Исломнинг бағрикенглиги

11:30 13.02.2019 522

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ Басранинг амири Адий бин Арто(т)га қуйидагича нома юбордилар: "қўл остингдаги ёши катта бўлиб қолган, қуввати кетиб заифлашиб қолган ёхуд тирикчилигидан айрилиб қолган зимма аҳлини аниқла. Сўнгра уларга халқнинг молидан (давлат бюджети назарда тутилмоқда) аҳволларини ўнглайдиган миқдорда нафақа жорий қилиб қўй. Агар-ки, мусулмонлардан бирор кишининг қули бўлса-ю у кексайиб, мадордан қолса ва пул топишга яроқсиз бўлиб қолган қолса, албатта унинг (хожасининг) зиммасида то мазкур қулини озод этгунча ёхуд ўзи билан қулининг орасини ўлим ажратгунча боқиш ҳақ (яъни фарз) бўларди (Бу билан шунга ишора қилинмоқдаки, мусулмон киши дину диёнатидан қатъий назар қули кексайиб, хизматдан ожиз бўлиб қолса, уни ўз чўнтагидан боқиши ва бошпана бериши лозим эди. Аҳли зимма эса бу ҳолатга тушганда мусулмонлар томонидан ҳимояланишга лойиқроқдирлар. Зеро, улар қул эмаслар.–Тарж.). Менга етиб келишича, бир куни мўминлар амири Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу зимма аҳлидан бўлган бир қариянинг одамлар эшигига келиб тиланаётганини кўриб қоладилар ва: "ёшлигингда сендан жизя олиб, кейсайганингда эса ташлаб қўйиб, сенга инсоф қилмабмиз-ку!", дедилар ва унга байту-л-молдан (бюджетдан) кунига ярайдиган миқдорда нафақа жорий қилдилар" (Абу Убайд ал-Қосим бин Саломнинг "ал-амвол" китобидан: 50-бет;).

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Ироқдаги Ҳийра аҳли билан зиммийлар иши бўйича шартномалашаётганда уларнинг эътиборига қуйидаги шартномани ҳавола қилган эди: "улардан қайси бир кимса кексайиб ишлашга қийналиб қолса, ёхуд соғлигига путур етса ёки аввал бой бўлиб, сўнг қашшоқлашиб қолганлиги туфайли ўз диндошлари унга садақа берадиган даражага тушиб қолса албатта, мазкур кишиларнинг жизяси бекор қилинур ва то ислом диёрида истиқомат қилар экан, бундай кишиларнинг ўзлари ҳам, оила аҳли ҳам мусулмонларнинг молия уйларидан (бюджетдан) таъминланурлар" (Имом Абу Юсуфнинг "ал-Харож" китоби: 144-бет;).

Зикр этилганлардан пенсия ва қарилик нафақаси каби ижтимоий ҳимоя воситалари ҳам аслида илк бора мусулмонлар томонидан йўлга қўйилганмикан, деган фикр ҳам келади кишининг онгига. Ва бу бежиз ҳам эмас. Зеро, биз нарсаларга нисбатан ёндашувимизда кўпинча уларнинг сўнги, пишиб-етилган ҳолати ва расман муайян ном билан муомалага кириш даврини асос қиламиз. Бу эса у ёки бу феноменнинг пайдо бўлиш жойи ва вақти ҳақида аниқ ва дақиқ маълумот бўлолмайди. Негаки, муайян ном ва таърифи бўлмаган ҳолда амалда бўлган ҳолатлар кўп учрайди ҳаётда. Мисол учун "истеъмолчи ҳуқуқи" деган тушунча шу ном билан яқин орада пайдо бўлди. Аммо, амалда эса истеъмолчи ҳуқуқининг ҳимоясига оид қонун-қоидалар ислом фиқҳида эскидан мавжуд эди. Фақат, фиқҳий манбаларда юқоридаги атама билан ёритилмаган холос.

Худди шунга ўхшаб, бугунги маданий дунё ҳаётида муомалада бўлган кўплаб эзгу ишлар, анъаналар ва ижтимоий ҳақ-ҳуқуқларнинг дунё юзини кўриши ҳам аслида узоқ ўтмишларга бориб тақалади. Шу маънода пенсия, ҳомиладорлар нафақаси ва касалхоналар илк бора мусулмон оламида пайдо бўлган деган асосли қарашлар ҳам мавжуд. Жумладан, илк касалхона Умавийлар даврида Дамашқда юзага келганлиги тарихий манбалардан маълум. Ўшанда илк бора моҳов касалига чалинган кишилар учун сиҳатгоҳлар ташкил этилган.

