Ислом

Исломнинг камбағалликка муносабати

1048

1.  Ислом камбағаллик илоҳий неъмат деган тушунчани қоралайди

Динимиз камбағалликни муқаддас деб билиб, буни биринчи ўринга қўядиган тоифанинг қарашларини оқламайди. Аввал айтиб ўтганимиздек, йўқсилликни фахр деб билишни дастлаб монийлик, ҳиндуизм, насронийликдаги руҳонийлик ва шу каби фирқа тарафдорлари маъқуллашган ва бу қараш кейинчалик баъзи мусулмон тариқатчиларига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Аслида Қуръони каримда ҳам, Ҳадисларда ҳам камбағалликни ёқловчи бирорта далилни учратмайсиз.

Дунёдан юз ўгириш, унга кўнгил қўймаслик ҳақидаги ҳадиси шарифларни камбағалликни ёқловчи далил, деб билмаслик керак. Чунки юз ўгириш учун аввало юз ўгириш мумкин бўлган нарсага эга бўлиш лозим. Чин маънода дунёдан парҳез қилиш бу қўлида бўла туриб уни суймаслик, қалбида унга жой қолдирмаслик деганидир.

Ислом таълимотига кўра, бойлик Аллоҳнинг катта ва шукронаси талаб этиладиган неъматларидан биридир. Камбағаллик эса муаммолардан бири бўлиб, мусулмон киши Аллоҳдан унга дучор қилмаслигини сўраши ва қўлидан келганича бунга ўзи ҳаракат ҳам қилиши керак.

Аллоҳ таоло бойликнинг нечоғлик катта неъмат эканини айтиб бундай марҳамат қилади: “Ва У сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими”?  Шунингдек, мол-дунё истиғфор айтган бандаларига бу дунёда бериладиган мукофотлардан бири эканини қуйидагича баён қилган: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг. Албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола чақа ила мадад берадир, сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир” .

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ кишида яхши йўл билан топилиб, яхши йўлга сарфланадиган молу дунё бўлса қандай яхши”, деганлар .

Аллоҳ таоло Бадр жангида асир бўлганлар ҳақида бундай марҳамат қилган: “Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: “Агар қалбларингизда яхшилик бўлса, Аллоҳ билур ва сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимли Зотдир”, - деб айт” .

Ушбу ояти каримада улардан олинган нарса эвазига бериладиган нарсани “яхшироқ” дея орттирма даража билан сифатламоқда ва буни уларга қалбларидаги яхшилик мукофоти ўлароқ берилишини таъкидламоқда.

Ҳадиси шарифларда камбағалликка нисбатан инсон, жамият, иймон-эътиқод, хулқ-атвор, тафаккур, маданият, оила, башарият, хуллас, барча-барча нарсага таҳдид солувчи хатар сифатида қаралади. Буларни алоҳида шарҳлаб ўтамиз.

Камбағалликнинг эътиқодга зарари

Ночорлик – эътиқодга зарар келтирувчи энг катта офат, дейиш мумкин. Йўқчилик кўпинча ҳар қандай йўл билан бойлик тўплашга ундайди. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, фақирлик салбий ишларга сабаб бўладиган ҳаракатлантирувчи омилдир. Тўқчилик эса, одатда, танбалликка, ялқовликка боис бўлса-да, камбағаллик каби зарар келтиролмайди.

Фақирлик илоҳий қонуниятларга шаккоклик қилиш, ризқ тақсимотига нисбатан шубҳа-гумонда бўлиш каби ҳолатларни келтириб чиқаради. Айни шу маънода қадимда яшаб ўтган шоирлардан бирининг қуйидаги шеъри бор:

Қисматнинг ўйинига ақл тинмай ўйланар:

Қанча-қанча олимлар нон тополмай қийналар.

Калласиз жоҳилда-чи, олтин тўла сандиқлар,

Субутсиз олимлардан тез чиқади зиндиқлар. 

Камбағаллик дунёқарашни салбий кўринишга олиб келади. Айнан шу нарса салафлардан бирининг қуйидаги фикрларига сабаб бўлган бўлса не ажаб: “Йўқсуллик қайси томон йўл олмасин, динсизлик унга “мени ҳам ўзинг билан олиб кет” дер экан”.

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сабр нималигини билмайдиган камбағаллардан яхшилик чиқмайди. Сен сабр қила оладиганларга насиҳат қилгин”.

Пайғамбаримиз: “Аллоҳим, куфр ва камбағалликдан Ўзинг асра” , деб дуо қилганлар. Бу ерда камбағаллик иймонсизлик билан ёнма-ён келяпти. Ҳадиси шарифларнинг яна бирида бундай дейилган: “Аллоҳим, камбағалликдан, йўқсилликдан, ҳорликдан паноҳ тилайман. Зулм қилиб қўйишимдан, ёхуд мазлум бўлиб қолишимдан Ўзинг сақла” .

