Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: “Аё Софияда ҳамроҳларимни йўқотиб қўйдим...”

2923

(1-қисм, 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм)

Жума намозини Аё Софияда ўқиганимизни айтгандим. У ерга боргунимизча ҳам қизиқ ҳолатлар бўлди.

Истанбулдаги жамоат транспортларида нақд пул олинмас экан, яъни нақд пул тўлаб юришнинг имкони йўқ. “Истанбул карт” деган пластик карточкадай келадиган махсус электрон чипта сотиб олишингиз ва унга махсус (банкоматларга ўхшаш) қурилмалар орқали пул тушириб, йўл кира ҳақини шу йўл билан ўташингиз лозим. Яъни автобус, трамвай, метробус каби жамоат транспортлари ҳайдовчилари қўлига пул ушламайди. Ёки тоғни толқон қиладиган девдай-девдай (контролёр) йигитлар йўловчилар оралаб “за праезд, за праезд! За праезд аплачиваем!” деб айиққа ўхшаб бўкириб юрмас экан.

Минибус дейиладиган йўналишдаги таксиларда (“машруткалар”) эса, аксинча, фақат нақд пул ўтади. (Гапирмай, дейману юрак қўймайди. Худди шу тартибни ўзимизда ҳам жорий қилиш қийинми? Ахир бизда ҳам ОТТО деган электрон чипта йўлга қўйилди-ку?! Нега энди “олдан пул тўлаб чиқ, орқадан бемалол туш” деган оддий қоидани ҳаётга тадбиқ этолмаймиз? Нега? Тўғриси билмадим. Бу саволларга кимдан жавоб олишни билмайман рости. Умумий хулоса шуки, Ўзбекистонда жамоат транспортида ташкилий ишлар жудаям оқсоқ. Қолоқ десаям бўлаверади).

“Истанбул карт”ни сотиб олиш учун “ҳес код” (HES Code) лозим бўлади. Уни эса Сизга Туркияга авиа чипта сотган касса ёки сайёҳлик фирмаси олиб беради. Azon travel ходими Раҳматуллоҳ укамиз роса берилиб тушунтирган эди, бекорга эмас экан. Ҳатто катта-катта савдо мажмуаларига киришда ҳам шу кодни кўрсатишингиз талаб этилади. Туркия ташқи ишлар вазирлиги томонидан бериладиган HES Code’да Сиз ҳақингиздаги бирламчи маълумотлар (ким, қаерлик, ТР га қачон келган ва ҳк) сақланади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан жудаям зўр восита экан, тушунишимча, жамоат транспортида қаерга ва қачон борганингизни онлайн назорат қилиш имкони туғилади. Қолаверса, визасиз юриш муддати тугаса, ўз-ўзидан кўплаб имкониятлардан фойдалана олмайсиз. Ўзбекистонликлар Туркия жумҳуриятида уч ой муддатга визасиз юришлари мумкин. 

Хуллас, эрталабки биринчи қиладиган ишимиз махсус дўконни топиб, “Истанбул карт” сотиб олиш бўлди. Бу масалада бизга ҳамкасбимиз, ҳозирда Истанбулда яшаётган Мирзо Фирдавс укамиз яқиндан ёрдам бериб, ўша дўконнинг геолокациясини масофадан турган ҳолда юборди. “Карт”га пул тушуриш жудаям осон экан. Деярли ҳар бир бекатда ўрнатилган махсус қурилмага “карт”ни қўясиз (ҳа, айнан қўясиз), кейин махсус жойига пул соласиз, бўлди – олам гулистон! Ўша қурилмадан чиқадиган “Sadece kağıt para kullanabilirsiniz” деган жумласини қайта-қайта эшитаверганимдан ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглагандай бўлиб турибди (“Фақатгина қоғоз пул солинг!”).

Автобус келди. Ўзимиздагига ўхшаб ўрта эшигидан чиқмоқчи эдим, Ҳусан “чиқиш фақат олдидан” эканини тушунтирди. Ҳар бир йўловчи автобусга олди эшигидан чиқиб, махсус қурилмага “карт”ини босади, пул ечилганини билдирувчи овоз янграйди ва салонга сурилиб, орқадан чиқаётганларга йўл беради. Қанча одам чиқишидан қатъий назар шу тартибда олдиндан пул тўлаб чиқар экан. Манзилига етиб келганлар эса ўрта ва орқа эшиклардан бемалол тушиб кетаверади. Баъзан кимлардир каттароқ юк, масалан, велосипед ёки болалар аравачаси билан бошқа эшикдан чиқса ҳам, дарров олдинга келиб, йўл ҳақини тўлаб кетаркан. Бошқаларга тўлаб юбориш имкони йўқ, чунки бир “карт”дан фақат бир марта пул ечилиши тартибга киритилган. Ҳатто бир сафар кўринишидан араб миллатига мансуб аёлнинг “карт”ида пул етмай қолгани учун бир йигит тўламоқчи бўлди, аммо аппарат қабул қилмади. Ҳайдовчи қулайроқ жойда тўхтаб турди, ўша аёл электрон чиптасига пул тушириб чиқди ва йўл кирани тўлагач, автобус қўзғалди. Бу ҳақда кейинроқ яна гапириб бераман. Дарвоқе, автобус, трамвай ва аксар метроларда йўл ҳақи 4 лира, бу ҳозирда тахминан 5 минг сўмга тўғри келади.

