, бадкорлар томонидан ҳақиқатни одамлардан яшириш мақсадида содир этилган жиноятлар сони ҳам беҳисобдир. Зеро, инсон ўз табиати моҳиятига кўра ҳақиқатни танлаши, ҳамиша ҳақиқат томон интилишини улар яхши билишади. Ҳақиқат тарафдорлари, ўз навбатида, тўғри йўлда бораётган одамларга тўсқинлик қиладиган ўша бадкорларга қарши кураш олиб боришга мажбур бўлишади. Шундай экан, уларнинг ҳақиқатга чақирадиган, даъватини муҳофаза қиладиган муайян кучнинг бўлиши жуда муҳимдир. Фақат хаёлпарастларгина ҳақиқатга ўзидан-ўзи, бир думалаб эришиш мумкин, деб ўйлайди. Ҳақиқат эса аксарият ҳолларда, уни бадкорларнинг ҳамласидан ҳимоя қила биладиган кучга эҳтиёж сезади. Айнан шу боис ҳам Зиннурайн  Усмон ибн Аффондан қуйидаги сўзлар ривоят қилинади: «Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръон воситасида тийилмаган нарсаларни ҳукмдорнинг қўли ила тўхтатиб боради» . Ҳақиқат кенг ёйилишига сабаб бўладиган муҳим омилларидан бири – адолатли ҳукмдор ёки куч соҳибининг мавжудлигидир. Чунончи, ҳаммага маълумки, йўл ҳаракати қоидалари одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур, аммо ўзингиз айтинг-чи, агар ушбу қоидалар ижросини кузатиб, одамлар ҳаётини хавф остига қўйган қоидабузарларни жавобгарликка тортадиган полициячилар бўлмаса, ўша қоидаларга амал қиладиган одамлар сони қанча бўлар эди?

Атоқли шоир Аҳмад Шаукий (р.а.) айтганидек:
Таёқ ила қамчи бўлмас экан гар,
Минбарда бўлмагай ҳеч бир эзгулик.

Мазкур ҳикоямиз қаҳрамони император Константиуснинг ҳаёт йўли юқорида айтилган фикримизга далил бўла олади. Ушбу подшони курраи заминдаги эзгуликка йўлланган даъватни бадкорларнинг дасисасидан муҳофаза қилган ҳақиқий ҳимоячи дея ҳисоблаш мумкин. Император Буюк Константин 337 йили вафот этгач, мамлакат унинг уч ўғли ва жияни ўртасида тўрт қисмга бўлинди. 

Хусусан, империянинг:
– Англиядан Мағрибгача чўзилган Ғарбий қисми Константин II нинг тасарруфига ўтди.

– Марказий Европа ва Италиядан Шимолий Африкагача чўзилган марказий қисми Констанснинг тасарруфига ўтди.

– Бугунги Туркия ва Шом ҳудудидан Миср ва шарқий Ливиягача чўзилган Шарқий қисми ҳамда империя пойтахти Константинополь император Константиусга қолди.

– Юнонистон ва Болқон яриморолларидан иборат қисм Буюк Константиннинг жияни Далмацияга берилди.

Император Константиус ўғиллари орасида ўз отаси Буюк Константин каби арийчиликка эргашган ягона фарзанд ҳисобланади. Буюк Константиннинг қолган икки ўғли никейчиликка мойил бўлишган. Константиуснинг монеълиги бўлмаганда иккаласи қотилликда айбланиб сургунга ҳукм қилинган Афанасийни сургун жойидан қайтаришлари мумкин эди.

Константин II ва Констанснинг ўлимидан сўнг империянинг катта қисмини генерал Магнеций босиб олди. Шу тариқа, Буюк Константиннинг омон қолган ягона ўғли арийчи император Константиус империянинг барча ерларини ўз тасарруфида бирлаштиришга эришди ва Bслом (асл Христиан дини – арийчилик) Рим империясининг расмий динига айланди. Қайтадан бирлаштирилган империя эса ўз ичига Англия, Испания ва Мағрибдан Ироқ ва Туркияга чўзилган ҳудудни, шу жумладан, Шимолий Африка, Миср ва Марказий Европани қамраб олди.

