Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Абдулҳамидхонга хиёнат қилган икки куёв”

5768

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм)

Ниҳоят табаррук тупроқ – Айюб Султон майдонидаги зиёратларимни якунлаб, пастга, денгиз томонга қараб йўл олдим.

Жулус йўлидан кетар эканман, соҳилга етмай чап томондаги Халил Рифат пошо мақбарасига дафн этилган ота-бола ҳақида ҳам гапириб бергим келяпти. Улар яхшими-ёмонми, ўз ҳаётини яшаб ўтдилар. Қанчалик қайғули ва ғамгин бўлмасин, тарих ҳикояларига қулоқ тутиш ва ундан озгина бўлса ҳам ибрат олиш бурчимиздир. 

Халқимиз орасида “Пойтахт. Абдулҳамид” номли турк сериалини берилиб томоша қилганлар кўпчиликни ташкил этади. Маълум-номаълум сабабларга кўра хусусий телеканаллардан бирида намойиши тўхтатилган бўлса-да, мазкур сериал Ютуб ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали ўз мухлисларини топа олди. Ўша сериалда Маҳмуд пошо деган тарихий образ бор. Жудаям чигал характер ва тақдирга эга инсон сифатида гавдаланади. Агар озгина унинг тарихини ўргансангиз, ҳаётда ҳам шундай яшаб ўтганига қаноат келтирасиз. (Ақл боқмас ёша-боша, ақл сенда Маҳмуд паша, яъни ақл ёшга ва бошга қарамайди, ақл сенда, Маҳмуд пошо, деган ибораси роса машҳур бўлган).

Хуллас, Халил Рифат пошо мақбарасида Султон II Абдулҳамидхон ҳазратларининг ашаддий душманлари (мухолифатлари) – куёви Маҳмуд Жалолиддин пошо ва жияни Шаҳзода Сабаҳаддинлар мадфундир. Ўйланиб қолдим, салтанат хоин деб билинган бу икки кишининг айнан Жулус йўли бошига дафн этилгани бежиз эмасдир. “Қилич тақиш” маросимига кетаётган султонлар учун бу махсус огоҳлантиришдир балки? “Эй кўзингни каттароқ оч, султоним, салтанат душманлари ичингда...” деган маънода. Тўғрисини Аллоҳ билади. (Абдулҳамидхоннинг яна бошқа хоин куёви ҳам бор. У ҳақда ҳам ўрни келса, сўз юритамиз.)

Маҳмуд пошо Султон II Абдулҳамидхон тахтга чиққан санада, яъни 1876 йили султоннинг синглиси Малика Саниҳага уйланади (шу боисдан уни домад (куёв) пошо ҳам дейилади). Уларнинг никоҳидан икки ўғил фарзанд дунёга келади: Шаҳзода Сабаҳаддин ва Шаҳзода Лутфуллоҳбей. Маҳмуд пошо икки йилдан сўнг Усмонли халифалигининг Адлия вазири бўлади. Озгина ўтиб, қайсидир фитналарга аралашганлиги гумони ила вазифасидан озод қилинади. То 1899 йилгача Абдулҳамидхон саройида турли лавозимларда ишлайди. Шу йиллар орасида ҳам тинч юрмайди. Турли мухолифатдаги кимсалар билан тил бириктириб, ошкора ва пинхона халифага душманлик қилади. Султон бир неча марта уни кечиради, аммо... Маҳмуд пошо 1899 йили икки ўғлини ёнига олиб, Францияга қочиб кетди. Европада Абдулҳамидхонга қарши жуда катта фитналарни амалга оширади. Жўн (ёш) турклар деган мухолиф ҳаракатга раҳнамолик қилади. Абдулҳамидхон ҳақида турли бўҳтон ва туҳматларга тўла мақолалар чоп эттиради. Султон бир неча бор элчи жўнатиб, Истанбулга қайтишини сўрайди, лекин...