Ҳозир автобусда Эминўни деган соҳилбўйига яқинлашяпмиз. Шу ерда қадим Константинополнинг ҳимоя девори остидан ўтилар экан. Тошдан тиккаланган деворнинг баландлиги тахминан 20 метр, қалинлиги 3 метрни ташкил қилади. Унга кўзингиз тушиши билан беихтиёр минг йиллар нарига бориб қолгандай ҳолатга тушасиз. Эминўни Халич бўғози соҳилидаги жой номи. Метро, тарамвай, автобус ва сув йўли – кемалар кесишадиган марказ бўлгани учун ҳамиша одамлар билан гавжум. Шу ердан атроф бемалолроқ, яъни кенг ракурсда кўринади. Орқангизда “Овропа ёқаси” (турклар Истанбулнинг европа томонини шундай аташади), қаршингизда эса Осиё!

Қайсидур маънода ўзингизни дунёни марказида тургандай ҳис қиласиз. Орқангизга қарасангиз, Сулаймония, Янги масжид, Рустам пошо, Ёвуз Султон Салим каби муаззам масжидлар кўзингизни қувнатади. Ҳатто Аё София ҳам “мен бу ёқдаман”, дегандай бўй чўзиб турибди. Тўғрингизда қадимий Галата минораси. Ўнг томонроққа қарасангиз, бизнинг кино таржимонлар томонидан “Қиз қалъаси” деб сингдириб юборилган машҳур “Qiz kulasi”, яъни “Қиз минораси”. “Қашқирлар макони” сериалини кўрган юртдошларимиз буни жуда яхши билишлари шубҳасиз. (Бу минора ҳақида ажойиб таъсирли ривоят бор экан, уни ҳам мавриди билан ёзарман).

Маҳаллий аҳолидан кўра турли миллат ва ирққа мансуб сайёҳлар кўп. Майда савдогар ва сотувчилар ўз молларини “оп қолинг, кеп қолинг!” дея реклама қилиб сотяпти. Худди киноларда кўрган манзаралар: “арава-дўкон”да туркларнинг тешиккулча сифат нони – симит, қовирилган маккажўхори, ёнғоқ ва албатта шарбат ва сув сотиб юришибди. Симит нархи 2 – 2.5 турк лираси. Ярим литрли газсиз сувнинг нархи ҳам шунақа. Соҳил бўйлаб кўплаб кафелар жойлашган, асосий “фирминний” овқати – “балиқ экмек”. Ўзбекчада балиқли нон дейми ёки нонли балиқми, ишқилиб, чимчилоқдай келадиган балиқчаларни пишириб, батонли нон орасига солиб беради. Бир кун олдин устозимиз айнан шу таомни роса мақтаган эдилар. Биз ҳам катта иштаҳа билан Халич бўғози устига солинган кўприк остидаги ошхоналардан бирига кириб, “балиқ экмек” буюрдик. Кимлардир вақтдан унумли фойдаланиш учун таҳорат янгилаб олди.

Биздан тепада, кўприк устида ўнлаб ишқибозлар денгизга қармоқ отган, то овқат келгунча уларнинг машғулотларини кузатиб турдик. Тўр билан балиқ овлаш тақиқланган, аммо қармоққа рухсат бор экан. Ҳар тугул ақллимиз – Ҳусан шунақа деди (Истанбулга аввал ҳам уч марта келган). Тўғрисини айтсам, “балиқ экмек” кўпларимизга унчалик ёқмади. Нархи 20 лира, бир бардак чой билан ҳар биримизга 25 лирадан тушди.

Жума намозига вақт тиғиз келиб қолгани боис, Аё Софиягача трамвайда икки бекат юрдик. Султон Аҳмад майдонига етишимиз билан ўз-ўзидан қадимги даврларга бориб қолгандай бўлдик. Дунёнинг етти бурчидан келган одам авлодлари бир-бирига қариндошдай меҳр билан қарайди. Аммо ҳамманинг умумий дарди бир – расмга тушиш... Аё Софияга айниқса европалик сайёҳлар кўп интилар экан. Аёллар рўмол ўраб киришга мажбур, шунинг учун атрофда рўмол ўрашга уриниб, ўзи эплолмай, бошқаларга илтимос қилаётган қизларга, аёлларга дуч келасиз ва беихтиёр кулимсираб қўясиз. 

