Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Истанбул сафари таассуротлари: «Азонни, Қуръонни, салавотни туркча айтасан!..»

5345

(24-қисм)

Муҳтарам ўқувчи! Ёдингизда бўлса, ўтган йили Истанбул шаҳрига илк бор келган ва бу муаззам шаҳардан олган таассуротларимизни сизлар билан ўртоқлашган эдик. Насиб бугунга экан, мазкур хотираларни келган еридан давом эттиришга қарор қилдик.

Истанбулга келганимизнинг учинчи куни. Ускудор томонлардаги Кузгунчиқ маҳалласида юргандим. Истанбулнинг Европа ва Осиё қисмини боғлаб турувчи кўприк яқинида, шундоққина соҳил лабида 1860 йили қурилган Урёнийзода Аҳмад Асъад Афанди масжидида шомни ўқидим. Намоздан кейин тепаликка йўл солдим. Мақсадим бўғоз устидаги кўприкдан пиёда ўтиш эди.

Бу бўғознинг географик номи Босфор. Истанбул бўғози ҳам деб аталади. Қора денгизни Мармар денгизи билан боғлаб туради. Кенглиги тахминан Сирдарёдек келади. Европа билан Кичик Осиё ярим ороли ўртасида жойлашган. Узунлиги 30 км.га яқин, эни ўртача 2 км, айрим жойларда 6 км.гача кенгайиб кетган. Босфор қирғоқлари баланд, тик ва манзарали. Чуқурлиги 33 метрдан 80 метргача. Босфорда 2 оқим бор: устки оқим нисбатан чучук (шўрлиги 18%) бўлиб, Қора денгиздан Мармар денгизига оқади; остки оқим анча шўр (38%), Мармар денгизидан Қора денгизга томон оқади.

Бўғоз устига учта кўприк қурилган. Улардан бири “15 июль шаҳидлари кўприги” (туркчаси 15 temmuz), илгари номи Босфор кўприги. Бўғоз устига қурилган илк кўприк бўлгани учун халқ орасида “Биринчи кўприк” деб аталган. Кўприкнинг оёқлари Европа томонида Ўртакўйда ва Онадўли томонида Бейлербейида жойлашган. Қурилиши тугалланганда (1973 йил 30 октябрда) у дунёдаги тўртинчи энг узун осма кўприк ҳисобланарди.

2016 йил 15 июлда Туркия ҳарбий тўнтаришига уринган бузғунчилар мана шу кўприкни ҳам тўсиб қўйган эди. Ўша пайтда шу ерда ҳарбий тўнтаришга қарши чиққан фидойи инсонлар ҳаётдан кўз юмган. Шу сабабли кўприкнинг расмий номи “15 июль шаҳидлари кўприги” деб ўзгартирилди.

Бандан ташқари Фотиҳ Султон Меҳмет (1985 йил), Ёвуз Султон Салим кўприклари (2016 йил) ҳам Босфор бўғози узра темир йўл ва автотранспорт воситалари ҳаракати учун қурилган. Бу кўприклардан транспорт воситаларида ўтиш пуллик экан. Автомашиналар учун 8.25 турк лираси, яъни тахминан ярим доллар (45 цент) атрофида бўларкан. Машиналар шунақа тирбандки, ҳайрон қоласиз, Тошкентдаги тиқилинч ҳолва экан. Бир томони беш-олти қаторли кўприкда машиналар “пиёда юриб” ўтяпти гўё. Менимча, кўприкка сарфланган маблағни бир-икки йилда бемалол қайтариб олиш мумкин.

Кўприкка бошига етиб борганимдан сўнг, ҳафсалам пир бўлди. Чунки унинг бошланишида турган полис кўприкдан пиёда ўтишга рухсат йўқлигини чиройли тарзда тушунтириб, метробусда ўтишни тавсия қилди ҳамда метробус бекатини кўрсатиб юборди. метробус ҳақида ҳам айтиб беришим керак. Ажойиб транспорт тури экан. Майли, унинг ҳам мавриди келиб қолар...