Камбағалликнинг хулқ-атворга салбий таъсири

Юқорида камбағалликнинг диний эътиқодга таъсирини ўргандик. Йўқсилликнинг хулқ-атворга нисбатан хатари ҳам ундан кам эмас. Муҳтожлик ва йўқсиллик кишини кўпинча инсон табиати оқламайдиган ишларга ундайди. Айниқса, атрофида бой-бадавлат ҳаёт кечирадиганлар бўлса, аҳвол яна ҳам ёмонлашади. Энг ёмони камбағал киши ҳаётда эзгу амал, адолат деган нарсалар борлигига ишонмай қўяди. Биргина бу эмас, диний ўлчовларга ҳам шубҳа билан қарай бошлайди.

Набий алайҳиссалом фақирлик кишининг динига қанчалар путур етказишини бундай изоҳлаганлар: “Киши қарздор бўлар экан, гапирса, ёлғон сўзлайдиган, ваъда берса, бажармайдиган бўлиб қолади” .

Бошқаларга муҳтож бўлмай яшашнинг ва ночорликнинг қандай фойда ва зарарлари борлигини қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб олишимиз мумкин: “Бир киши кечаси бировга садақа қилибди. Кейин маълум бўлишича ўша одам ғирт ўғри киссовур экан. Буни эшитган одамлар уни роса гап қилишибди. Яна бошқа сафар бир аёлга ёрдам қўлини чўзибди. Кейин билишса у аёл фоҳиша экан. Одамлар яна “Энди фоҳишага садақа қилганмуш” дея устидан кулишибди. Кейин сахий одам бир туш кўрибди. Тушида унга кимдир “Ўғрига қилган садақанг туфайли балки у ўғриликдан тийилар. Фоҳишага кўрсатган ёрдаминг туфайли шояд жирканч ишидан вос кечар” дебди” .  “Демак, тўқчилик кишини ўғирлик қилишидан ва аёлни зинокор бўлишидан сақлаши мумкин экан” .

Камбағалликнинг фикрлашга таъсири

Йўқсиллик инсоннинг нафақат моддий ва маънавий оламига, балки унинг фикрлашига ҳам салбий таъсир ўтказади. Ўзи, фарзандлари оч ўтирган одам қандай қилиб тараққиёт, юксалишга тааллуқли илғор ғоялар ҳақида ўйлаши мумкин?! Қолаверса, ён атрофидагилар тўкин-сочин, бекаму кўст ҳаёт кечираётганда бундай нарсалар ҳақида ўйлаши амри маҳол.

Ривоят қилишларича, кунларнинг бирида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний илм мажлисида ўтирганларида хизматкор аёл келиб, уйда ун қолмаганини айтибди. Шунда Шайбоний: “Шўринг қурсин, қирқта фиқҳий масалани ёдимдан чиқариб юбординг-а!” деган экан.

Имом Аъзамнинг ҳам бундай деганлари келтирилади: “Уйида уни йўқ кимсадан маслаҳат сўрамагин. Чунки камбағалнинг фикру хаёли нон топишда бўлади. Шунинг учун ҳам у тўғри маслаҳат бера олмаслиги мумкин”.

Маълумки, кучли руҳий ҳолат идрок қилишга, тўғри фикр юритишга салбий таъсир этади. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам сўзимизнинг исботидир: “Қози ғазабнок ҳолатда ҳукм чиқармасин”.

Уламолар очлик ва чанқоқликни ҳам мазкур ҳадисдаги ғазабга қиёс қилиб, қози оч, чанқоқ ёки бошқа бирор кучли руҳий ҳолатда ҳукм чиқармаслиги лозимлигини айтадилар. Шоирнинг сўзидан:

Кимки моли камайса ҳор бўлиб қолгай,

Еру осмонлар унга тор бўлиб қолгай.

Олим киши бўлса ҳам ақлдан озиб,

Ўнгу сўлин билмай бемор бўлиб қолгай.

(давоми бор)

Ёрбек Исломнинг «Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом умматининг 100 буюк шахси: "Ироқ шeри" – Ал-Мусанна ибн Ҳориса аш-Шайбоний 

205 20:30 07.04.2020

Қўшничилик ҳақлари

266 12:30 07.04.2020

Раҳмат сенга коронавирус

1546 22:58 06.04.2020

Ислом умматининг 100 буюк шахси: "Суворий-шоир" - Ал-Каака ибн Амр ат-Тамимий

417 20:00 06.04.2020

Исломда шифохоналарнинг ташкил этилиши

335 19:00 06.04.2020

Қуръон курсида фаррош йигит қори бўлди

1319 17:00 06.04.2020
« Орқага