Тиқилинч ҳосил қилиб турган зиёратчилар орасидан амаллаб ўтиб Аё София масжидига кирар экансиз, қалбингизни тизинсиз ҳис-туйғулар эгаллаб олади, руҳингизга сокинлик инаётганини, ҳаяжонингиз юракдан тошиб, бўғзингизга тиқилаётганини сезасиз ё сезмай қоласиз. Маҳобат, салобат, ҳашамат, қадимийлик... таърифга сўз қидирасиз, тополмайсиз. Мармардан қилинган устунларни худди ҳақиқийлигини текшираётгандай силаб кўраман. Биз каби биринчи бор келаётганларнинг аксари тепага ихтиёрсиз равишда қадалган нигоҳини пастга тушуролмай ҳалак. Шундай санъат асарини бунёд этган қурувчилар маҳоратига тасанно айтаман, бошқа томондан эса мана шундай қудрат соҳибларини енгиб, Константинополни фатҳ этган баҳодирларга таҳсин ўқийман. Бошқаларни билмадиму аммо мен истанбулда Аё София каби муаззам иншоотни бошқа кўрмадим. Буни тан олиш виждоним амри. Бошқа катта-катта маҳобатли иморатларни кўрдим, фақат улар барибир бунчалик эмас, деган хулосага келдим. Янаям билмадим. Бу ерда тарихий тилсимлар ҳам бор, уларга ҳам ўрни билан тўхталиб ўтарман.

Аввалги сафар айтганимдай, жума намозидан кейин шерикларимни йўқотиб қўйдим. Кейин билсам, Муҳаммад Амин, Нўмонжон, Ҳусан, Фарҳод ва Муҳаммад Али ўзбекистонлик таниқли қори, шайх Алижон домлани учратиб қолишибди. Ҳаяжон устига ҳаяжон...

Аё Софиядан чиқишда бир дилхираликка дуч келдим. Адашмасам, бу ўн беш кунлик сафар давомидаги ягона нохуш ҳолат бўлди ўзиям. Аё Софиянинг олд тарафдаги дарвозасидан чиқиб, Султон Аҳмад майдонига қараб юраётсам, йўлакда бир ёшроқ йигит ускунада анор мевасини сиқиб, шарбатини сотаётган экан. Нархини сўрасам, бир қоғоз стакандагисини 30 лира деди. Жудаям чанқаб турганим учун олиб ичдим, аммо ичимда бир хиралик қолди. Гап пулга ачинганимда эмас, тўғри тушунинг (ўша пайт олмай кетишим ҳам мумкин эди). Фақат кўнглимда ўша савдогар мени алдадимикан, деган гумон туғилди. Бунга аниқлик киритишим учун бошқа жойдан нархини сўраб кўраман деб ўйладим, аммо кейин унутдим.

Дарвоқе, ҳамроҳларимни қидириб, Султон Аҳмад майдонини кезар эканман, Ҳуррам Султон ҳаммоми орқасида Аллоҳ рози бўлгур саҳобалардан бирларининг қабрларига дуч келиб қолдим. Саҳобанинг қабри ҳақиқийми? Ўзи Константинопол 1453 йили фатҳ этилган бўлса, ўттиз икки нафар саҳобаларнинг қабри қаердан бўлиши мумкин? Истанбулдаги қабри аниқ бўлган бошқа буюк саҳоба ким? Фатҳда иштирок этганлар орасида бухоролик етти амир қаерга дафн этилган? Жигар сотган қози калон – Азиз Маҳмуд Худойи эсингиздами, у зотни устозлари нима учун Истанбулга юборган? Бу каби саволларга кейинги қисмда батафсил сўз юритамиз.

Ҳозир эса мен Аё Софияда йўқолиб қолган ҳамроҳларимни турк аркадашлар кўмагида топишим керак...

 

(давоми бор)

Тошкент-Истанбул-Тошкент

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Толибон” ташқарига олиб кетилган ҳарбий самолёт ва вертолётларни қайтаришни бошлади

0 13:32 06.12.2021

Қурол савдоси: Россия қуролларига харидор камаймоқда

315 12:36 06.12.2021

Россияда қолиб кетган ҳамюртларимиз учун махсус поезд қатновлари амалга оширилади

106 12:08 06.12.2021

“Спутник” билан эмланганлар Саудия Арабистонига кира олади

228 11:30 06.12.2021

Хитой раҳбари динларни хитойлаштиришга чақирди

1403 10:03 06.12.2021

Исломофобия: Кипрдаги масжидга ҳужум уюштирилди

296 09:35 06.12.2021
« Орқага