Бекатга яқинлашганимда чап томонда, тепалик бағридаги музейга ўхшаган жойга кўзим тушди. Қизиқишим ортиб, унга яқинлашдим. Эшик оғаси кириш тепадан эканини тушунтирди. Ундан бу ер қанақа музей эканини сўрадим. “Музей эмас, “ҳофиза”, деди ва айтганларидан англадимки, бу ер ўша машъум 2016 йил 15 июлдаги ҳарбий тўнтаришда шаҳид бўлганлар шарафига қурилган хотира даргоҳи экан (рости музей дегани тилингиз бормайди, сабаби айтаман, албатта).

Эшик оға кўрсатган зинадан тепага кўтарилдим. Қулоғимга қорининг гўзал тиловати эшитила бошлади. Эътибор берсам, тепага чиққан ерингиздан чапда “айлана айвон” бўлиб, у ерга шаҳидларнинг исми шарифи ёзилган экан. Радиодан тинимсиз тиловат қўйилиб туриларкан. Мендан олдин келган икки ёш йигит қўлларини дуога очди, мен ҳам уларга қўшилдим. “Айлана айвон” деганим Тошкентдаги Хотира хиёбонида қурилган думалоқ жой бор-ку, йилда бир марта мамлакатимиз раҳбарлари келиб, Қуръон ўқиб кетадиган, ўша жойга ўхшаб кетади. Ичкарисида ўтиргани ўриндиқлар қўйилган.

Айвондан чиқиб, “ҳофиза”га кириш учун юрдим. Тепалик бағрига чиройли игнабаргли дарахтлар тикилган, ҳар бирининг остига эса “15 июль воқеаси” шаҳидлари исми шарифи битилган лавҳа жойлаштирилган. Демак, ҳар бир ҳалок бўлган кишининг номидан дарахт экилибди. Қандай ибратли иш, а? “Ҳофиза” эшигидан киришим билан муболағасиз ўзга оламга кириб қолдим. Хотира даргоҳи шундай жиҳозланганки, беихтиёр ўша тўнтариш содир бўлган кунга бориб қолгандай бўласиз. Устидан танк босиб ўтган машина мажақланиб ётибди (ишқилиб ичидагилари тирик қолдимикан?). Мана, исёнчи ҳарбийларнинг ўқига дучор бўлган мотоцикл... Сал нарида шаҳидларнинг юзлаб оёқ кийимлари териб қўйилган.

Бир бўлмада алоҳида кинотеатр ташкил қилинибди. Унда ўша кунги воқеаларга бағишлаб тайёрланган ҳужжатли фильм қўйилар экан. Шунақа таъсирли ишланганки, кўраётиб кўзимнинг ёшлари тўхтамади. Бу турк миллатининг озодлик ва ҳурлик учун нақадар жонфидо эканини кўриб, яна бир карра лол қолдим. Уни тушуниш учун ўша кунги воқеаларни бирров кўз олдингизга келтириш керак.

2016 йил 15 июль куни кечқурун ФЕТО деган яширин ташкилот аъзолари амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдоған бошлиқ ҳукуматни ағдариш мақсадида исён бошлайди. Ўзи бир неча йилдан бери Америкада (АҚШда) яшаётган Фатҳуллоҳ Гулен деган кишининг тарафдорлари ҳокимиятда чуқур илдиз отган экан. Айниқса, ҳарбийлар орасида уларнинг “уруғ”лари кўп бўлган. Олдиндан келишилган режага мувофиқ ҳарбийлар аэропорт, телевидение, полиция бўлимлари, кўприклар ва катта йўлларни тўсиб қўяди. Жумладан, “биринчи кўприк”ни ҳам. Ҳатто қайсидир ТВ орқали мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини билдиришади. Ўша пайтда Эрдоған қайсидир жойдан учиб келади, аммо унинг ўчоғи аэропортга қўнишига рухсат берилмайди. Шунда президент ижтимоий тармоқ орқали телеканаллардан бирига боғланади ва тўғридан тўғри эфирда халқни кўчага чиқиб, исёнга қаршилик қилишга чақиради (кейинроқ ўша телефон аппаратиниям кўрдим).

