Таҳлил

Эрдўғон партияси нега мағлубиятга учради? АТПнинг мағлубияти мусулмонларнинг ҳам мағлубияти деганими?

3294

23 июнь куни Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбул ҳокими лавозими учун такрорий сайловда мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) вакили Икрам Имамўғли 54 фоизлик овоз билан ғалаба қозонди. Унинг асосий рақиби – Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған бошчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) вакили Бинали Йилдирим эса ундан қарийб 800 минг овоз кам тўплади.

Айримларнинг фикрича, ЖХП партиясини Америка каби ғарб давлатлари махсус хизматлари дастаклаб туради. Бу партия Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (ПКК) билан яқин алоқада, деган гап-сўзлар ҳам юради. Бу каби фикр ва тахминларнинг қанчалик асосли эканини билмайман ва бу ҳақда мулоҳаза юритмоқчи эмасман. Ҳар икки сайловда ҳам АТПнинг мағлубиятига нима сабаб бўлгани борасидаги фикрларимни ўртоқлашмоқчиман холос.

Сайлов кампанияси жуда қизғин кечди, муҳокамалар, дебатлар, партия номзодлари ва тарафдорларининг бир-бирини аёвсиз танқид қилиши, номзодлар ва уларнинг вакиллари билан учрашувларга ўн минглаб кишиларнинг ташриф буюриб, катта майдонларни тўлдириши, узоқ ва хаяжонли нутқлар, кескин баёнотларни кўрган одамда шаҳар ҳокими эмас, балки мамлакат президентлигига сайлов бўлаётгандек таассурот уйғонади.

Аммо сайлов кампанияси бошида шахсан президент Эрдоғаннинг ўзи тургани, мамлакат раҳбари сифатида катта-катта ваъдалар берганига қарамасдан нима учун унинг партияси, унинг вакили сайловда мағлубиятга учради?

Туркияда яшаганлар, ушбу мамлакат тўғрисида кўпроқ маълумотларга эга бўлганлар яхши билади: турклар – сиёсий жиҳатдан жуда фаол миллат. Улар айниқса сайлов масаласига жуда жиддий ёндашади. Дераза-ойналарига Туркия байроғи билан бирга ўз партияси байроқларини ҳам илиб қўйиши бунга оддий мисоллардан бири. Бу билан сайловлар натижаларига қандайдир ташқи кучлар ва душманлар жиддий таъсир кўрсатгани йўқ (бўлса бордир, лекин ҳал қилувчи даражасида эмас), демоқчиман.

Кузатувлар, халқ ва сиёсатчилар фикрлари, сайловга бағишланган мақола ва хабарлардан хулоса қилиб айтишим мумкинки, Истанбулда ва Туркиянинг бошқа икки йирик шаҳри – Анқара ҳамда Измирда мухолифат вакилларининг ғалаба қозонишига асосан иқтисодий омиллар катта роль ўйнади. Иқтисодий вазият ўтган йилнинг ёзида Дональд Трамп Туркияга жазо чоралари қўллаганидан сўнг ёмонлашди. Рухоний Эндрю Брансоннинг қамоқхонадан озод этилишига рад жавоби ортидан Оқ уй АҚШга алюминий ва пўлат импорти тарифларини мос равишда 20 фоиз ва 50 фоизга оширди. Туркия лираси 2018 йилнинг биринчи ойларида долларга нисбатан 40 фоизга қадрсизланди. Бу эса ўз-ўзидан Туркияда нархларнинг кўтарилиши, даромадларнинг пасайиб, харажатларнинг ортишига олиб келди.

Туркиялик журналист, İstanbul Times хабар маркази мухбири Ҳусейин Четинер (Hüseyin Çetiner) дастлабки сайлов арафасидаёқ унинг осон бўлмаслиги тўғрисида ёзар экан, шундай деган эди: «Чорсу бозорини кезар эканмиз, нархлар қўлни куйдиради. Буни барчамиз кунлик ҳаётимизда кўриб турибмиз. Ўтган йили худди шунча электр ишлатар эдим, кўпи билан 130 ТЛ (турк лираси) келар эди, қиш ойида шу ой 354 ТЛ келса, сиёсатчилар менга нима деган тақдирда ҳам ўзим тўлаган тўловларни биламан. Салоҳиятлари ўзгартирган вазият қилган ёки қилмаган тўғон ёки кўприклар эмас, балки ошхонанинг бўш ёки тўла бўлишидир...»

Ҳақиқатдан ҳам, илк сайлов кампанияси даврида нархлар ҳаддан зиёд кўтарилган эди. Бунга турли омиллар, ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин. Аммо оддий одамлар учун сабаблар эмас, натижалар муҳим.