Маҳмуд Жалолиддин пошо 1903 йили оғир касалликка учраб, Брюсселда вафот этди. Султон Абдулҳамидхон шунда ҳам марҳамат қилади, унинг жасадини Усмонли тупроқларига қўйишларини сўрайди. Афсуски, унинг ўғиллари ҳам мухолиф ҳаракат лидерлари ўлароқ, султон тоғаларининг гапини эътиборга олишмайди. Фақатгина Абдулҳамидхон тахтдан туширилгандан кейин оталарининг қабрини Истанбулга, Айюб Султондаги Халил Рифат пошо мақбарасига кўчирадилар. 

Ўғли Сабаҳаддиннинг тақдири ҳам отасиники каби чигал ва қайғули. Унинг ҳам қон-қонига мухолифлик тушунчаси сингиб кетган эди. Гўё ҳаётдан яккаю ягона мақсади – тоғаси Султон Абдулҳамидхонни тахтдан ағдариш эди, бошқа бирор бир дарди бўлмаган назаримда. У охири ниятига етди: тоғаси тахтдан ағдарилди, Усмонли парчаланди, халифалик тугатилди, аммо... 1924 йили унинг ўзини ҳам Европага сургун қиладилар. 1948 йили у ҳам отаси каби ғариблик оламдан ўтди. 1952 йили жаннатмакон бош вазир Аднан Мендереснинг саъй-ҳаракати билан унинг қабри ҳам Айюб Султондаги мақбарага, отасининг ёнига кўчирилди.

Мен ота-боланинг руҳи покига дуойи хайрлар қилиб йўлимда давом этаман. Зеро, ўтган – ўтди, кетган – кетди. Улар ҳисоб берадиган жойга етди. Биз тириклар уларни суд қилишга ҳақли эмасмиз, ҳақига дуо қиламиз, гуноҳларини авф этиши Аллоҳдан сўраймиз. Зеро, Қодирий бобомиз айтмоқчи, “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидур”, яъни ўтганларнинг ҳаёт йўлини ўрганиб, ўрнак олсак, кифоя. Хайри – шу! Қабристонларни зиёрат этишдан мақсад-муддо ҳам битта – ибратланиш, холос. Шундай эмасми?

Дарвоқе, ўрис босқинчилари томонидан халқ душмани деб қатл этилган раҳматли Абдулла Қодирийнинг ўзи ҳам катта ибрат бизга. Буни устозимиз, таниқли миллатпарвар ёзувчи Набижон Боқийнинг КГБ архиви материаллари асосида ёзган “Қатлнома” ҳужжатли романини ўқиганлар яхши билади. Набижон ака бундан нақд 25 йил аввал истанбуллик яна бир миллат қаҳрамони – шаҳиди аъло Анвар пошо ҳақида ҳам ҳужжатли қисса ёзган. Уни илк бор туркиялик ноширлар чоп этишади. Катта шов-шувга сабаб бўлган “Чингиз Афандига мактублар” (бошқа номи “Анвар пошо васияти”) узоқ йиллар Ўзбекистонда нашр этилмади. Ўтган йили аввал azon.uz сайтида эълон қилиб, кейин кўпчилик мухлисларнинг талабларига биноан "Муҳаррир" ва “Azon kitoblari” нашриётларида нашр этилди. Балки излаб-топиб бу бебаҳо қиссани ўқиб кўрарсиз... Чунки заҳматкаш адибимиз икки йил мобайнида Ўзбекистон давлат архиви, КГБ архиви ва Тожикистон Компартияси архиви материалларини титкилаб, ўша асосда ушбу қиссани қоғозга туширган. Анвар пошо ҳақида кейинроқ гаплашамиз. 

Соҳил бўйига тушишим билан қаршимдан яна бир масжид чиқиб қолди. Бу 1567 йили барпо этилган Каптан пошо жомеъ масжиди экан. Мўъжазгина, аммо серфайз масжиднинг таҳоратхонаси ҳам бор. Бу жомеъ қурилганида унинг пойдеворини денгиз суви ювиб турган. Қарангки, орадан асрлар ўтса ҳам, ҳали-ҳамон намозхонлар хизматида. Тахмин қилдимки, денгизда кетаётган кемачилар, катта-кичик қайиқларда ризқ қидириб юрган балиқчилар намозга азон айтилиши билан дарров шу ерга келиб, намозларини адо этган, масжид қурган зотлар ҳақига баракотли дуолар қилиб, сўнгра яна йўлларига равона бўлган. Мен ҳам хаёлан денгизчиларнинг дуоларига қўшилдим, омин, дедим ва трамвай бекатига қараб кетдим.