Шахсан мен, император Константиуснинг таржимаи ҳолини узоқ ўрганиб чиққач, уни ислом тарихидаги энг буюк қаҳрамон бўлган, деган хулосага бордим. Ушбу муваҳҳид подшо ҳақида мактабда ўқитилган тарих дарслигига битилган исмидан ташқари, деярли ҳеч нима билмас эдик. Аниқланишича у, ҳеч муболағасиз, жуда катта кучга эга шахс бўлган. Ҳақ йўлдаги хизмат, ҳукмдорлик даврида дунёнинг сиёсий харитасига ўзгартириш киритиш борасида халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаш жиҳатлари кўплигини Константиуснинг биографияси билан танишиб чиққан киши ўзи учун кашф этади. Дастлаб империянинг шарқий қисмига эга чиққан император Константиус пойтахт Константинополнинг епископи лавозимига, ўша даврда якка худоликка эргашган христианларнинг раҳнамоси Евсевий Никомедийни тайинлаш тўғрисида фармон чиқарди. Юқорида айтилганидек, у ўз ака-укаларини никейчилар доҳийси Афанасийни қўллаб-қувватлашдан тийиб борди. Империянинг барча қисмлари 350 йили Константиуснинг ҳукми остида бирлашгач, унинг амрига биноан бир неча марта соборлар ўтказилиб, уларда Никей соборининг жамики қарорлари ва ўша даврда насронийлик таълимотига киритилган барча бузуқ тушунчалар бекор қилинди. Айниқча, 355 йили ўтказилган Милан собори бу борада катта аҳамиятга эга бўлди. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, Милан шаҳри ўша даврда якка худоликнинг Европадаги таянчларидан бири эди.

Соборлар ўтгач, Исо алайҳиссалом таълимотининг асл мазмуни империянинг расмий мафкурасига айланди. Императорнинг рафиқаси Евсевиянинг ҳам бунда катта хизматлари бўлиб, кенг оммалашишига улкан ҳисса қўшди (Аллоҳ ундан Ўз марҳаматини аямасин). Айни дамда улуғ дин арбоби Евсевий Никомедий одамларга якка худоликнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш билан машғул бўлди.

361 йили Константиус боқий дунёга рихлат қилди. Умрининг асосий қисмини Аллоҳнинг дини ва асл христианлик таълимотини ҳимоя қилишга сарф этган Константиуснинг фарзандлари бўлмаган ва шу боис, салтанат Юлианга, (тарих саҳифаларида Муртад Юлиан номи ила қолган) амакиваччасига мерос ўтди. Унга бундай тамға босилишига унинг мажусийликка қайтгани, якка худоликка эргашган насронийларга қарши аёвсиз кураш бошлаб, уларни ҳар қадамда қийноққа солгани, ваҳшиёна ўлдириб боргани сабаб бўлган.

Бугун биз асл христианларни сохта христианлардан фарқлай олишимиз учун Муртад Юлиан христианликнинг энг биринчи душмани бўлмиш Афанасийни сургун жойидан Искандарияга қайтариб, шаҳар черковига раҳбар этиб тайинлаганини билишимизнинг ўзи кифоя. Шундан сўнг, якка худоликка эргашган чин насронийларни қийноққа солиб, беаёв ўлдириш жараёнлари авжига чиқди. Ўша ола-ғовур замонда таъқиб қилинганлар орасида жафокаш Лукианнинг мактабида Арий билан бирга таҳсил кўрган Марис Халкидон ҳам бўлган. Тарихшунос олимлар Генри Вас билан Дэвид Рорбачер томонидан келтирилган маълумотларга кўра, муваҳҳид Мариснинг кўзи ўйиб олинган. Даҳшатли қийноқларга солинган ушбу қаҳрамон золим император Муртад Юлианга:

«Башарангни кўрмаслигим учун мени сўқир қилиб қўйган Худога беҳисоб шукурлар бўлсин!» – дея хитоб қилган экан.

Муртад Юлиан ҳукм сурган давр ўтгач, Византия салтанатида бир қатор императорлар алмашди. Уларнинг айримлари муваҳҳид-мусулмон бўлган. Шулар жумласига император Валентиниан II ва унинг онаси, арийчи епископнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаганча Исломга ёрдам берган аёл Юстинани мисол тариқасида келтириш мумкин.

