Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Агар бу ерга бормасангиз, Туркияга келдим деманг!”

3183

Метродан чиқиб Фотиҳ масжидига шошиляпмиз. Мақсадимиз хуфтон намози жамоатига етишиш. Йўлда икки “нашриётчи”ларимиз ўзаро тортишиб боришди. “Мана вақт бўлди, ҳатто азон овозиниям эшитдим. “Шаҳзода”га кира қолайлик, жамоатдан қолиб кетамиз”, дейди Нўъмонжон. Ҳусан ўз сўзида собит: “Ҳали хуфтон вақти кирмади-ку?” деб, қўл телефонига ишора қилади. Хуллас, савқи табиий билан қадамларимизни тезлатиб, Фотиҳ жамоатига улгурдик... Кейин билсак, икковлоннинг смартфонига ўрнатилган “Намоз вақтлари” дастури бир хил, лекин намоз вақтини 15 дақиқа фарқли кўрсатмоқда экан. Нўъмонжоннинг қулоғига азон бўлиб кирган сас қайсидир масжид муаззини томонидан айтилаётган саловот бўлиб чиқди. Ўзи Истанбул масжидлари карнайидан фақатгина азон садолари эмас, қироат ва саловотлар янграб туриши оддий-одатий ҳол. Дастлаб билмаган одамга азон айтилаётгандай туюлар экан.

 

Биз ҳам секин-аста бу ҳолатга кўникиб қолдик. Аммо икки ҳамроҳимизнинг тортишиши озроқ малол келди. Ўзи саёҳат давомида ҳамсафарларнинг бир-бирини яхши англаб олиши учун ҳам вақт керак экан. Биз – “Азон”чиларни кўпчилик билади, бир-биримизга муносабатларимиз ҳавас қилгулик. Ўзаро ака-укадек муносабатда бўламиз, бир сўз билан айтганда, бир-биримизни борича қабул қиламиз. Лекин шундай бўлса ҳам сафар давомида тортишувлар бўлиб турди. Аниқроғи илк кунлари... Яъни бир кишига ҳаво етмай деразани очади, бошқаси совуқ келяпти деб ёпиб қўяди. Бир киши кўк чой ичади, бошқаси қора чой ичмаса, қорни оғрийди. Буни шунчаки ёзмаяпман, сабаби бор. Ишонасизми, орадан уч-тўрт кун ўтгач, “ҳаво етмаётган” ҳамроҳимиз “совуққа юқа” шеригимизни ўйлаб деразани очмайлик, дейди, буниси бўлса, “Йўқ-йўқ, очинглар, мен елкамга камзулимни ташлаб оламан, деб ён беради. Ўзлари кўк чой ичса ҳам, бошқалар учун қора чой дамлайди. 

Одамнинг кимлиги сафарда билинади, деган гап ҳақ экан. Мана шундай дўстларим билан мусофир бўлганимдан қайта-қайта Аллоҳга шукурлар айтдим. Чунки бундай пайтларда (бошидан кечирганлар яхши билади) атрофдагиларга кенглик қилиш осон эмас. Ғарибликда киши ўз ватанини соғинади, бошқа муҳитга мослашиш учун ҳам катта куч керак, хуллас, ўзини енгиб, бошқаларга марҳаматли бўлиш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди. Мусофир одам нега инжиқроқ, юраги торроқ бўлиб қолишини энди тушунгандай бўлдим...

 

Муҳташам Фотиҳ жомеъсига етиб келгач, мен таҳоратхонага тушдим. Таҳоратхонага эсколатор ва лифт қўйилгани ҳақида аввал ёзгандим. Бу сафар ҳожатхонаси ҳақида айтмоқчиман. Биласиз, бу мавзу ҳам Ўзбекистон учун энг оғриқли нуқталардан бири. Нафақат юртимизга келган сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам кўча-кўйда ҳожатхона масаласида катта қийинчиликка дуч келади. Ўзи ҳожатхоналар кам, етишмайди, борларининг ҳолати ҳам ниҳоятда ачинарли (бу ҳақда батафсил ёзиб, ўзимнинг ҳам, Сизнинг ҳам таъбингизни тирриқ қилмай). Савоб умидида масжид қураман, деган бойларимиз кўп, алҳамдулиллаҳ. Бунга рухсат олиш осон эмаслиги учун дардини кимга айтишни билмай сиқилиб юришади. Мақсад савоб бўлгач, битта масжид пулига юзта ҳожатхона қурса, мурод ҳосил бўлмайдими? Менимча, албатта, бўлади (янаям бу ҳақда Мубашшир Аҳмад домламиздан сўраб оламан). Истанбулда кўрганим шуки, ҳожатхоналар асосан еростига, яъни ертўла шаклида қурилар экан. Бизда ҳам катта шаҳарларда ер танқис, аниқроғи, қиммат, эгаси кўп, шунинг учун мана шу ҳолатни ўзлаштирсак, ёмон бўлмайди.

