Исломсиз жамият — либоссиз тана

12.02.2019 17:00 4504

Ёхуд тангричилик дини ортидаги маънавий таҳдидлар

Кейинги пайтларда туркий халқларнинг тарихи ва маданиятига бағишланган интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тангричилик эътиқодига оид масалалар кўп кўтариладиган бўлиб қолди. Айрим, ўзларини зиёли, деб ҳисоблаганлар Исломдан кўра, тангричилик туркий халқлар минталитетига мос, дин деб айтишмоқда. Гўёки, Ислом туркийларнинг миллий ўзлигини йўқ қилармиш, туркий маданият ўрнига араб маданиятини сингдирармиш, замонга мос эмасмиш. Шунга ўхшаган бошқа асоссиз даъволар ҳам йўқ эмас. Хўш, тангричилик дини ўзи нима? Бугун нега у ҳақида тез-тез эшитяпмиз? Бу дин нега туркий халқлар билан боғлиқ кўрилади? Бугун шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида “Олтойлар” китоби муаллифи Анвар Бўроновга мурожаат қиламиз.

Умида АДИЗОВА: - “Олтойлар” китобида ўзбек халқига ўхшаш бўлган аммо Исломни қабул қилмаган олтой халқининг тили, маданияти, адабиёти, дини ва қадриятларини тадқиқ қилганлигингиздан хабаримиз бор. Бу ҳақда матбуотда, ижтимоий тармоқларда ва телевиденияда анча қизиқарли маълумотлар ёритилганини ҳам биламиз. Ушбу китобни ёзишдан асл мақсадингиз нима эди?

Анвар БЎРОНОВ: - Тўғри, китоб нашрдан чиққач тилшунослар, этнологлар томонидан яхши кутиб олинди. Чунки китобда айтганингиздек, Олтой халқининг тили, адабиёти, маданияти, этник хусусиятлари, маданияти, миллий ўйинлари, тўй маросимларини кенг ёритиб берган эдик. Шу сабаб, телевидениеда бу ҳақда кўрсатувлар тайёрланди. Олий ўқув юртларида тақдимот маросимлари ўтказилди. Аммо бу тадбирларнинг ҳеч бири китобнинг асл мақсадини очиб беролган эмас. Чунки мен ўқувчиларга олтой халқини исломни қабул қилмаган ва туркий халқларнинг қадимий дини - тангричилик динини сақлаб халқ сифатида тақдим қилганман. Бу ерда асосий мақсад бугунги кунда жамиятимизга хавф сифатида қаралаётган тангричилик динига қаратилган эди. 

У.А: - Тўғри, ҳақиқатан китобда олтойлар Исломни қабул қилмаганлиги ва туркий халқларнинг қадимий дини тангричилик дини қолганлигини кўрсатиб бергансиз. Шу ўринда айтиш керак, бугунги кунда Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа туркий давлатларда тангричилик динини қайта тиклашга уринишлар бўлаётганлигидан ҳам хабаримиз бор. Афсуски кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда ўзбеклар орасида ҳам тангричиликни тарғиб қилаётганлар кўзга ташланиб қолди. Сиз ўрганиб чиққан ва бир халқ мисолида тадқиқ қилган тангричилик қандай дин?

А.Б: - Тангричилик дини билан қизиқаётганлар ёки уни янгилик сифатида қабул қилаётганлар уни узоқдан излаши шарт эмас. Маълумотларни Ўзбекистон миллий энциклопедиясини варақлаб топса бўлади. Тангричилик - қадимий туркий ва мўғул халқлари дини ҳисобланади. Бу динга Исо алайҳиссалом таваллудидан 3 минг йиллар аввал ҳам қадимги Шумер давлатида эътиқод қилинганлиги манбаларда ёзиб қолдирилган. Тил ва этник жараёнлар тараққиётининг ностратик (борей) концепциясига асосланган тадқиқотчилар фикрича, 5-6 минг йиллар муқаддам қадимги Шумердан Олтойгача бўлган улкан ҳудудда протоолтой қабилалари яшаган. Шумерлар қадимги турк тилига яқин бўлган протоолтой тили лаҳжасида сўзлашганлар. Шу даврда тангричилик протоолтой халқларининг энг қадимий дини, инсоният тарихидаги илк монотеистик динлардан бири сифатида шаклланган, дейилади.

Милоддан аввалги 2 минг йиллиқда Месопотамияга қадимги сомий, ҳозирги Эрон, Афғонистон ва Турон текислиги ҳудудларига орий қабилалари кириб келиши натижасида протоолтойларнинг катта қисми Олтой, Саён тоғлари, ҳозирги Шимолий Хитой, Монголия ва Сибирь томонга кетишга мажбур бўлишган ва бу ерда олтой халқлари сифатида шаклланган.

Шу сабаб “тангри” номи ҳамма туркий халқлар лингофондидан муқим жой олгани ва ҳамон айнан “худо” маъносида қўлланилади. Тангри — атамаси кўпгина Осиё халқларининг энг қадимги мифологик фондига киради. Тангри қадимги шумер тилида тенгри, тенгир, денгри,; олтойчада тангнгир; озарбайжонча денгри, денгир; хакасча тигир, тер; тувача дээр; чувашча тура; якутча тангара; монголча тэнгэр; бурятча тэнгэри, тэнгри; қалмиқча тэнгер;  японча тэнри шаклида талаффуз қилинади. У қадимий хунну тилида ҳам мавжуд бўлган . Тадқиқотчилар Тангрини кенгроқ талқинда шумерча “тенгир —коинот”, “денгиз” билан боғлайдилар.Тангри ҳақидаги тасаввур осмон руҳи эгаси ҳақидаги анимистик диний эътиқодлар асосида шаклланган бўлиб, унда осмон ҳам бевосита ўзининг кўринишида, ҳам Тангри яшайдиган фазо сифатида тасаввур этилган.

