Исми жисмига монанд...ми?

17:00 11.10.2018 756

Андижонлик футбол мухлиси 2013 йилнинг сентябрида туғилган ўғлига Неймар деб исм қўйди (бразилиялик футбол устаси шаънига эмиш)! Неймар исмли ўзбекистонлик чақалоқнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали тарқаб кетган. Бу қаторга қашқадарёлик Брюс Ли исмли йигитнинг паспортини ҳам қўшиш мумкин.

«Муборакнинг “Машъал” футбол клуби таркибида Марадона Сафаров, “Олмалиқ” футбол клубида Гаэтано Юсупов исмли ўйинчилар тўп суришади» (газета хабари).

Ота-боболаримиз чақалоққа исм қўйишга жиддий эътибор беришган. Бу набавий тавсия бўлгани учун ҳам шундай қилишган. Шукрлар бўлсин, исмимиз туфайли тақдиримиз таҳликага тушадиган замонлар орқада қолди. Ҳатто исм борасида ҳам салла деса, калла келтирадиганлар етарли эди. Дунёда бирор одамнинг номи тилга тушдими, бас, бизнинг чақалоқлар шу номга муносиб кўриларди. Телман, Феликс, Клара, Роза, Индира, Марат, Жон Рид... кейин эса ясама исмлар (бошқа халқларда буни кўрмайсиз) оқими – Марлен (Маркс–Ленин), Вилор (Буюк октябр инқилоби), Мэлс (Маркс, Энгелс, Ленин, Сталин), Энмарк (Энгелс–Маркс), Дамира (яшасин жаҳон инқилоби), Маузер, Октябр, Инқилоб, Майя... (Бир одам фарзандларини Катет, Радиана, Медиана, Гипотенуза деб атаганини эшитганман. Американинг Чикаго шаҳрида яшовчи Жексонлар оиласи беш фарзандини Менингит, Лорингит, Аппендицит, Перитоник, Тонзилит деб номлаган экан!)

Тилшуносларимиз бу каби кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган қисқартма ва атамалар олдида лол қолишди.

Кейин миллий руҳдаги янги исмлар пайдо бўлди: Жонон, Гўзал, Нозик, Шаҳло, Ширин, Асал... Айтинг-айтинг, Шаҳло аталган қизнинг кўзлари қисиқ, Гўзал аталган қизнинг истараси совуқ бўлмасин. Акс ҳолда, исм таҳқирга айланиши мумкин.

Исмларимиз динимизга, ўзлигимизга, миллий руҳиятимизга мос бўлсин, азизлар. Токи, ихлос ва яхши ниятлар билан ном қўйган фарзандларимиз, набираларимиз келажакда комил инсон бўлиб етишсин!

Анвар Тожиев,
фахрий журналист

Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!