Иссиқкўл бўйлаб саёҳат (фотожамланма)

15:00 24.08.2019 789

Иссиқкўл Қирғизистондаги энг катта кўл ҳисобланиб, чуқурлиги бўйича дунёда еттинчи ўринда туради. Кўл денгиз сатҳидан 1608 метр баландликда, Тянь-Шань тоғлари бағрида жойлашган.

Иссиқкўлнинг умумий майдони 6236 км/кв, сув ҳажми эса 1738 км/кубʼни ташкил қилади. Қирғоқларининг умумий узунлиги – 688 километр, энг чуқур нуқтаси – 702 метр.

Иссиқкўлдаги дам олиш жойлари сон жиҳатидан Ўзбекистонни ортда қолдирса керак. Мен гувоҳи бўлган ҳолат шундай эди, ҳар қалай. Қирғоқ бўйлаб шу даражада кўп меҳмонхона, дам олиш уйлари ва ижара уйлар борки, санаб охирига ета олмайсиз. Лекин шундай ҳолатда ҳам қирғоқнинг катталиги ва умуман олганда Қирғизистонда ишчи кучи ҳамда аҳолининг камлиги туфайли бўш ётган соҳиллар, ишлатилмаётган ресурслар жуда кўп. Бундан ташқари, мамлакатнинг гўзал тоғлари ҳам туристик имкониятларни бир неча баробар ошириб юборган.

Қирғизистонда интернет тезлиги ҳам ажойиб, тоғнинг чўққисида ҳам, кўл атрофида ҳам 4G тармоғи бор. Нархи жуда арзон ва сифати юқори.

Биз дам олган “Алмати” санаторийси қозоқ олигархига тегишли бўлиб, авваллари Қирғизистон ва Қозоғистон амалдорлари – депутатлар, вазирлар, мэрлар (ҳокимлар) бошқа махсус таклифга эга кишиларгина дам оладиган ёпиқ жой бўлган экан. Ҳозирга келиб эса бу жой диндор кишининг мулкига ўтган ёки бу жойнинг эгаси ҳидоятга келган бўлиши мумкин, шу сабабли анча тартибга солинган. Ҳалол туризм йўналишида энди қадамлар ташланмоқда. Меҳмонхона нархлари Иссиқкўл атрофидаги бошқа дам олиш жойларидан анча қимматроқ. Бир кунига 40 доллардан бошланади. Ён атрофдаги уйларда эса 8-10 доллардан бошлаб жой топишингиз мумкин. Лекин у ерда дам олиш эмас, фақат турар жой бўлади.

“Алмати” санаторийсида ёпиқ бассейн, спортзал, теннис майдончаси, оилалар учун алоҳида коттежлар, бегоналарнинг кириши тақиқланган соҳил бўйлари, тоза ҳаволи кенг дарахтзорлар бор.

Бориб келиш учун бир қанча вариантлар мавжуд:

1. Тошкент – Бишкек автобуслари 120 минг сўмдан: анча узоқ, 12 соатдан кўпроқ юрасиз, кейин яна 60 минг сўм тўлаб, 5 соат довон ошиб, Иссиқкўлга борасиз. Бироз ноқулай.

2. Тошкент – Бишкек самолётида учасиз 150 долларга яқин, кейин яна 60 минг сўм тўлаб, 5 соат довон ошиб Иссиқ кўлга борасиз. Бу қулайроқ вариант.

3. Тошкентдан тўппа-тўғри Иссиқкўлдаги “Томчи” аэропортига борасиз, нархлар ҳозир анча қимматлаб кетибди (3,5 миллиондан бошланяпти). Кейин таксида дарров меҳмонхонангизга етиб оласиз. Қулайлик доим қиммат туради.

4. Охирги вариант шахсий машинангизда бориш, ҳозир божхоналар ҳам бемалол бўлиб қолди. Умумий масофа 850 километрдан ошиқроқ.

Фаррух Абсаттаров

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!