Истак ва нафс

00:00 03.06.2018 1195

Бир форсча байт ўқиган эдим, у қуйидаги маънода эди: «Агар бермакни истамаса эди, истамакни ҳам бермас эди». Демак, истак ва ато ҳамиша ёнма-ён: истак бор экан, атодан умидворлик бўлади. Умидворлик эса нафс билан ошно тутинган. Нафс истакнинг уловидир, дин эса нафснинг жиловидир. Нафс истакни ўз йўлига солмоқчи бўлади. Истак эса унга қул бўлмаслик учун ўзини қаноат хилватларига отади, сабр овлоқларига чекинади. Чунки, биладики, нафсга қаттиқ бўйсунса, ортидан ҳою ҳавас, кибру ҳаво, шайтоний васвасалар хуружи эшик қоқиб турибди. «Маснавий»да бундай дейилган: «Дилки хоҳиш этса, қўл қилгай ҳисоб, Дил агар амр айласа, битгай китоб».

Аллоҳ таоло кимларгадир мол-дунёни, мартаба-обрўни тўкис қилиб берган. Кимнидир эса бойлик, мол-дунёдан қисган. Чунки мол-мулк мутлақо эзгулик, яхшилик тимсоли-белгиси эмас. Аллоҳнинг бойлик бермагани ҳам, бергани ҳам хайрдир, саховатдир, эзгуликдир. Ўз ҳолича на бадавлатлилик ва на фақирлик бир неъмат ёки фалокат ҳисобланмайди. Балки ўз ўрнига кўра фақирлик энг буюк неъмат ва марҳаматдир. Агар инсон олийжаноб бўлсагина, ўзига берилган мол-давлатни тўғри йўлга сарфласагина у яхшилик келтиради, акс ҳолда катта кулфат ва фалокатлар сабаби бўлиши мумкин.

Исломда мол-дунёга қаттиқ муҳаббат ҳам, таркидунёчилик ҳам бирдай қораланган. Бойлик ва фақирлик кишига неъмат ҳам, азоб сабаби ҳам бўлиши мумкин. Зеро, инсон бойлик ё фақирлик билан имтиҳон қилинади. Бойлик инсонларга вақтинча берилган бир омонат, ҳақни топишда бир васила, деб қаралса, ҳақиқатан ҳам у бир неъмат бўлади. Фақирлик эса ёмон ишларга-гуноҳларга етакловчи ишлардан қайтарса, ҳақиқатан ҳам у буюк неъмат саналади.

Дунё бир восита холос, нимага восита бўлса, шунинг ҳукмини олади. Агар у саодатга, савобга эриштирса, дунё қийматлидир. Агар у гуноҳларга етаклаб борса, дунё энг ҳақир, паст нарсадир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли кўрсатиб қўйилди. Ҳолбуки, бу нарсалар дунё ҳаётининг (ўткинчи) нарсаларидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтиладиган жой – жаннат бордир» ("Оли Имрон" сураси, 14-оят).

Молга ҳирс қўйиш, уни тўплашга рағбат кўрсатиш, жойига сарфлаш ўрнига бахиллик билан босиб ётиш Исломда қаттиқ қораланади. Лекин ҳадиси шарифга мувофиқ, закоти адо қилинган мол тўпланган ҳисобланмайди. Бойлик обрў-мартаба ёки фахр-кибрланиш асоси эмас. Баъзан кўча-кўйларда, тўй-маросимларда айрим нодон кишиларнинг бой-бадавлат кишиларга бошқачароқ ҳурмат-эҳтиром кўрсатишини, уларнинг олдида ялтоқланиб, айланиб-ўргилишини, нима қилиб бўлса-да, яхшироқ кўриниш ниятида эканини кўрамиз. Ҳолбуки, ўша одам илм аҳли эмас ёки яхши фазилатлар соҳиби ҳам эмас ёхуд динига, миллатига, ватанига катта хизматларни дўндириб қўйган салоҳиятли инсон ҳам эмас. Шунчаки Аллоҳнинг иродаси билан бугун мулк-бойлик эгаси бўлган. Дунёни ато қилган Аллоҳ эртага уни олиб қўйса, у яна аслига, ўша оддий одамга айланади-қолади.

Дунёга янги келганимизда яланғоч танамизни сув билан ювиб, бир парча матога ўраб қабул қилишади. Дунё билан хайрлашаётганимизда ҳам яланғоч танамизни сувда ювиб, бир парча матога ўраб кузатишади. Бу фоний дунёдан улушимиз шу бўлгач, нега унинг бойликларига бунчалик ҳарисмиз? Нега унинг матоҳларини тўплашга уринаверамиз, сира тўймай йиғаверамиз? Дунё ортда қолади, охират эса қаршимизда турибди. Шундай бўлгач, ортда қоладиган нарсага қизиқиб, муҳаббат қўйиб нима қиламиз?