Шундан сўнг, христианлик тарихидаги энг нохуш шахс – император Феодосий I ҳукм сурган давр кириб келди. Ҳамма бало янги императорнинг Исони Худо деб биладиган никейчилигида эмас, том маънода учига чиққан жиноятчи бўлганида эди. Феодосий I Исони илоҳийлаштириш бидъатига даъват этган никейчи епископларни шунчаки қўллаб-қувватлаш билангина чекланмай, якка худолик динига эътиқод қилган одамларнинг барини жиноятчига чиқарди. Империя аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этган муваҳҳид насронийларни оммавий равишда қатл қилишга киришди. Бу ҳақда тарихшунос олим, Библияни биринчи бўлиб қадимий юнон тилидан лотин тилига ўгирган таржимон Иероним қуйидагича гувоҳлик берди:

«Арийчи бўлганидан дунёнинг аксарият қисми фарёд солиб, ҳайратда қолди...»

Империя пойтахти Константинополга келсак, шаҳар аҳолиси тўла-тўкис арийчи бўлган. Тарихшунос Морис Уайлс ўзининг «Азалдан маълум бидъат: Асрлар оша ўтиб келган мангу арийчилик» («Archetypal heresy: Arianism through the centuries») асарида шундай дейди:

«Константинополдаги 40 йиллик ҳаёт давомида нафақат черков раҳбарияти арийчи бўлди, балки шаҳар аҳолисининг аксарият қисмини ташкил этган насронийлар ҳам арийчиликни никейчиликдан афзал кўрди».

Никейчи черков раҳбарларидан иборат ҳамтовоқлари билан бирга ҳукм сурган Феодосий I асл насронийлик таълимоти жорий этилган барча бутунжаҳон соборлари ва уларда қабул қилинган қоидаларни бекор қилди. Бинобарин, агар ўтган соборлар тарихига қарасак, 325 йилги биринчи Бутунжаҳон Никей собори билан 381 йилги иккинчи Бутунжаҳон Константинополь собори ўртасида деярли 60 йиллик танаффус ўтгани кўзга ташланади. Аслида, бу узоқ муддат ҳам христианларни ўз динининг ҳақиқий тарихидан бехабар қолдириш мақсадида черков томонидан амалга оширилган ҳийлалардан биридир.

381 йили император Феодосий I амри ила Константинополь собори ўтказилди. Ушбу соборнинг қарори ила никейчилик таълимотига яна бир янги Худо қўшилди. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ўша йили илк бор Худога тенг келтирилиб, сиғиниш учун муносиб топилган Муқаддас Руҳга эътиқод эълон қилинди ва айнан ўша йили банибашар тарихида илк бор Муқаддас Учликнинг барча аъзолари «Эътиқоднинг Никей рамзи»даги ўз жойини эгаллади. Қисқаси, энди насронийлар эътиқод қиладиган объектлар мазмунан: кексайган Ота; оқ-сариқ сочли, Ўғил дея эътироф этилган навқирон йигит; кабутар кўринишида тасвирланган Муқаддас Руҳдан иборат бўлиб қолди. Санаб ўтилган учала сиймо Худога тенг, аммо улар якка тартибда алоҳида олиб кўриладиган бўлса, бир-бирига тенг келадиган Худо эмас. Кўриниб турибдики, бундай ғоя ҳар қандай мантиққа, хусусан, муайян объектлар маълум бир ягона нарса бўлар экан, уларнинг ҳар бири алоҳида кўрилганда ҳам бошқасининг ўзи бўлиши керак, қоидасига зид келади. Черков бундай ақида борасида оддий христианларга ҳеч қандай тушунтириш бермаганига қарамай, Муқаддас Учликка эътиқод ўша даврдан буён, яъни Исо туғилганидан кейин 380 йил ўтиб, энди тринитарчилар дея саналадиган никейчилар эътиқоди учун мажбурий шартлардан бирига айланди.

