Илм

Исломнинг катта олими оламдан ўтди ёхуд дўстларга ғамгин дил таъзияси

920

Ҳижрий 1441 йил рамазон ойининг 26-куни, сешанба, милодий 2020 йил 19 май куни улуғ аллома, Шайхул-Ҳадис – Ҳадис илмининг шайхи, Ҳиндистон Ислом уламосининг пешволаридан бўлган Саид Аҳмад Полонпурий ҳазратлари фоний дунёдан боқий оламга риҳлат қилдилар. 

Бу хабар ҳар бир иймон аҳли, ҳар бир илму маърифат аҳлининг қалбини ларзага солди. Бу кунлар фақат Ҳиндистон диёри эмас, балки бутун дунё илм аҳлларининг мотам кунидир. 

Илм аҳлига маълум, Ҳинд ўлкасида Имоми Аъзам мазҳаби жуда мустаҳкам сақланган, хожагон тариқати таълимоти кенг ёйилган, у юртдаги ҳанафий уламоси фикр-қарашлари билан бизнинг Ўзбекистон диёри уламоси фиқҳий-ақидавий қарашлари ўртасида бир хиллик ва муштараклик мавжуд. Ҳинд ўлкаси олимлари ҳанафий мазҳаби асосида улуғ ватандошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий китобларига батафсил шарҳлар ёзиб улгурганлар. 

Хусусан, Девбанд Дорул-ъулумининг шайхларидан бўлган аллома Саид Аҳмад Полонпурий ҳазрати Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” китобларига “Туҳфатул-Қорий – шарҳу Саҳиҳул-Бухорий” номли шарҳ ёзганлар. Бу асар бир неча жилдни ташкил этади. Шунингдек ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Сунани Термизий”) китобларига “Туҳфатул-алмаъий” номли саккиз жилдлик шарҳ битганлар. У зотнинг “Раҳматуллоҳил-Васиъа – шарҳу Ҳужжатуллоҳил-болиғаҳ” асарлари ҳам машҳурдир.

Аждодлари Бухорои шарифдан бўлган атоқли нақшбандия шайхи, марҳум доктор, профессор Саид Маҳмуд Асъад Жўшон (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари ўз оламшумул суҳбатларидан бирида бундай деганлар:

«Ҳинд ўлкаси биз мусулмонлар учун жуда муҳим ўлкадир. Ўрта Шарқдан, Саудия Арабистонидан, Мисрдан, Ироқдан ҳам кўра аҳамиятлироқдир. ...Саудия Арабистонидаги, Мисрдаги, Ироқдаги исломий оқимлар, фикр оқимлари, жараёнлари бизники билан қарама-қарши моҳиятдадир.

Ҳанафий фиқҳи Ислом фиқҳининг энг пухта ишланган мазҳаби, асрлар бўйи халқларнинг катта қисмини бошқарган, жуда мукаммал, энг юксак даражада ривожланган ҳуқуқ мактабидир, шунга қарамай, баъзи оқимлар уни танқид қилиб, қанча кераксиз ранжу озорларга сабаб бўладилар.

Бироқ Ҳиндистон ўлкасида мусулмонларнинг асосий кўпчилиги ҳанафийлар бўлиб, тағин улар орасидан тасаввуфнинг энг буюк шахсиятлари ҳам етишиб чиққандир» (Доктор, профессор Маҳмуд Асъад Жўшон. “Тасаввуф ва гўзаллик”. “Адолат” нашриёти. Тошкент, 2004). 

Мана шу оламшумул сўз бизнинг Ҳинд олимларига ҳурмат ва муҳаббат билан ёндошмоғимиз учун етарлидир. 

Камина “Сунани Термизий” асари таржимасини нашрга тайёрлашда, урду тилини билмаганим учун, муҳтарам олим Ёрқинжон Қори Фозилов ёрдамида Шайх Саид Аҳмад Полонпурий ҳазратларининг “Туҳфатул-алмаъий” асаридан кўп ўринларда муҳим шарҳ ва изоҳлар келтирганман. Биз Ёрқинжон домла воситасида Қўқонд ва Тошкентда бу улуғ асардан бирмунча баҳра олдик.