Ҳамма ҳарбий исёнга қаршилик қилиш учун кўчага отилади. Баъзи ҳарбийлар танкларни халқнинг устига солмайди, полицияга ихтиёрий таслим бўлади. Айримлари эса қуролсиз одамларни аямай отиб ташлайди. Ҳужжатли фильмнинг бошидан охиригача таъсирли: бир ҳомиладор аёл аскарларни исёндан қайтаряпти, улар кет, десаям кетмаяпти, бошқа бирида эса ёш йигит қатор келаётган танк колоннаси йўлида қимир этмай туриб берди, ўтсанг, мени босиб ўтасан, деди. Ҳартугул танклар тўхтади. Айтишларича, айрим ёвуз аскарлар одамларни ва машиналарни ҳам эзиб ўтиб кетган экан.

Фильмнинг яна бир саҳнасида ярадор ўғил онасига “орқага қайтинг, уйда ўтиринг, мен (майдонга) бораман”, деса, онаси “Ўғлим, сен яраланибсан, сен уйга қайт, тез ёрдам чақир, майдонга мен бораман” деяпти. Уларнинг ҳолатини кўриб, қотиб қолдим. Бу қанақа она?! Наҳотки ватанини ўз жигарбандидан ҳам ортиқ севади?! Ҳаётингизда шунақа аёлни кўрганмисиз? Мен тасаввур ҳам қилолмасдим, аммо шу ерда кўрдим. Ўша пайтдаги ҳолатимни тасвирлаб бериш учун маҳоратим етмайди, рости. Мард йигитларни мард оналар туғади, дедим ўзимга-ўзим.

Фильмни кўриб бўлгач, пастга, биринчи қаватга тушдим. Биринчи қаватда ҳам жуда кўплаб экспонатлар қўйилган экан. Президент ўша куни тўғридан тўғри эфирга уланган телефондан тортиб, турли калибрдаги ўқларгача.

Бундан ташқари, инсоният бошидан қуллик даврларига оид фото ва видео лавҳалар тортиб, қулдор ва золим Европа давлатлари томонидан Осиё, Африка ва Америка қитъаларида қанча одам қириб юборилганигача...

Бир ўринда шифтга дор шаклидаги арқонлар осиб қўйилибди. Қарасам, 1960 йили ҳарбийлар исён билан ағдарган ва бир йил тергов қилиниб, кейин дорга тортилган марҳум Бош вазир Аднан Мендересга бағишланган бўлма экан. Бу зоти шариф ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш керак. Чунки унинг тақдири ҳам ўзбек ўқувчиси учун ҳам қизиқарли ҳамда ибратли. Тўғри, аввалги қисмларида озгина маълумот берганмиз. Лекин унинг туркиялик мусулмонлар ҳаётида чуқур из қолдирган. Масалан, ёпилган масжидларни қайта очиш ва азонни арабча (!) айтиш бўйича қилган ишларини қардошларимиз асло унутмайди. Жаннатмакон Мендерес ҳаёти ҳақида гапириш учун аввало у иқтидорга келиши олдидан Туркиядаги ижтимоий-сиёсий вазиятни изоҳлаб ўтиш талаб этилади.

Ўтган асрнинг бошларида худди биздаги каби Усмонийлар халифалиги бошига ҳам битмас-туганмас фалокатлар тушади. Европалик босқинчилар мусулмон ўлкаларга оч бўридай ёпирилади. Асли маккор ғаним XIX асрдаёқ Ислом халифалиги бўлган Усмонийлар давлатини чилпарчин қилишни кўзлаган, аммо Султон Абдулҳамидхон сонийнинг юксак даҳоси бунга йўл қўймаганди. Усмонийлар халифалиги ҳозирги барча араб давлатлари ва шимолий Африка ҳудудларини ўз ичига олганди. Араб шайхлари европаликлар билан тил бириктириб, Истанбулга қарши исён қилади. Шу тариқа Британия, Франция, Австрия каби давлатлар арабларга “мустақиллик учун кураш”да дастак беради. Мақсад – ер ости бойликларига эга бўлиш эди асли. Биринчи жаҳон уруши баҳонасида бутун Ғарб халифалик тупроқларига бостириб киради. Салб юришларидаги ваҳшийликлар такрорланади. Шу тариқа олти асрдан зиёд ҳукм сурган Усмонийлар халифалиги ўрнида Туркия жумҳурияти пайдо бўлади.