У.А: - Демак, тангричилик дини янги дин эмас, шундайми?

А.Б: - Албатта. Бу дин асло янги дин эмас! Аксинча диншунослар тангричиликни турк паганизми сифатида ҳам талқин қилишмоқда. Яъни бу ерда “паганизм” сўзининг маъноси эски, жоҳилият дини сифатида берилган. 

У.А: - Бугунги кунда тангричиликни дини монотеистик  дин сифатида талқин қилинаётганлар учрайди. Сиз бунга нима дейсиз?

А.Б: - Асло ундай эмас! Диншунослар томонидан фақат учта дин яҳудийлик, насронийлик ва ислом дини монотеистик дин сифатида қабул қилинган. Тангричилик динида илоҳлар сони бир нечта ва у баъзи талқинда дуалистик баъзи талқинларда полетеистик характерда кўринади.

У.А: - Тангричилик дининг ўзига хосликлар нимада?

А.Б: - Бу диннинг асосий хусусияти шундаки, ундаги асосий худолар, персонажлар, диний маросимлар номлари соф туркий номда. Тангричилар амалда “тангри”ни осмонда яшайдиган якка худо сифатида тасаввур қилишади. Аммо шу билан бирга осмон ва ер оралиғида яшовчи “Улкан” номли ва ер остида яшовчи “Ерлик” номли илоҳларга ҳам эътиқод қилишади. Тангричилик политеизмининг яна бир муҳим хусусияти шуки, улар эътиқод қилган худоларнинг оиласи ва фарзандлари ҳам борлиги таъкидланади. Жумладан, Улканнинг тўққиз қизи бор. Унинг жойи осмонда нақшинкор тилло кошона бўлиб шу қизлари билан бирга яшайди. Қизлари керакли пайтда ерга тушиб одамларга ёрдам беради. Худо Ерлик эса Улканнинг укаси бўлиб иккаласи тортишиб қолгач, уни ер остига бадарға қилган. Ерлик ер ости салтанатининг хукмдори бўлиб алвасти, жин ва ёвуз руҳлар унга хизмат қилади. Улар ер юзига тунлари чиқиб ўз ишларини бажарадилар. Ерликнинг ҳам ўғил-қизлари бор. Улар булоқлар ва ариқ бўйларида, ғорларда, овлоқ жойларда юришади, деб эътиқод қилишади.

У.А: - Тангричилик динининг ҳам илоҳий китоблари ёки пайғамбари борми?

А.Б: - Пайғамбарлари денг! Маълумки, диншунослик фанида шомонийлик алоҳида дин ҳисобланади. Аммо тангричиликда шомонийлик шу динининг таркибий қисми сифатида кўринади. Шомонлар - тангричилик динида илоҳий дунё ва илоҳий кучлар билан одамлар ўртасида воситачи ҳисобланади. Шунингдек улар табиат ҳодисаларини башорат қилувчи, табиб, руҳлар билан одамлар орасида воситачи, анъанавий маросимлар ташкилотчиси каби вазифаларни ўтаб келишган. Коҳинлик тангричиликда кенг қўлланилади ва қоҳинлар пайғамбар вазифасини ўтайдилар. Шунингдек тангричиликда афсонавий қаҳрамонлар ҳам муҳим ўрин тутади. Тангричиларнинг алоҳида китоби йўқ. Ҳамма таълимотлар халқнинг онгида, афористик поэзияси ва қадриятларида сақланган.

У.А: - Бундан кўринадики, шомонлар тангричиликда юқори мавқега эга эканда. Бугунги кунда ислом динини қабул қилганлигимизга қарамай ҳамон жамиятимизда шомонлик сақланиб қолган. Сиз нима дейсиз, улар ҳам тангричилик динидан қолганми?

А.Б: - Аввало шомонлик сўзининг мазмунига қараймиз. “Шомонийлик” сўзи туркий сўз эмас. Бу илмий атама сифатида  эвенк тилидан киритилган. Туркий тилда шомонни “қам”, “қамчи” деб аташади. Шу сабабли коҳинлар тутган асбоб “қамчи” деб номланадиган бўлган. Қамчи билан даф уриб, жин чиқараман, дам соламан деб юрганлар, жазава тушиб экстаз ҳолатида руҳлар билан алоқа қиладиганлар ҳам  аслида тангричилик дини элементларини сақлаб келаётган қамчилар ҳисобланади. 

У.А: - Сизнингча Исломни қабул қилганимиздан кейин ҳам бизда сақланиб қолган тангричилик дини элементлари борми? Дейлик, қадрият, маросим сифатида?