АПТнинг мағлубиятга учрашида Бинали Йилдиримнинг Имомўғлидан фарқли равишда, кучли сайлов дастурига эга эмаслиги ҳам муҳим роль ўйнади. Имомўғлининг дастуридан шаҳарликлар ҳаётини ижобий томонга ўзгартириш, уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар кўпроқ бўлди. Қолаверса, АПТ сайлов кампанияси даврида катта кучга эга бўлган ёшларга етарлича эътибор қарата олмади. Имомўғли эса ижтимоий тармоқлар, хусусан YouTube видеохостинги имкониятларидан унумли фойдаланди, ўз ташвиқотларини миллионлаб ёш кузатувчиларга эга каналлар орқали ҳам фаол тарзда олиб борди.

Бугун ҳукмрон партияга нисбатан норозиликларнинг ортишига суриялик қочқинлар масаласи ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Июнь ойидаги маълумотларга кўра, мамлакатда 3 миллион 613 мингдан зиёд суриялик қочқин рўйхатга олинган. Улар оддий туркияликлар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар, инфратузилмалардан фойдаланмоқда, турли нафақа ва ёрдамларни олиб келмоқда. Еётган нони,  фойдаланаётган имтиёзлари ва олаётган дастакларига янгидан-янги шерикларнинг пайдо бўлиши ҳаммага ҳам ёқавермайди албатта (бу мавзуга алоҳида батафсил тўхталган маъқул). Натижада президент Эрдоған сиёсатига норозилар сони ортмоқда. Бу ҳам АПТ вакилининг мағлубиятига маълум даражада таъсирини кўрсатди.

АПТ мағлубияти мусулмонларнинг ҳам мағлубиятими?

ЖХПнинг иқтидорга келиши Истанбулдаги мусулмон-қочқинлар – суриялик, ироқликлар, уйғурлар ва бошқаларга қайсидир даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Ноқонуний мухожирларни депортация қилиш, янги кимлик (биометрик ID-карточка) бериш ёки муддатини узайтиришни рад этиш ҳолатлари ортиши эҳтимолдан йироқ эмас, аммо вазият бутунлай ўзгаради, ёмонлашади, дегани эмас. Чунки Истанбул ҳокимлиги ЖХП қўлига ўтгани билан мамлакат президенти ҳали ҳам Ражаб Тоййиб Эрдоған ва у олиб бораётган сиёсат энг камида навбатдаги президентлик сайлови ўтказиладиган 2023 йилгача давом этади.

Қолаверса, Икрам Имомўғли ҳам атеист ёки секуляр сиёсатчи эмас, балки у ҳам аксарият турклар каби намозхон, ислом ақидаларини ҳурмат қиладиган инсон. Буни сайлов кампанияси даврида берилган: «Имомўғли, бугун жума намозини қилган ва тиғиз дастури бўлишига қарамасдан жаноза намозига қўшилган Икрам Имомўғлини кўрдим. Одатий ҳаётингизда жума намозига борасизми?» - деган саволга берган қуйидаги жавобидан билиш мумкин:

«Ҳозир баъзи нарсаларни суҳбатлашмайлик. Баъзилари кейинроқ айрим нарсаларни ўрганган бўлиб чиқар, аммо мен ҳаётимдаги ибодат ва ишонч бичимини ўзимни англаганимдан буён яшаб келаётганлардан бириман. Аллоҳ билан менинг орамизда... Бу ерга ҳеч кирмайлик».

Трабзондаги учрашувида эса: «Нима эмиш? Икрам юнонмиш. Ўрнингизда бўлсам бунга кулардим. Нима эмиш? Икрам понтусмиш (Понтус – антак даврда Қораденгиз соҳилидаги колония-шаҳарлар учун қўлланилган ном), террорчимиш. Аллоҳ ақл берсин!» - деган эди. Яъни, Икрам Имомўғлининг ўнгчилар, сўлчиларга мансуб экани ҳақидаги турли гап-сўзлар асоссиз. Қайсидир даражада асос бўлган тақдирда ҳам, бу Туркияда мусулмонлар учун вазиятнинг ёмонлашувига олиб келмайди. Чунки Туркия – 20-30 йил аввалги Туркия эмас, турклар ҳам бошқа.

Санжар Саид
Туркиянинг Кастамону университети магистранти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия ИШИДчиларни депортация қилишни бошлади

966 10:00 12.11.2019

Туркия ва Россия: 100 йил олдинга қайтамиз

1358 19:00 06.11.2019

Туркия қамоқхоналарида сақланаётган ИШИДчилар ватанига қайтариб юборилади

575 11:30 05.11.2019

Истанбулдан Бухоро ва Самарқандга чартер рейслар йўлга қўйилади

399 09:00 30.10.2019

Тарихда бугун: Туркияда республика эълон қилинди

1295 18:30 29.10.2019

Қуръонни эшитиб ёдлади, 14 марта ҳатм қилди

1474 14:00 29.10.2019
« Орқага