Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Истанбул аэропортида қолиб кетган юртдошларимиз ҳақида. Улар қайтарилади...

441

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консуллиги ўзининг Telegram саҳифасида баёнот эълон қилди:

«Баъзи оммавий ахборот воситаларида «16 ва 30 июль кунлари «Turkish Airlines» авиакомпанияси томонидан ташкил этилган чартер рейсда жами 42 ўзбекистонлик йўловчи парвоздан қолиб кетган»и ҳақидаги хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

16 июлда қолиб кетган 12 фуқаро парвоз учун шакллантирилган рўйхатдан жой олмаган эди. «Turkish Airlines» авиакомпанияси ўз регламентига мувофиқ, парвозгача 1,5 соат вақт қолганда келмаган йўловчиларнинг ўрнига тегишли билетларни рўйхатда мавжуд бўлмаган бошқа йўловчиларга сотган. Ушбу ҳолатда билет сотиб олган фуқаро зарур ҳужжатларини тақдим этиб, тезкорлик билан чегарадан ўтиш ишларини амалга оширса, бирор муаммосиз самолёт бортига етиб олиши мумкин эди.

Лекин афсуски, рўйхатда бўлмагани ҳолда билет сотиб олган фуқаролар чегарадан ўтиш жараёнида Туркия ҳудудида бўлиш қонун-қоидаларини бузганлиги аниқланган ва тегишли маъмурий чоралар кўрилган. Бунинг натижасида улар тегишли чартер парвозига ўз вақтида етиб ололмаган. Тартибга мувофиқ самолёт белгиланган вақтда Тошкентга учиб кетган.

Юқоридагига ўхшаш ҳолат 30 июлдаги парвоз вақтида ҳам кузатилган.

Ҳозирги вақтда Истанбул халқаро аэропорти одатдаги тартибда фаолият кўрсатмоқда ва миграция идорасининг бўлинмасида узун навбатлар юзага келмоқда. Пандемия даврида фуқароларимизнинг визалари билан боғлиқ масалаларини ҳал этишга амалий кўмак кўрсатиш юзасидан мамлакатимизнинг Туркиядаги Элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Туркия томонига тегишли мазмундаги мурожаатлар юборилган эди.

Ўз навбатида, Туркия ташқи ишлар вазирлиги тегишли мутасадди ташкилотлар билан Ўзбекистон ваколатхоналарининг мурожаатини ижобий кўриб чиққан ва карантин чора-тадбирлари натижасида юзага келган вазият сабабли Туркияда бўлиш қоидаларини бузган фуқароларимизга нисбатан маъмурий жавобгарлик жорий этилмаслигини билдирган. Шу билан бирга, пандемия эълон қилинишидан аввалги муддатларда Туркиянинг виза тартибини бузганларга нисбатан амалдаги тарифларга асосан жарималарнинг қўлланилиши давом этмоқда.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, чартер парвозларига рўйхатга олинган фуқароларимизни чегарадан ўтиш жараёнини ўз вақтида амалга оширишлари учун Истанбул халқаро аэропортига эртароқ келишларини сўраб қоламиз. Чунки, ҳаво йўллари чегарасидан ўтишингиз жараёнида Туркияда бўлиш тартибига хилоф иш тутганингиз аниқланса, Туркия миграция ишлари мутасаддилари сизга нисбатан тегишли маъмурий чора-тадбирларни кўради.

Шунингдек, рўйхатда бўлмагани ҳолда аэропортга келиб чартер парвозидан 1,5 соат аввал билет сотиб олаётган фуқароларимизга шуни маълум қиламизки, чартер парвозига билет сотиб олиш мамлакатга учиб кетишингизни кафолатлай олмайди. Чунки, агар сизнинг Туркияда бўлиш тартибига хилоф иш тутганингиз аниқланса, 1,5 соат ичида маъмурий чора-тадбирларни битириш ва самолёт бортига етиб олиш имконсиздир. Туркия миграция мутасаддилари билетингиз ва парвозингизнинг вақтидан қатъий назар маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ чора-тадбирларни охирига етказмасдан туриб, сизнинг чегарадан ўтишингизга рухсат бермайди.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимизки, Бош консуллик вакиллари 16 июлдаги парвоздан қолиб кетган фуқароларимизга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдамни бериб, уларни мамлакатга қайтариш чораларини кўрмоқда. Ҳозирда 30 июлдаги парвоздан қолиб кетган фуқароларимиз билан ҳам алоқа ўрнатилган бўлиб, яқин кунлардаги чартер рейсларида уларнинг ҳам мамлакатимизга қайтарилиши таъминланади».

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия ва Грецияда кучли зилзила содир бўлди

318 17:55 30.10.2020

Шавкат Мирзиёев Туркия президентига табрик йўллади

254 16:07 29.10.2020

Тарихда бугун: Туркияда республика эълон қилинди

659 13:43 29.10.2020

Истанбулдаги яна бир музей масжид бўлди, жума куни очилади

720 09:25 28.10.2020

Туркия Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

899 19:04 27.10.2020

“Франция маҳсулотларини сотиб олманглар!”

4082 21:49 26.10.2020
« Орқага