А.Б: - Афсуски бор. Шубҳасиз, Ислом-улуғ дин. Аммо ҳамма мусулмонларда ҳам бир хил, соф исломий эътиқод шаклланган, десак хато қиламиз. Форсий халқларда орийлик, зардуштийлик ва Ислом синкретизми кузатилгани каби, туркийларда ҳам оддий одамлар аслида тангричилик ва Ислом динлари қоришмасидан иборат диний синкретистик эътиқодни Ислом дини ақийдаси сифатида қабул қилишади. Бунинг энг биринчи сабаби Исломни қабул қилиш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб,  ўша даврда исломни қабул қилган Марказий осиё халқларида, жумладан Мовароуннаҳрликларда ҳам эски эътиқодларидан воз кечиш қийин кечган.

Иккинчидан Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирган Мўғуллар босқини билан боғлиқ. Маълумки, Чингизхон тангричилик динида бўлган ва юртимизда 12 асрдан бошлаб то Темурийлар давригача Ясоқ қонунларига ҳам амал қилинган. Ясоқ қонунлари амалда тангричилик дини ғоялари билан суғорилган эди. Шу сабаб, бир асрдан ортиқ давр мобайнида Моварауннаҳрда ҳам қалбан қуръон ва суннатга амал қилсаларда ясоқ қонунларига ҳам бўйсунишга мажбур бўлишган.

Учинчидан Маворауннаҳрда халқларининг арғин, қипчоқ даштларида яшовчи халқлар билан доимий алоқада бўлишлиги ёхуд умуман номадологик таъсирдан чиқиб кетаолмаганлиги сабабли миллий онгимизда тангричилик элементлари сақланиб қолаверган.

Эътибор беринг:
Марҳумлар учун чиқариладиган ис маросими;
Ўликни уч кун сақлаб кўмиш;
Холос- холос маросими;
Марҳумни хотирлаб ўтказиладиган етти, қирқ, йил маросимлари;
Қабрларга тош қалаш;
Марҳумлар руҳидан мадад сўраш;
Бўри тотемига эътиқод, бўрининг аъзоларидан тумор сифатида фойдаланиш;
Уйларнинг остонасига от тақасини осиш;
Дарё, булоқлар бўйидаги дарахтларга ялов кўтариш.
Бирор шахс ёки руҳларга атаб жонлиқ сўйиш;

БУ ОДАТЛАР ИСЛОМ ДИНИДА БОРМИ?

Бу иллатлар аллақачон фатво билан Исломдан эмаслиги кўрсатиб берилган. Аммо халқ бу ишларни  бажармаяптими?

У.А: - Тангричиликнинг ибодати қандай кўринишда бўлади?

А.Б: - Эътиқод қилувчилар назарида Тангри-осмонда туриб ҳаммани кўриб турувчи, ризқ берувчи, дуоларни қабул қилувчи “мавжудот” сифатида тушунилади. Шу сабаб тангричилар худосини кўкдан боқиб турувчи улкан кўзга ўхшатишади. Тангричилик динида мақсадли қурилган ибодатхоналар, аниқ ибодат вақти ва намоз тушунчаси йўқ. Шу сабабли улар бирор ҳожатларини сўрашни хоҳлашса дарров осмонга қараб қўлларини ёйган ҳолда Тангрига мурожаат қилишади. Бу ўзига хос ибодат шакли бўлиб тангричилар бунинг учун энг хилват жойларга, тепаликларга кетиб, Тангрига ёлғиз мурожаат қилишган. Агар ибодатда Тангридан муҳимроқ нарсалар сўралса бир неча кунлар ёлғиз қолиб ибодат қилинган. Одамлар Тангрини осмонда, деб билганликлари туфайли ибодат учун имкон қадар баландроқ жойларни ёки кенг майдонларни танлашган.

Шунингдек тангричилик динида аскетизм элементлари ҳам кенг ўрин тутади. Одамлар каттароқ ҳожатларини бажариш учун ойлаб, баъзан эса йиллаб “чилла” ўтиришган. Жумладан, Чингизхон ҳам жанглардан олдин ойлаб ибодатда бўлишини кўплаб тарихчилар қайд этган.

Яна бир ибодат шакли ота-боболар ва таниқли шахсларнинг қабрларига ялов кўтариш, қабрларни уч марта айланиш ёки тавоф қилиш ҳисобланади. Ялов кўтаришда  асосан тахминан 40Х5см ўлчамдаги мато кесиб олинади ва унинг чет қисми олиб ташланади. Матолар рангига қараб алоҳида мазмун касб этади. Оқ мато шу ер эгаси-руҳига, кўк мато осмонга, яшил мато табиатга, сариқ мато қуёшга атаб тақилади.  Қора мато эса ёмон ният қилинганда ёвуз кучларга атаб тақилади ва бу ишни одамлар кўрмайдиган овлоқ жойларда бажаришади.

Тангричиларда жамоавий ибодатлар ҳам кенг ёйилган бўлиб, бу ибодат шартлари ва қоидаларининг кейинги авлодга сингдирилишида кенг аҳамият касб этган. Жамовий ибодатларда улар айлана бўлиб бир - бирлари билан қўллари орқали боғаланишади ва Тангридан тилак тилашади. Бу ибодат уларнинг Тангрини улкан кўз сифатида тасаввур қилиши, тангри доим бизни кўриб туради, деган эътиқоди билан боғлиқ бўлиб, айлана бўлиб ибодат қилиш тангрига яхшироқ кўриниш, унинг эътиборини тортиш мақсадида бажарилган.