Кейинроқ ҳарқандай касал одам ўзини ўнглаб олгунча даволанадиган махсус касалхоналар вужудга келган ва уларга "бемористон" деб ном берилган. Бизнинг тилимиздаги бемор деган сўз ҳам шундан аслида. Бу вақтларда Европа ўзининг қора кунларини бошдан кечираётган, Ислом эса ўзининг олтин даврида эди.

Шунингдек, юқорида келтирилган ҳужжатлар Ислом бағрикенглигининг ёрқин ва гўзал намунасидир. Ушбу бағрикенглик ва олийжаноблик туфайли мусулмонлар юртида яшаган кўплаб ўзга дин вакиллари кўнгилли равишда исломни қабул қилганлар ва ўз диндошлари аксариятни ташкил қилган юртларда яшашдан ҳам кўра мусулмонлар билан бирга умргузаронлик қилишни афзал билганлар. Зеро, бунда улар молу жонлари ва обрўларига тажовуз этилишидан омонликда бўлганлар ва буни ўз таналарида ҳис этганлар.

Ўзга дин вакилларидан бирортаси мусулмон киши билан даъволашганда, даъвоси тўғри бўлса қозилар мусулмоннинг зарарига бўлса ҳам даъво эгасининг фойдасига ҳукм қилганлар.

Жаннат башорати берилган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан мавқеи Ҳорун алайҳиссаламнинг Мусо алайҳиссаломга нисбатан тутган ўрнидек бўлган, Пайғамбаримизнинг энг суюкли қизларининг умр йўлдоши ва суюкли набираларининг отаси бўлган, уни яхши кўриш мўминлик аломати, ёмон кўриш эса мунофиқлик белгиси бўлган ҳамда мўминларнинг амири бўлган ҳазрат Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу билан бир зиммий ўртасида бўлиб ўтган машҳур даъволашув воқеасини эсга олайлик. Унинг тафсилотига киришмаган ҳолда қисқача баён қиладиган бўлсак, ҳазрат Али бозорда бир насроний кишиси ўғирланган совутларини сотувга қўйганини кўриб қоладилар ва шу иш бўйича Қози Шурайҳга мурожаат қилиб, ўрталарини ажрим қилиб беришини сўрайдилар. Ҳазрат Алининг қўлларида очиқ далил бўлмаганлиги учун Қози ҳалиги зиммийнинг фойдасига ҳукм чиқаради. Али разияллоҳу анҳу бу ҳукмга рози бўладилар. Бу воқеадан таъсирланган зиммий ҳайратини яширолмасдан: "мусулмонларнинг энг каттаси оддий бир зиммий билан даъволашяпти ва Қозига мурожаат қиляпти. Қозиси эса унинг зарарига ҳукм қиляпти. Қасамки, бу ҳукмлар фақат Пайғамбарлар ҳукми бўлиши мумкин холос, ундан ўзгаси бўлиши мумкин эмас!", деди. Сўнгра, Али разияллоҳу анҳуга юзланиб, Аллоҳга қасамки, бу сизнинг совутингиз. Қўшиндан ажраб уйга қайтаётганингизда сизни таъқиб қилиб боргандим. Авроқ исмли туянгиздан тушиб қолган экан, уни олдим, деди ва гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, дея мусулмон бўлди. Шунда Али розияллоҳу анҳу мусулмон бўлган экансан, буни сенга ҳадя қилдим деди ва ҳатто унга ўзларининг бир отларини ҳам туҳфа қилдилар. Ушбу қиссани имом Байҳақий "Ас-сунан ал-кубро" номли китобларида (10-жилд, 136-бет) Шаъбийдан ривоят қилиб келтирганлар.
Юқорида зикр қилинган ҳолат каби Ислом самоҳатининг нечоғли буюклигини кўрсатиб берган, ақл бовар қилиши қийин бўлган воқеа-ҳодисалар аслида жуда ҳам кўп.

Аҳли зимманинг ҳурмати ва ҳаққи шу даражада экан, мусулмон кишининг ҳаққу ҳурмати қай даражада экан, деган савол пайдо бўлади.

Мусулмонлар орасида яшайдиган ўзга дин вакиллари динимизда шу даражада ҳимоя ва муҳофаза қилинар экан, шу даражада ғамхўрлик қилинар экан, мусулмонлар ўзаро қандай муносабатда бўлишлари лозимлиги инсонни ўйлантириб қўяди.
Ва ниҳоят, ҳар қандай соғлом ақл эгаси бироз тафаккур юритса, юқорида зикр этилган ҳақиқий исломнинг ўзгаларга муомаласи билан ИШИД каби ҳалифалик даъвосидаги хаворижларнинг қилаётган ишлари ва бузғунчиликлари ўртасида ер билан осмончалик фарқ борлигига гувоҳ бўлади.

Алишер Султонхўжаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!