Ўша кунгача ўтган баҳс-мунозаралар Учликка эътиқод мавзусида эмас, Исони илоҳийлаштириш мавзуси атрофида кечган. Чунки Муқаддас Руҳ 381 йилгача ҳеч қачон Худо сифатида тилга олинмаган. Ҳатто Никей соборида ҳам Муқаддас Руҳ ҳақида биров оғиз очмаган. Буларнинг бари бугунги насронийларнинг аксарияти кўр-кўрона ишонадиган Учликка доир ақида Исо туғилганидан кейин 380 йил ўтгачгина пайдо бўлганини черков ўз қавми – оддий христианлар оммасидан бекитишга уринаётганидан далолат беради.

Бу вақтга келиб тринитар черков тарихининг мудҳиш саҳифасига айланган яна бир жиддий ҳодиса рўй берди. Ушбу ҳодиса банибашар тарихида ўтган энг ваҳший одамлардан бири – епископ Августин Иппонийнинг ёки черков таъбири билан айтганда Авлиё Августиннинг пайдо бўлиши билан боғлиқдир. Ул кас христианликка янгидан-янги бузуқ маслакларни жорий этишдан ташқари, черков амалиётига одамларни қийноққа солиш ишларини ҳам киритди. Кейинчалик христианлик тарихида содир этилган турлича қийноққа солиш жараёнлари ва азоб бериб ўтказилган судлар бир замонлар Августин тасдиқлаган ахлоқсиз қонунлар билан чамбарчас боғлиқ кечди. Жазоирда туғилган Августин, ушбу юртни босиб олган римликларнинг авлоди бўлган. Бугунги черков уни бербер дея танитади. Епископ Августин бербер бўлмаган. Черков амалдорлари бербер халқини ўз томонига оғдириш мақсадидагина уни берберлар орасидан чиққан қаҳрамон, буюк шахс сифатида кўрсатишга уринишади. Августиннинг онаси бербер экани рост, аммо отаси римлик бўлиб, Исога зиғирдай дахли йўқ қип-қизил мажусий бўлган. Августин болаликдан даҳрий бўлиб ўсган, йигитлик ёшига етгач эса манихейчиликка – Форс юртидаги мажусий динлардан бирига кирган. Эътибор берилса, Исо алайҳиссаломнинг динини бузган Афанасий ёки Августин каби шахсларнинг аксарияти аввал бошдан христиан бўлишмаганини, улар туғилиб ўсган оилалар насроний бўлмаганини фаҳмлаш қийин эмас. Арий билан Евсевий каби буюк зотлар эса аксинча, христиан оилада тарбия топишганидан ташқари, ўз даврининг буюк насроний уламоси жафокаш Лукианнинг мактабида таҳсил кўришган.

Августин ёшлигида мажусийларнинг манихейчилик фалсафасидан олган бузуқ маслагини, унинг епископлик даврига келиб шундоқ ҳам бузилиб бўлган тринитар христианлик динига жорий этишга ва бу билан бир бидъат устидан бошқа бидъатни қўшиб боришга қатъий бел боғлаган. Бугунги христианлик динидаги аксарият ғоялар Августин томонидан ўйлаб топилиб, Исонинг ҳақиқий динини тамоман бузиб ташлаган ёлғон-яшиқ нарсалардир. Унинг қийноққа солиш мафкураси  натижасида учликка эътиқод қилинадиган динга кириш учун арийчиларни ва бошқа тоифага мансуб насронийларни қийноққа солиш амалиёти кенг тус олди. Минг-минглаб муваҳҳид насронийлар ўлдирилди. Имкон топганлар узоқ-узоқларга қочишди.

Тринитарчилар Исонинг ҳақиқий издошларидан батамом халос бўлдик, деган хаёлга боришган вақтда ҳеч ким кутмаган бир ҳодиса рўй берди!

Тўртинчи аср интиҳосида қандай ҳодиса юз бердики, тринитарчилар билан муваҳҳидликка эргашганлар орасидаги муносабатлар ўзгарди? Қандай қилиб якка худолик тарафдорлари тарих саҳнасига қайтишга эришишди? Қандай қилиб муваҳҳидлик Европа ҳудудининг йирик қисми, Шимолий Африка, Эфиопия ва Яманга етиб борди?

Жиҳод Турбанийнинг
“Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси” китобидан
Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!