Тангричилик ибодатларининг яна бир кўриниши, илоҳларга ва руҳларга атаб қурбонлиқлар қилиш, ис чиқариш ёки улуғларнинг қабрини зиёрат қилиш ҳам ибодат саналади. Тангричиларнинг энг кўп тарқалган дуоси, турли тилларда турли хил шаклда бўлсада “Бизни арвоҳлар қўлласин”, “бизни ота-боболаримизнинг руҳи қўлласин” деган мазмунда бўлади. Чунки тангричилар ҳар доим ота-боболарининг руҳи атрофда кезиб юришига қатъий ишонишади. Шу сабабли сал шарпа сезишса ис чиқаришга шошилишади. Аждодларининг руҳи улар учун тангридан ризқ сўрашига, тақдирларини ўзгартиришига ишонганликлари туфайли ота– боболари руҳидан мадад сўрашади.

У.А: - Тангричиликда ҳам жаннат ёки дўзах тушунчаси борми?

А.Б: - Тангричилар эътиқодида жаннат ёки дўзах тушунчаси йўқ. Улар тангричилик дини космогонияси ва эътиқодига кўра учта (ер ости, ер усти ва самовий) оламни тан олишади. Уларнинг тасаввурида нима бўлса ҳам ер ости дунёсига яъни худо Ерлик ихтиёрига тушиб қолмаслик керак. Инчунун, тангричилар тасаввурида инсон руҳи бутунлай ўлмайди ва мангу (монку болгон тын) ҳисобланади. Инсон танаси ўлгач, унинг руҳи «кўринмас» (кормос)га айланади ва ҳеч ким уни кўра олмайди. У эса ҳаммани кўради, эшитади ва ҳид билади. Арвоҳлар макон ва замонда эркин бўлишади. Девор ва бошқа тўсиқлардан бемалол сингиб ўтиш имкониятига эга бўлишади. Шомонларнинг таъкидлашича шомонларнинг руҳи тоза руҳ(ару неме)га, оддий одамларнинг руҳи эса ёмон кўринмасга (jаман кормос) айланар экан. Айтишларича ўлган одамнинг исми айтилса, у дарров шу ерга етиб келар экан ва суҳбатга қулоқ тутар экан. Шу сабабдан тангричилар ўликни отини айтишмайди. Фарзандларига ҳам бобо, момоларининг исмини қўйишмайди.

Тангричилар ўликдан жуда қўрқишади. Чунки одам ўлгач кўринмасга айланади ва Ерликнинг айтганини қилишга мажбур бўлади. Баъзилари ёвуз руҳга айланиб Ерликка элчи ёки бошқаларнинг руҳини алдаб олиб кетувчи (алдачы)га айланиши мумкин экан.

Кўпчилик одамлар гуноҳлари туфайли осмонга кўтарилишларига унчалик ишониша олмайди ва ҳар қалай ер устида бўлишга ҳаракат қилишади. Шу сабабдан тириклик давриданоқ Ерликка қурбонлиқ қилишни бошлашади. Ўлганларидан кейин эса қурбонлиқ қилиш ва ис чиқариш фарзандлар зиммасига тушади. 

У.А: - Тангричиликда ҳам алоҳида сиғиниш объектлари борми?

А.Б: - Қадимдан туркий халқлар тошсанамлар ёки бутларга сиғинишмаган, дейишади. Аммо тангричилик тарихини ўрганиш шуни кўрсатадики, туркийлар ҳам тошсанамлар ясашган ва унга сиғинишган. Олтойлар, қирғизлар ва қозоқларда бундай тошлар «Балбал тас» ёки «Кезер тас» деб аталади. Турклар эса бундай тошларни “бабаташ” яъни “боботош” деб атайдилар. Туркийлар боботошларида кўпинча одамлар ва ҳайвонлар тасвири ёки тошбитиклар акс эттирилган. Бу тошларнинг пайдо бўлиши ва яратилишини ҳам тарихчилар бевосита тангричилик дини билан боғлаб аёл тасвирланган тошларда Умай Она, Эркаклар тасвири туширилган тошларда Тангри акс эттирилганлигини таъкидлашади. Балбалтошлар тўғрисдаги маълумотларда, бундай тошлар Ўзбекистон ҳудуларида ҳам мавжуд бўлганлиги ва ерлик халқ исломни қабул қилгач йўқотилганлиги қайд этилган. Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудларида боботошлар топилган. Жумладан Қўқон ўрдасидаги музейда худди шунда боботошнинг бош қисми сақланади.

Кейинги йилларда тангричилик динини қайта тиклашга уринаётганлар томонидан туркий ва мўғул халқларининг қадимий бошпанаси саналган капа(юрт)ларнинг чангароғи(қипч:чангнгароқ) ва қадимги туркий битиклардаги “тангри” ёзуви ҳам тимсол сифатида кўрсатилмоқда. Шунингдек Тяньшан тоғ тизмаларидаги Тангритоғ чўққиси ҳамда Чингизхон аждодлари кўмилган Бурхон-Холдун тепаликлари тасвири ҳам тангричиларнинг муқаддас қадамжолари ўлароқ тимсол сифатида таништирилмоқда. Яна учта дунё тимсоли бўлган - тепа қисмида ромб тасвирланган хоч ҳам тангричилик тимсоли сифатидан қабул қилинган. Бунда ромб бутун дунёни кўриб турувчи Тангри тимсоли бўлса, горизонтал чизиқлар осмон чегаралари ҳисобланади. Бу тимсол насронийликни қабул қилган туркийларда насронийлик тимсоли ва тангричиликни уйғунлаштириш мақсадида қўлланилган бўлиши мумкин. Аммо, худди шу тасвир тангричиликда пайғамбарлар ўрни босувчи шомонларнинг дафларида ҳам ўз аксини топган.