Эскалатордан таҳоратхонага тушдим. У ердаги ҳолат мени яна ҳайрон қолдирди. Ҳожатхонада уч хил, нима десам экан, ўзбекчасини тополмадим, туркча клотез (унитаз) қўйилган экан (ажабо буни тилимиз жонкуяри Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон устоз билармиканлар?). Хижолатли бўлса ҳам айтаман, биттаси ерда, иккинчиси стулсимон, учинчиси асосан ғарбликлар қўлланадиган ва бизларда ҳам жамоат муассасаларида учрайдиган, яъни тик туриб енгил ҳожат чиқариш учун мўлжалланган клотез... Менимча, бу хорижлик сайёҳларга қулай бўлсин деган мақсадда қўйилган. Кимга қайси бири қулай бўлса, ўша хонага кираверади. Биз ўзбеклар учун ноқулай тарафи шуки, Туркиядаги таҳоратхоналарда иссиқ сув бўлмас экан, ҳатто мустаҳаб учун ҳам. Агар каминага ўхшаб қишда ҳам совуқ сувда ювиниб юришга ўрганмаган бўлсангиз, бу томондан бироз қийналиб қолишингиз мумкин. 

Даргоҳга етиб келганимизда академия ҳужжатлари орқасидан елиб-югуриб юрган Мубашшир домла ва Ғайратхўжалар ҳам қайтишган экан. Кечки овқат устида гап асосан вақф очиш борасида Туркия қонунчилигининг ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида бўлди. Ҳайратларга чўмиб тингладик. Нималар дейилганини ҳозир унча хотиримда йўқ. Фақат аниқ эсимда қолгани шу бўлдики, аср намозини шундоққина денгиз ёқасидаги қадимий масжидда ўқишибди. Денгиз сатҳи масжид полидан бир қаричча пастда экан, холос. Тасаввур қиляпсизми? Масжиддан чиқишингиз билан пойингизда денгиз мавжланиб турибди. Бу тасвир бир умр ёдимда муҳрланиб қолса, ажабмас. 

Билимдонимиз Нўъмонжон айтиб қолдики, агар Айюб Султон майдонига бориб, буюк саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий ҳазратларининг қабрларини зиёрат қилишимиз шарт, акс ҳолда Истанбулга келдим, деб юришимиз хато эмиш. Дарҳақиқат, Истанбулга келган сайёҳларнинг аксари, яъни ҳаммаси ўзининг тушунчасидан келиб чиқиб, зиёрат қилишингиз шарт бўлган жойларнинг рўйхатини тақдим этади. Энг қизиғи, турли туман ирқ, дин ва эътиқод вакилларининг тавсияси орасидан “Айюб Султон” майдони албатта ўрин олади. Ишонмасангиз, марҳамат, ўзингиз текшириб кўришингиз мумкин, фикрларим нақадар тўғрилигига амин бўласиз. Ўзбекистондаям бунақа мунаввар макон бор. Самарқанддаги “Шоҳи зинда” зиёратгоҳига борганмисиз? Ҳа, ўша “тирик шоҳ” деб улуғланадиган саҳобий, пайғамбарнинг амакиваччалари Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мангу қўним топган масканга? Ташқаридан қараса, оддий мақбарадай кўринган даргоҳга кириб, ич-ичингизга нурли-нурли сукунатга ғарқ бўлганмисиз? Билмам, бунда не сир-синоат бор? Тушунмайман, тушунтириб беролмайман. Шунинг учун бу борадаги сўзимни шу ерда мухтасар қила қолай... Бормаган бўлсангиз, боринг, зиёрат қилинг.

Истанбулга қайтайлик. Айюб Султон деб эҳтиром билан тилган олинадиган майдонда буюк саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий ҳазратларининг қабрлари бор (1453 йили исломлашган Константинополга саҳобаларнинг қандай келиб қолганлари ҳақида “таассуротлари”мизнинг “Бухоролик етти амирнинг қабрига дуч келдим...” сарлавҳали қисмида батафсил сўз юритганмиз). Бу саҳобий ҳақида фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари қуйидаги маълумотларни ёзганлар.