Мазкур “Туҳфатул-алмаъий” асарининг муқаддимаси асосида “Суннат ва ҳадис” номли муҳим рисоланинг маълумот ва далиллари жамланиб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига тақдим этилди. У киши мазкур далиллар аосида “Суннат ва ҳадис” номли ўта муҳим рисолани тасниф этдилар. Натижада, Ўзбекистон мусулмонлари манфаатига мос ушбу рисола кенгроқ ададда китобхонларга етиб борди ва кетма-кет уч марта нашр этилди.  

Ҳинд ўлкаси алломаларидан Шаббир Аҳмад Қосимийнинг “Анворул-маносик” асари таржимаси асосида Ёрқинжон қори Фозилов хизматлари билан “Ҳаж фатволари мажмуаси” асари тасниф этилди ва икки марта нашр қилиниб, кўплаб ададда ўзбек ўқувчиларига етиб борди. Бу хайрли ишда ҳам Раббимиз каминани насибадор айлаганига кўп шукр қиламан.

Бу савобли ишлар Ҳиндистон ўлкасининг бутун дунё мусулмонлари учун нақадар муҳим эканини исбот этади.

Энди олдимизда Шайхул-Ҳадис Соҳиб Полонпурий ҳазратларининг “Туҳфатул-Қорий – шарҳу Саҳиҳул-Бухорий”, “Сунани Термизий” шарҳи – “Туҳфатул-алмаъий” асарларини тўлиқ таржима қилиб, халқимизга етказиш вазифаси турибди.

Шайх ҳазратлари умрларининг кўп қисмини – Ислом оламининг фахри саналган, лекин Ўзбекистон диёридан етишиб чиққан буюк муҳаддислар меросига бағишладилар. Бу жиҳатдан ўзбек олимлари Шайхул-Ҳадис ҳазратларидан маънавий қарздордирлар. Биз бу маънавий қарзни у зотнинг илм хазиналарини халқимизга етказиш билан узишимиз мумкин...

Ҳар бир мўъмин киши Аллоҳнинг раҳмати ёғилган кунларда, хусусан, муборак рамазон ойида вафот топишни орзу қилади. Шайхул-Ҳадис ҳазратлари ўзларидан садақаи жория бўладиган ўлмас асарлар ва шогирдлар қолдирган ҳолда бу бахтга эришдилар. Аммо олимдан айрилиш – тириклар учун чексиз мусибатдир.

Ушбу оғир мусибат кунида Ҳиндистондаги Ҳанафий алломалар даргоҳидан илм ҳосил қилган азиз юртдошлармизга, муҳтарам Шайх Ҳикматуллоҳ Имом домла, муҳтарам Ёрқинжон қори Фозилов, муҳтарам Абдуманнон домла, муҳтарам Муҳаммад Одил Ҳамидов домла ва бошқа олимларимизга, бутун дунё мусулмонларига, бутун умматга ғамгин қалб ила таъзия изҳор этамиз.

Атоқли алломанинг вафотидан юртимиз аҳлини биринчи бўлиб хабардор қилган ва Ислом аҳлига ўзбек уламолари таъзиясини изҳор этган Саид Раҳмутуллоҳхон Термизий ҳақларига сидқидилдан дуо қиламиз.

Ҳадиси шарифда айтилганидек, “Мавтул-ъолими – мавтул-ъолами”; “Олимнинг ўлгани – оламнинг ўлганидир”. Бас, дунё вафот топган ҳар бир олим билан бирга ўлиб, туғиладиган ҳар бир янги олим билан бирга туғилади. Бир олимнинг ўрнини бошқа ҳеч бир олим боса олмайди. Лекин Аллоҳ таолодан оламни қайта тиргизмоғини – саҳиҳ ва солим янги олимларни дунёга келтирмоғини тилаб қоламиз.

Иннаа лиллоҳи инна илайҳи рожиъуун – Шубҳасиз, биз (ҳаммамиз) Аллоҳникимиз ва яна Унга қайтгувчимиз.

Мирзо КЕНЖАБЕК,

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази Ислом мероси бўлими бошлиғи,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 

Халқаро Бобур мукофоти соҳиби

 

Таҳририятдан: Ҳазрати Саид Аҳмад Поланпурий раҳматуллоҳи алайҳнинг қисқача таржимаи ҳоллари.