У.А: - Кейинги йилларда интернет тармоқларида тангричиликни дин сифатида тарғиб қилиш анча кенг тус олди. Бу дин жоҳилият дини экан. Уни тиклаётганлар қандай манфаатларни кўзлаган деб ўйлайсиз?

А.Б: - Дарҳақиқат бу аянчли хол. Маълумки, 1991 йилда собиқ Совет Республикалари иттифоқи парчалангандан кейин, шу ҳудудда яшаб келган этник халқлар ва элатлар динсизлик ботқоғидан чиқиб, миллий тикланиш сари юз тутдилар. Ҳар ким ўз динига қайта бошлади. Мусулмонлар Ислом динини, насронийлар, яҳудийлар ҳам ўз динларини тиклашга киришдилар. Аммо диний-мафкуравий бўшлиқ ва эътиқод эркинлигини суиистеъмол қилиш сабаб, айрим халқлар ва элатларда асрлар давомида унут бўлиб кетган, жоҳилий диний эътиқодларни тиклаш ғоялари ҳам пайдо бўлди ва уларни ривожлантириш учун ҳаракатлар бошлаб юборилди. Дастлаб, ижтимоий жиҳатдан безарардай кўринган бундай ҳаракатлар эътибордан четда тургандай эди. Яъни, бир неча ўн ёки юз киши эътиқод қилган кичик диний конфессияларнинг ижтимоий зарари камдай туюлган эди. Аммо, глобаллашув жараёнларининг тезлашуви ва оммавий интернет тармоқларининг ривожланиши туфайли бундай асоссиз ғояларга эргашувчилар сони кескин ортиб борди. Ва табиийки бундай асоссиз ғояларга эргашувчилар сони ортган сари ижтимоий хавфи ҳам ортиб борди.

ХХ асрнинг 80-йиллари охири, 90-йилларнинг илк йилларидан бошлаб, худди шу йўл билан мўғул ва туркий халқларининг қадимги эътиқоди ҳисобланган тангричилик дини ҳам қайта тиклана бошлади.

Дастлаб, Мўғул, Қалмиқ, Олтой, Якут, Тува ва Хокос халқлари томонидан қайта тиклана бошланган тангричилик дини тез орада кенг жамоатчилик эътиборини тортиб, бутун Марказий Осиё халқлари орасида ёйила бошлади. Шу эътиқодда бўлган тарихчи, теолог, этнолог, тилшунос олимлар эса тангричиликнинг илдизлари, мақсади ва ижтимоий ўрни борасида тадқиқотлар олиб бориб, турли халқаро семинарларда тангричиликни монотеистик дин сифатида тақдим қилишган уриниб келдилар. Кейинчалик эса расман Исломни қабул қилган халқлар орасида ҳам тангричилик динини ёқловчилар пайдо бўла бошлади.

Жумладан, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида тангричиларнинг афкор жамоалари пайдо бўлиб, матбуот ва оммавий ахборот сайтлар орқали тангричилик динини очиқ тарғиб қилишга ўтдилар. Энг ёмони эса, ушбу динга хайрихоҳ бўлганларнинг аксарияти олимлардан иборат бўлиб, уларнинг орасида энг академиклар, фан докторлари, шоирлар, ёзувчилар ва таниқли жамоат арбобларининг борлигидадир. Шу сабабли, Қозоғистонда тангричиларнинг ташвиқотлари кенг тус олиб халқни ошкора ислом динидан чиқишга ва “миллий дин”га ўтишга чақира бошлаган бўлса, Қирғизистон тангричилари  ҳукуматдан тангричилик динини расмий дин сифатида тан олинишини талаб қилдилар.

Афсуски, кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам тангричиликни қабул қилган ва ёйишга ҳаракат қилаётган кишилар пайдо бўла бошлади. Уларнинг ҳаракатлари сабаб, кенг жамоатчилик орасида турли баҳслар ва мунозаралар кўпайиб мусулмонлар орасида кескин норозилик пайдо бўлмоқда. Худди қўшни республикларда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ушбу динга хайрихоҳ бўлганларнинг аксарияти олимлардан иборат. Айнан олимлар, яъни тарихчи, этнолог ва бошқа соҳа олимлари юқорида қайд этилганидек, қўшни республикаларда ўтказилаётган халқаро семинарларда иштирок этиб, аллақачон ёт бўлиб кетган ғояларни билиб-билмай жамиятимизга киритиб келмоқдалар. Шу сабаб, Ўзбекистонда ҳам тангричилик динининг хавфи тобора ортиб, бу динни илмий жиҳатдан ўрганиш ва хулоса чиқаришга эҳтиёж туғилмоқда.
 
Инсоният тарихини ўрганар эканмиз, шу нарсага амин бўламизки, тарихан шаклланган ҳеч бир таълимот, ғоя ёки маданият унсурлари ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмас экан. Аксинча кейин пайдо бўлган маданиятлар, ғоялар ва таълимотларда ҳам ўз изини қолдириши, аксар холатларда эса янги ғоя сифатида қайтадан бўй кўрсатиши мумкин экан.

