Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода Исроил бош вазири Нафтали Беннеттнинг Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) сафари минтақа хавфсизлигига путур етказишини айтди.
“Хатибзода Исроил бош вазирининг БААга сафари ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу каби ҳаракатлар минтақа хавфсизлигига путур етказади ҳамда ислом уммати, минтақа халқлари ва араб давлатлари манфаатларига зиддир”, – дейилади Эрон ҳукумати хабарида.
Нафтали Беннет душанба куни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Зоиднинг таклифига биноан амалга оширган сафарини якунлаб, БААдан учиб кетди. Унинг айтишича, БААда музокаралар чуқур ва мазмунли ўтган. “Уйга жуда ҳам некбин ҳолатда қайтдим”, – деди у. Исроил бош вазири БААга якшанба куни борган эди.
Беннет БААга сафар қилган Исроилнинг биринчи бош вазири бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил ва БАА бир йил аввал АҚШнинг воситачилигида дипломатик алоқалар ўрнатган.