Айрим тарихчиларнинг ҳикоя қилишича, жумҳурият бошқаруви даврида бир қатор ғалати қарорлар қабул қилинади. Шулар бири, Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг ташаббуси билан 1925 йилнинг 25 ноябрида қабул қилинган шляпа ҳақидаги қонуни эди. Унда парламент аъзолари ва давлат идоралари ходимларининг мажбурий тарзда шляпа кийиши белгилаб қўйилди, шляпа кийишга қаршилик кўрсатиш эса ман этилди. Шляпа ҳақидаги қонунга қарши чиқиб исён кўтарганлар аяб ўтирилмади ва ўнлаб киши ўлимга маҳкум этилди. Хусусан, Сивасда уламолардан Меҳмет Нажоти Афанди ва Абдураҳмон Афандига ҳам шундай жазо берилди

Бундан ташқари, мадрасалар, масжидлар ёпилди. Ҳатто азон, саловат ва намоз туркча ўқилиши борасида махсус қарор қабул қилинди.

1931 йил декабр ойида жумҳурият президенти Мустафо Камол Отатурк ва бош вазири Исмет Иньоню ташаббуси билан Долмабоғча саройида тўққиз нафар қори Қуръон ва азоннинг туркча таржимаси устида ишлай бошлади.

1932 йил 30 январда Фотиҳ масжидида биринчи марта туркча азон айтилди. 1932 йил 3 февралга тўғри келган Қадр кечасида Ая софия масжидида туркий Қуръон ўқилди, азон ва такбир ҳам туркча айтилди. Шу йилнинг 18 июлда Туркия Диний идораси азонни туркча айтиш ҳақида фатво чиқарди ва туркча азон матни бутун мамлакатдаги муфтийликка юборилди.

*****

1932-1950 йиллар орасида айтилган туркча азон қуйидагича эди:

Тангри улуғдир (4 марта)

Шубҳасиз, биламан, билдираман, Тангридан бошқа илоҳ йўқ (2)

Шубҳасиз, биламан, билдираман, Муҳаммад Тангрининг элчисидир (2)

Келинглар, намозга (2)

Келинглар фалаҳга (2)

Намоз уйқудан афзал* (2) (Фақат бомдод намозида айтилган).

Тангри улуғдир (2)

Тангридан бошқа илоҳ йўқ...

Изоҳ: айтишларига қараганда ташаббускорлар фалаҳ сўзининг нажот дея туркча айтилишини исташмаган. “Арабча қолаверсин”, дейишди катталар. Чунки нажот намоздалиги ифода этилишини исташмаган, валлоҳу аълам.

*****

Азондан кейин халқ Диний идоранинг 1933 йил 6 март кунги фатвоси билан салавотни ҳам туркча айтишга мажбурланди

1941 йилда қабул қилинган 4055-сонли қонун билан Туркия Жиноят кодексининг 526-моддасига бир банд қўшилди. Ўзгартиришга кўра, арабча азон ва такбир айтганлар уч ойгача қамоққа олинади ва 10 лирадан 200 лирагача жарима тўлайдиган бўлади.

Энг ёмони халқ моддий томондан ҳам жуда оғир аҳволга тушиб қолган, ҳатто кўчаларда очликдан ўлиб ётган инсонларнинг жасадларини кўриш мумкин эди.
Ана шундай вазиятда иқтидорга Аднан Мендерес келади. 


Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

439 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1066 22:25 06.02.2023

Муфтий ҳазратлари Туркия халқига ҳамдардлик билдирди

585 17:41 06.02.2023

Фахриддин Алтун Туркиядаги зилзила борасида баёнот берди

947 17:03 06.02.2023

Туркияда яна зилзила юз берди

906 16:42 06.02.2023

Туркияга ўзбекистонлик қутқарувчилар жўнатилади

585 16:06 06.02.2023
« Орқага