Туркий халқлар тарихига, айниқса шу тарихнинг мафкуравий жиҳатларига эътибор билан қарасак энг чуқур из қолдирган мафкура бу- тангричилик дини мафкураси эканлигини кўрамиз.

Бугунги кунда Евроосиё материги бўйлаб энг катта географик ҳудудларни эгаллаган туркий халқлар турли хил динларни қабул қилган бўлса-да, деярли ҳаммасининг онгу шуурида энг қадимги анъанавий дини-тангричилик элементлари сақланиб қолган.

Маълумки, аксарият туркий тилда сўзлашувчи халқлар ислом динини қабул қилган. Улардан айримлари: гагаузлар, чувашлар, якутлар, олтойлар, хокослар, тувалар эса насронийлик динини қабул қилишган. Шунингдек туркийлар орасида қараим ва қримчақ каби яҳудийлик динини қабул қилган халқлар ҳам бор. Аммо, минг афсуски туркийлар қайси динни қабул қилмасин, уларнинг онгида ва тафаккурида эски жоҳилий дин-тангричилик элементлари сақланиб қолган.

Туркий халқлар орасида ҳамон самовий динлар билан бир қаторда қадимги тангричилик динини сақлаб, эътиқод қилиб келаётган халқлар, элатлар ҳам талайгина. Жумладан, олтойлар, тувалар, хокослар ва якутлар орасида аҳолининг аксарияти, номигагина насронийликни қабул қилган бўлиб, амалда тангричилик динига эътиқод қилишади. Шу сабабли тангричилик динини тиклашни айнан улар бошлаб беришди.

У.А: - Тангричилик динининг қайта тикланишидан келадиган маънавий хавф нималарда кўринади?

А.Б: - Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунги кунда тангричиликни тарғиб қилаётганлар оддий одамлар эмас. Балки кўпроқ олимлар ва зиёлилардан ташкил топган. Тангричилик бугунги кунда фаол тарзда Мўғулистон, Россия таркибига кирувчи туркий республикалар маданият вазирликлари томонидан кенг тарғиб қилинмоқда. Бу тарғиботлар этнологик ва номадологик кўринишда кўпроқ олтойшунослик, туркология, маданиятшунослик соҳаларида олиб борилаётгани сабаб, улар томонидан ташкил этилаётган халқаро семинарларда иштирок этган олимлар ва бошқа иштирокчиларга тангричилик дини сингдирилмоқда. Кейинги йилларда бу тарғиботларнинг натижаси ўлароқ Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркияда ҳам тангричилар жамоалари шаклланиб қолди. Табиийки, бу жарёнлар энди тўхтамайди ва Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Ўзбекистонда ҳозир асосан икки хил тоифада тангричиликни тарғиб қилувчилар учрайди. Биринчи тоифадагилар исломий исму шарифга эга бўлсаларда, Ислом арконларини бажариб кўрмаган ва тангричилар таъсирига тушиб, тангричилик динини ота-боболаридан қолган дин сифатида кўр-кўрона тарғиб қилаётганлардан иборат. Уларнинг кўпчилиги учун Ислом арконларини бажариш яъни намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш каби амаллар қийин туюлади. Шу сабабли улар ҳеч қандай мажбурият юкламайдиган ва ўзбек тилида ибодатларини бемалол бажарса бўладиган динни афзал билмоқдалар.

Иккинчи тоифадагилар эса, аввалдан туркий халқларни бирлаштириш ниятидаги пантуркистлар бўлиб, улар тангричилик динини умумтуркий дин сифатида талқин қилиб, шу дин остида бирлашишни тарғиб қилмоқда. Улар ижтимоий тармоқларда доимий равишда тарихда из қолдирган туркий саркардалар: Ўғузхон, Атилла, Алп-Тегин, Чингизхон, Усмонли турклари, Салжуқийлар, Қорахонийлар, Маҳмуд Ғазнавий, Амир Темур, Бобур, Шайбонийлар тарихини кўпроқ умумтурк назари билан ўрганишга ва уларнинг номини туркий талқинда абадийлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бугунги кунда ўзбек тангричилари интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда кенг фаолият олиб бормоқда. Бир қарашда уларнинг тарғибот ишлари жўндек туюлади, аммо фаолиятини мунтазам кузатиб борсангиз, тизимли тарғибот йўлга қўйилганлигини кўрасиз.

Фейсбук тармоғида Тоҳир Мирзаев (исми бошқа бўлиши мумкин) номи билан танилган шахс бир неча йиллардан буён шундай тарғиботни йўлга қўйган. Тоҳир Мирзаевнинг саводи яхши. Ёзувига қараганда олий маълумотли. Саҳифадаги маълумотга кўра Москва Давлат Университетини битирган. Тарих ва бошқа соҳаларни яхши ўзлаштирган.