Трамвай изи соҳил ёқалаб кетган экан. Негадир унга дарров чиққим келмади. Соҳил бўйида кемаларни назорат қилиб турган амакининг ёнига бориб, у билан суҳбатлашгим келди. Бу ерда ҳам кема “дураги”, яъни тўхтаб ўтадиган кичкинагина бандаргоҳ бор. Ижарага катта-кичик қайиқ буюртма қилиб, денгизда сайр қилишингиз мумкин. Саккиз кишигача сиғадиган моторли қайиқ ижараси бир соатга 120 лира экан. “Ўзим бошқараманми?” сўрадим кемалар “бошқон”идан. “Йўғ-ей, нималар деяпсиз?! Кема бошқарувчиси бўлади. Бунинг учун ҳам ўқиб, махсус рухсатнома олишингиз шарт. Бир қарашда осон туюлгани билан, бунинг ҳам ўзига яраша паст-баланди, машаққати, ўзига хос илми бор...” жон койитиб тушунтирди амаки. “Эҳ, ҳозир ҳамсафарларим ҳам келганида тахминан 20 лирадан тушарди, бир соат маза қилиб денгизда сайру саёҳат қилган бўлардик...” дейман ўзимга ўзим. Нариги соҳилга ўтиш учун 2.5 лира тўлар экансиз. Кема ҳар соатда бир марта юради. Ҳозиргина 12.30 даги кема сузиб кетибди. Нариги қирғоққа, бунисига қилиб, тахминан ярим соатларда Эминўнига борар экан. Ундан трамвай қулай, менга. Чунки тезроқ боришим керак. 

Трамвай бекатига худди метро каби “Истанбул карт” орқали пул тўлаб, кейин кирилади. Махсус қурилмага “карт”тингизни қўясиз, тиринг деган ёқимли сас таралади – бу сиздан йўл кира ечиб олинди дегани – ўтиб кетаверасиз.  Бу ҳудуднинг номи “Feshane” – “Фесхона” экан. Фесхона нима дегани қизиқиб қолдим. Мирзо Фирдавс Отахоновдан сўрасам, ишлаб чиқариш жойи, деган маънони билдиради, дейди. Бундан икки юз йиллар муқаддам Султон Иккинчи Маҳмуд тарафидан армия аскарлари учун махсус кийим тикадиган фабрика қурилган. Шунинг учун бу ерларни Фесхона ёки Фесхонаи Амир деб аташалади. Ҳозирда фабрика ишламайди, музейга айлантириб юборилган экан... Ҳар қалай Мирзодан олган маълумотларим шу бўлди.

Хуллас, “Фесхона”дан трамвайга ўтириб, Эминўни томонга жўнадим. Трамвай янги. Топ-тоза ва шинамгина вагонда йўловчилар жудаям сийрак. Кейин билсам, охирги бекатларга етиб келиб қолингани учун шундай экан. Йўл-йўлакай атрофга разм солиб бораман. Аввал болалар ўйингоҳига олдидан ўтдик. То сўнгги бекатга боргунча бир неча дам олиш учун мўлжалланган кичкинагина сайлгоҳлар, дам олиш масканларига дуч келдим, саноқда адашиб кетдим. 