 Исмлари: Саид Аҳмад.

 Оталарининг исми: Жаноб Юсуф соҳиб раҳматуллоҳи алайҳ.

 Боболарининг исми: Али. Ҳурматан Али Жи дейилар эди.

 Туғилган жойлари: Калира, Шимолий Гужурот (Поланпур), Ҳиндистон. 

 Туғилган йиллари: 1940-мелодий сана охири, ҳижрий 1360-сана.

 Бошланғич таълимлари: Мактаб (Калира)

 Ўрта таълимлари: Сулламул улум мадрасаси (Поланпур).

 Мазоҳирул улум (Саҳаранпур)

 Тамомлаган олий ўқув даргоҳлари: Дорул улум Девбанд. (Давраи ҳадис, 1382-ҳижрий, 1962-милодий)

 Шу кунгача энг муҳим масъулиятлари: Шайхул ҳадис ва Дорул улум Девбанд мударрислари раиси.

 Манзиллари: Маҳалла Андарун, Девбанд, Ҳиндистон .
 
Ҳазрати Саид Аҳмад Поланпурий раҳимаҳуллоҳ тасниф қилган баъзи китоблар: 

1. Тафсиру ҳидоятил Қуръон.
2. Тухфатул Қорий, шарҳи саҳиҳи Бухорий. 12 жилд.
3. Тухфатул алмаъий, шарҳи сунани Термизий. 8 жилд.
4. Илмий хутбаат, 2 жилд.
5. Файзул мунъим, Шарҳи муқаддима саҳиҳи Муслим.
6. Раҳматуллоҳил восиъа (Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавийнинг Ҳужжатуллоҳил болиға китоблари шарҳи, 5 жилд)
10. Тухфатуд дурар, шарҳи нухбатул фикар.
11. Ал-авнул кабир, Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавийнинг ал-фавзул кабир китоблари шарҳи.
12. Мифтоҳут таҳзиб, Аллома Тафтазонийнинг таҳзибул мантиқ китоблари шарҳи. 
13.  Мабодиёти Фиқҳ.
14.  Аап фатво кейсе ден.
15. Ҳурмат-э мусоҳарат.
16. Тасҳил-э адиллаи комила.
17. Ҳавоший имдодул фатаво.
18. Осон наҳв. 2 қисм
19. Осон сарф. 2 қисм
20. Осон мантиқ 
21. Мабодиул фалсафа. (Араб тилида)
22. Муъинул фалсафа.
23. Муъинул усул.
24. Кия муқтадий пар Фотиҳа вожиб ҳе.
25. Фиқҳэ Ҳанафий ақроб иланнусус.
26. Ҳодия шарҳи кофия.
27. Вофия шарҳи кофия араб тилида.
28. Дин ки бунядейн аор тақлид ки зарурат.
29. Мабодиул усул. Араб тилида усули фиқҳ китоби.
30. Зубдатут Таҳовий, Шарҳи маъонил осор китобига арабча талхис.
31. Ифодоти Рошидийя.
32. Ифодоти Нонутавий.
33. Ҳаятэ имоми Абу Довуд.
34. Хаятэ Таҳовий.
35. Маҳфузот.
36. Нубувват нэ инсоният кў кия дия?
ва ҳакозо

Манба: Ёрқинжон қори телеграм канали

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тадбиркорнинг закотга йўналтирган  маблағини солиқдан озод қилиш керак...

520 23:11 29.05.2020

Абдураҳмон Мешаян: “Мен қандай Исломни қабул қилдим?” Ёхуд “Ҳидоятга келган армани” суҳбатига илова (давоми)

2884 20:00 29.05.2020

Абдураҳмон Мешаян: “Мен қандай Исломни қабул қилдим?” Ёхуд “Ҳидоятга келган армани” суҳбатига илова

3662 19:30 29.05.2020

Хушхабар: Ал-Ақсо масжиди очилмоқда

500 18:45 29.05.2020

Қримда қанча мусулмон бор?

856 16:00 25.05.2020

Исломий ҳайитнинг хусусияти

332 10:50 25.05.2020
« Орқага