Тоҳир Мирзаев ўзгалар билан мулоқотга киришаётганда қўполлик қилмайди. Аввал дўстлашиш учун чақирув беради. Дўстликни қабул қилганларга аввал “сизни тангри ярлақасин!” деган мазмунда хабар юборади. Хабарга эътибор бермаган эътибор бермайди. Чунки ўртаҳол ўзбек одамининг онгида Оллоҳ ва Тангри номи бир хил англашилади. Эътибор берганлар билан эса Тоҳир Мирзаев “чиройли” мулоқот қилиб тангричилик динини тушунтиради. Россия ёки Қозоғистонда ўтган конференция материалларини ташлаб беради. Кўпчилик холатларда исломни тўғри тушунган, ақийдавий билимга эга одамлар томонидан унга қайтариқлар ҳам бўлади. Баъзан Тоҳир Мирзаевни муртадликда, кофирликда айблаш холатлари ҳам учрайди. Аммо бу шахс жаҳл қилмайди. “Мен кофир эмасман ўз динимдаман, аксинча сизлар муртад бўлиб, арабларнинг динини қабул қилгансиз!” дея асабга тегадиган ташвиқотларини бошлайди. У исломни, Аллоҳни, пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алйҳи васалламни бемалол қоралай бошлайди. Айримлар уни руҳий касал деб ўйлашади. Аммо Тоҳир Мирзаев касал эмас, аксинча анча муғомбир ва илмли одам.

Бугунги кунда огоҳлик давр талабига айланган. Яқин ўтган кунларда насроний миссионерларининг найранги сабаб халқимиз улкан мусибатларга дучор бўлганини ҳамон унутганимиз йўқ. Қанчадан қанча юртдошларимиз, миллатдошларимиз айнан маънавият учун масъул шахсларнинг лоқайдлиги сабаб ўз динини ташлаб, насронийликни қабул қилиб, “муртад” деган ном олишди. Юртимизда қанча ёшлар ақийдавий билимлари йўқлиги сабаб, зарарли оқимлар таъсирига тушиб аянчли жиноятларга қўл уришди. Мазҳабсизлар  таъсирига тушиб мазҳабдан воз кечишди. Мўътадил ва қулай ҳанафия мазҳабини ташлаб бошқа мазҳабларга ўтиб кетишди. 

Кейинги йилларда Қозоғистон Республикасида айнан жамоатчиликнинг ва ҳукуматнинг беэътиборлиги ва лоқайдлиги сабаб, тангричилик дини эътиқод қилаётганлар сони кескин кўпайиб кетди. Уларнинг сафига қўшилаётганлар орасида давлат арбоблари, академиклар, файласуфлар, ёзувчилар, шоирлар, киношунослар бор.

Таниқли шоир Ўлжас Сулаймонов қозоқ халқининг Ислом дини қабул қилиши тарихдаги  хато эмаслиги балки яхши бўлганлигини таъкидлаб, тангричиликни қайта тиклаш эса жамиятни парчалаб юбориши мумкинлигидан огоҳлантириб, мақола эълон қилди. Қозоғистон мусулмонлар идораси ва Ислом динини маҳкам тутган аҳоли ҳам тангричиларга раддиялар бериб келмоқда. Аммо шундай бўлсада, қозоқ тангричилари сони кундан кунга ортиб бормоқда. Уларнинг энг катта қуроли “арабларнинг дини қозоқлар учун қийинлик қилади, шунинг учун ўз динимизга қайтайлик” деган оддий сўзлардир. Бу аслида ислом арконларини бажаришга тоқати етмаётганларнинг оддий баҳонасидир. Аммо шу сўзлар сабаб, тунгрчилар сони ортиб бормоқда. 

Худди шундай Қирғизистон Республикасида ҳам Турар Қойчуев, Илгиз Айтматов, Абдығани Эркебаев, Миталип Мамытов каби академиклар, халқ оқини Омора Султанова, халқ артисти Қайыргуль Сартбаева, «Манас ордо» жамияти раиси Анарбека Усупбаева каби таниқли инсонлар тангричиликни қайта тиклаш учун фаол ҳаракат қилмоқда. Аммо Қозоғистон жамоатчилигидан фарқли ўлароқ Қирғизистон раҳабарияти ва мусулмонлари тангричиларни “тангричи муртадлар” атаб уларга қатъий қаршилик қилиб келмоқда. Шу сабаб тангричиларнинг ҳукуматдан динларини рўйхатдан ўтказиш талаби ҳам қондирилмади.

Ўзбекистонда эса ҳозирча тангричиларнинг ошкора ҳаракатлари сезилмади. Аммо бу хавф бутунлай йўқ, дегани эмас. Аксинча хавф жуда катта. Қозоғистонда кузатилгани каби ўзбеклар орасида ҳам намоз ўқишга тоқати етмаётганлар миллионларни ташкил қилади. Қолаверса  халқимиз орасида тангричилик билан боғлиқ қадриятлар ҳамон сақланиб қолган ва бу қадриятлар бир куни исломни рад қилиш учун хизмат қилиши мумкин.

Жамият барқарорлигига зарар келтирадиган ҳар қандай ғоя - хатарлидир. Шундай экан тангричилик динининг халқимиз орасида ёйилишига ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак. Қолаверса ҳамма ҳам Аллоҳ томонидан бизга берилган ислом неъматининг асл саодат эканлигини англайвермайди. Шу сабаб ўзбек жамоатчилиги кенг ёйилиш арафасида турган тангричилик динига панжа ортидан қарамаслиги керак. Аксинча, бу динни жамиятимиз учун хавф сифатида қабул қилишимиз керак.

У.А: - Муқаддас Ислом динимизга тангричиликнинг қоришуви ёки синкретизми қандай холда кузатилади?

