Янгиликлар

Исроил АҚШдан миннатдор, БМТ афсусда, Фаластин иложсиз

754

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу АҚШ президенти Дональд Трампга қўнғироқ қилиб, навбатдаги миннатдорчилигини изҳор қилди. Бу сафар АҚШ раҳбарияти Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ноқонуний тарзда қурган турар жойларини қонуний деб тан олгани учун.

“Евроньюс” хабарида айтилишича, Фаластин томони БМТ Хавфсизлик Кенгаши ноқонуний яҳудий турар жойлари ҳақида қабул қилган резолюцияларни бир томонлама бекор қилишга АҚШнинг ваколати йўқлигини таъкидлаган. 

АҚШ маъмуриятининг собиқ ходими, Яқин Шарқ бўйича мутахассис Мартин Индик эса Вашингтоннинг сўнгги қарорини “фаластинликлар юзига туширилган тарсаки” дея баҳолади.

Исроилнинг ноқонуний турар жойларини АҚШ қонуний деб топди

Фаластинликлар тинчликдан ҳам аввал адолатга муҳтож

Исроилнинг Нью-Йоркдаги консули талабаларнинг норозилигига учради

Тель-Авив Трампнинг қарори Фаластин билан музокараларга халал бермаслигига, аксинча тинчликни ўрнатишга кўмаклашишига ишонмоқда. Чунки Исроил ҳукуматининг фикрига кўра, “ҳақиқий тинчликни ёлғоннинг устига тиклаб бўлмайди”.

БМТ ноқонуний яҳудий турар жойлари бўйича позицияси ўзгармаганини маълум қилди: босиб олинган Фаластин ерларида яҳудийлар учун турар жойларнинг қурилиши халқаро ҳуқуққа зиддир. Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик Нью-Йоркда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ раҳбариятининг қарори халқаро ҳуқуқий тартибга путур етказади ва апартеидни қонунийлаштиради.

АҚШ ҳукуматининг “халқаро қонунчиликни рад этиш” ва ноқонуний яҳудий турар жойларини қонуний деб тан олиш ҳақидаги қарори халқаро ҳамжамиятда мавжуд бўлган муросани йўққа чиқаради. Бундан ташқари, “ниҳояси йўқ” Исроил оккупацияси билан боғлиқ муаммони чуқурлаштиради. Ушбу фикрлар 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг мустақил эксперти Майкл Линкка тегишли. Унинг айтишича, Вашингтон охирги қарори билан икки мустақил давлат – Исроил ва Фаластин бўйича режани “дафн қилди”.

“АҚШнинг баёноти Исроил ҳукуматига Шарқий Қуддусда бўлгани сингари Ғарбий соҳилнинг катта қисмини аннексия қилиш ҳуқуқини беради, – дея таъкидлайди Линк. – Шундай қилиб, юридик ва сиёсий ҳуқуқлар этник ва диний мансубликка боғлиқ бўлган ҳолат тасдиқланяпти. Бундай ёнлашув халқаро таърифга биноан апартеиддир”.

Айни пайтда Шарқий Қуддус ва Ғарбий соҳилда қурилган турар жойларда 650 мингга яқини киши яшайди. Ваҳоланки, 1949 йилдаги Женева конвенциясига мувофиқ босқинчи томон босиб олган ҳудудларга ўзининг фуқароларини жойлаштириши мумкин эмас.

“Исроил манзилгоҳларнинг барпо этилиши кўпгина инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Исроил оккупациясини ҳаракатга келтирувчи кучдир, – дейди Майкл Линк. – Бу манзилгоҳлар фаластинликлардан олиб қўйилган учаткаларда, шунингдек улардан ноқонуний равишда тортиб олинган ресурслар, хусусан, сув, ер ва табиий бойликлар эвазига қуриляпти”.

Турган гапки, Исроил оккупацияси кенгая боргани сари фаластинликлар яшаши мумкин бўлган ҳудуд торайиб бормоқда. Аммо улар иложсиз. Фаластинликларнинг кўз ўнгида – 1967 йилда улардан тортиб олинган ерларда яҳудийлар учун уйлар қуриляпти.  

БМТнинг деярли барча аъзоси босиб олинган Фаластин ерларида яҳудийлар учун турар жойларнинг қурилишини ноқонуний деб ҳисоблайди. БМТ Халқаро суди, Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблея, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳам худди шундай фикрда.

АҚШнинг сўнгги қарорини Туркия ва Россия қоралади, Европа Иттифоқи танқид қилди. Бироқ бундай баёнотларнинг ҳеч бири Трампни Исроилни халқаро ҳуқуққа зид равишда қўллаб-қувватлашдан тўхтатиб қололмаяпти. У аввалига, 2017 йилнинг декабрида Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олди ва АҚШ элчихонасини бу шаҳарга кўчирди. Жорий йилнинг апрелида эса Исроил 1967 йилда Суриядан тортиб олган Жўлон тепаликларини Исроилнинг ҳудуди деб эътироф этди.

Содда қилиб айтганда, АҚШ президенти Дональд Трамп “ўгай укаси” бўлмиш Биньямин Нетаньҳуни хурсанд қилиш учун халқаро қонунларга тупуриб қўйди. Бундай вазиятда фаластинликларга ёрдам қўлини чўзадиган, уларга амалий ёрдам кўрсата оладиган давлатнинг ўзи йўқ.

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Аср келишуви»дан Фаластинга нима наф?​​​​​​​

458 18:40 29.01.2020

«Исроил фуқароларнинг Саудияга кириши тақиқланган»

868 18:00 29.01.2020

Фаластинда бугун “Ғазаб куни”деб эълон қилинди

729 15:21 29.01.2020

АҚШ Фаластин ерларини Исроилга олиб бермоқчими?

577 11:25 29.01.2020

Трампнинг Фаластинга ҳам нафи тегадими? Ёхуд “Аср келишуви” ҳақида

562 17:40 27.01.2020

Исроил фаластинлик ўқувчиларни ўлдиряпти, қамоққа ташлаяпти...

632 16:40 27.01.2020
« Орқага