Масжидлар масаласида ҳам шундай: Зол Маҳмуд пошо масжиди, Силоҳи Меҳмет Афанди масжиди, Я Вадуд жомеъси,  Ҳазрати Кааъб масжиди, Тўқлу Дада... Гул масжиди... Фаррух Кадхудо... Абди сув боши... каби бир неча масжидлар бор. Саноғида адашиб кетдим рости. Шу билан бирга шунча масофада жойлашган черковларнинг ҳам санаб саноғига етиш мушкул. Жорж Паммакаристос черкови, Влахерна Марям она черкови, Бисерижа черкови,  Айвансарой Панария Балино черкови, Аё Дмитрий черкови, Аё Йўрги Рум черкови, Ежуменикал Патриархт черкови, Свети Стафан черкови... ва ҳаказо. Черковларнинг аксарияти қадим замонларда қурилган ва ҳалиям асл ҳолатида сақлашга ҳаракат қилинаётгани кўриниб турибди. Ишлаб турган христиан ибодатхоналариям кўп. Ишламайдиганлари ҳам... Аммо давлат бирор бир черков ерига ё иморатига кўз олайтирганини кўрмайсиз (Аё София масаласи бутунлай бошқа, унинг бир қатор омиллари бор, уларга тўхталиш мавриди эмас ҳозир). Диний бағрикенгликка қойил қолдим. Мавзуга алоқадор бўлгани учун айтиб ўтай, диний бағрикенглик масаласида Ўзбекистон ҳам бошқалардан орқада эмас. Барча миллат ва дин вакиллари эмин-эркин яшаб, ўз ибодатларини адо этиб юрибди. Хоҳлаганча ибодатхона қуришлари мумкин, диний таълим берадиган мактаблари ҳеч қандай тўсиқларсиз ишлаб турибди. 

Кейин билсам, бу ҳудудлар айни Константинополнинг ўрни бўлгани учун черковлар кўп экан... Ҳашаматли ва ҳайбатли иморатлари ҳам сероб... Дарвоқе, бизнинг “Мезана халқаро билимлар академияси” жойлашган бино ёнида ҳам қанақадир христиан ибодатхонаси ёки мактаби жойлашган экан. Фаолият кўрсатмайди, аммо Фотиҳ тумани Истанбулнинг энг қиммат жойларидан бири бўлса ҳам, ибодатхона асрлар давомида ишламаса ҳам... катталар бирор баҳона билан тортиб олиб, сотувга қўйиб юбормас экан. 

Битта савол: дунёнинг бирор бир жойида черков ва масжиднинг ёнма-ён, битта ҳовлида қурилганини кўрганмисиз? Илтимос, ушбу саволга жавоб излаб туринг. Лоақал эслаб қолинг. Кейин гаплашамиз, албатта.

Эминўни... Жудаям гавжум маскан. Денгизга орқа ўгириб қарасангиз, ўнг томонингизда Рустам пошо масжиди, чап томонингизда – “Йени Жамий”, яъни “Янги Масжид”, рўпарангизда эса Миср чаршиси – Миср бозори... Уч-тўрт аср нарисида қурилган иморатлар. Аммо бу жойда уччовидан ҳам қадимий бир бино бор. У машҳур сайёҳ Авлиё Чалабий ҳазратларининг номи билан боғлиқ...

Чалабий тушида пайғамбар алайҳиссаломдан нима сўраган, емак сотаётган киши нега қочиб кетди, “Янги масжид” қанчалар янги, масжид ҳовлисига черков қурилганми ёки тескариси, Абдулҳамидхонга хоинлик қилган бошқа куёви ким?.. Мана шу каби қизиқарли саволларга насиб этса кейинги сафар сўз юритамиз. Ҳозирча Эминўни майдонида чор-атрофга ҳайрат кўзлари ила боқишда давом этаман.

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаҳон озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда Туркия катта иш қилди 

268 19:45 05.08.2022

Украина ғалла бўйича келишувни кенгайтиришни таклиф қилди 

172 15:50 05.08.2022

Истанбулда фашистлар томонидан шафқатсизларча ўлдирилган лўлилар хотирланди

1367 17:35 02.08.2022

ДХХ раиси Қирғизистондаги муҳим йиғилишда иштирок этмоқда

565 15:50 26.07.2022

Украина: чоршанба куни дон ортилган биринчи кема жўнайди

350 13:20 26.07.2022

Истанбулда дунё дон бозори учун муҳим келишув имзоланди

408 10:53 23.07.2022
« Орқага