Мол-дунё жуда қаттиқ офатдир, қийин имтиҳондир. Агар у мўминнинг қўлига тушса-ку, ҳай-ҳай… У буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилиб, уни жойига сарфлайди, яъни оиласининг нафақасидан ортганини садақа ва эҳсон қилади, молининг закотини беради, муҳтожларга хайриялар учун ажратади, Аллоҳ буюрган бошқа савобли ишларга харжлайди. Аммо иймони суст ёки иймонсиз кимса дунёга муҳаббат қўйса, мол-дунё ишқига гирифтор бўлса, унинг ҳолига вой, деяверинг. У бойлик кетидан зир елиб-югуради, ҳаром мол тўплайди, бахиллик билан уни сарфлашдан воз кечади ва тўплаб-кўпайтиришга зўр беради. Унинг кўзини ҳирс пардаси қоплаб, ҳеч нарсани кўрмай қолади.

Мол-мулк, бойлик ва пул чўнтакка кирсаю қалбга кирмаса, бу гўзал ва мақбулдир. Бордию мазкур мол-дунё қалбларни забт этса, бундан ёмон нарса йўқ. Дунёга қаттиқ муҳаббат қўйиш ўғрилик, зулм, ҳақсизлик, адолатсизликларнинг қилинишига, жамиятнинг қонун ва низомлари бузилишига сабаб бўлади.

Бойлик-дунё кимгадир қалб хотиржамлиги, саховат ва мурувват орқали улкан ажр-мукофотга эришиш эшикларини очиб берса, кимнидир у бузуқликлар, айш-ишратлар, зўравонлик, ниҳоят ғулув, исён ва осийлик ботқоғига отади. Мол-дунё жоҳиллар қўлига тушиб қолса, у эгасини гуноҳ, фаҳш ишларга бошлайди. Катта бойликка эга бўлиб қолган бундай одам ўзини боса олмай, идора қилолмай қолади. Нафсининг ҳамма айтганларини бажариш учун баҳона ахтаришга тушади. Шайтон унинг кўзига Аллоҳга итоатни, ибодатларга қоим бўлишни оғир, машаққатли қилиб кўрсатади, аксинча гуноҳ ишлар, айш-ишрат ва фаровонликни чиройли қилиб қўяди. «Дунёни ямадик йиртиб олиб динимиздан, дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекди улуғ шайх Иброҳим Адҳам.

Баъзилар каби бойликни ва бойларни қоралаб-ёмонлаш ақлсизликдир. Агар бойлик ёмон нарса бўлганида Аллоҳ таоло закотни фарз қилмаган бўлур эди. Бойлик охиратни топиш, катта савоблар, ажр-мукофотларга эришишнинг воситасидир. Банданинг Аллоҳга мақбул бўлган саховат, ҳиммат, инфоқ-эҳсон, силаи раҳм, олийжаноблик каби фазилатларга эришуви йўлидир. Фақат бойликни Аллоҳ буюрган йўлларга сарф этиш билангина, бу борада мўътадил йўл тутиш орқалигина Унинг ризосига эришишга муваффақ бўлинади.

Қолаверса, «Мен бойликни ёмон кўраман, менга дунё неъматларидан ҳеч нарса керак бўлмайди», деган одам ёлғон сўзлаган бўлади. Аллоҳ таоло бандаларни дунё молига орзу-ҳавасли, яхши яшашга, фаровонликка иштиёқли қилиб яратган. Аллоҳ сизга мол-дунёни мўл-кўл қилиб берибдими, бу Унинг сизни мол-дунё билан имтиҳон қилаётгани бўлади ёки сизга инфоқ-эҳсон, хайр-саховат эшикларини очиб, савоб-ажрларга эришувингиз учун имкон бергани бўлади. Баъзи кишилар «Бу фоний дунёга муҳаббат қўйиш, рағбат кўрсатиш, пул ва бойлик йиғиш, бу ишларни яхши кўриш дуруст эмас, мусулмон одам учун мол-дунёга интилиш, бу йўлда касб-ҳунарларни ишга солишнинг кераги йўқ», дейишади. Бу ботил, хато ва қабиҳ гаплардир.

«Овқат йўғида иштаҳа ҳам бўлмайди» деганларидек, пул-моли йўқлигида атрофидаги одамларга зоҳидликдан, қаноатдан, оз нарсага кўнишдан тинмай насиҳат қилган, бойлик ва мол-дунёни тинмай қоралаган, Аллоҳнинг марҳамати билан сал ўтмай бойиб кетгач, бойлигига маҳлиё бўлиб, инсоний қиёфасини йўқотган кимсаларни кўп кўрдик. «Мен мол-дунёдан беҳожатман» дейдиганларнинг ўзлари кўпроқ дунёга муккаларидан кетишади, уларнинг ўзлари бошқаларнинг молини талаш ёки тортиб олиш учун хаёлга келмайдиган алдов ва фитналарни ўйлаб топишади, енгил йўллар билан пул топишга ҳаракат қилишади.

Пул топиш, айниқса ҳалол меҳнат, фойдали касб орқасидан бойлик орттириш айб ёки гуноҳ иш эмас, аксинча Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрган хайрли ишлардандир, савоб-ажрларга эришиш воситасидир. Фақат дунёга, мол-мулк тўплашга қаттиқ муҳаббат қўймаслик, уни керакли жойларга сарфлаш, бунда бахилликка, исрофга, риёга йўл қўймаслик талаб этилади, холос. Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир».

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!