Абу Айюб куняси билан машҳур бўлган бу улуғ саҳобанинг асл исмлари Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Хазражийдир. У киши Нажжор қабиласидан эдилар. Исломга ҳижратдан олдин кириб, иккинчи Ақаба байъатида иштирок этдилар. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу Бадр, Ухуд, Хандақ ва бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этдилар. Сиффийн, Жамал урушида Али розияллоҳу анҳу билан бирга бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида ансорлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз шахсий уйларига тушиб, яшашларини исташар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса туялари танлаган ерга тушишларини айтдилар. Шунда туя тўғри бориб, Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг уйи тўғрисида тўхтади. Ана шу пайтда ансорлар назарида Абу Айюбдан кўра бахтлироқ киши топилмас эди. Бу зот ҳаммаси бўлиб, 155 та ҳадис ривоят қилдилар ва бу ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу душманларга қарши урушишни жуда ҳам севар эдилар. Язид ибн Муовия билан Қустантинийя (Истанбул)ни фатҳ этишлик учун отландилар. Кета туриб, йўлда касал бўлиб қоладилар. Язид қайтариб юбормоқчи бўлганда унга Аллоҳнинг «Инфиру хифаф-ав ва сиқала» оятини келтириб, «Мени ҳам ўзинглар билан олиб кетинглар», деб айтадилар. Язид бу кишини ўзи билан олиб кетади. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 52 санасида (672-милодда) Қустантинийяда вафот этадилар. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳунинг қабрларини ҳатто, румликлар ҳам зиёрат қилишарди. (Иқтибос тугади)

 Бу зоти мукаррам ҳақида истанбуллик қардошларимиз бир-биридан қизиқ ва ажиб ривоятларни айтиб юришади. Аммо ҳозир уларни келтириш мавриди эмас, деб ҳисоблайман. Фақат уч йил муқаддам Azon.uz сайтида эълон қилинган қуйидаги мақолани ўқишни тавсия этишим мумкин: Саҳоблар ҳаётидан: Абу Айюб Ансорий

Хуллас, бугун шанба, давлат муассалари ишламайди. Шунинг учун ҳамма ўз иши билан қайларгадир йўл олди. Мен ҳам онлайн карта орқали Айюб Султон майдонини топиб, зиёратга отландим. Биз турган жойдан пиёда борса ҳам бўладиган масофада экан, тахминан бир ярим километр атрофида. Мен катта кўчага озгина пиёда тушиб бордим. Йўлда қизиқ ҳолатга дуч келдим. Шуни айтмасам, бўлмайди барибир. Қайсидир Қуръон курси олдидан ўтаётган эдим. Ичкаридан ўнлаб, балки юзлаб Қуръон ёдлаётган ёш қориларнинг тиловати “шовқини” эшитилмоқда. Беихтиёр тўхтаб қолдим. Ўша пайт қалбимда ғужғон урган туйғуларни: ҳаяжонни, ҳайратни, мамнуниятни сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу аниқ! Илло ҳолатимни мана шу жараётга бевосита гувоҳ бўлган кишиларгина тасаввур қилиши, тушуниши мумкин, холос. Қоришиқ туйғулар таъсирида, истар-истамас бу мунаввар даргоҳдан узоқлашдим. Энг қизиғи мен боши берк кўчага кириб қолган эканман, ҳикматни қарангки, орқага қайтишда бу неъматдан яна бир карра баҳраманд бўлдим. Ич-ичимдан йиғлаб, дуолар қилдим............................

Кейин йўлимда давом этдим. Катта кўчага чиқиб, йўналишли такси, турклар айтмоқчи, автобуснинг “бола”си минубусга ўтириб, Айюб Султонга жўнадим.

(давоми бор)

Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири 

Тошкент-Истанбул-Тошкент

10-қисмни ўқиш
12-қисмни ўқиш

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Ижтиҳодга лаёқат

177 21:50 22.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: Лазарь Моисеевичнинг тазарруси

428 21:10 22.05.2022

«Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сирлари соҳиби»: Мунофиқларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жонларига қасд қилиши

57 20:35 22.05.2022

Динимни ўрганаман: эркак киши тилла ёки кумуш тақинчоқлар тақиши ҳақида

388 20:05 22.05.2022

Ахлоқус солиҳийн: Хушхулқ пайдо бўлиши мисоллари

269 19:05 22.05.2022

Диний либос ҳали ҳам таъқиқдами?

995 18:48 22.05.2022
« Орқага