А.Б: - Буни оддий ҳолда ҳеч қандай тадқиқотсиз, оддий одам тафаккури билан кўриш мумкин. Мисол учун кўплаб диний сўзлар, иборалар, тапонимлар, теонимлар, маросимлар номларининг уйғунлашуви бу борадаги диний ва лингвистик синкретизмнинг юзага келганлигини кўрсатади.

Ўзбек тилида Аллоҳ, Худо, Тангри, Эга(м) каби сўзлар деярли бир хил мазмунда ишлатилади. Аммо эътибор берсангиз Аллоҳ араб тилидан, худо форс тилидан ўзлашган. Аммо тангри Аллоҳ маъносида, эгам эса худо маъносида қўлланилиб келинган. Исломда Аллоҳнинг 99 та гўзал исмлари борлиги таъкидланади. Ҳеч қайси ақийда олими уни 100 ёки ундан ортиқ демаган. Тангриберди - Оллоҳберди — Худойберди синкретистик исмлар саналади.

У.А: - Исломни қабул қилган халқларнинг саодати нимада деб ўйлайсиз?

А.Б: - Туркий халқлар Исломни қабул қилгач, маданийлашди. Илм-фан ривожланди. Исломий одоб-аҳлоқ билан хулқланди. Биздан Имом Бухорий, имом Термизий, Абу Муин Насафий, Мотурудий каби, Фаробий, Фарғоний, Беруний, Хоразмий, Ибн сино каби жаҳон таниган олимлар етишиб чиқди. Ислом динимиз-бизнинг либосимиздир. Исломсиз жамиятлар либоссиз тана кабидир. Туркий халқлар ҳам тангричилик динига эътиқод қилган даврларда шундай эди. Мен Олтойлар ҳаётини ўрганиб амин бўлдимки, бизда тангричиликнинг деярли ҳамма элементлари сақланиб қолган экан. Фақат уни Ислом либоси ёпиб турибди. Ташқаридан қаралса биз мусулмон кўринамиз. Амалда эса намоз ўқишдан кўра бирор авлиёнинг қабрини зиёрат қилсак ўзимизни енгилроқ ҳис қиламиз.

У.А: - Демак жамиятимиз учун тангричиликнинг хавфи катта эканда.

А.Б: - Албатта. Эслаб кўринг, юқорида айтиб ўтганимиздек, 90-йилларнинг илк йилларидан мамлакатимизга насроний миссионерлари оқиб кела бошлаган эди. Аммо улар айрим одамларни ўз таъсирига олсаларда жамиятга катта хавф сола олишмади. Биласизми нега? Чунки насронийлик дини ҳақида биз яхши маълумотга эгамиз. Улар эса бизнинг урф-одатларимизни четдан туриб ўрганишган. Тилимизни тушунишмайди. Шу сабабли уларнинг таъсирига кўпроқ рус тилида сўзлашувчилар тушиб қолишди. Аммо тангричиликни бизга ўз тилимизда тақдим қилишади. Ҳамма сўзлар таниш. Эътиқодлар таниш. Тангричиликни қабул қилиш шарт эмас, балки исломдан воз кечишнинг ўзи кифоя қилади. Қолгани маълум. Қолаверса бу динни бизга келтираётганлар ўз ичимиздан. Улар етарли даражада илмли ва таъсир кучи кенгроқ.

У.А: - Кўпчилик зардуштийлик динини ҳам Исломдан олдинги дин сифатида кўрсатишади ва кейинги йилларда бу динни  ҳам қайта тиклашга уринаётганлар бўляпти. Шу тўғрида ҳам фикрларингиз борми?

А.Б: - Зардуштийлик динига келсак бу энди бошқа мавзу. Зардуштийлик динининг туркий халқларга деярли алоқаси йўқ. Бундай деганим, зартуштийликка туркий халқлардан фақат Озарбайжонликлар эътиқод қилишган. Биз зардуштийликнинг худолари-ю персонажларини ҳатто талаффуз ҳам қилаолмаймиз. Уриниб кўринг: Ахура Мазда, Воху Мана, Аша Вахишта, Хшатра Ваирья, Спента Армаити, Хаурватат. Зардуштийлик ориёнийлик ва форс паганизми сифатида ўрганилгани маъқул. Бу таълимотдан қайсидир элемент бизга кирган бўлса, унга сабаб фақат биз билан бирга бақамти яшаётган форсий халқлар таъсирида рўй берган. Бу соҳани ҳам мустақил тадқиқ қилаётганлар бор.

Сўнгсўз

— Ислом бизни жоҳилият зулматидан нурга олиб чиққан, миллий хусусиятларимизни шакллантирган, тавҳидга муҳаббатни сингдирган ва буюк одоб-ахлоқни ўргатган мукаммал дин ҳисобланади. Душманларимизни Ислом туфайли маҳв этганмиз, бошқалар ичида Ислом туфайлигина йўқ бўлиб кетмаганмиз. Иззат ва шон-шарафга Ислом орқали етганмиз. Аллоҳ Ўз динини ҳар доим азиз ва мукаррам этишига шак-шубҳа йўқ. Бугунги суҳбатимиз орқали демоқчи бўланимиз эса, кўзингизни очинг, тангричилик динини тарғиб қилиш билан аллакимларнинг ноғорасига ўйнаётганларнинг тузоғига тушманг. Анвар ака, мазмунли суҳбат ва қимматли маълумотлар учун миннатдорчилик билдирамиз, саломат бўлинг!

Суҳбатдош: Умида АДИЗОВА